АДАБИЁТ ҚАДРИЯТ 

ҒОФИЛ ЎЛМА… (Бобурнинг бир ғазалига шарҳ)

Ғофил ўлма, эй соқий, гул чоғин ғанимат тут!

Вақти айш эмас боқий, ол чоғир, кетур, бот тут!

 

Бу насиҳатим тингла: не бўлур киши ёнгла,

Не бўлур экин тонгла, сен бу кун ғанимат тут!

 

Ғофил ўлма давлатта, ўзни солма меҳнатга,

Тангри берур албатта, давлат иста, ҳиммат тут!

 

Хуштурур висоли ёр, анда бўлмаса дайёр,

Бўлса васл беағёр, давлату саодат тут!

 

Ғам черики беҳаддур, чораси будур, Бобур:

Бодани кўмак келтур, жомни ҳимоят тут!   

 

Шу кунларда таваллудининг 543 йиллиги нишонланаётган улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бу ғазалини ўқиб, ёдингизга тушгандир: булбулнафас хонанда Саодат Қобулова (СССР халқ артисти) унинг матни асосидаги ашулани ҳадди аълосига етказиб куйлаган.

Ўзбек адабиётида ва умуман туркий халқлар шеърияти намояндалари ичида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди алоҳида шарафли ўринга эга. Бу унинг Навоийдан сал кейин яшагани, ёки Навоий руҳига энг монанд асарлар битгани учун айтиладиган гап эмас, Бобур, қайси асрда яшаганида ҳам, ўзбек сўз санъатининг пешволаридан бўлиб қолаверар эди. Шуни кўзда тутиб, Абдулла Орипов биргина байтда Бобурга мукаммал таъриф бериб ўтган:

Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,

Имомликка ўтгай фақат Алишер…       

Нафақат ўзбек адабиётида ва нафақат турк бадиий сўзида, балки бутун Шарқ адабиётида айнан Заҳириддин Муҳаммад Бобур илк реалистик асар бўлган “Бобурнома” яратган. Бундан ташқари, ҳажман ихчамгина бўлган девонида шу қадар инжа асарлар битдики, шоирнинг ҳар бир ғазали ёки ҳар бир рубоийси ўша даврда ҳам, ҳозирги адабиётда ҳам алоҳида воқеа саналади. Содда, самимий, аммо ҳароратлик бу байтлар Бобур қаламидан чиққани яққол сезилиб туради.

Юқорида эътиборингизга ҳавола этилган ғазал ҳам – шунга бир далил. Бу байтларда шоир айтмоқчи бўлган асосий гапини илк байтда, унинг ҳам биринчи мисрасида алоҳида таъкидлаган:

Ғофил ўлма, эй соқий, гул чоғин ғанимат тут!

Вақти айш эмас боқий, ол чоғир, кетур, бот тут!

Эй косагул, ғафлатда ўтирма, баҳор ғаниматлигини унутма!

Ишрат қилиш вақти мангу давом этмайди, май олиб кел, яна бер!

Одатда, соқийга мурожаат ғазалнинг охирроғида келар эди. Бобур эса бу мотивни асар бошига олади, моҳиятан, ғазал соқийга мурожаат билан бошланади. Кенг маънода, “гул чоғи” – умрдир, у баҳор каби тез ўтиб кетади. Лирик қаҳрамон соликнинг қалбида ёр муҳаббатини жўш урдирувчи киши, пирга – соқийга хитобан, ҳатто айш вақти мудом давом этмайди (муҳаббат шиддати доим бир хилда оташин бўлиб турмайди), бунинг учун киши ишқ майини бот-бот сипқориб туриши керак, деб уқтиради.

Бу ғазал қофиялар гулдастаси билан зийнатланган: матлаъда мисралар орасида худди тарсеъ санъати каби ички қофиядошлик бўлса, кейинги тўрт байтнинг ҳамасида учтадан ички қофия ва байтлар охирида асосий қофия санъатига риоя қилинганини кўрамиз:

Бу насиҳатим тингла: не бўлур киши ёнгла,

Не бўлур экин тонгла, сен бу кун ғанимат тут!

Бу насиҳатимни тингла: киши адашса, қиёмат куни ўзи жавоб беради,

Аммо сен мана шу куннинг ўзини ҳам ғанимат деб бил.

Ислом дини бўйича юзаки билимли, аммо ўзини камида муфтий санаб, фатво берадиган бир тоифа борки, улар бу дунёни “ёлғон дунё” деб айтишади. Гўё, фақат охират дунёси – чин, биз яшаб турган бу ҳаёт эса ёлғон эмиш. Хаёл-хотирларига келмайдики, шу оламни ҳам Оллоҳ таоло яратган, унда биз бандаларининг умр кечиришини ихтиёр этган. Шу ҳолда, қандай қилиб, Оллоҳ яратган бу дунёни “ёлғон”га чиқариш мумкин? Яна, ҳар кунги дуомизда ҳам “фид-дунё ҳасанатан ва фил-охирати ҳасанатан” (бизнинг бу дунё ҳаётимизни ҳам, охиратимизни ҳам гўзал қилгин) деб тилаймиз.

Демак, бу кунимиз ҳам ғанимат экан, шоир шунинг қадрига етиш кераклигини уқтираётир.

Ғофил ўлма давлатта, ўзни солма меҳнатга,

Тангри берур албатта, давлат иста, ҳиммат тут!

Қўлингда борига ишониб, ғофил бўлиб қолма, ўзингни азобга солма,

Худонинг бериши шаксиздир, аммо давлат истасанг, ҳимматли бўл.

Бу ерда, назаримизда, Оллоҳга таваккал қилиш ғояси уқтириляпти. Одам, Навоий уқтирганидек, “давлатқа мағрур ўлмасин”, бу унинг учун фақат меҳнат (азоб, қийналиш) келтиради. Аксинча, ҳар иш Оллоҳдан, деган ғоя билан яшаш керак, ҳақиқий давлатни – саодатли умр кечириш унинг инояти билан бўлади, бунинг учун кишидан ҳиммат (ирода, шижоат) талаб этилади. Албатта, “ҳиммат” сўзининг иккинчи маъноси – саховат, қўли очиқлиқ ҳам назардан қочирилмаган.

Хуштурур висоли ёр, анда бўлмаса дайёр,

Бўлса васл беағёр, давлату саодат тут!

Агар уйда бошқа биров бўлмаса, ёрнинг висоли не хушдир,

Ағёр (ғаним, рақиб)сиз висол насиб этса, бу давлату бахтдир.

Содда ўқувчи, бу мисраларда, гўё ошиқ ўз севгилисини бир жойга олиб борса-ю, у ерда уй эгаси бўлмаса, шунинг ўзи қувончли, башарти висол ағёрлар кўзидан панада бўлса, бу энди катта давлат ва саодат деб айтиляпти, деб ўйлаши мумкин. Ҳолбуки, ўтмиш адибларимизда, мумтоз ўзбек сўз санъати эстетикасида бундай маънони тасаввур ҳам этиб бўлмайди. Ошиқ соқийга, ёр висоли холи жойда – кўнгил сокинлигида бўлса (хотиржам ибодат қилиш, Оллоҳни тафаккур қилиш), бунга халақит берувчилар бўлмаса, не хушдир, деб уқтиряпти.

Ғам черики беҳаддур, чораси будур, Бобур:

Бодани кўмак келтур, жомни ҳимоят тут!   

Ғам келтирувчи лашкар сон-саноқсиз, ундан қутулиш чораси шуки, эй Бобур,

Бода-майни кўмакка чақир, май жомини эса ўзингга қалқон-пана қил.

Оқиллар бу дунёни ғамхона демишлар. Албатта, унинг адоқсиз ташвишларини ўйлайдиган кишилар учун ҳамма нарса ғам-алам келтиради. Аммо ҳаёти умрни бир ғоя билан безаган киши бу ғамлардан холи яшайди. Май ичган киши бир фурсат дард-ташвишларини унутганса, илоҳий иш бодасини сипқорган киши учун бу оламдаги дарду ғам ҳеч нарса бўлиб қолади. Бир умр. Унинг асосий матлаби ёр (оллоҳ) васлига эришишдан ўзга нарса эмас. Бу ҳолда, бу ҳолатда ўзга бариси – ҳечдир, пучдир, арзимасдир!

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар