ЎШЛИК АСКИЯЧИ ШОФЁР
Халқ ижодида ўзига хос ўрни бўлган, хусусан, Фарғона водийсида кенг тарқалган аскияга болаликдан меҳр қўйганмиз. Сайил ва томошалар аскиясиз ўтмасди. “Гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз?» деб бошланадиган икки гуруҳнинг тарафма-тараф баҳсини, сўз ўйинлари-ю қизиқ-қизиқ ҳангомалари боис юракдан отилиб чиққан қаҳ-қаҳалар гуллаган давраларни қўмсаймиз.
Ҳозир ҳам аския халқ санъатининг бир тури сифатида ўз мухлисларига эга. Ўзига хос аския мактабига эга бўлган Ўшни тилга олишимиз билан кўз ўнгимизда Карим қизиқ, Қозихон, Акбарали, Мўминжон, Зиёмиддин Шокиров, Маннобжон каби аския усталарининг қиёфаси гавдаланади, номи ҳануз ҳурмат билан тилга олинади.
Ўшнинг қоқ марказидаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида, Оқбура дарёси соҳили бўйлаб тўртта машҳур чойхона бўлиб, турли маданий, ижтимоий тадбирлар кўпинча шу даргоҳларда ўтказиларди.
Ўтган асрнинг 50-60 йилларида мазкур оромгоҳлар Қора бойваччанинг, Фозил тўппончанинг, Турсун перёднинг, Ўзганбой чўноқнинг, Фалончи сатангнинг чойхонаси деган номлар билан машҳур эди. Иминохун бойнинг ҳашаматли чойхонаси эса хайрия, саховат тадбирларининг маркази бўлиб қолганди.
Ушбу чойхоналарда навбатма-навбат машҳур хонанда ва созандалар жонли ижро билан дам олиш кунлари ўз санъатларини текин намойиш этишарди. Биз болалигимиздаёқ эл ардоғидаги Юсуфжон ва Охунжон қизиқларнинг, Ака Бухорнинг, Тошкенбоевларнинг, Шаршен қуудулнинг, Эстебес Турсуналиевнинг, Жўрахон Султоновнинг, Маъмуржон Узоқовнинг, Саримсоқ Каримовнинг шу чойхоналардаги ижроларида мароқланганмиз.
Дунёвий байрамларда, ҳайит айёмларида аскиячилар йиғилиб, аҳолига бир дунё кулги ва шодлик улашишардики, уларнинг гулдурос қаҳқаҳалари Сулаймон тоғининг сервиқор қояларида акс-садо берарди.
Қўқондан Расулқори Мамадалиев, Аминбува Турсунов, Ғойибтоға Назаров, Андижоннинг Қорасувидан Абулҳай Махсум Қозоқов, Мамажон Аҳмадов, Ўшдан Қозихон, Акбарали, Мўминжон, Зиёмиддин Шокиров, Маннобжон акалар аскиянинг турфа пайровларида беллашар эдилар. Биз бугун алоҳида тилга олган инсон – асли касби таксичи, иқтидори аскиячи, гоҳида хонанда Қозихон ака ҳам бу борада пешқадамлардан бири бўлгани шубҳасиз.
Эсимда, водий аскиячиларнинг устози Абулҳай махсум Ўш театрида Қозихон акани учратиб, шама қилди:
– Ҳа, Қозихон, ҳалиям кира қилаяпсизми?
Қозихон ака лаҳзада жавоб қайтарди:
– Ҳа, кира қилаяпман. Агар сиз машинамга ўтирсангиз, кира эмас чиқа бўлади…
Ўзи ўрта маълумотли, оддий ҳайдовчи бўлгани ҳолда туркийзабондаги сўз ўйинларини, синоним, омонимларни, метафораларни жуда яхши ўзлаштириб олганлиги, зукко ва ҳозиржавоблиги, нутқ маданияти Қозихон акани минтақа аскиячиларининг бири сифатида элга танитди.
Омонат касса ходими Маннобжон ака (Маннобкал) ҳам ҳар қандай пайровга ҳамиша тайёр эди. Тўйларнинг бирида даврага тушган Маннобжон ака сўз қотди:
– Қозихон, ,,Москвич» машинангизни йўл ўртасига тўхтатибсиз. Акбарали шофер туманда пайпаслаб орқадан юкхонангизга уриб қўймасин.
Қозихон ака мийиғида кулди:
– Маннобжон, сиздан ҳам бирор яхши гап чиқадими, доим тутаганингиз-тутаган…
Шу онда Қўқондан келган ҳурматли меҳмон, Ўзбекистон халқ ҳофизи Расулқори ака луқма ташлади:
– Қозихон ука, биласиз, менинг иккала фарам ёнмайди, менга узр. Аммо сиз-чи? Нега қоронғида юра олмайсиз? Аккумуляторингиз ўлганми?
– Расулқори ака, мана машинага, аккумуляторга анча ақлингиз етиб қолибди. Эсингиздами, биринчи марта сизга рулни ушлатганимда қўрқиб, тезлик ричагини ҳам анчагача қўйиб юбормагансиз…
Расулқори ака Қозихон акага тасанно айтгач, чорпояда ғижжак созлаётган устоз Зиёмиддин ака Шокировга юзланди. Навбатни илғаган Зиёмиддин ака ҳам Қозихонни синовга чорлади:
– Қозихон ука, тўхташ ман қилинган, деган йўл белгисини кўрганмисиз?
– Кўрганман, Расулқори акам кўрсатган.
– Ўша белги билан машинангиз орасини нозирлар метрлаб ўлчаётганда сиз ухлаб қолган экансиз. Мен келиб сизга русчалаб, спи дометр дедимми?
Қозихонда жавоб тайёр экан:
– Дегансиз. Энди устоз, сиз ўта сахий, ҳимматли ҳайдовчисиз. Ким қандай эҳтиёт қисм (запчасть) сўраса бераверасиз. Сиз аслида датчиксиз…
Мухтасар айтсак, Қозихон ака давраларнинг гули эди. У гоҳ хонанда, гоҳ ривоятчи, гоҳ аскиячи сифатида барчани хушнуд этарди. У бошқарган такси мижозлари ҳам ҳайдовчининг кўнгил кўтарувчи суҳбатидан, тақвосидан, ҳазил-мутойибасидан мамнун бўлишарди.
Қозихон аканинг охирати обод бўлсин, омин!
Абдуғани Абдуғафуров
Ўш.
