ҚАДРИЯТ 

ҚАЙТАР ДУНЁ

(болалик хотиралари)

     Етмиш йилки, бу воқеа ёдимда муҳрланиб қолган. Ўшанда 6-синфда ўқирдим. Ёзги таътил ойлари, катта ўғил бўлганим боис, дала ишига аралашиб, оила тебратишга ёрдам берардим. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида адирдан, далалардан ҳосилни ташиб келтиришга техника етишмас эди. Колхоз ихтиёридаги арава, эшак ва туялардан фойдаланилган.

Айни жазирама ёз. Қайроқи буғдой, арпа қўлда, от косилкаларда ўрилар, отларга тиркалган темир тишли думалоқ “молотилка”ларда янчилар ва курак билан шопирилиб, дон ҳолига келтириларди. Донни эса туман марказидаги “Заготзерно”га ташиб келтириш керак.

Хўжалик ҳисобидаги 12та эшакда Учэмчак адирларидан дон ташиш юмуши мендан ўн ёшча катта Тоштемир исмли йигит зиммасида эди. Мен Тоштемир акага ёрдамчи бўлдим. Вазифам эшакларни ўтлатиш, суғориш, тўқимлаш, бирга адирга бориш, у ерда дон қоплангунга қадар эшакларга кўз-қулоқ бўлиш ва юкни олгач, бирга ҳайдаб келиш эди.

Биз кўпинча тунда йўлга чиқардик. Кўзларимни ишқалаб, уйқуни қочиришга ҳаракат қилардим. Ёз ойи эмасми, осмонда тўлин ой нур сочар, катта-кичик юлдузлар жимирлар, анча салқин ҳаво танга роҳат бағишларди. Биз адирга кетаётганда эшакка миниб, қайтишда эса пиёда келардик.

Тоштемир ака камгап, жаҳли тез ва қўпол эди. Унинг яйраб кулганини камдан-кам кўрардик. У пайтлар Жалолободга борадиган йўлга тош тўкилган, ҳали асфальт қилинмаган эди. Эшаклар туёғи тошларга тегиб, сокин тунда тақир-туқир овозлар баралла эшитиларди. Мусаффо, юлдузлар чарақлаган осмонга, сахий нурини тўкаётган ойга қараб хаёлга чўмардим. Гоҳо лип этиб учиб, кўздан ғойиб бўлган юлдузлар худди бошимга тушадигандек кўзимни юмиб, юзларимни тўсардим.

Оппоқ тонг сепини ёйиб, қуёш энди бош кўтараётган пайтда адирдаги хирмонга етиб келардик. Қопларни хирмонга ташлаб, эшакларни ўтлашга ҳайдардим. Хирмон ишчилари эса қўлда тўқилган, ҳар бирига юз қило ва ундан кўпроқ дон сиғадиган қанор қопларга дон солиб оғзини бўғишарди. Хирмон ҳисобчиси донни тортарди. Ҳар бир эшакка бир қопдан дон юкланади.

Чошгоҳга яқин йўлга тушамиз. Қуёш олов пуркай бошлайди. Уфқда жимирлаган сароб кўзни қамаштиради. Ҳамма эшакка қоп юкланган. Оёқяланг бўлганим боис қизиган тупроқни аранг босаман. Чанг осмонга кўтарилади. Чўкир ва тошларга урилган оёқ панжаларим яра-чақа бўлиб кетган. Қолаверса, эшаклар ортидан кўтарилган чангдан нафас олиш қийин. Оёқда мадор камаяди. Юз кило атрофидаги юкни кўтарган эшаклар тезроқ манзилга етишни кўзлаб илдам одимлайди. Адирлик ортда қолиб, Қайирма қишлоғидан тош тўкилган катта йўлга чиқамиз. Катта-кичик тошларга урилган сайин бизга ҳам, эшакларга ҳам юриш қийинлашиб боради.

Қайирма қишлоғи ортда қолиб, колхозимиз чегарасига етиб келганимизда бўйи баланд, гавдали, аммо бироз қариб қолган кулранг эшак тошга қоқилиб, ўзини ўнглаб ололмасдан, олдинги оёқлари билан чўккалаб йиқилди. Устида юк, бошқа эшаклар ҳам тўхтаб қолди.

Тоштемир ака эшак туриб кетар дедими, қўлидаги сўйил билан уни савалай кетди. Жонивор ҳарчанд туришга чоғланса ҳам, устидаги юк имкон бермасди. Тоштемир ака иккаламиз қопни сал ҳимо қилиб “хихиласак” ҳам, эшак жонивор ўрнидан жила олмади.

– Қопни тушириб, қайта юклайлик, – дедим мен.

– Тирранча, бу – қанор қоп, белинг синиб кетмасин тағин, – деди менга заҳрини сочиб Тоштемир ака.

Аксига олиб бирон отлиқ ёки пиёда йўловчи кўринмайди. Эшакнинг калтак емаган жойи қолмади. Уни турғиза олмаган Тоштемир ака дарғазаб бўлди.

-Сени ўлдираман, ҳароми, – дея қўлига каттакон тошни олиб қийналаётган эшакнинг жағига ура бошлади. Жонивор жон оғриғидан бўкирар, хирилларди. Тоштемир ака ҳамон “Мана сенга, мана турмасанг”, дея жон-жаҳди билан эшакнинг тишларига қарсилатиб урарди. Эшакнинг оғзидан оққан қонга тошйўл бўялиб кетди. Шунда ҳам Тоштемир ака жаҳлидан тушмасди. Эшакнинг бошини тиззалаб босиб, бор кучи билан тишларига урарди.

– Тоштемир ака, бўлди, урманг. Қонни қаранг, жониворнинг кўзларидан оққан ёшни кўрмаяпсизми? – дея йиғламсираб қўлидаги тошни олмоқчи бўлдим.

– Нари тур, ўргилдим сендақа раҳмдилдан, жони оғриса туради, – дея мени итариб юборди.

Қуёш тобора қиздирмоқда, аланглаб икки томонга қарайман, бирон зот кўринмайди. Тоштемир ака терлаб пишса ҳам эшакда ўчи бордай, уришдан тўхтамасди. Жониворнинг тишлари тўкилиб, оғзи қонга бўялганди. Яратганнинг унга раҳми келдими ёки ғойибдан куч бахш этдими, эшак устидаги юк билан икки-уч олдинга интилиб ўрнидан туриб кетди.

– Ўлдиришимни билиб қолдингми, ҳароми, – дея Тоштемир ака уни яна ура бошлади.

Эшак бошини қуйи солганича у ёқ бу ёққа ликиллатар, оғзидан оққан қон тош йўлга илон изи солиб кетарди. Эшакнинг кўзларидан милт-милт ёш оқади. Мен йиғидан ўзимни тўхтатиб, кўз ёшларимни артар эканман, “хих, жонивор”, деб яна йўлга тушдик. Адирдаги хирмондан то туман марказидаги “Заготзерно”га келгунча ўн чақиримча йўл бор. Эшаклар шу масофага дам олмасдан келишади. То манзилга етиб келгунимизча ҳам жониворнинг оғзидан қон тўхтамади. Ўша куни эшак ўт ҳам, ем ҳам емади, ётганича ўрнидан ҳам турмади. Унинг тишлари тўкилиб кетган эди. Отхонани айланиб юрган ферма мудири эшакнинг бу аҳволидан воқиф бўлди. Мендан сўраган эди, бўлган ишларни айтиб бердим. Мудир Тоштемир акани ишдан четлатиб, бошқа соҳага ўтказиб юборди. Ўрнига бошқа одам топилгунга қадар мудир иккаламиз адирга қатнаб дон ташидик.

Орадан йиллар ўтди. Колхозда техникалар кўпая бошлади. Эшак, туялар қолмагач, Тоштемир ака далада ишлай бошлади. Пенсияга чиқиб, нафақа олаётган, ёши етмишлардан ошиб қолган бу одамни кўча-куйда учратиб қолардим. Бир куни жағини танғиб олганини кўриб: “Тоштемир ака, нима, тишингиз оғрияптими?” – деб сўраб қолдим.

– Озиқ тишларим азоб беряпти. Олдирдим, шамоллаб қолганми, шишиб кетди. Дори-дармонларнинг фойдасини билмаяпман, – деди ғўлдираб.

Ҳа, бу одам ёшлигидан жуда кўп қийинчилик кўрди. Етим қолиб, турли ишларни адо этди, бир тишлам нон учун кунни тунга улади. Умри меҳнат билан ўтди. Бир жиҳатдан, унга жуда раҳмим келди. Аммо унинг ҳайвонларга шафқатсизлиги, қўполлиги, айниқса, эшакка кўрсатган зулми қалбимда ўчмас из қолдирган эди.

Тоштемир аканинг тиши оғришига шифокорлар даво тополмабди, овқат ҳам ея олмасдан озиб кетибди. Айни ёз чилласига келиб Тоштемир ака оғир дарддан вафот этди. Унинг жанозасида қатнашар эканман, жанозаа йиғилганлар “Тиш касали ҳам ёмон экан-да”, – деб шивирлашганини эшитдим.

Аммо у бир бегуноҳ жониворнинг тишларини эллик йилча муқаддам уриб тўкиб юборганини, унга қанчалар азоб берганини бу одамлар қаёқдан билсин? Тилсиз жонивор ўшанда Тоштемир акани азоблашни Оллоҳдан тиладимикин? Билмадим, буларнинг ҳаммаси Яратганнинг ўзигагина аён. Ахир, бу дунё қайтар дунё-да.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ.

боғлиқ хабарлар