АҚИҚА
ЎШ ТЎЙЛАРИ
Ўзбекнинг оилавий, маҳаллий урф-одатлари, маросимлари кўп. Улар ичида ақиқа алоҳида ўрин тутади. Ақиқа – бола туғилганида Оллоҳга шукр қилиш, янги ҳаётни дуо ва эҳсон билан бошлаш, жамиятга янги аъзони маънавий жиҳатдан қабул қилиш рамзидир.
«Ақиқа» луғатда «ёрмоқ» маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига нисбатан қўлланган. Шаръий истилоҳда эса: «Ақиқа – ният ва махсус шартлар билан, Оллоҳ таолога шукр сифатида, фарзанд номидан сўйилган жонликдир». Таваллудининг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади. Соч бошдан ажратиб олинганлиги учун бу маросим «ақиқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади.
Самура ибн Жундуб (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир бола ақиқаси билан гаровланган. Унинг (номи)дан еттинчи куни (жонлиқ) сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади”, деган. Ақиқа фақат диний амал эмас, балки оилавий, ижтимоий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган кенг қамровли маросимга айланган.
Анъанавга кўра, ақиқа бола туғилгандан кейин еттинчи куни (гоҳо 14 ёки 21-кунлари ҳам) амалга оширилган. Ўғил бола учун икки қўй, қиз бола учун эса бир қўй сўйиш урф бўлган. Қурбонлик қилинган жонлиқ гўштидан таом тайёрланиб, қариндош-уруғ, қўшнилар ва эҳтиёжмандларга улашилган.
Ўшда ақиқа кўпинча камтарона, дабдабасиз ўтказилган. Асосий урғу зиёфатга эмас, балки дуо, ният ва эҳсонга қаратилган. Маҳалла оқсоқоллари, имом ёки кексалар дуо қилиб, болага яхши тилаклар билдирган.
Ақиқа жамоавий ҳаётнинг муҳим элементи бўлган. Қўшнилар, яқинлар бу маросимда фаол иштирок этган. Айниқса, эҳтиёжмандларга гўшт ёки таом улашиш орқали ижтимоий тенглик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланган. Ўшлик кексалар хотирасида ақиқа маросими “тинч, сокин ва баракали тўй” сифатида сақланган. Бу маросимда шовқин-сурон, мусиқа ёки ўйин-кулги иккинчи даражали бўлиб, асосий эътибор маънавий муҳитга қаратилган.
Совет тузуми даврида давлатнинг расмий мафкураси атеизмга асослангани сабабли диний маросимлар қаторида ақиқа ҳам қўллаб-қувватланмаган, ҳатто кўп ҳолларда яширин ўтказишга мажбур бўлинган. Дин билан боғлиқ ҳар қандай амал «эскилик қолдиғи» сифатида баҳоланиб, очиқ нишонлаш мақбул саналмаган. Шу боис Ўш шаҳри ва атроф ҳудудларда ақиқа мустақил маросим сифатида деярли амал қилмай қолган эди.
Бу даврда кўп оилалар фарзанд туғилганини диний нишонлашдан қочган, ақиқа ҳақидаги диний талаб ва маънолар эса фақат кексалар, уламолар ёки оилавий муҳитда сақланиб қолган. Кам сонли диний онги кучли оилалар ақиқани ошкора эмас, балки бошқа маросимлар ниқоби остида ўтказишга ҳаракат қилганлар. Масалан, уни бешик тўйи, туғилган кун ёки ҳатна (суннат) тўйи билан бирга қўшиб ўтказиш ҳолатлари кузатилган.
Бундай ҳолатларда ақиқа маросимининг асл мазмуни – Оллоҳга шукр қилиш, қурбонлик ва дуо қилиш – очиқ айтиб ўтилмаган, балки умумий зиёфат ёки оилавий йиғилиш шаклида амалга оширилган. Қурбонлик ҳам жуда кам ҳолатларда «сўқим» ёки «тўй учун» деган номлар билан бажарилган. Ақиқанинг жамоавий маросим сифатида узилгач, унинг маънавий-тарбиявий аҳамияти ёш авлодга етарлича етказилмай қолди. Фақат кейинги йилларда, диний эркинлик тиклангач, ақиқа қайта жонланиб, ўзининг асл диний ва маънавий моҳияти билан халқ ҳаётига қайтиб кириб кела бошлади.
2000-йиллардан Ўшда ақиқа қайта тикланиб, янги ижтимоий-мәнавий кўриниш касб эта бошлади. Айниқса, хатна тўйи ва бешик тўйини ақиқа тўйи билан бирлаштириб ўтказиш амалиёти кенг ёйилди. Бу жараён, аввало, аҳолининг иқтисодий шароити билан боғлиқ бўлиб, ортиқча харажатни, такрорланувчи маросимларни қисқартиришга хизмат қилди. Бир неча маросимни бир тадбир доирасида ўтказиш оилаларни моддий енгилликка эриштирди, қариндош-уруғ ва маҳалла аҳли учун ҳам қулайлик яратилди.
Бироқ бунинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Хатна тўйи, бешик тўйи ва ақиқа маросимларининг ҳар бири тарихан мустақил маънавий мазмунга, ўзига хос урф-одат ва рамзларга эга бўлган. Уларни бирлаштириш натижасида айрим анъанавий маросимлар соддалашиб, баъзан эса умуман бажарилмай қолди. Бу эса авлодлар хотирасида сақланиб келган айрим удум ва маросимларнинг аста-секин йўқолишига, маънавий мазмуннинг камайишига олиб келмоқда. Гоҳо ақиқанинг тўйхона-ресторанларда ўтказилиши ҳам кузатилмоқда. Камтарона, ихчам ва ихлос билан амалга оширилиши лозим бўлган ақиқанинг бундай ўтиши унинг асл маънавий табиатига бирмунча зид. Зеро, ақиқа – намойиш эмас, балки шукрона, садақа ва жамоага манфаат келтириш ғоясига асосланган диний-ахлоқий амалдир.
Шу боис, бугунги кунда ақиқа маросимини замонавий ҳаёт талабларига мос ҳолда, бироқ маънавий моҳиятини сақлаган ҳолда ўтказиш муҳим. Маросимларни бирлаштириш орқали иқтисодий тежамкорликка эришилади, аммо бу жараёнда миллий ва диний анъаналар йўқолиб кетмаслиги, авлоддан-авлодга ўтиб келган маънавий қадриятлар асраб қолиниши лозим
Бугунги чақалоққа, унинг ота-онаси ва яқин қариндошларига қилинадиган сарполар, зеб-зийнат буюмлари, қиммат совғалар кўпайиб, оилалар учун иқтисодий босим манбаига айланмоқда. Зиёфатга кўп одам чақириш, тўйхона ёки ресторанларда, катта харажатга ташкил этилиши эса унинг маънавий мазмунидан кўра ташқи кўринишига кўпроқ аҳамият берилаётганини кўрсатади. Натижада бу маросимдаги асосий ғоя – Оллоҳга шукр қилиш, янги туғилган фарзанд учун хайр-дуо қилиш, эҳсон ва саховат орқали жамиятда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш каби қадриятлар иккинчи даражага сурилиб қолмоқда. Маросим кўп ҳолларда “оддий тўй” шаклига яқинлашиб, унинг диний-ахлоқий мазмуни етарлича тушунтирилмаяпти ва англанмаяпти.
Одилжон Дадажонов.
