Без рубрики ҚАДРИЯТ 

БИЗНИНГ ГУЗАР – ҲАММАДАН ЎЗАР

Кеча

Иттифоқ даврида Бозорқўрғон туманидаги Дзержинский номли колхоз маркази Кўприкбоши деб аталар эди. Азалдан бу гузар жуда обод бўлган. Гузарни кесиб ўтган катта йўл Жалолобод кўчаси (ҳозир – Қапар Қултаев) деб аталиб, Жалолободга шу катта кўчадан борилган. Озиқ-овқат ва саноат моллари дўконлари, хўжалик омбори, машина-трактор парки гузарда жойлашган. Гузар ўртасидан катта анҳор ўтарди. Анҳорда одамни оқизиб кетадиган даражада сув оққан. Эски пахта пункти ёнидаги каналдан бошланган бу анҳор то далага етгунча бешта тегирмон ва обжувозни юргизган. Болалик ва ўсмирлик давримизда тегирмон шовваларидан калла ташлаб чўмилар эдик. Нонимизнинг суви қочган бўлса, оқизиб ердик. Бу анҳор ҳозир ҳам бор, аммо кичик ариққа айланиб қолган.

Гузарни кесиб ўтган анҳорнинг тахта кўприги тагидан одам боши тегмай ўтиши мумкин эди. Узунлиги қирқ, эни ўттиз метрча келадиган ҳовуз (у ҳозир ҳам бор) анҳор сувидан лим-лим тўлиб турар эди. Ҳовузда ёзда болалар чўмилса, қишда аҳоли ундан сув ташиб ичган. Ҳовуз бўйидаги икки туп улкан қайрағоч соясида баҳордан то кузгача чойхона ишлаб турарди. Ҳосил байрамлари, йиллик ҳисобот йиғилишлари шу ердаги клубда, гоҳо қайрағочлар остида ўтарди. Ҳуллас, Кўприкбоши ўша йиллари энг обод масканлардан бири бўлган. Хўш, бу маскан собиқ Иттифоқ давридаги мавқеини сақлаб қолдими? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Бугун

Ҳозирда собиқ колхоз бошқаруви жойлашган икки қаватли бино Бозорқўрғон шаҳар мэриясининг идорасига айланган. Катта ҳовуз бетон тўн “кийди”, ҳозир сувсиз, қуп-қуруқ ҳолда. Қишлоқ оралаб ўтган анҳорлар суви дала томондан ўтувчи катта каналга бурилиб, энди кичик ариқ бўлиб оқяпти. Икки одамнинг қулочи етмайдиган бояги икки туп қайрағоч колхозга 15 йил раислик қилган Аҳмаджон ака Нишонбоев вафотидан кейин қуриб қолди.

Сўнгги йигирма йилда Кўприкбоши оз-оздан аввалги мавқеини тиклай бошлади. Ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўриш ва танишиш учун гузарни айланиб, тадбиркорларнинг бугунги ишлари билан танишдик. Катта йўл бўйида қурилган тандирда ёпилаётган иссиқ ноннинг хушбўй хиди димоққа урилди. Новвойхонага яқинроқ бордик, қизғиш тус олган пўрсилдоқ патир нонлар мени татиб кўринг, дегандай ўзини кўз-кўзлайди. Новвойлар раҳбари Абдуллажон Маъруфжонов экан. У укаси Асрорбек билан бирга ишлар экан, кунига юз килодан зиёд олий навли ундан патир нон ёпилади. “Гузар атрофидаги ошхоналар, чойхоналар, буюртма берган одамларнинг талабини қондиряпмиз, сотувга ҳам чиқаряпмиз, – дейди Абдуллажон новвой.

Новвойхонанинг рўпарасида, катта ҳовуз бўйидаги салқин айвонлар остидаги сомсахонага кирдик. Азаматжон Абдусатторов оиласи билан бу ерда тандирсомса ва гўштли нон ёпиб, элга хизмат кўрсатмоқда. “Тайёрлаган сомса ва гўштли нонларимизни кечгача сотиб тугатамиз. Гузар атрофидаги ишхоналар ходимлари тушликни шу ерда қилишади”, – деди у бизга. Абдуфаттоҳ Эргашев ва Яҳёжон Йўлдошев деган йигитлар гузарни кесиб ўтган анҳор бўйида чойхона очишган. Истаган таомга буюртма бериб ёруғ, юмшоқ хоналарда қадрдонлар билан суҳбатлашиб, кўнгилдагидек дам олиш мумкин. Ҳикматилло Асланов деган тадбиркор йигит эса катта йўл бўйида “Меҳмондўст” деган янги икки қаватли ошхона қуриб ишга туширибди. 60 ўринга мўлжалланган бу тамаддихонада кондиционер ишлаб турибди. Хоналар кенг, ёруғ, роҳатланиб дам олиш мумкин. Гузардаги Маъруфжон Абдураҳмонов, Бобуржон Сатторов, Шаробиддин Пирматов каби йигитлар очган ошхоналар ҳам аҳолига намунали хизмат кўрсатиб келмоқда.

Йўл бўйига қурилган сартарошхоналарнинг бирига кирдик. Сартарош Қосимжон Фарҳоджон ўғли ишлар экан. “Илгари соч-соқол олдириш учун анча йўл юриб, туман марказига борардик, – дейди соқол олдираётган афғон уруши қатнашчиси Баҳромжон Ҳамрақулов. – Ҳозир Кўприкбошида иккита сартарошхона ишлаб турибди, узоғимиз яқин бўлиб қолди…

Гузар атрофида яшаётган аҳоли дори излаб туман марказига қатнамайди. Шаҳноза Юсупова ва Диля Нишонбоевалар дорихона очиб, одамларнинг мушкулини осон қилмоқда. Дорихоналар ярим тунгача очиқ бўлади, одамлар уларнинг хизматидан минатдор.

Собиқ колхоз омборхонасининг катта йўл томонидан эшик очиб, озиқ-овқат дўконлари ва ошхоналар барпо қилишибди. “Аслиддин” озиқ-овқат дўконига кирамиз. Унинг мудири Ғофуржон Усмонов: “Колхоз омборхонасининг бир қисмини олиб, озиқ-овқат дўкони очдик”, – дейди: “Умр йўлдошим Холидахон билан бирга аҳолига хизмат қиляпмиз”.

Гузар атрофида жами олти озиқ-овқат, хўжалик моллари, ўйинчоқ дўконлари ишлаб турибди. Тадбиркор Ирисали Нодиров деган йигит колхознинг собиқ машина-трактор парки ўрнидан 10 сотих майдонни сотиб олиб, автомашина тузатадиган етти устахона ва машина ювадиган бешта бокс қуриб ишга туширган. Ишбилармон Азизбек Жўраев эса йўл бўйига катта дўкон қуриб, уни цемент, шифер, маъданий ўғитлар, турли ўсимлик уруғини сотишга мослаштирган ва унинг ёнларига новвойхона, ошхона ва бошқа аҳолига хизмат қиладиган нуқталарни очган. У дўконлар ёнига гузар теварагида ишлаётганлар ибодат учун ўзоққа бориб юрмасин дея кичик намозхона ҳам қуриб қўйибди

Гузар атрофини, Жалолободга кетадиган катта йўл бўйларини обод қилаётган йигитлар билан бирма-бир танишиб чиқдим. Шаҳобиддин Ураимов, Абдулбосит Фозилжонов ва марҳум Сирожиддин Мўйдинов қурган машина таъмирлаш устахоналари, автомобилларнинг бутловчи қисмларини сотадиган дўконлар элга хизмат қилишмоқда. Колхознинг собиқ машина-трактор парки жойлашган майдоннинг бир қисми тадбиркор Шаҳобиддин Ураимов тасарруфида бўлиб, у ёпиқ жойларда қумли блок ғишт, қаймоқ ва қатиқ тайёрловчи цехларни очган.

Албатта, Кўприкбоши гузарида хизмат нуқталарини очиб ишлаётган барча тадбиркорларни тилга олиш имкони йўқ. Барчаларига омад ёр бўлсин!

Эртага

Шу куни Бозорқўрғон шаҳар мэриясининг ижтимоий ривожлантириш ва коммунал хўжалик бўлими бошлиғи Манапбек Мақсадбек ўғли билан учрашдик. У бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ҳар йили шаҳарни ободонлаштириш масаласи режалаштирилганда Кўприкбоши гузари ва шу ердан ўтган Қултаев кўчасини кўркамлаштириш режага киритилади. Ҳозиргача Қултаев кўчасига тунги ёриткичлар қўйилди, шунингдек, кўча туман марказидан то охирига қадар пиёдалар учун йўлак қилинди. Қултаев кўчаси жуда серқатнов, йўловчиларнинг хавфсизлиги учун турли йўл белгиларини қўйяпмиз. Ҳар йили баҳор ойлари ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Тадбиркорларимиз ўзлари эгалик қилган ер майдонларида энг зарур савдо нуқталарини, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш цехларини бизнинг назоратимиз остида ишга туширишяпти. Албатта, биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак.

Эришилган ютуқлар билан қаноатланмаслик халқимизга мос яхши одатлардан. Кўприкбоши гузаридаги ўзгаришлар бунга яққол далил бўлади.

 

Мўйдинжон Абдумажидов,

Бозорқўрғон

шаҳри.

 

боғлиқ хабарлар