ҚАДРИЯТ 

ТИКЛАНГАН «ҚИРҒИЗИСТОН ҲАҚИҚАТИ»

     Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Аброр Ғуломов шундай деб ёзади:

“Шарқ юлдузи” журналининг эски сонлари қўлимга тушиб қолди-ю, ундаги бир мақола анчадан бери мулоҳаза қилиб юрган мавзуни қоғозга туширишимга сабаб бўлди.

Шахсий архивимда “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг 1957-1958 йиллардаги тахламлари бор. Фрунзеда, ҳозирги Бишкекда чиққан газетага биринчи бўлиб бобом Нўъмонжон Ғуломов муҳаррирлик қилган.

Бу газеталар тахламларини Ўш вилояти газетаси таҳририятига тақдим этсамми, деб иккиланиб юрган эдим, устоз Мухтор Худойқулов билан кўришиб қолиб, у кишидан ҳам бу ҳақда фикр сўрадим. Устознинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига топшириш тўғрисидаги таклифи иккиланишларимни тарқатиб юборди…

“Шарқ юлдузи” журналининг 2017 йил 12-сон ва 2018 йил 1-сонида таниқли журналист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Қалдирғочлар баҳорда келади” қиссасида келтирилган бир воқеа эса мени ўйлантирди, тўғриси, илҳом берди.

Асарда Ўш вилоят компартиясининг органи, ўзбек тилида чоп этилган “Коммунист” газетасининг биринчи муҳаррири Муродхон Собиров ҳақида илиқ лавҳалар бор. Мени эса газетанинг тарихи қизиқтирди.

1987 йилда Фрунзе шаҳрида чоп этилган “Ошская область” энциклопедиясидан иқтибос: “Аравонбура, Жалолобод, Бозорқўрғон ва Қирғизистон жанубининг бошқа районларида тарқатилган ўзбек тилида чиқадиган “Коммунист” газетасининг биринчи сони 1932 йил 12 апрелда Тошкентда чоп этилган. Газета ҳар ўн кунда бир чиқиб турган. 1933 йилда газета икки саҳифалик бўлиб, адади етти мингтани ташкил этган. ВКП(б) Қирғизистон область комитетининг 1932 йил 29 декабрда “Қизил пахтачи” ва “Коммунист” газеталари редакциялари ҳақида” деб қабул қилган қарорида мазкур газеталар социалистик қурилиш соҳасидаги вазифаларни бажаришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, деб кўрсатилган. Кейинги йилларда “Коммунист” газетаси “Пахта учун”, “Ленин йўли” номи билан чиқа бошлайди. Ҳозирда унинг номи “Ўш садоси”.

Ёқубжон ака Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасидан газета тахламлари топа олмаганини афсус билан ёзади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси собиқ раҳбари Зуҳриддин Исомиддинов “Коммунист” газетаси тугул, 50-йилларнинг охирида ўзбек тилида чоп этилган “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг ҳам тахламлари йўқлигини маълум қилди.

Яна ҳам қизиғи, “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг тахламлари элчихона орқали Москвадан олиб келтирилгани, аммо маълум вақт ўтиб, ўша тахламлар “макулатура”га бериб юборилганидан хабар топади.

Шундан кейин эски газеталарни қидиришни бас қилдик…” дейилади.

“Қирғизистон ҳақиқати” газетасига “дастлаб Қирғизистон компартияси Марказий қўмитасининг бўлим мудири Маҳмуджон Исмоилов, кейинроқ Тошкентдан таклиф этилган журналист Нўъмон Ғуломов бош муҳаррир бўлди”, деб ёзилган. Назаримда, бу ерда янглишлик бор. Қўлимдаги тахламнинг биринчи сонидан бир ой давомида бобом “Муҳаррир вазифасини бажарувчи” бўлган. Кейин Марказқўм пленуми у кишини муҳаррир ва Марказқўм аъзоси этиб тайинлаш ҳақида қарор чиқаради.

Ўша йиллари газетада Олабуқадан Турсунбой Адашбоев, Сузоқдан Жўравой Қурашев, Бозорқўрғондан Ўсканбой Матқосимов, Мосидан Қодиржон Собиров, Аравондан Усмон Тоштемиров, Ўшдан Қўлдош Бекмирзаев, Ўзгандан Ҳайитбой Ҳакимов (Машъал) ва Абдуғани Абдуғафуровнинг шеър ва ҳикоялари, мақолалари мунтазам чоп этилади.

КПСС Марказқўмининг 1959 йил 31 июндаги қарори билан бир қатор даврий нашрларга барҳам берилади. Мазкур ҳужжатнинг 4-бандида: “Ўш вилояти (ҳозирги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари)да ўзбеклар аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этишини ҳисобга олиб, Қирғизистон ССР Компартияси МҚ таклифини инобатга олиб, унинг органи “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг аввалги шакли ва нашр чиқишларини сақлаб қолган ҳолда Ўш вилояти газетасига айлантирилсин”, дейилган.

1959 йили газета Ўшга кўчирилди ва “Ленин йўли” номи билан вилоят газетаси бўлиб чиқа бошлайди. Газетага собиқ фронтчи журналист Ҳалимжон Ҳамидов муҳаррир этиб тайинланади. Фрунзе шаҳридан журналистлар Ҳайитбой Ҳакимов, Турсунбой Адашбоев, Раънохон Сарибоева, Болтабой Юсупов, машинистка Санобархон Тошматовалар Ўшга кўчиб келишади. Аравондан Холдоржон Қуронбоев, Абдуқаҳҳор Маннонов, Талъат Солиевлар, Қорасувдан Холматжон Юсупов, Ўшдан Турғунбой Абдуллаевлар таҳририят жамоасига қўшиладилар.

Бобом газетада бир мартагина ўз исмлари билан мақола чоп этган. Унда газетанинг мақсад ва вазифалари айтилади ва 1956 йилда Қирғизистоннинг иқтисодий ютуқлари шарафланади.

Компартиянинг ҳукмронлик пайтида унинг барча органларида беш кун давомида мамлакатнинг долзарб мавзуларида бош мақолалар ёзилган, уларнинг аксариятини муҳаррирлар ёзишган.

Барча зиё аҳлининг куни газета бош мақоласини ўқишдан бошлаган, чунки унда бугуннинг энг муҳим мавзуси қаламга олиниб, партиянинг роли ва ташвиши очиб берилар эди. Газетанинг кундалик фаолиятидан ташқари унинг ижодкорлари турли таржима ва бадиий кенгаш ишларига жалб қилинар эди. шулардан бири “Манас” эпосининг таржимаси эди.

“Манас” ўзбек тилига кўп марта таржима қилинган бўлса-да, таржима қилиш давом этмоқда. “Манас” биринчи китобининг дастлабки боблари “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси таржимонлари томонидан ўгирилиб, мазкур газетада чоп этилган. Ундан кейин Миртемир, Султон Акбарий, Турсунбой Адашбоевларнинг таржималари бор.

…Бобом Фрунзега кетмасидан олдин, урушдан қайтгач, Ўзбекистон Марказқўмида матбуот хизматини бошқарган, ЎзТАГ (ҳозирги ЎзА)да директор бўлган, “Қашқадарё ҳақиқати” газетасига муҳаррирлик қилган.

Қайтиб келгач, “Қизил Ўзбекистон” газетасида бўлим мудири, Нашриёт ишлари, полиграфия ва китоб савдоси қўмитасида маҳаллий (ҳудудий) бошқармалар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи бўлган.

…Мактабнинг биринчи синфини битирган йилим бобом мени Андижонга, Арслонбобга олиб борганди. Кузга бориб эса тўшакка михланади. Ўша пайтда уйга рус ва ўзбек тилларида бир дунё газеталар келарди. Мен у кишига газеталарни ҳижжалаб ўқиб берардим. Бош мақоланинг аҳамиятини тушунтириб, “Правда” газетасидан унинг жойлашуви андоза олинишини тушунтирган эди. Русчада тутилиб-тутилиб уни ўқиб берар эдим. Бобомни яхши кўрганим учун унинг барча истакларини бажарардим. Назаримда, шу газеталарни ўқиб берсам, у тузалиб кетадигандай туюларди.

Хасталиги, унинг устига, отамнинг бевақт бу ҳаётдан кўз юмиши уни ҳам боқий дунёга кетишини тезлаштирди. Бобожоним 1977 йили 65 ёшида Ҳақнинг раҳматига қовушди. Журналист, кейинчалик дипломат бўлиб камол топишимда эса бобомнинг ҳаёти ва фаолияти мен учун ҳаёт мактаби бўлди. Шу касбда бахтсаодат топдим, китоблар ёздим, ёзувчи бўлдим…

 

Таниқли журналист Аброржон билан икков “Қирғизистон ҳақиқати” газетасинининг 1957-1958 йилги сонларидан иборат уч тахламни бир ойча аввал Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига олиб бориб топширган ва Қирғизистондаги ўзбек тилли матбуот нашрларининг энг каттаси бўлган бу нашр тақдири ҳақида «Оқбура» сайти  муштарийларга шу йил 6 январда хабар берган эдик. Куни кеча ушбу газета тахламлари реставрация қилиниб (68 йил ўтди орадан ахир), рақамлаштириб ҳам бўлингани ҳақида хабар беришди. Хурсанд бўлиб, бу манбадан бир нусха ўзимизга кўчириб олдик. Демак, аввало бу газета мазкур кутубхонанинг фондидан мустаҳкам ўрин олган, асло йўқолмайди, қолаверса, электрон шаклга ўтказилгани сабабли энди кўплар бемалол фойдаланиши мумкин.

Тарих – омонатдир, дейдилар. Шукурки, ўша 1957-1958 йиллардаги Қирғизистон тарихини ўзида акс эттирган муҳим бир манбани тикладик. Қанчадан-қанча унутилиб кетаётган воқеликлар кўз олдимизда қайта намоён бўлгандек бўлди. Амо бу – ўша икки йилга оид, холос. “Ленинг йўли” газетасининг 30 йиллик, “Ўш садоси”нинг яна ўттиз йиллик сонлари сақланиб қолганми, қаерда, кимнинг қўлида улар?

Ва яна, кимлардадир эски қўлёзма китоблар, аждоднома (шажара)лар, бошқа ҳеч кимда йўқ нодир нашрлар бўлса-ю, фарзандлари келажакда уларни ўқишлари гумон бўлса, орадан йиллар ўтиб, макулатурага топшириб юборишлари мумкинлигини ўйлаб, ичлари ачиса, менинг таклифим шундай бўлар эди: Ўш шаҳар ўзбек маданий маркази қошида уларни тўплаб, электрон шаклга ўтказиш керак, бу эса озгина маблағ билан битадиган иш.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар