ҚИРҒИЗ ДЎСТИМ АШИМГА
Аслида, овозим етгулик жойди…
Ўш, Чуй, Жалолобод, Бурганди, Сузоқ.
Икки мингу ўннинг кузак фаслидан,
Етти ёт қитъадек бўпқолдик узоқ…
Бир ҳатлаб етардим Майлисувингга,
Иссиқкўлларингда сузардим яйраб.
Ай, Ашим, ям-яшил, ўтга бурканган
Олойингда қўйлар боқардим яйраб!
Юрагим гоҳида хижил бўпқолса,
Қайдасан жўрам, деб жўнаб ворардим
Қирларга дўппимдек ўтовларингда
Бешбармоқ еб, қимизларга қонардим!
Мабодо,
Кепқолсанг, қучоғинг очиб,
Тўйдек бўпкетарди ховли-ҳаятим.
Базми жамшидларим авжига чиқа,
Манас ўланларин қилардик хатм.
Елкага елкани тирашиб олиб,
Минг йиллик ирларни ёдга олардик.
Неча оқшом чўкиб, неча тонг отиб,
Ҳафталар ўтганин билмай қолардик!
Ашим дўст,
Ҳай майли,
Ой-йиллар ўтсин,
Армонли, афғонли заҳил хув онлар!…
Кин, гиналар кетсин, яралар битсун!
Азондан руҳланиб, қуръонни ёдлар –
Авлодлар сориға соғ-омон етсун,
Бизни ирдаштирган бул омон онлар!
Бизни дилдош қилган ушбу давронлар!
Абдунаби Бойқўзиев, шоир,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
