МАҲМУДЖОН НОНВОЙ
Ўзбекларнинг нонга эътибори ўзгача. Шунинг учун нон борасида кўпгина урф-одатлар шаклланган. Чунончи, дастурхонга нон албатта юз томони юқорига қаратиб ва жуфт қилиб қўйилади. Нонни катта ёшдаги кишилар, ёки уларнинг рухсати билан ёши кичик кишилар ушатиши, таом тортилганда биринчи бўлиб катта ёшдаги кишилар қўл узатиши шарт. Ўзбек элида тандирнинг ўрни бўлакча. Зеро нон – энг табаррук таом. У диёримизнинг ҳар бир гўшасида ўзига хос кўринишда бўлиб, ҳар қандай таом билан бирга тақдим этилади. Нон ҳаёт рамзи сифатида қабул қилинади.

Ўшда халқ фаровонлиги йўлида умр ўтказган Маҳмуджон нонвой 1910 йилда Хўжалар гузари даҳаси, Қорасув кўчасида туғилган.
Маҳмуджон нонвойнинг отаси Муҳаммадислом ота эл ичида Исломохун деб танилган. Маҳмуджон бу оиланинг тўртинчи фарзанди бўлиб, нонвойлик ҳунарини эгаллаган. Онаси Умринсо ая иболи, тақволи аёл эди.
Маҳмуджон нонвойнинг ҳовлисида 7 та тандир бўлиб, булардан 5 тасида эл талабига кўра оддий нон, 2 тасида эса ширмой нон ёпилган. Яна 4 та тандирда Шарқ қишлоғидаги Чинортагида элга нон ёпилиб турган. Барча нонвойхоналар дастлаб «Заготзерно», «Дон жамғариш» корхонаси тасарруфида бўлган, сўнг туман матлубот жамиятига ўтказилган.
Ўзбеклар орасидаги халқона қарашга кўра буғдой, олма, қовун, анжир ва райхон дастлаб жаннатда ўсган (аслида, исломий таълимот бўйича, барча ўсимликлар жаннат меваларидир). Шу боис, бу ўсимлик ва мевалар алоҳида эъзозланган. Айникса халқ орасида ерга буғдой сепиш энг хайрли амаллардан бири саналган ва буғдой экилган майдонларни оёқости килиш қораланган. Нон ҳеч қачон ерга ташланмаган, оёқ билан босилмаган.
Маҳмуджон ота нонвойчилик ҳунари билан машҳур бўлибгина қолмай, саховатли, элпарвар ва меҳмондўст инсон бўлган. Хонадонидан мехмон аримаган. Ҳар қаердан дин арбоблари Ўшга ташриф буюрса албатта Маҳмуджон ота хонадонида бўлмай қайтмас эди. Бундай азиз мехмонлар сарасига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддинхон Бобохонов, Қирғизистон мусулмонлари қозиси Мулла Мақсуд домла, андижонлик Ҳабибуллоқори домлаларни эслаб ўтиш мумкин.
Айтадиларки, Қирғизистон қозиси Мулла Мақсуд домлани ўша вақтдаги Қирғизстон раҳбари Турдиақун Усубалиев чақириб, марказдан диний бошқарма учун Фрунзе шаҳрида идора танлашни таклиф қилади. Қозидомла бунга жавобан, бундай идора Ўшда борлигини тушунтириб, таклифга рад жавоб беради. Айнан Маҳмуджон отанинг хонадони шундай идора эканлигини Турдиақун Усубалиевга уқтиради.

Меҳмонларга хизмат қилиш эса доим Маҳмуджон отанинг рафиқаси Саъдихон аянинг зиммасида бўлган. Саъдихон аянинг хизматларини алоҳида эсга олиб ўтиш лозим. Ўшнинг Қорасув кўчадаги хонадонда меҳмонлар учун деярли ҳар куни 3 маҳал қозон қайнаб турган. Шу хизматларнинг барчасида Саъдихон ая ўзининг юксак бардоши билан ўз эрига, қолаверса ўша табаррук зотларнинг хурматига сазовор бўлиб, улар мехрини қозонган. Айниқса Мулла Мақсуд қозидомланинг кўп дуоларини олган.
Саъдихон ая Маҳмуджон ота билан 47 йил бирга умр кечириш мобайнида, ҳар қандай қийнчиликларга бардош берган табаррук аёл бўлган. Мехмонларга дастёрлик қилиш эса Маҳмуджон отанинг фарзанди Абдумутал ҳамда суюкли набираси Муҳаммаджон зиммасида бўлган. Муҳаммаджон бу вазифани сидқидилдан бажариб келган. Ўғли Абдумутал ҳожи 8 фарзандни тарбиялади. Ўш матлубот жамияти қошида анча йиллар ота касбини давом эттириш билан биргаликда кандолатчилик, новвотчилик ва яна бир қанча соҳаларда ҳам фаолият кўрсатиб, элга хизмат қилган.
Фарзандларининг эслашича, Маҳмуджон нонвой умрининг охирги кунларида хаста ва бедармон бўлишига қарамай, барча ёр-биродарларидан уйма-уй юриб розичилик олишга улгурган. Жанозасини ким ўқишини тайинлаган, элга жанозани хабар қилиш учун олдиндан одамларни тайёрлаб қўйган. Вафотидан бир неча кун олдин «Сармозор» қабристонида ўзи учун қабр қаздириб, хақиқий иморат мана шу эканлигини ёнидагиларга тушунтирган, сўнг Оқбура дарёси бошига чиқиб ғусл қилган. Уйга келиб, аввал садоқат билан бирга умргузарон қилган рафиқаси Саъдихон аядан ризолик олади, сўнг барча фарзандларига васиятини қилган.
Маҳмуджон нонвой 1979 йил рамазон ойида, «Қадр» кечасини ўтказиб, эртаси куни омонатини Оллохга топшириб, бу дунёдан кўз юмади. Жанозасини, васиятига мувофиқ, андижондаги Девонабой масжидининг имоми Ҳабибуллоҳ қоридомла ўқиди.
Маҳмуджон нонвойнинг невараси Муҳаммаджон ака бобосини меҳр ва ҳурмат билан эслайди:
– Бобом Маҳмуд нонвой вафот этганида мен 17 ёшли йигит эдим. Нонвойлик ҳунарининг сир-асрорларини айнан бобомдан ўргандим. У киши тандирга олов ёқишдан олдин албатта қўл очиб дуо қилар, “Ҳалол ризқ бўлсин, элга шифо бўлсин”, деб ният қиларди. Нонни ерга туширмасликни, уни ҳурмат билан ушлашни қаттиқ уқтирар эдилар. “Нон – ризқ, ризқ эса Оллоҳнинг неъмати”, деб кўп такрорларди. Шунинг учун нонни икки қўллаб олиш, юзини пастга қаратиб қўймаслик, ушатганда ҳам эҳтиёт бўлиш кераклигини ўргатган.
Болалигимнинг энг ширин хотиралари – бобом билан тандир олдида ўтган дамлар. Тандир қизиб, нон ёпиш пайтида атрофга тарқалган иссиқ ҳид, хамирнинг кўтарилиши, ноннинг қизариб пишиши… буларнинг барчаси ҳалигача кўз олдимда. Бобом нонни тандир деворига ёпиштирганларида юзларида алоҳида нур пайдо бўларди. Гўё бу ишдан қалби ҳузур топарди.
У киши доим: “Ноннинг ҳиди — жаннат ҳиди”, дер эди. Бу гапни болалик ақлим билан оддий сўз деб ўйлардим. Вақт ўтиб англадимки, бобом нон орқали ҳалол меҳнатни, пок ризқни, инсонларга хизмат қилиш бахтини назарда тутган экан. Ҳар сафар тандир олдида турганимда, нон ҳиди анқигандa, бобомнинг овозлари гўё қулоғимда жаранглайди…
Муҳаммаджон ҳожи ака бугунги кунда бир дардни айтади:
“Ширмой нон” деган нонимиз бўлар эди. У ўзбекнинг нон турларидан бири бўлиб, ўзига хос усулда тайёрланадиган, хушбўй ва фойдали нондир. Ҳозир ширмой нон деярли йўқолиб кетди. Илгариги қўл меҳнати, сабр ва маҳорат ўрнини тезкорлик эгаллади. Бу нон айниқса Фарғона водийси ва Самарқанд томонларда машҳур. Унинг хамири оддий нондан фарқ қилади – тахминан 18 соат давомида тайёрланади. Нон шакллантирилганда чеккалари қалин, ўртаси эса юпқароқ қилиб чекилади ва тандирда ёпилади.
Хамир тайёрлаш жараёни ҳам ўзига хос: арпабодиён (анис) мис идишда тахминан 40 дақиқа қайнатилади. Қуритилган нўхат майдаланиб, шу дамламага қўшилади. Сўнг ун солиниб, хамир қорилади.
Бу нонга хамиртуруш солинмайди. Табиий дамлама ва маҳсулотлар ҳисобига хамир кўтарилади. Шу боис ширмой нон нафақат мазали, балки енгил ҳазм бўладиган ва шифобахш нон сифатида ҳам қадрланган…
Ҳозирда Маҳмуджон нонвойнинг авлодлари ҳалқимизга халол ва самарали меҳнатлари билан хизмат қилиб эл-юрт олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Маҳмуджон отанинг фарзанди Абдумутал ҳожи ота касбини давом эттириб, фарзандлари Муҳаммаджон бошчилигида 7 нафар оға-инилар шаҳримиздаги таниқли «Жети батыр» номи билан фаолият кўрсатаётган, кенг тармоқли ҳусусий корхонани бошқармоқдалар. Улар ишлаб чиқараётган сутли махсулотлар, қандолатчилик ва яхна ичимликлар элга манзур, олқишларга сазовор бўлиб келяпти.
Одилжон Дадажонов
