БЕНАЗИР САНЪАТКОР НОСИҲ САЛОҲОВ
Миллий тарихимиз ва қадриятларимизни ёд этиш, тиклаш йўлидаги бу камтарона уринишларим менга аввало зиёлиларни, қолаверса халқ, ватан ва дин учун фидойилик қилган барча юртдошларимизни хотирлаш асносида хайрли ишлари билан элимиз юрагида теран из қолдирган азиз инсонлар хотирасига ҳурмат туйғуларини шакллантирди.
Шу боис, сиз азизлар билан ватанимиз тарихи зарварақларидан муносиб ўрин олган беназир санъаткор, мусиқа ва театр санъатининг қарор топишида, ёшларга мураббийлик қилиш борасида салмоқли ишлар қилган Носиҳ Салоҳов домланинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.
Моҳир созанда, бастакор ва дирижёр, Киров номли Ўш ўзбек мусиқали драма театри дирижёри Носиҳ Салоҳов 1910 йил Ўш шаҳрининг Темирчилар (Темиркўча) маҳалласида зиёли оилада дунёга келди. Отаси унга Носиҳ – насиҳатгўй, мураббий деган ном танлади. Буни қарангки, қаҳрамонимизнинг бутун ҳаёти мураббийликдан иборат бўлди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Ўшда Салоҳ исми учрамайди, чамаси, у замона зайлига қараб “Салоҳиддин” исмидан “дин” қисмининг олиб ташланган ўзаги бўлса керак. Агар бу фикр тўғри бўлса, унда Носиҳ муаллимнинг тўлиқ исми ҳам Носиҳиддин бўлган.
Илмга, ўқиб-ўрганишга уқуви зўр ўспирин дастлабки мусиқавий малакасини шаҳримиздаги “Октябрнинг 25 йилиги” биринчи ўзбек намуна мактабида олди. Дастлабки устози Мўминжон ғижжак Фозилов эди. Биринчи қалдирғочлар қатори мактабни битирган Носиҳ бир гуруҳ илм ва санъатга ошифта ёшлар билан бирга Тошкентга йўл олади. Назарий ва амалий билимларини устозлар олдида дадил намойиш қилган ўшлик ушоққина йигит Ўзбекистон маориф институтининг биринчи курсига имтиёзли талаба сифатида қабул қилинади, таниқли бастакорлар Тўхтасин Жалилов, Домла Ҳалим Ибодов, Муҳиддинқори Ёқубовлар қўлида таълим олади. Миллий чолғу асбоблари билан бирга фортепиано чалишни ҳам қунт билан ўрганади. Маориф институтининг дастурига кўра, унда ўзбек тили ва адабиётидан, Туркистон ва жаҳон тарихидан талабаларга таълим берилар эди. Шундан бўлса керак, Носиҳ Салоҳов ўрта мактаблар ва ўқув юртларида мусиқадан, ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериш ҳуқуқини берувчи диплом олади.
Ҳали йигирма ёшдан ўтмаган бу йигит бир муддат ўзи ўқиган даргоҳда дарс беради. Кейин, 1931 йилда бир дунё эзгу ниятлар билан Ўшга қайтиб келади. Ижод ва меҳнат қилиш, билганларини бошқаларга ўргатишга ошиққан йигит ўзига ҳаёт йўлланмаси берган мактабга муаллим бўлиб ишга киради. Йигитдаги собитқадамликни кўрган шаҳар халқ маориф бўлими уни мазкур даргоҳга илмий бўлим мудири қилиб тайинлайди. Носиҳ ака бу ўрта мактабда 1934 йилнинг ёзигача ишлайди.
Носиҳ Салоҳовнинг кейинги ижодий фаолияти Киров номли Ўш ўзбек мусиқали театр билан тиғиз боғланди. У муаллимлик пайтида ҳам театр ҳаётига қизиқарди. Саҳнада мусиқали драмалар камлигидан кўнгли тўлмасди. Маълум бўлишича, ўша пайтларда театр мусиқа цехида асосан ҳалқ созандалари фаолият кўрсатганлар. Улар нотага қараб чалишни уддалай олишмасди. Тошкент ва Самарқанддан олиб келинган мутахассислар эса бир-икки мусиқа асарининг премьераси қўйилгандан кейиноқ қайтиб кетишарди.
Мана шуларни ҳисобга олиб, Носиҳ ака 1934 йилда театрга ишга ўтди ва умрининг охиригача бу санъат кошонасини тарк этмади. Театр шуҳратини бутун Марказий Осиёга ва ҳатто собиқ Иттифоққа ёйган мусиқали драмаларга меъёрига етказиб дирижёрлик қилди. Ёрқин услуби ва моҳирона ижрочилик йўллари билан томошабинларни руҳий мароқлантирди.

1930 – йиллар билан 1950 – йиллар оралиғида театрда жуда кўп асарлар саҳналаштирилди. Драматик асарларнинг қўшиқ ва мусиқаларини халққа етказишда бастакор Носиҳ домланинг хизматлари алоҳида.
Улуғ Ватан урушидан кейинги йилларда театр ижодий жамоаси Алишер Навоий достонлари асосида яратилган саҳнавий талқинларга тез-тез мурожаат қилади. “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” драмалари шулар жумласидандир. Биринчи бўлиб унинг ижодкорлиги билан миллий оркестр жўрлигида ҳалқ юрагига тез этиб борадиган куй ва қўшиқлар пайдо бўлди. Бу эса аёни саҳна асарининг узоқ умр кўришига олиб келди.
1950 – йилларнинг бошларида Ўшдаги 1- сон «Октябрнинг 25 йиллиги» мактабининг бадиий ҳаваскорлар дастасига навбат билан Носиҳ ака ва Зиёмиддин Шокировлар мураббийлик қилишарди. Носиҳ ака театрда ўтказиладиган тадбирларга албатта мактаб ўқувчиларини эргаштириб борарди. Баҳор кунларининг бирида «Фарҳод ва Ширин” драмасининг премьераси бўлди. Олдинги қаторда Тўхтасин Жалилов, Ўшлик зиёлилар Назирхон Камолов (Ўзбекистон радиосининг биринчи диктори), Иномжон Саидов, Абдулҳамид Насриддинов, Сиддиқ Исҳоқов, Абдукарим Аҳмедов ва бошқалар ўтиришарди. Томоша тугаб, саҳнанинг пардалари тушиши билан ижрочилар саҳна олдига таклиф қилишди. Узоқ вақт қарсак тўхтамади. Зални тўлдириб ўтирган томошабинлар оёққа турди. Улар Носиҳ акани, бош роль ижрочилари Саримсоқ Каримов, Тожихон Ҳасановаларни гулларга кўмиб юбордилар. Ўшлик шогирдининг маҳоратидан ҳаяжонга тушган Тўхтасин Жалилов: «Носиҳ, ростини айтсам, мен мусиқа ёзаверайин, сен эса ўргатавер. Бундай қобилиятни худо ҳар кимга ҳам беравермайди», – деган эди.
«Китоб, санъат, театр деса ҳамма нарсани унутадиган пайтларим эди», – деб эслайди Ўшлик маърифатпарвар тарихчи, «Октябрнинг 25 йиллиги» мактаби ўқитувчиси Одилжон Раҳимов: – устозларга эргашиб, 1958 йилда давримизнинг забардаст шоири Ғафур Ғуломнинг «Ёдгор” қиссасини мактаб драма тўгараги аъзолари билан саҳнага олиб чиқдим. Шаҳар кўригида уни театр саҳнасида кўрсатишга тавсия қилишди. Устоз Сирожиддин Нажмиддинов раҳбарлигида қизғин тайёргарлик кўрдик. Бир куни репетицияга Носиҳ домла кириб келди. Ишимизни синчиклаб кузатди. Асардаги лирик кўринишлар таъсирчанлигини ошириш учун уни мусиқалаштиришни таклиф қилди. У кишининг маслаҳати билан бу спектакль мусиқалаштирилди, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди…

Домла Носиҳ Салоҳов қирқ йилдан ортиқроқ ёш истеъдод соҳибларини меҳрибонлик ва талабчанлик билан тарбия қилди. Қирғизистон халқ артистлари Неъматжон Неъматов, Толибжон Бадинов, Республикада хизмат кўрсатган артистлар Шаробиддин Тўхтасинов, Бозорбой Йўлдошев, Мунира Расулжонова… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Беназир санъаткор ўз фаолияти давомида халқ куйларини эл орасидан излаб топди. Уларга ижодий сайқал берди ва қайта халққа етказди. Халқ орасидан чиққан истеъдодларни меҳрибонлик билан парвариш қилди. Уларнинг бирисига ғижжак, най, бирисига рубоб чалишни ўргатган.
Одамлар Носиҳ домлани катта ҳурмат билан “Домла” деб аташар, унинг шаънини ҳамиша юксак тутар эдилар. У киши шогирдлари учун меҳрибон ва талабчан устоз, санъат аҳли орасида эса моҳир созанда сифатида танилган эди.
Носиҳ ака беназир санъаткор сифатида бутун умрини халққа хизмат қилишга бағишлади. У ҳеч қачон мансаб, шуҳрат ёки унвон ортидан қувмади. Аксинча, “Мўъжаз меҳнатим билан халқимга хизмат қилсам бас”, деган содда ва пок ниятни ҳаётининг бош шиорига айлантирди. Шу туфайли у нафақат ўз даврида, балки кейинги авлодлар қалбида ҳам сақланиб қолди.
Носиҳ домла ҳаётда ниҳоятда камтар ва ҳокисор инсон эди. “Мен” демас, “биз” дер эди. Фарзандлари ҳам отасига тортиб ўсишди. Катта ўғли Ғафур Салоҳов шифокор бўлиб етишди. Аммо мусиқа илмидан ҳам анча хабардор. Хусусан ғижжакни меъёрига етказиб чалган. Яна бир ўғли Жасур Салоҳов Ўш дорилфунунинг педагогика куллиётида мусиқадан сабоқ берган.
Унинг ижоди ва фаолияти орқали тарбия топган кўплаб шогирдлар бугун ҳам устоз анъаналарини давом эттирмоқда. Носиҳ ака ўзидан нафақат санъат меросини, балки инсонлик, камтарлик ва садоқат намунасини ҳам қолдирди. Шунинг учун ҳам у кишининг номи шинавандалар қалбида илиқ ҳислар, чуқур эҳтиром ва самимий миннатдорлик билан ёдга олинади
Бутун умрини мусиқа ва театр санъати ривожига бағишлаган Носиҳ Салоҳов 1975 йил Ўшда вафот этган. «Сармозор» қабристонига дафн этилган.
Одилжон Дадажонов
