ЎШ САФАРИ ҲАҚИДА
Қирғизистонлик адиб Ўктамжон Каримовнинг “Менинг Шавкат Раҳмон акам” номли эссе қиссаси илк БОР Ўзбекистонда нашр этилиши алоҳида эътиборга молик ҳодиса. Ушбу эзгу ташаббусни кўтариб чиққан дўстларимиз ва бу ғоянинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини нозик фаҳмлаб, китобни чоп этиб, муаллиф туғилган Ўш шаҳрида тақдимот ташкил этиб, унда бир қатор ўзбек ижодкорлари иштирокини таъминлаб, қўллаб қувватлаган Республика “Ватандош” жамоат фонди ёндашувини олқишлаш керак.
Ўктамжон Каримов, аслида, ёзган асарини кўнгли тусаган жойида чоп эттира оладиган уқувли, тан олинган ижодкор. Бироқ қўлёзмасини Тошкентда чоп эттириши адибни шахс ва ижодкор сифатида шакллантирган муқаддас замин – Тошкентга катта қарздорлик туйғуси билан талпиниб яшаётганининг белгиси ва эҳтироми, деб англамоқ керак.
Китобнинг Ўш шаҳридаги Бобур номли академик драма театрида бўлиб ўтган тақдимоти (2026.06.13)га келсак, тадбир ҳар икки республика зиёлилари, айниқса, “Ватандош” жамоат фонди ходимларининг ўз хизмат бурчларига сидқидил ёндашуви натижаси ўлароқ, баланд руҳда ўтди. Кечада Қирғизистонлик ўзбек ижодкорлари, Ўшнинг таниқли кишилари, журналистлар, маданият ва санъат арбоблари жам бўлди. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Ўзбекистондан борган машҳур ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг, таниқли шоир, жамоат арбоби Салим Ашур, фонд ходими, шоир Яҳёхон Фаёзов ва каминанинг “Менинг Шавкат Раҳмон акам” эссеси ҳақидаги, қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари юзасидан қилган маърузаларимизни жамоатчилик катта қизиқиш билан қарши олди.
Тадбир эртасига буюк шоир Шавкат Раҳмон туғилиб ўсган хонадонга ҳам борилди. Шоир руҳига атаб тиловатлар қилинди.
Бу эса ана шу сафар олдидан ёзилган ва анжуманда ўқилган шеър:
***
Сарвар Усмоннинг Ўшда бўлиб ўтадиган “Менинг Шавкат Раҳмон акам” номли китоби тақдимотига тадорик асносида, улуғ шоирнинг шахсий кутубхонамдаги китобларини изладим. Буни қарангки, бундан эллик йилча илгари ишхонамда сув тошганда бўкиб, деярли тўкилиб қолган, муқовасиз китобчасини ҳам топиб олдим. Беҳад хурсанд бўлиб кетдим. Беихтиёр, ушбу мисралар қуйилиб келди.
Шавкат ака,
Мени кечиринг,
Бир гапни айтмасам бўлмайди.
Китобингиз, менга эргашиб,
Ишхонамга борувди дайдиб…
Сув босувди бир кун кечаси,
Хонадаги борки нарсамни.
Бир амаллаб, сергитволгандим
Варақларга тепчиган намни.
Китобингиз…
Китобингиз, ўзи қизиқ-да,
Гапга кирмас боладай қайсар.
Мўмин-қобил томликларимдай
Бўлмасмиди, уйимда қолса!
Йўқ,
У қайсар,
Ўлгудай ўжар,
Қайга борсам қолмас изимдан.
Ростин айтсам, ёлғизлатмайди,
Қизғанади, хатто қизимдан.
Шунақаям,
Шунақаям шумтакаки,
Ўчакишар, қасдма-қасдига.
Баъзан тунлар билдирмасдан
Кирволади, кўрпам остига.
Йўқ-йўқ,
Асло оғринмасдим,
Тасодифлар, бўлмас бежиздан…
Мени балки эсга олмасди,
Мен бўлмасам шеърларингизда.
У шеърларда бор эдим, ака,
Отам, онам, синглим бор эди.
Жизғон чилла шудгорларида
Кетмон чопар, сув тарар эди…
У шеърларда қадри дол халқим,
Дард силқиган элим бор эди.
Бу гапларни айта олмаган,
Менинг соқов дилим бор эди!
Ай,
Қўйингки, китобларингиз,
Сизга айтсам, тамом бошқача!
Ҳе, манави муқовасизиям,
Бирга келди, мана, Ўшгача!
Абдунаби Бойқўзиев
