Алишер Навоий қалбларимизда мангу яшайди
Бугун Ўш шаҳри яна бир бор маънавият ва тарих билан юзма-юз келди. Алишер Навоий кунига бағишлаб, буюк мутафаккир ва шоирнинг янги очилган ҳайкали олдида ўтказилган тадбир қалбларда чуқур ҳис-туйғулар уйғотди.

Бу улуғ масканда шаҳар раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Ўшдаги Бош консулхонаси вакиллари, Бобур театри ижодкорлари, КР. ўзбек миллий маданий маркази, мактаб ўқувчилари ва шаҳар фаоллари жам бўлиб, Навоий номига, унинг беқиёс маънавий меросига яна бир бор эҳтиром билдирди.
Навоийнинг ҳаёт йўли, қалбдан чиққан ғазал ва шеърлари ўқилар экан, ҳар бир сўз юракка етиб борди. Ҳайкал пойига қўйилган гулчамбарлар эса — халқнинг улуғ зотга бўлган чексиз муҳаббати рамзи бўлди.
Бобур театри саҳнасида ижро этилган ғазалхонлик, шеър ва қўшиқлар эса Навоий руҳини, унинг асрлар ошган овозини гўё яна тирилтиргандек бўлди.
Алишер Навоий — бу фақат тарих эмас. У — маънавият, у — тил, у — халқ қалби. Унинг сўзи асрлар оша ҳам бизга йўл кўрсатишда давом этаверади.
Одилжон Отажонов,
Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарининг Жанубий вилоятлар бўйича ўринбосари
