ЎШЛИК ТУЛУЪ АФАНДИ. У КИМ ЭДИ?
Мен Тулуъ афанди деган киши исмига бундан етти-саккиз йил илгари, “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” деган китобимга материал йиғаётган чоғда дуч келган эдим. Ижодкор муаллим Одилжон Раҳимов Ўш шаҳрининг қадимги гузарлари тарихини битиш асносида Тулуъ афандини ҳам тилга олган ва илиқ сўзлар билан таърифлаган экан. Афсуски, Одилжон домланинг ёзганлари, вафоти сабабли бўлса керак, машинкаланган ҳолда қолиб кетган, чоп этилмаган.
Хуллас, Тулуъ афанди…
О.Раҳимовнинг қайдларини ўқиб, мен Тулуъ афандини Чинггиз Айтматовнинг “Биринчи ўқитувчи” қиссасидаги Дуйшен муаллимга ўхшатган эдим. Айтматовнинг қиссаси ўз эли фарзандларини илмли-билимли қилишга ҳаётини бағишлаган ана шу фидойи қирғиз йигити ҳақида.
Дуйшен сингари маърифат фидойилари ўтган асрнинг бошидан то эллигинчи йилларигача юртимизнинг ҳар бир шаҳри, овули ва қишлоғида топилар эди. Ўшлик Абдуқодир Исмоилов деган одам ҳам ана шуларнинг бири бўлган. Бу маърифатпарвар инсон ўзига Тулуъ сўзини тахаллус қилиб олган. Тулуъ – тонг ёғдуси дегани. Луғатларда бу сўзга қуёш чиқиши, ойнинг кўтарилиб оламни ёритиши, уфқда юлдуз пайдо бўлиши, деб изоҳ берилган. Кенг маънода, юксалиш, ўсиш, кўтарилишни англатади. Муқимийнинг бир ғазалида бу сўз шундай шаклда келади: “Эй сипеҳри макрамат, в-эй меҳри буржи иътило” (Итъило – тулуъ сўзидан ясалган: баланд, юксак маъносида).
Халқимиз бу кишини Тулуъ афанди деб атаган.
Бугун қизиқчи, ғалати гапларни топиб айтувчи, ҳазилкаш одамни афанди деймиз, ҳатто содда ва анойи одамлар ҳам афанди деб аталади. Аммо юз йил аввал у жаноб, тақсир деган маънода келган (марҳамат қилинг, афандим). Шунингдек, киши номига қўшилиб, ҳурмат билдирган, ўқитувчи, муаллим маъноларини ҳам англатган. Фузулий замонида эса “афанди”нинг қўлланиш доираси янада кенг эди – ёр ҳам шундай аталган:
На дерсен, рўзгорим бўйламу кечсун,
Гўзум, жоним, афандим, севдигим, давлатли султоним…
Тулуъ муаллимни ҳурмат юзасидан афанди, деб аташган. Яна бир диққатга сазовор жойи, ўтган асрнинг то йигирманчи-ўттизинчи йилларига қадар аксар жадидлар “афанди” унвони билан танилган. Ўш театри асосчиларидан бири Жўрахон Зайнобиддинов “Жўрахон афанди” дейилар эди. Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романида эса Фосиҳ афанди деган киши ҳақида гап кетади. Бунда уларнинг Туркия маърифатпарварларидан улги олганлиги аён бўлади.
Одилжон Раҳимовнинг ёзишича, Абдуқодир Тулуъ домла Жийдалик мавзеида яшаган, косиб ва боғбон бўлган. Ёшлигидан кўп ўқиб, билим оширган, мадраса таълимини олган. Шеър ёзган. Тенгдошлари ўртасида ўта ҳозиржавоблиги билан эътибор қозонган. Андижон, Сим (Фарғона)да чиқадиган газеталарни, ҳатто Қозонда чоп этиладиган журналларни ўқиган.
1910 йилда бу зот дўстларининг даъвати билан ўз маблағи эвазига Ўшда, ўз уйида “Турон” кутубхонасини очган. Кутубхонадан фойдаланиш бепул, Тулуъ афандининг ўзи ҳам кутубхона мудири, ҳам библиограф эди. Тулуъ афандининг кутубхонасида ўша давр зиёли ёшлари тўпланиб, адабий кечалар ўтказишган, Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёки ахлоқ”, Пошшохўжанинг “Мифтоҳул адл” каби асарларини, ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларининг кўплаб қўлёзма асарларини фақат Тулуъ афандининг кутубхонасидан топиш мумкин эди.
Албатта, у даврда бу катта жасорат талаб қиладиган юмуш бўлган. Чунки усули қадим тарафдорлари жадидларни ёқтиришмаган, ҳамма жойда уларни қоралаб, авомнинг нафратини қўзишга интилишган. Бу шароитда “янгича” нашрларни тарғиб қилиш бошни балога тиқишнинг ўзи эди.
Бироқ изланишлар Тулуъ афанди шунчаки бир ғайратманд одам бўлмаганини кўрсатади. У бутун борлиғи билан маърифатга интилган, ўз элини шу йўлга бошлаган, бу йўлда турк танзиматчилари ва озар мусовотчиларини ўзига устоз деб билган.
Бунинг далили сифатида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик қаламига мансуб бир асарни тилга олиб ўтиш жоиз кўринади. Таниқли ёзувчи ўз тоғаси бўлмиш Мирзакалон Исмоилий ҳаётининг сўнгги кунларига бағишланган “Озод инсон ҳақида қўшиқ” қисасида адибнинг суддаги кўрсатмасидан бир парча келтирган:
“… (Ўшдаги етимхонада) муаллимларимизнинг эрта-ю кеч қиладиган ишлари етимларга турк ашулаларини ўргатишдан ва туркча команда бериб бизни машқ қилдиришдан иборат бўлар эди, – деб ёзган экан Мирзакалон Исмоилий. – Бизга “Санжоғимиз”, “Чаноққалъа” каби турк ашулаларини ўргатганлари эсимда.
Етимхонага баъзан Тулуъ афанди билан Шаҳидий афанди деган икки зот келар эди. Буларнинг биринчиси ўшлик миллатчилардан бўлса, иккинчиси асир тушган турк зобити эди. Шаҳидий афанди муаллимлар, тарбиячилар ва катта ёшли болалар билан Туркия ҳақида, турк аскарларининг довюраклиги ҳақида, бизларнинг ҳам “турк жужуқлари” эканимиз ҳақида суҳбат ўтказарди. Мен кичик ёш бўлганим учун улар даврасига кирмас, агар гапларини эшитсам ҳам барибир, тушунмас эдим. Етимхонада икки йил тарбияландим, хат-саводим чиқди, оқу қорага озми-кўпми тушунадиган бўлдим.
Иззат Султонов билан шу ерда танишдим, у ҳам етимхонада тарбияланар эди. 1922 йил келди. Мени шу йили Тошкентга, Ўлка ўзбек эрлар билим юртига ўқишга юбордилар…”
Жумлага нуқта қўйиб яна ўйланиб қолди: Тулуъ ва Шаҳидий афандилар номларини зикр этиши тўғри бўлдими ё нотўғрими? Шаҳидий афандининг Туркияга қайтиб кетганини, Тулуъ афандининг эса Мунаввар қорилар сафида қамоққа олинганини эшитган эди. Демак, уларга бу идора зулм ўтказа олмайди. Демак, бу ўринда сотқинлик йўқ.
Афандиларнинг суҳбатларини эшитганида чиндан ҳам кўп нарсаларни тушунмас эди. “Санжоғимиз”да нима учун Туркия байроғини шарафлаётганини ҳам англамасди. Бир куни тарбиячисидан “Чаноққалъа”нинг маъносини сўраганида “Туркиянинг Чаноққалъа деган жойида катта уруш бўлган, дунёнинг барча мамлакатларидан борган ёшлар кофирларга қарши урушишган. Икки юз мингдан ошиқ ёш йигит шаҳид бўлган.
Тулуъ афанди билан Шаҳидий афандилар ўша жангларнинг шарафли қаҳрамонларидан саналади”, деб тушунтирган эди.
Чаноққалъа – Туркиянинг ғарбидаги, Дарданелл бўғози бўйида жойлашган муҳим порт шаҳри ва вилоят маркази. Тарихий аҳамияти – бу ерда 1915 йилда машҳур Чаноққалъа жанги бўлиб ўтган. Бу уруш турк халқининг Англия ва Франция иттифоқчи қўшинларига қарши омонсиз жанги ва унда қозонилган буюк ғалабаси билан якунланган. Ҳозир ҳам бу сана ҳар йили Туркияда катта тантана қилиб нишонланади.
Демак, Абдуқодир Исмоил ўғли – Тулуъ афанди ана шу жанг иштирокчиларидан бўлган. Бироқ бугун у киши Ўшдан беш ярим минг чақирим нарига бориб, бу муҳорабага қандай қўшилгани, унинг сабаб ва тафсилотларини аниқлаш имкони йўқ. Унга қадар кўп замонлар уйида жадидчилик ҳаракати билан машғул бўлгани, биринчи кутубхона очгани, 1914 йилда Ўш театрида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасини саҳнага қўйишда етакчи бўлганини ҳисобга олсак, Чаноққалъа жанги пайтида Тулуъ афанди камида қирқ ёшлардаги киши бўлиб чиқади. Туркияга илм талабида бориб, таҳсил давомида бу муҳорабага қўшилганми, ёки турк танзиматчилари таклифига кўра, бирон муносабат билан борган эдими, буниси мубҳам. Аммо Чаноққалъа жангига ихтиёрий иштирок этгани ва қўлига қурол олиб жанг қилгани – ҳақиқат. Аён бўладики, бу зот фақат оғизда миллатчи бўлмаган, балки ҳаётини ҳам илм-маърифатга, туркчилик ғояларини рўёбга чиқаришга бағишлаган.
Мирзакалон Исмоилий баён қилган ҳоллар 1918-1921 йилларга оид. Чунки 1922 йил бошида у Тошкентга ўқишга юборилган. Тулуъ афанди эса, назаримизда, йигирманчи йиллар охири-ўттизинчи йилларда ижтимоий ҳаракатдан четга чиққан, бунга етарли сабаблар бор эди.
Ёдингизда бўлса, “Биринчи ўқитувчи” қиссасининг поёнида Дуйшен мактаб муаллими эмас, балки почтальон бўлиб ишлаётгани ҳикоя қилинади, чунки энди унинг илми янги замон ёшларига билим бериш даражасидан орқада қолган. Тулуъ афанди ҳам умрининг охирида Ўш театрида суфлёрлик қилиб, актёрларга матнни эслатиб ўтирган. Боиси, Дуйшен сингари илм-билими етишмай қолгани сабабли эмас, балки шунга мажбур бўлган. Саҳна оламига энди кириб келаётган аксар ёшлар эса, бошқа биров эмас, айнан ана шу камсуқум суфлёр чол Ўш театрига асос солиб, унинг тамал тошини қўйган мўҳтарам зотлардан бири бўлганини билишмаган ҳам.
Тулуъ афандининг қачон туғилгани ва қачон вафот этгани маълум эмас. Юқорида битилганидек, бу зот шаҳарнинг Жийдалик мавзеида яшаган, балки эваралари, ё қариндошларидан қай бири шу маҳаллада яшар. Таъби назми бор эди, деган қайдга келсак, ёзган шеърлари ҳам авлодларидан кимнингдир қўлида бўлиши мумкин.
Тоҳир Маликнинг “Озод инсон ҳақида қўшиқ” асаридан биз келтирган парчада “Тулуъ афандининг Мунаввар қорилар сафида қамоққа олингани” ҳам айтилган эди. Аввало, Мунаввар қори (1878-1931) билан бирга 1930 йилда қамоққа олиниши Тулуъ афандининг маслаги ҳам Мунаввар қори билан бир хил эканини, бунинг устига, эътиборли бир шахс бўлганини кўрсатади.
Энди икки оғиз Тулуъ афанди билан Ўшдаги етимхонага ҳамиша бирга ташриф буюрадиган Шаҳидий деган турк зобити ҳақида. Манбаларда у киши ҳақида маълумот топилмади. Шаҳидий унинг исмими, ё ота исмими, ёинки тахаллусими – номаълум. Иккинчидан, агар у асир тушган бўлса, Шўро етимхонасига қандай бемалол келиб турк ашулаларини ўргатгани, турк байроғини эмин-эркин ташвиқ қилгани ҳам ажабланарли.
Шу ўринда ўша йиллари Туркистонга келиб, ўзбек ёшларини туркийчилик руҳига ундаган ва исми Шаҳидийга анча ўхшаш Эҳсон Шаҳид деган турк кишиси ёдга келади. Бу одам ва унинг дўсти Иброҳим афандилар ёш ўзбек адибларини туркийлик шавқи билан руҳлантириб, Боис Қориевга – Олтой, Мусо Тошмуҳаммад ўғлига – Ойбек, Усмонхон Долимовга – Субутой, Маҳмуд Ҳодиевга – Боту каби тахаллусларда ижод қилишни тавсия этишган (у даврда “туркийлик” деганда боботуркий элат кўзда тутилган, кейинчалик ажралиб чиққан мўғул ва турк қабилалари яхлит тушунилган). Бизнингча, Эҳсон Шаҳид ёзувчи Мирзакалон Исмоилий кўрсатган Шаҳидийнинг ўзи бўлса ажаб эмас. Иккита Шаҳид исмли туркийлик даъватчисининг бир даврда бир маконда фаолият юритган бўлиши қийин. Қолаверса, Шаҳидий фақат Ўшда ишламаган, Туркистонни яхлит бир ўлка сифатида қабул қилароқ, жадидлар, бутун Туркистон бўйлаб кезиб, маърифат улашишган. Чунончи, Ҳамза Хоразм ва Қорақалпоқ элига бориб мактаблар очган.
Тулуъ афанди ўзига туркий эмас, арабий ўзакли тахаллусни анча аввал танлаган. Чунки у Мунаввар қори, Шаҳид афандилар билан қурдош илк жадидлардан эди, у даврда бошқа эллардан улги олиш анъанаси бўлмаган. Чўлпон ва бошқа ижодкорнинг турк тилида шеърлар, Абдулла Қодирийнинг эса татар лаҳжасида очерклар ёзгани – нисбатан кейинги ҳодиса.
Гарчи Совет даврида, қадимчиларга қараганда жадидлик “прогрессив” деб саналган бўлса-да, унинг вакилларига муносабат совуқ ҳолда қолган. Чунки айнан жадидлар – маърифатпарвар, миллатга ўзлигини танитувчи тоифа эди. Шунинг учун уларнинг аксари қамалди, отилди, сургун қилинди, бир амаллаб тирик қолганлари эса ўзининг кимлигини билдирмай, ҳеч кимга “изҳори фазл” этмай кун кўришга маҳкум этилди. Уларнинг кўпи уламо деган “айб” билан террор қилинди. Ҳолбуки, улар, гарчи ўта билимли бўлса-да, дин арбоби эмас, аввало маърифатпарвар эдилар. Маҳжурий, Лузумийдай шоирлар овлоқ чўл жойларга сургун қилинди, Самар бонунинг жияни Разиддин махсум кабилар заводда дурадгорлик билан умр ўтказди.
1910 йилдаёқ Ўшда, балки бутун Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб илк шахсий кутубхона очган, шоирлиги билан танилган, Ўрта Осиёдаги иккинчи театрни очиб, унда Беҳбудий асарини саҳнага олиб чиққан Тулуъ афанди – ўттизинчи йилдаги илк қатағон тегирмонидан бир амаллаб омон чиққан Абдуқодир Исмоилов домла кейинчалик барча фаолиятидан воз кечишга маҳкум этилган кўринади. Умри охирида Ўш театрида суфлёрлик қилиши унинг заифлашиб, тақдирга тан берганидан эмас, балки жисмоний ва руҳий тазйиқлар натижасида шунга мажбур бўлгани оқибати, албатта.
Пировардида бир гап. Ўшнинг Жийдалик маҳалласида яшаб ўтган бўлса, лоақал ўша ерда шу одам номини эшитганлар бўлиши мумкин. Бундай мунаввар зотлар ҳақидаги ҳар бир маълумот қадрли ва қимматли бўлади.
Ўшлик қадрдонлар, орангизда Тулуъ афандини билганлар борми?..
Зуҳриддин Исомиддинов
