ҚАДРИЯТ 

ДЎППИ

Ўзбек учун бош кимий билан юриш – одоб ва эътиқоднинг бир қисми бўлган. Чунки бош – инсоннинг қадри, фаросати ва обруси рамзи. Дўппи эса шу қадрнинг белгиси, безаги ва тартиби сифатида асрлар давомида муқаддас саналган.

Қирқнинг нари-берисидаги одам ҳам, етмиш ёки саксонни қаритган бобо ҳам яхши эслайди: Ўтмишда Ўшда, Фарғона водийсида, умуман, ўзбек юртларида дўпписиз (бошяланг) киши топилмасди.Ўзбек миллатига мансуб, ўзбекзабон аҳоли яшаган барча юртларда бор-йўғи 25–30 йил аввалги манзарани эслаш учун тарихчи бўлиш шарт эмас. Шаҳар ва қишлоқ кўчаларида, бозорларда эркаклар, масжидларда боболар, тўйларда ёшлар — ҳамманинг бошида дўппи бўлар эди. Ҳатто болалар тупроқ ўйнаб юрган пайтда ҳам, онасининг «дўппингни кий!» деган меҳрли овози қулоқларида жаранглаб турарди.

Дўппи шунчаки бош кийим эмас. У санъат. Унинг ортида дўппидўзнинг меҳнати, қўлидаги эзгу батафсиллик, авлоддан авлодга ўтиб келаётган муҳр бор. Болани бешигида дўппи билан кўтариш маросим эмас, тарбия. Бу руҳ. Чунки миллатнинг маънавияти унинг одатидан, уйидаги тартибидан, болага берган биринчи муқаддас рамзидан бошланади.

Кимлигини англамаган, ўзлигидан узилган миллат ташқи таъсирга тез берилади. Бош кийими йўқ миллат — фикрини ҳам, руҳини ҳам йўқотади. Чунки дўппи — бошнинг шарафи, юзнинг ифтихори, миллатнинг қалбига битилган кичик, лекин қудратли белгидир.

Асрлар давомида дўппининг турли хиллари вужудга келган. Матолардан бахмалга, сатинга, сидирға шойига ип, ипак ва зар билан дўппи гуллари тикилган. Диёримизда Тошкент, Чуст, Марғилон, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Бойсун, Шаҳрисабз дўппилари машҳур бўлиб, улар ўзига хосдир. Ироқи, Қизил гул, Пилтадўзи, Зардўппи, Тўлдирма деб номланадиган дўппилар бор. Ҳар бир дўппи яратилиш услубига эга, улар бир-биридан фарқ қилади. Ўзбекларда оммавий бош кийими асосан уч хил шаклга эга бўлади. «Кулоҳ», «арақчин», «тусдўппи». Кулоҳ – конуссимон бош кийим. У асосан дарвешлар қалпоғи. Унинг матоҳи тоқ учбурчак парчаларидан бичилиб ёнламасига тиқилади. Кулоҳ (эркаклар бош кийими) хозир жуда кам учрайди. Арақчин – шарсимон дўппи, уни асосан кексалар кияди. Тошкентда шарсимон дўппилар канда хаёл, босма, чакматур, ироқи чок усулларида тиқилади. Тус дўппи – кенг тарқалган ясси юзали дўппи. Кўпинча шевада “чус” дўппи деб юритилади. Тус дўппиларнинг биргина классик вариантининг ўзида саккизта ювелир чок услуби: занжира, тўғри чок чита, кунгура, еталатма, тароқ, ова, пилдироқ қўлланилади. Чуст дўпписининг тепасига кизакдан квадрат шаклида бўртиб чиқиб, ярим шар кўринишида бўлади. Бухоро дўпписи сидирга ё гулли бахмалдан жиякли қилиб тиқилади, жияги турли ипаклардан рангдор нақшли йўрма усулида тикилган.

Ўзбек миллий бош кийими ҳисобланмиш дўппи эркаклар ва аёллар миллий либосининг муҳим қисми саналади. Унинг тарихий шакллари саллага ўхшаб ўраладиган гумбаз шаклидаги телпакдир. Аста-секин у шаклини ўзгартирди – пахта ёки ипак билан тикилган ва ҳатто атлас ёки бахмал олтин иплар билан тикилган чўққили, конуссимон, думалоқ ёки тўртбурчак кўринишга келди.

Ўзбек миллий кийим-кечаклари, айниқса бош кийимлар бетакрорлиги билан дунёга машҳур. Ушбу ажойиб бош кийимини тикиш ва безатиш ўзбек  халқ  амалий санъатининг кенг тарқалган туридир. Илгари дўппи безаги соҳибининг жамиятдаги ижтимоий ҳолатини билдирган. Бош кийимга қараб одамнинг ижтимоий мавқеи, миллати, қайси элат ва уруққа мансублиги, қайси табақадан экани, ёши, жинси, оилавий мақомигача англатган.

Ўзбек дўпписи миллатнинг юзини, руҳини ва миллий онгини ифодалайдиган буюк анъана ва санъат намунасидир. У ўзбекларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, эстетик дид ва маданий мероси билан боғлиқ бир рамз.

Бошқа халқлар дўппиларидаларидан ўзбек дўппиларилари ўзига хос шакли, безаги билан фарқланади. Дўппи уч қисмдан иборат — тепа (айлана ва тўртбурчак шаклида бичилади), кизак (гардиш шаклида) ва жиякдан тузилган, турли жойларда турлича безатилади; қисмлари бирлаштирилганда турли кўринишга эга бўлади. Дўппи тикувчи уста – дўппидўз, дўппи тикиш касби эса дўппидўзлик деб аталади.

Бугунги манзарага қарасангиз, бир нарса аён бўлади: биз кўп гапирамиз, лекин кам ўйлаймиз. Анъана деб овоз чиқарамиз, лекин унинг маъносини англашга шошилмаймиз. Қадрият деймиз, амалда эса унинг шаклини сақлаб, мазмунини йўқотиб қўйганмиз. Айниқса, маданий белгилар – дўппи, кийим-кечак, урф-одатлар борасида бу жуда яққол кўринади.

Кимдир “бу майда нарса” дейиши мумкин. Аммо айнан шу “майда” деган нарсалар халқнинг ички тартиби ва маданий устунини ташкил қилади. Биз уларни бугун фақат байрамларда, расм учун, ёки ижтимоий тармоқда кўз-кўрдига кийиб чиққан ҳолда кўрамиз. Маъно йўқ: буюм қолган, руҳ кетган.

Энг ачинарлиси, танқидга эмас, ўзимизни ҳалол кўз билан кўришга ҳам тайёр эмасмиз. “Ҳаммаси яхши” деган тасаллига ўрганиб қолганмиз. Лекин маданият ҳам, тарих ҳам, анъана ҳам тасалли билан эмас, онг билан сақланади.

Ҳатто ярим аср муқаддам — ҳануз ҳозирги авлод яхши эслайдиган вақтларда — Ўшнинг маърифатли зотлари, нуронийлари ҳам дўпписиз юрмаган. Шафоатхон ҳожи, Қоравой қори, Шоюнус қори, Қосимжон қори, Маҳжурий домла, мулла Мақсуд қози домла каби илмли, обрў-эътиборли инсонларнинг қиёфаси ҳамиша икки нарса билан эсга тушарди: бошида Ўшнинг машҳур сетора дўпписи, эгнида эса яхтак-чопони.

Ўш сетора дўпписи у пайтда оддий бир кийим қисми эмасди – у илмнинг, кўрилган обод кунларнинг, миллатнинг рамзи эди. Сетора дўпписининг ўзига хос безаклари, нақшлари, гулбаргдек майин тикиш услуби бу зиёлиларнинг ички поклиги, ва солихлигини танитиб турарди.

Атрофдаги болалар, ёш йигит-қизлар уларни кўриб улғаяр, “дўппи – нуронийлик, ҳурмат, одоб рамзи экан”, деб ўрганарди. Чунки домлаларнинг ҳар бир қадамида миллийлик, камтарлик ва ўзликка муҳаббат жо эди.

Яхтак-чопон эса уларнинг қиёфасига янада ярашар, ўтган замонларнинг ҳикматини сўз айтмай туриб айтиб қўярди. Ана шу қиёфалар: дўпписи билан, чопони билан юрган нурли инсонлар — бутун бир авлоднинг тарбиясида, миллий маданиятни ҳис этишларида жонли намуна бўлган.

Бир вақтлар ҳар бир дўппи ортида бир оила ҳунари, бир олам тарих, бир авлоднинг нафаси турарди. Ҳар бир нақшнинг ўз тили, ҳар бир гулининг ўз маъноси, ҳар бир шаклнинг ўз руҳи бор эди. Ўзбек юртларининг ҳар бир шаҳри дўппи орқали ўз қиёфаси, ўз диду санъатини намоён қиларди.

Шу туфайли бир вақтлар дўппи нафақат бош кийим, балки ўзбек юртларининг географияси, тарихи, диди ва руҳиятини акс эттирувчи жонли харита эди. Қайси шаҳарнинг дўпписини кўрсангиз — унинг қаерлик эканини билиш мумкин эди. Дўппи халқнинг ички қиёфаси, маданияти ва эстетик дунёси рамзи эди.

Бугун эса ўша қиёфалар, ўша одатлар, ўша пок миллий руҳ йўқолиб бораётганини кўриш жонга оғриқ солади. Чунки бир пайтлар нуронийлар бошидаги дўппи ёшларга ибрат бўлган бўлса, бугун ёшлар унинг ўрнида хориждан келган арзон қалпоқни кўриб улғаяпти.

“Ота-бобом кийган кийим, либосларни кийишим шартми?” Кимдир шундай дейди. Лекин масала – кимлигимизга эгалик қилишда. Миллий кийимни ҳаммавақт кийиш шарт эмас. Лекин уни ҳурмат қилиш, керак жойда кия билиш, унинг қадрини англаш миллат бардавомлиги учун муҳим.

Дўппининг йўқола бошлагани шунчаки кийим алмашиши эмас. Бу — қадриятдан воз кечиш, миллатнинг ўзлигини аста-секин йўқотишининг аломати. Ҳозирда дўппи нари борса, гўё музей экспонати каби, фақат тўйларда ё расмий тадбирларда элга кўриниб қўяди Гўёки ўзбек бошидан миллий рамзни ечиб, ўзлигидан бир парча узиб ташлаётгандек.

Ҳозирда бозорларда ҳақиқий Ўш сетора дўпписини топиш қийин. Қолганлари эса арзон ва сифатсиз. Шунинг учун одамлар енгил йўлни танлаб, четдан келган ҳар хил бош кийимларни олади. Ўшда дўппидўзлик ҳунари йўқолиб кетди ёки жуда камайди. Бу эса арзон ва тез тайёрланадиган матоҳларга талабни кучайтириб юборди.

Бугун кўча айлансангиз, одамлар бошида бейсболка, ҳар хил бош кийимлар. Лекин ўзбек дўпписини деярли учратмайсиз. Бу — жуда жиддий ва хавфли йўқотиш.

Дўппи бу шунчаки кийим эмас, у халқнинг тарихи, бадиий зехни ва дунёқарашининг бир бўлагидир. У йўқолса, бир қисми ҳам йўқолади.

Қардош қирғиз халқининг бир ўзига хос фазилати бор — улар миллий қадриятларини асраб-авайлайди ва ўзлигини чин дилдан англайди. Қарасангиз, оддий халқдан тортиб Президентгача бошида қирғиз қалпоғини ифтихор билан кияди. Улар уни фахр, орият ва миллат рамзи сифатида кийишади. Биз, ўзбекларда эса, афсуски, бу ҳолат аксинча кечмоқда.

Нега ўзбек ўз дўпписидан уяла бошлади? Дўппи нега тўртбурчак шаклда? Оқ гуллар нима маъно беради? Нима учун баъзи дўппилар чор печ, баъзилари оқ печ қилинади? Болалар (гўдаклар)га нега аввал дўппи кийгизилган? Шу каби саволларга жавоб топиш мушкул бўлиб қолди.

Бугун болаларнинг кўпи дўппидан кўра бейсболкани яхши кўради, ёшлар эса миллий нақш эмас, бренди бор калпокни танлайди. Катталар дўппи кийишдан ростмона уялишади, бозорларда эса сифатли дўппи деярли қолмаган, чунки унга талаб йўқ.

Масалага фақат “мода ўзгарди” деб қараш нотўғри. Мундоқ қарасангиз, бошқа сабаблар ҳам талай:

— Ёшларга дўппининг маъноси, нақши, ранги ва анъанаси ҳеч қаерда тушунтирилмаяпти. Мактаб дарсликларида ҳам, телевизорда ҳам, ота-оналар суҳбатида ҳам бу мавзу йўқ. Бу саволларни қанча ёш билади?Умуман, ким уларга айтиб беряпти? Ғарб кийимларининг тарихи фильмлар, реклама ва интернет орқали ёшларга тез етиб бормоқда. Дўппи ҳақида эса – сукут.

Бизда ўз нарсамизни паст кўриш, уни қадрламаслик иллати бор. Ҳозир кўчада дўппи кийиб юрган йигитга одамлар ажабланганча қараб қўяди. Миллийлик «оддий ҳол» эмас, «ғайриоддий» нарсага айланиб қолди.

АГАР ДЎППИ ЙЎҚОЛСА, НИМА ЙЎҚОЛАДИ?

Миллатни ажратиб турадиган белгимиз кўринмай қолади.

Дўппидўз ҳунармандлар ишсиз қолади, ҳунаp йўқолади.

Болаликдан бошланган миллий одатнинг ипини узиб қўямиз.

Ўз илдизимиздан узилиб, кимлигимизни унута бошлаймиз.

Буни тушуниш учун тарих китобини титкилаш шарт, ҳаётнинг ўзи бунга гувоҳ. Тўғри, глобаллашув — табиий жараён. Лекин бу ўзлигимиздан воз кечиш керак дегани эмас. Бугун кўп миллатлар ўз миллий кийимини қайта жонлантиряпти, уни модага айлантиряпти. Чунки улар яхши англайдики, ўзлигини йўқотган халқ кучли бўлолмайди. Бинобарин, биз учун ўзлик дўппидай кичик, бироқ маъноси катта рамзлардан бошланади.

Ўзбек доимо бошини ёпиб юрган, бу одоб, тартиб, маданият белгиси бўлган. Ўзбекнинг бошида дўпписи бор, бу унинг инсонийлиги, бирлиги, руҳи. Шунинг учун дўппи ҳақидаги гап – миллатнинг келажаги, қиёфаси ва ўзини таниши ҳақидаги гап. Дўппини асраб қолайлик. Акс ҳолда бир куни ўзимизнинг кимлигимизга ҳам жавоб тополмай қолишимиз мумкин.

 

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар