ҚАДРИЯТ 

ИККИ ЭЛ АРО КЎПРИК ШОИР

(Шавкат Раҳмоннинг 75 йиллик тўйи давом этмоқда)
     2026 йилнинг 13-14 июнь кунлари Ўш шаҳрида бўлиб, нафақат ўзбек элининг, балки бутун туркий дунёнинг йирик шоирларидан бири Шавкат Раҳмонга бағишлаб ёзилган “Менинг Шавкат Раҳмон акам” номли китоб тақдимотида қатнашдик. Китоб муаллифи Ўктам Каримов – халқаро тоифадаги журналист, эссеист, Шавкат Раҳмон билан бир ҳовлида тепишиб катта бўлган, шоирнинг амакиваччаси.

Тақдимот Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Шоир шеърларидан намуналар ўзбек ва кирғиз тилларида жаранглади, куй қўшиқлар янгради, “Менинг Шавкат Раҳмон акам” китоби ҳақида дил сўзлари айтилди. Китоб дебочасида каминанинг “Ҳавас қиларли ака-укачилик қиссаси” номли сўзбошиси ҳам берилибди, кўриб қувондим. Сўзбошини “Фб” саҳифаларида эълон қилганим учун, мазмунини қисқача баён этай:  “Менинг Шавкат акам” китоби, айниқса, адабиётшунослар учун, янги давр шеършунослари ва, албатта, шавкатраҳмоншунослар учун хазинанинг ўзгинаси. Чунки бу китоб туфайли Ш.Раҳмондек катта шоирнинг биографияси билан яхшигина танишамиз, унинг қандай инсон бўлганига озми-кўпми гувоҳ бўламиз, шунингдек, айрим дурдона шеърларининг ёзилиш тарихини билиб оламиз. Булар эса игна билан қудуқ қазиб юрган тадқиқотчилар учун ўта муҳим манба ҳисобланади”.
         Энди сафаримиз давомидаги яна бир яхши воқеага тўхталиб ўтсам.
Менинг қайсарлик қилиб оёқ тираб олишим натижасида Шавкат Раҳмон яшаган “ота ҳовли”га бордик. У ерда ҳозир шоирнинг укаси Маҳмуд ака болалари билан истиқомат қилар экан. Аввалги уй Қирғизистонда рўё берган ўша мудҳиш 2010 йилдаги воқеларда ёниб кетган бўлиб, ундан бир девору икки устун омон қолибди. Аммо ҳовли – ўша ҳовли. Омон қолган девору устунлар атрофида уй қайтадан қурилибди. Ҳовли саҳнига қўйилган сўрида эл севган шоир Салим Ашур Шавкат Раҳмон Тошкентда бетоб бўлиб ётган маҳал айтган бир шеъридан мисраларни эслаб: “Худонинг ҳовлисида бир шоир ётибди денг”… “Худонинг ҳовлисида” деганда Шавкат аканинг хаёлидан, ажаб эмаски, мана шу ҳовли манзаралари ҳам ўтган бўлса…” деди. Камина Шавкат Раҳмон ва у мансуб бўлган авлод улуғ жадидлар, хусусан, Чўлпонлар қўлидан тушган байроқни ердан адл кўтариб, истиқлол, адолат ва ҳақиқат руҳини баралла куйлаганликлари тўғрисида сўзладим. Журналист Яҳёхон Фаёз китобнинг ёзилиш тарихини сўраб, муаллиф Ўктам Каримовни саволга тутди. Таниқли шоир Абдунаби Бойқўзи эса “Менинг Шавкат акам” китоби, унинг аҳамияти тўғрисида ёниб сўзлади, дуолар қилди. Кейин ичкарига кириб, бир пиёла чой ичдик.
Хайрлашиб чиқарканмиз, Шавкат ака улғайган, эндиликда Маҳмуд ака оиласи билан истиқомат қилаётган маҳалланинг тобора каттариб, бўйига ва энига ўсиб бораётган Ўш шаҳридаги кейинги тақдири ҳақида ўйлаб кетдим. Чунки ҳовлининг шундоқ ёнбошида ўн-ўн беш қаватли баҳайбат бинолар қад кўтарган, кўтармоқда, бу томонида катта, серқатнов магистрал, магистрал четида қирғиз элининг қаҳрамони Олимбек додҳонинг улкан ҳайкали, уй томонда эса худди Шавкат Раҳмон яшаган уйни қўриқлаши керак бўлган каби ўрнатилган арслон монументи, хуллас, тўрт томонда мегаполис руҳи ҳукм сурмоқда. Бу кетишда ўртада қолган кичик маҳалла ўрнида ҳам ўша осмонўпар бинолар қад ростлаяжак. Шунда хаёлимга, ҳаракат қилиб, ҳар икки ҳукумат мутасаддиларига мурожаат йўллаб, Шавкат Раҳмон яшаган ҳовлини “Шавкат Раҳмон уй музейи”га айлантириш керак экан, деган фикр келди. Фикримни Маҳмуд ака ва бошқаларга ҳам айтдим. Ахир, Шавкат Раҳмонни туркий элнинг энг йирик шоирларидан бири-ку! Бас, шундай экан, бундай шахсларга алоқаси бўлган неки бор, ҳаммасини кўз қорачиғидек асрамоғимиз лозим. Чунки Шавкат Раҳмон каби улуғ сиймолар элни, юртни тик тутиб турган маънавий устунлардир. Эл ўз устунларини сақлаб қолар экан, у ички ва ташқи хавф хатардан йироқ яшайди. (Ана, 2010 йилдаги ёнғинда омон қолган икки устунга янги уй елкасини қўйиб қайта тикланибди-ку, худди шундай бўлади). Боз устига, бу иш икки туркий эл, ён қўшни – жон қўшни бўлмиш ўзбек ва қирғиз ўртасида ҳам “борди-келди”нинг зўр воситаларидан бирига айланади. Вақт-соати билан туризмга ҳам хизмат қилиши мумкин. Хуллас, қайси томондан қарасангиз ҳам, ўзбек ва қирғиз элларининг келажаги учун энг яхши қадамлардан бири қўйилади…
Пировардида бир гап. Учрашувни Ўзбекистонда китобни чоп этиб, Ўш шаҳрига делегация билан йўллаган “Ватандошлар” жамоа фонди ташкил этди. Халқлар ўртасида маънавий кўприк вазифасини адо этувчи бундай китоб тақдимотлари ва уларга бағишланган учрашувлар бугунги глобал дунё кенгликларида сувдек, ҳаводек зарур. Чунки адабиёт, санъат, спорт каби соҳалар  ирқ, миллат, дин танламайди, одамларни бой ва камбағалга айирмайди, аксинча, кўнгилларни кўнгилларга улаб, бирлаштириб яшайди. Инсонлару элларни бирлаштиришга хизмат эса симобдек титраб, қалқиб турган бугунги дунёда қилишимиз мумкин бўлган энг шарафли хизматлардан биридир…
Улуғбек ҲАМДАМ,
Ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор
Ўш – Тошкент, 14-16 июнь

боғлиқ хабарлар