ҲАМОН ЁДИМДА
Бундан уч йил муқаддам Жалолобод вилоят газетасида вилоятда таниқли раис, уруш ва меҳнат ветерани Маҳкам Умрзоқов таваллудининг 100 йиллиги нишонланганлиги ҳақида мақола ўқиб қолдим. Маҳкам ака 1955 йилдан 1959 йил охирига қадар Бозорқўрғондаги “Москва” колхози раиси бўлиб ҳам ишлаган. У киши билан боғлиқ хотиралар ҳамон ёдимда.
1959 йил июнь ойида ўрта мактабни тамомлаб, қўлимга аттестат олдим. Журналист ёки ўқитувчи бўламан деган орзуим бор эди. Хатто Қирғизистон давлат университетига журналистика факультетига қабул қоидаларини сўраб хат ёзиб, жавоб ҳам олганман. Мактабда яхши ва аъло баҳоларга ўқисам ҳам, оиладаги моддий ахвол олисга ўқишга боришга имкон бермади. Дадам кексайган, ўгай онам эса ўқишга боришимни истамасди. Шу боис, етуклик гувоҳномасини чамадонга ташлаб қўйдим. Колхозда ишлаб, оилага кўмак беришдан бошқа илож йўқ.
Ўша йил август ойининг бошида куни ўзим яшайдиган “Москва” колхози агрономи Ҳакимжон ака Ҳошимов олдига бориб “Мен мактабни битирдим, бирон иш бўлса, ишласам”, дедим. У менга бошдан-оёқ разм солиб, бироз жимликдан сўнг:
– Яхши, табриклайман, окшом идорада правление бўлади, колхоз фаоллари қатнашади, раисимиз Маҳкам ака билан маслаҳатлашамиз, – деди.
Кечки пайт, идора гавжум, колхоз фаоллари йиғилган. Йиғилиш сўнгида Ҳакимжон ака мени раисга таништириб:
– Бу йигитнинг исми Мўйдинжон, мактабни тамомлабди. Бирон юмуш бўлса ишлаш нияти бор экан. Маслаҳатлашайлик деб йиғилишга таклиф қилдим, – деди.
– Раҳмат, хуш келибсан ўғлим, – деди Маҳкам ака ва мажлис аҳлига юзланиб, – бизга шу йигит сингари ёш кадрлар керак. Уларни тарбиялаб ўқитишимиз лозим. Келажакда колхознинг юксалиши шу сингари ёшларга боғлик, – деб Абдусамад бригадирга қаради, – Сизнинг бригадада табелчи яхши ишламаяпти, неча марта бориб, даладан тополмадим, саводи ҳам яхши эмас. Бугундан унинг ўрнида мана шу ёш йигит табелчилик қилади, – деди.
Эртаси далага бордим. Томи тупроқли шийпонда бригада аъзолари билан танишдим. Аъзоларнинг меҳнат ҳаққини белгилашни ҳам ўрганиб олдим. Ғўзалар ёппасига кўсаклай бошлаган, пахта теримга ҳозирлик ишлари кетяпти. Шийпон олдидаги хирмонни сомонли лой билан текислаб сувадик. Ғўзага хашарот тушмаслиги учун йўл бўйи ва анҳорлар чеккасидаги бегона ўтларни йўқ қилдик. Пахта теримига тайёргарлик якунланди. Колхоз раиси Маҳкам ака ишларимиздан кўнгли тўлди, икки-уч кун Арслонбобда дам олишга рухсат бериб, аъзоларни рағбатлантирди. Уларни “Намозлик тош”га, катта-кичик шаршараларга олиб бордим. Ҳордиқдан кўнгил тўлди.
Сентябрь ойи бошларида кўсаги очилган пайкалларда теримга тушдик. Табелчи эрта тонгдан одамларни далага чорлаши, уларга иш тақсимлаши, теримни қабул қилиши ва пахта пунктга жўнатиши, кечқурун терим натижаларини колхоз идорасига маълум қилиши каби ишларни бажариши керак экан. Ёшман, куч-қувватим бор, завқ-шавқ билан меҳнат қилардим.
Терим роса қизиган кунларнинг бирида раис Маҳкам ака “Шамол” лақабли отда шийпонга келиб қолди. У пайтда колхоз раислари отда дала ва фермаларни айланарди. Раис уруш йиллари кавалерия дивизиясида хизмат қилгани учун отда юришни хуш кўрарди. Отдан тушиб шийпонга кирди ва мендан пахта пунтга топширилган пахтанинг маълумоти келган-келмаганини сўради. Идорадаги котиб кунлик маълумотни шийпонларга олиб келмаган эди шу куни. Мен сводка келмаганини айтдим. “Мўйдинжон, отга мин, тезда идорадан маълумотни олиб кел”, деди. Илгари, ёш пайтим от миниб ер ҳайдаганман, эгат олганман. Аммо “Шамол” каби зотдор, барваста отга минмагандим. Раисга йуқ дея олмадим ва отга миниб чў дейишни биламан от шамолдек учиб кетди. Яхшиямки, эгарни маҳкам ушлаб, юганни қўйиб юбормаганим. Кўз очиб юмгунча идорага келдим ва отдан тушмай турибоқ котибдан пахта сводкасини олиб, яна шамолдай учиб шийпонга келдим.
– Баракалла, “Шамол”да маза қилдингми? – деди раис кулиб. Шу ерда раисга “Пахта терим бошланганига бир ой бўляпти, аммо шийпонга газета келмаяпти, дунё янгиликларидан бехабармиз”, деб айтмоқчи эдим, “газета ўқимай, ишни қил”, дея ранжитармикин деган ўйда, айтмадим. Мактабда ўқиган йилларим деворий газетага шеър ва мақолалар ёзиб турардим. Туман, вилоят ва “Қирғизистон ҳақиқати” каби республикада чиқаётган газеталарга мактабдаги қизиқарли тадбирлар, спорт мусобақалари ва колхоз ҳаёти ҳақида мақолалар ёзардим, гонорар ҳам келарди. Табелчи бўлгач, даладан бўшамай қолдим, мақолаларим газетага чиққан-чиқмаганидан бехабар эдим. Колхоз почтальони ҳам уруш ветерани, бир оёғига ўқ текканидан, оқсаб босарди. У газета-журналларни почтадан олиб келиб, колхоз кутубхонасига ёки уйига ташлаб куяркан. Ундан, “Нега шийпонларга етказмайсиз?” десам, “Мен чўлоқ бўлсам, ўнга яқин дала шийпонига қандай бораман?”, – деди. Шундан кейин вилоятда чиқадиган “Ленинский путь” газетасига “Нерадивый работник” деб почтальон ҳақида мақола ёздим. Мақола чиққач, бироз хавотирланиб юрдим. “Раис тўғри қабул қилармикин, уришиб табелчиликдан ҳам ҳайдаб юборса-я?”, деган хаёл тинчлик бермай қўйди. Кейин билсам, танқидий мақолам чора кўриш учун колхоз идорасига юборилибди. Раис танқидни тўғри қабул қилиб, бош ҳисобчини чақириб, почтальонга колхоз ҳисобидан велосипед олиб беришни тайинлабди. Дала шийпонига келган раис мен билан сўрашар экан, “Мақоланг жуда тўғри ёзилибди, раҳмат. Биз эътибор бермаган камчиликларни айтиб тур, Худо хоҳласа, сен каби ёшларни келгуси йили хўжалик ҳисобидан олий ўқув юртларига юборамиз”, дея кўнглимни кўтарди. Почтальон эса велосипедли бўлиб қолганидан жуда хурсанд эди. Ора кунда шийпонга газета-журналлар келадиган бўлди.
Ўша йили ноябрь ойида пахта терими тугагач раис мени клуб мудирлигига тайинлади. Бироқ декабрь ойида колхоз фаолларини йиғиб, юқори органлар буйруғи биноан Сузоқ туманидаги “Октябрь 40 йиллиги” колхозига раис бўлганини айтиб, ҳамма билан самимий хайрлашди.
Маҳкам ака раис бўлган колхозда ярим йилча бирга ишладим. У чинакам мард, такаббурликни билмаган, бағрикенг, одамларга яхшиликни раво кўрадиган, жуда ҳазилкаш инсон эди. Ижобий фазилатларини санаб адо қилиш қийин. У колхозга раҳбар бўлган беш йил давомида колхоз иқтисоди юқорилади, колхозчиларнинг яшаш шароити яхшилана борди. Раҳбар сифатида ишни қаттиқ талаб қиларди. Колхозчилар меҳнат ҳақларини, йиллик даромадларини вақтида олиб туришди. Ижтимоий масалаларга эътибор кучайди. Даврада ўтириб қолсак, ҳарбий хотираларини гапириб берар, кулгили воқеаларни айтиб, ҳамманинг кайфиятини кўтарарди.
1960 йилда янги раис ўқишга юбормагач, колхоздан кетдим. Аввал кооператив билим юртини, кейин педагогика институтини битирдим. Ўқитувчилик қилдим. Ниҳоят, орзуларим ушалиб журналистика соҳасига ўтиб, мухбир бўлдим, оммавий ахборот воситаларида ишладим. Аммо Маҳкам акадек танқидни тўғри қабул қиладиган раисни учратмадим. Унда бошқа раҳбарларда топилмайдиган ижобий фазилатлар кўп эди. Маҳкам ака Умрзоқовни таниганлар уни асло унутмайди ва ибодатларида Оллоҳдан уни раҳматига сазовор қилишни, жаннатдан жой беришни сўрайди. Илоҳо, ушбу арафа ва қурбон ҳайити кунларида дуоларимиз ижобат бўлсин.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
журналист.
