ҚАДРИЯТ Навоийхонлик 

КЕЙИНГИ ЮЗ ЙИЛЛИКДА НАВОИЙХОНЛИК

    “Оқбура” сайтида шу йилнинг 23 январь куни эълон қилинган “Бир ашула тўғрисида” деган мақолада Алишер Навоий ижодини ўрганишнинг кейинги юз йили тўғрисида баъзи гаплар ўртага солиниб, Навоий оламдан ўтгач, орадан кўп ўтмай Темурийлар салтанати ҳам парчаланиб, Навоийни англайдиган, шоир бунёд этган маънолар хазинасининг қадрига етадиган замон йўқликка юз тутгани, XVII-XIX асрлар – ўзбек халқи турмушининг оғир даври бўлгани, “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” (Абдулла Қодирий таърифи)да улуғ шоир асарларини ўрганиш ва оммалаштириш иложи бўлмагани, ўша тушкунлик муҳитида Навоийнинг ижоди оддий халқ эътиборидан четроқда қолгани айтилган эди.

1924 йилда Чўлпон “500 йил” деган мақола ёзиб, Ўзбек билим ҳайъатига йўллаганидан Навоий ижодини ҳартарафлама тадқиқ этиш ва оммлаштиришнинг янги даври бошлангани қайд этилган.

Албатта, ўшандан бери Навоий номининг кенг ёйилишига юзлаб олимлар, шоирлар, бастакорлар, хонандалар, ёзвчилар, саҳна ва кино усталари катта ҳисса қўшган. Бироқ бунда энг зўр омил аввало унинг ғазалларининг мусиқий талқини – юзлаб ашулалар бўлди. Бирон кун йўқки, ўзбек хонадонида Навоий ғазалларига басталанган ашулалар эшитилмаса. Албатта, Уйғун билан Иззат Султон қаламига мансуб “Навоий” драмаси ҳам қарийб қирқ йил давомида халқимизнинг энг суюкли спектакли бўлиб турди. Ойбек ва Исажон Султоннинг шоир номи билан аталадиган романлари бор, ўнлаб қисса ва ҳикоялар, кино ва телефильмларни эса санаб тугатиш мушкул.

Бироқ афсуски, ўтмишда яшаб ўтган улуғ зотларга ҳар бир янги замон ўз мафкураси нуқтаи назаридан баҳо беради, ўз мезонлари билан ўлчайди. Шўро даврида Навоийни оммалаштириш шарти дея деб шоирнинг “дунёвий севгиси” ўйлаб топилгани, “подшоҳ билан низоси” уюштирилгани ҳам рост. Асарларидан “диний” боблар қисқартиб нашр этилганини айтинг. Ва ҳоказо.

Хайриятки, бугун – истиқлол даврига келиб Навоийнинг барча асарлари тўлиқ нашр этиляпти, бирон мисраъи олиб ташланмайди. Шоирнинг ҳар бир байти элимиз учун табаррук.

Алишер Навоийнинг 2600 нафар ғазали бор. Киши уларидан лоақал биттасини ихлос билан ўқиса, уқса, имкони етгани қадар англаса, ишонинг, унинг руҳий дунёсида катта эврилиш юз беради, ўзининг аввалги ҳолидан бир қарич ўсганини ўша онда ҳис этади. Аммо жами ўзбеклар ичида 2600 нафар биз кутган ғазалхон борми ўзи, буниси жумбоқ.

Чўлпоннинг ўша мақоласи ёзилганидан бери юз йил вақт ўтди. Энди ХХ аср Навоийшунослигининг юз йиллик натижаларини (ютуқларини ва албатта, муайян камчиликларини ҳам) умумлаштириш, сарҳисоб қилиш, янги ишлар режасини белгилаб олиш фурсати келди. Буни уддалашга қодир отоқли Навоийшуносларимиз бор, албатта. Камина эса, Навоийнинг оддий бир ихлосманди сифатида, шоирни англаш ва англатиш борасида баъзи мулоҳазаларни ўртага ташласам, деган эдим.

Навоий ижодиёти – олий математика. Олий математика билан эса ҳар бир киши шуғулланиши шарт эмас. Бас, улуғ шоирни оммалаштириш учун жўнлаштириш, асарларини “ҳамма билишига эришиш” эндиям шартми? Бу улуғ ижоднинг бемисл лаззати Навоийга етиб борганларга насиб қилгани дуруст эмасми? Жумладан, шоир асарларига басталанган ашулаларга ҳам “тингловчилар оммаси” учун эмас, қадрига етадиган, тинглаб маза қиладиган шинавандалар учун энди бошқатдан ёндошиш даври келгандай. “Эй Навоий” деб охирига қўшиб қўйган билан Алишер Навоий руҳига кириш маҳол.

Яна. Энди Навоий (ва бошқа мумтоз шоирларнинг ҳам) ғазалларига битилган ашулаларда ғазалнинг анча-мунча байтларини “опташлаб” айтишга барҳам бериш керак. Бундай қилиқлар шоир руҳига озор етказади. Ундан кўра, шу ғазални такрор-такрор, обдон ўқиб, руҳига кириб, самимият ва ҳаяжон билан ижро қилишга ҳеч нарса етмайди.

Мумтоз ашулалар ижросида калтагина қаричимизни мезон деб билиб, истаган байтни “кесиш” давом этаётгани таажжубланарли. Ахир, ўша байтга зарурат бўлмаса, Алишер Навоий уни битмас эди шекилли? Қайсидир байтни “ҳатлаб”, бошқа байтни куйлаш Навоийни таҳрир қилишга даъво эмасми? Навоий асарларини кимдир таҳрир қилиши… мумкинми? Оқибатда, шоир нима деганини тингловчига етказа олмаяпмиз.

Ҳар икки йилда Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” фестивалида кўрамиз: урду, араб, афғон озар ва ҳоказо элларнинг ашулалари ўн-ўн беш дақиқа ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ давом этади, тингловчига ўша асарнинг бутун руҳи сингдирилади. Ҳеч қайси чет эллик хонанда ва созанда биз каби “кесиб” хониш қилмайди, ҳар бир ашула узоққина давом этади. Биз эса, гўё хижолат бўлгандай, бошлабоқ, тугатиб қўяқоламиз, бори шу, дегандай. Энди ҳар бир ғазалга битилган ашулани тўлиқ ижро этиш даври келди. Ихлос қўйган, руҳан шоирга яқин бўлганлар эшитишдан асло толиқмайди. Бугунги кунда Навоийни ҳаммага етказайлик, деган давр ўтди, энди уни тушунганлар, тушунадиганлар ўқиса, тингласа, шу кифоя.

Ажабки, шоирнинг достонлари сўнгги ўттиз беш йилгача, юқорида айтилганидек, дастлабки ва сўнгги боблари олиб ташланиб босилган бўлса, ғазаллар ижросида бунинг акси: дастлабки – матлаъи ва сўнгги байти – мақтаъи албатта бўлади, аммо ўртадан исталган бир неча байтни ташлаб кетиш ҳамон давом этяпти. Достонларни ўқувчига етказишда-ку, эски “принцип”лардан воз кечилди, бироқ ғазал ижрочилигида нега ҳамон эски йўл давом этаётганини тушуниш қийин. 

Аруз – бутун бошли тизим. Ғазал ўз мусиқаси билан бирга дунёга келади. Навоий замонавийлаштиришга, бебаҳо ғазаллари эстрада қўшиғига айлантиришга, ёки уларни ғарб мусиқаси фонида ўқишга асло муҳтож эмас.

Ғазал ўқиш маданиятини шакллантириш дастлабки иш бўлиши керак. Шу пайтгача радио ва телевидениеда, театр саҳналари, майдонларда вазнига мутлақо номувофиқ тарзда, “Маяковскийчасига” ғазал ўқиб келиняпти. Чунки сухандонлар ҳам, бошловчилар ҳам арузни, унинг тақтеъларини умуман билишмайди.

Эътибор қилган бўлсангиз, Алишер Навоий ғазалларининг аксари машъум Совет даврида куйга солинган, энг ажойиб нағмалар ўша қўрқинчли қирқинчи-эллигинчи йилларда ижод қилинган. Аммо бугун – мустақиллик замонида эса, нима учундир, янги ашулалар камроқ басталанаётгандай. Бастакорларнинг шашти ҳам аввалгидай эмас; айрим хонандаларнинг ўзи эплаб-сеплаб “куй” ижод қиляпти ва табиийки, қўшиқчилигимиз соҳасида юксак профессонализм ҳунармандликка ўрин бўшатиб бераётибди.

Албатта, вокал ижрочилик соҳасидан бошқа масалалар ҳам кўп. Масалан, сохта воқеалар асосига қурилмаган, XV аср воқелигини антагонизм йўсинида талқин этмаган янги “Навоий” драмасига эҳтиёж катта. Навоий ҳақида бутун бир сериал кинофильм суратга олиш вақти ҳам келгандай.

Кўрамизки, миллатимиз қуёшининг ҳаёти, ишлари ва энг муҳими – ижодини талқин этиш борасида юмушлар обдон кўп экан. Уларни амалга ошириш учун яна талай замон керак.

Аммо ёдингиздами, улуғ шоирнинг “Лисонут тайр” достони охирида бир рамзий лавҳа бор: Симурғни ахтариб, унинг ишқида ёниб бораётган қушлар ногаҳон ўзларининг ўттиз қуш – Си мурғ эканини англаб қоладилар:

 

Ким қилиб Симурғ ўттуз қуш ҳaвaс,

Ўзлaрин кўрдилaр ул си мурғу бaс…

 

Навоийга етишиш осон эмас. Унинг меҳнати ўша достондаги ўттиз қушнинг етти водийдан учиб ўтишлари машаққатидан кам эмас. Аммо бу “водий”лар сўнгида бизни бир мукофот кутади: қушлар ўзларининг Симурғ эканини билиб қолганлари каби, биз ҳам Алишер Навоий биз, ўзимиз эканимизни инкишоф эта олсак, ажаб эмас.

Шундай.

Миллат Навоийни таниган куни ўзини ҳам таниб қолади.

 

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар