ЗАҲМАТКАШ РАҲБАР, ФИДОЙИ ИНСОН ЭДИ
Давлат арбоби, йирик педагог Эминжон Қодиров Ўш шаҳрида туғилиб ўсган забардаст инсонлардан бири эди.
Эминжон Қодиров 1916 йил Ўш шаҳрида ҳунармандлар оиласида дунёга келди. 1933 йил шаҳардаги “Октябрнинг 25 йиллиги” ўрта мактабини битириб, Улуғбек номидаги Фарғона Давлат педагогика институтига ўқишга кирди ва уни 1937 йилда муваффақиятли тугатиб, физика фани муаллими дипломини олишга эришади. 1937-39 йилларда Наманган шаҳридаги 7-ўрта мактабда, ишчилар куллиётида ҳамда педагогика билим юртида физикадан дарс беради, тез орада билими, ғайрати, ташкилотчилиги билан тилидади.
1939 йилнинг октябрида Армия сафига чақирилган Эминжон ака 1946 йилгача рота, артиллерия командири сифатида хизмат қилиб, Ватан химояси учун жасорат кўрсатади. 1946 йилда Наманганга кайтиб, мактаб ўқитувчиси, сўнгроқ директор бўлиб, ўзи севган касбда ишлашни давом эттирди.
Эминжон Қодиров 1947 йилдан Наманган шаҳар партия қўмитасининг, 1949 йилдан эса Наманган вилоят партия қўмитасининг котиби вазифаларида ишлади. Кейин эса жонкуяр педагог ва ташкилотчи Эмин Қодиров Ўзкомпартия МҚнинг мактаблар бўлимига бошлиқ этиб тайинланди. 1953 йилдан бошлаб 14 йил Ўзбекистон Маориф вазири вазифасини бажарди.
Эминжон Кодиров таълим-тарбия соҳасида моҳир ташкилотчилиги билан бирга забардаст олим ҳам эди. У ўз билимини, куч-қувватини ёшлар чуқур билим олиши,, умуман халқ маърифати ва маданиятини юксалтиришга сарфлади. У киши маорифни бошқарган даврда барча фанлар бўйича мактаб дастурлари қайтадан тузилди. Ана шу катта ишда Эминжон ака тажрибали, билимдон муаллимлар ва турли соҳадаги йирик олимларнинг ёрдами билани зўр ташаббускорлик кўрсатди. Натижада ўзбек мактаблари 1-синфдан 10-синфгача ҳамма фанлар бўйича дарсликлар билан таъминланди.
Эминжон Кодиров мактабларга бориб, ўқитувчипарнинг дарсларини, дарсликлардан қандай фойдаланишларини ўзи кузатиб, текшириб борарди. Хотираси жуда кучли бўлиб, ўзи дарсини кузатган ҳамма ўқитувчиларнинг исм-шарифини, қайси фандан дарс беришини, маҳорати ва камчиликларини билар, ўқитувчиларнинг дарсларини иккинчи бор кузатганида ўзгаришларни, ютуқларни алоҳида таъкидлаб, уларнинг кўнглини кўтариб қўяр эди. Эмин Қодировни ана шундай ажойиб хислатлари учун мингларча ўқитувчилар, чин дилдан яхши кўришиб, бехад хурмат билан «Устоз» дердилар…
Пахта яккахокимлиги даврида мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилар 2-3 ойлаб лой-қорга ботиб, далада пахта бўлмаса ҳам қулларча кун ўтказиб юрар, таълим-тарбия режа ва дастурлари унутилар, дастурга мувофиқ билим олиш имконияти барбод бўлар эди.
Эминжон Қодиров ана шу аянчли холга, хусусан ўқувчиларни тўртинчи синфдан бошлаб баҳорда ёввойи ўтларни йўқотиш, ягана қилиш ишларига, сентябрдан декабргача пахта теришга сафарбар қилинишига астойдил қарши эди. У доимо «Ҳар ким ўз ишини қилсин» , – деб кўп ҳаракат қиларди. Чунки совуқ қиш кунларида жуда кўп болалар ҳар хил касалликларга чалинар, айримлари халок бўларди.
Бунинг эвазига Эмин Қодиров ноҳақ ҳақоратларга, камситиш ва туҳматларга учраган бўлса ҳам, асло чекинмай, ақл-идрокини, педагогик билим ва маҳоратини, қолаверса навқирон умрини билим, маърифат ва маданиятни ўстиришга, болаларнинг пухта билим олишига бағишлади.
Профессор О.Азизов шундай деган эди: «Ёшим 80 дан ошди. Мен кўп маориф раҳбарларини кўрдим. Бироқ Эминжон бошқача раҳбар эди. Довюрак, ширинсухан юрагида кири йўқ Эминжон Қодиров ҳар қандай оғирликка бардош бериб, туҳмат-игволарни енгиб, 14 йил республика маорифини бошқариб, уни ривожлантиришга жуда катта ҳисса қўшди. Ўқитувчилар, олимлар маориф соҳасида ишлаган ҳамма мутахассис ходимлар уни чин юракдан хурмат қилишар эди…»
Устоз Эмин Қодиров узоқ йиллар Иттифоқ маориф вазири академик Михаил Алексеевич Прокофьев, Педагогика фанлари академиясининг президентлари ва академиклари Владимир Михайлович Хвостов, Всеволод Николаевич Столетовлар билан бирга ишлади.
Эмин Қодиров вазир бўлиш билан бирга илмий фаолиятини ҳам жадаллаштирди. У 1963 йилда педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун «Урушдан кейинги йилларда Ўзбекистонда мактабларнинг ривожланиши (1945-1962)» мавзуида номзодлик, 1973 йилда эса «Туркистонда Халқ таълими тарихи тараққиёти» (1917-1970 й.й) мавзуида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Ўша йили профессор унвонига ҳам сазовор бўлди.
Эмин Қодиров ўзининг энг яқин дўсти – москвалик Марат Тайчинов Султаналиевич, украиналик Борис Кобзарлар билан ҳамкорликда Иттифоқ миқёсидаги илмий-методик конфренция ва семинарларни ташкил этардилар.
Профессор Э. Қодиров раҳбарлигида кўплаб педагогика фанлари номзодлиги ва докторлиги диссертациялари ёқланди. Домла кўпгина диссертацияларга расмий оппонент бўлган.
Профессор Э. Қодиров йирик илмий асарлар яратди. Булар республика мактабларида ўзбек тилини ўқитиш, Ўзбекистонда ўн йиллик умумий таълимга ўтиш, Ўзбекистон мактабларида таълим-тарбия ишлари ва умумий мажбурий таълимга ўтишнинг муҳим масалаларига бағишланган эди. Унинг уч юздан ортиқ илмий асари, рисолалари, илмийва методик қўлланмалари, мақолалари педагогика фанининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди.
1966 йилдан умрининг охиригача Эминжон Қодиров Т.И. Қориниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий тадқиқот институтининг директори лавозимида ишлади. Бу даргоҳга ўтиши билан педагогика фани жонлана бошлади. Эминжон Кодиров аввало институтга педагогика бўйича илмий тажрибали ходимларни тўплашга интилди.Институтда иш ҳаққи бошқа жойларга қараганда кам бўлишига қарамай, педагогика фанлари фидойиларининг анчагина қисми Эминжон Қодиров атрофига тўпланишди.У ерда илмий мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор берилди.
Турли фан соҳалари буйича педагогика фанлари номзодлари ва докторлари етишиб чиқди. Ўзбекистон мактабларида фанларни ўқитиш, ўргатиш методи юзасидан илмий ишлар ривожлана бошланди. Кўпгина мактабларда тажриба синовларни ўтказиш ишлари авж олди. Институтда фидокорона ва халол меҳнат қилиш одатий иш тарзига айланди.
1968 йил бошида Эминжон Қодиров СССР педагогика фанлари академиясининг мухбир аъзолигига сайланди. Унинг педагогика соҳасида амалга оширган ишлари мамлакат олимларига маълум эди.
Заҳматкаш олим, моҳир педагог, давлат ва жамоат арбоби Эминжон Қодиров ўзбек халқининг содиқ фарзанди сифатида ўз халқи олдидаги шарафли бурчини сидқидилдан адо этди.
СССР Педагогика фанлари Академиясининг мухбир аъзоси, педагогика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат курсатган ўқитувчи Эминжон Қодировнинг илмий-педагогик, жамоатчилик, ташкилотчилик фаолияти муносиб тақдирланган. 1960 йилда Ленин ордени, икки марта Меҳнат Қизил Байроқ ордени (1950, 1971), кўпгина медаллар ҳамда бир неча марта Ўзбекистон Республикаси, собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Раёсатининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган эди.

Домла 1976 йилда вафот этган.
Донохон Сотволдиева,
Одилжон Дадажонов.
