ҚАДРИЯТ Юртимиз алломалари 

ҚИРҚ САККИЗТА ДАРСЛИК ЁЗГАН ОЛИМ

Айрим манбаларда профессор Отақўзи Азизов Самарқанднинг Исфана деган қишлоғида туғилган, деб хато ёзишади. Аммо Самарқанд тарафларда Исфана деган қишлоқнинг ўзи йўқ, бу киши Қирғизистонлик. Доцент Ҳайдарали Узоқовнинг “Ўзбек тилшунослари” биоблиографик китобида кўрсатилишича, Отақўзи Азизов домла 1910 йил 21 сентябрда Қирғизистоннинг Лайлак туманида деққон оиласида туғилган. Кўрамизки, Қирғизистон замини бундан 115 йил муқаддам ўзбек илм-фанига икки улуғ сиймони тақдим этган экан, булардан бири 1910 йилда туғилган Иззат Султон, иккинчиси унинг тенгдоши Отақўзи Азизов бўлади. Иззат Султон адабиёт йўлини, Отақўзи домла эса тил соҳасини танлаб, ҳар иккови  ўз йўналишида катта ютуқларга эришди.

Отақўзи Азизов нафақат ўзбек, балки рус тилшунослиги, рус педагоика фанида ҳам ўзидан салмоқли из қолдирган олимлар сирасига киради. Олим эллик саккиз ёшида (1968) СССР Педагогика фанлари академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1970) бўлган, филология фанлари доктори, профессор бўлган.

Отақўзи Азизов 1929 йилда Москвада ишчилар факультетини (ўрта маълумот ўрнида) муваффақиятли тугатиб, Ўрта Осиёга қайтади ва ўша йили Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)га ўқишга киради, 1933 йилда қишлоқ хўжалиги ва иқтисод бўйича мутахассис бўлиб чиқади. Бироқ ёш мутахассис ўзи қизиққан соҳа — педагогликни, рус ва ўзбек тилларини қиёсий ўрганишни сира тўхтатмайди. Бу соҳада қатор илмий ва методик мақолалар, қўлланмалар чиқара бошлайди. 1943 йилда проф. А. В. Миртов рақбарлигида «Рус тилида феълининг ҳозирги замон маънолари ҳамда унинг ўзбек тилида берилиши» деган темада кандидатлик диссертацияси ёқлайди.

Шу-шу, ўзбек ва рус тилларини қиёсий ўрганиш Отақўзи домланинг илмий фаолиятининг асосий йўналишига айланиб қолди. устоз узоқ йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида рус ва ўзбек тилшунослигида текшириш ниҳоят зарур бўлган проблемалар устида қалам тебратди. Унинг рус ва ўзбек тилларидаги феълларнинг семантик хусусиятлари, рус ва ўзбек тилларидаги от, вид категориялари, олий ўқув юртларининг ўзбек бўлимларида рус тили морфологиясини ўқитиш методикаси сингари масалалар юзасидан олиб борган тадқиқотлари қиёсий тилшунослик соҳасида муҳим ишлар бўлиб қолди. Олим бу тадқиқотларида рус ва ўзбек тилларининг грамматик воситаларини атрофлича қиёслаб, қатор илмий ва методик хулосалар чиқарган. Профессор Отақўзи Азизов нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда ҳам ўткир методист-тилшунос сифатида танилган.

Отақўзи Азизов йигирма йилга яқин Тошкент Давлат университети рус тили кафедрасини бошқарди, кўплаб ёш тилшуносларга устозлик қилди.

Отақўзи домла 1957-59 йилларда йўлланма билан Хитойнинг Шинжонг-уйғур автоном районидаги Урумчи филология институтида рус тилидан дарс берди. «Тилшуносликка кириш», «Ҳозирги замон рус тили» каби предметлардан лекциялар ўқиди. Олим тилшуносликнинг орфография («Ўзбек орфографиясининг баъзи масалалари ҳақида»), лексикография («Карманньй русско-узбекский словарь», «О некотормх вопросах сельскохозяйственной терминологии»), морфология («Словообразование в современном русском язмке») каби соҳалари бўйича қатор асарлар яратган. Отақўзи Азизов қарийб 30 йиллик тадқиқотларини якунлаб, 1964 йилда «Рус ва ўзбек тилларининг қиёсий грамматикаси» деган мавзуда докторлик диссертацияси ёқлади. Олимнинг «Ўзбек ва рус тилларининг қиёсий грамматикаси» (1965, ҳамкорликда) ва, айниқса, «Тилшуносликка кириш» (1963) номли китоби ҳозир ҳам олий ўқув юртлари филология факультетларида муҳим қўлланма вазифасини ўтаб келмоқда.

Отақўзи Азизов миллий мактабларга рус тили ўқитувчилари тайёрлаш, истеъдодли тилшунос олимлар етиштириш соҳасининг карвонбошиси саналади. Унинг қўлида ўқиб таълим олган, маслаҳатларидан озиқланган педагог-кадрлар ва ёш олимларнинг кўпчилиги иттифоқимиз мактаблари, олий ўқув юртлари ва илмий муассасаларида самарали меҳнат қилишмоқда.

Отақўзи Азизовнинг ўзбек илм-фанига қўшган асосий ҳиссаси шу бўлдики, у яратган методика ҳозирга қадар долзарб саналади. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳар йили ўтказиладиган “Рус тили куни”да лингвистлар, филологлар, ёзувчилар, талабалар, Тошкентдаги Россия илм-фани ва маданияти маркази вакиллари тўпланишади. 2019 йилда бу даргоҳда Отақўзи Азизов номидаги рус тили кабинети очилган. Бу бежиз эмас, албатта.

Негаки, Отақўзи Азизов – фавқулодда кучли олим, профессор филология фанлари доктори, СССР Педагогика фанлари академиясининг мухбир аъзоси эди.

Юқорида эслатиб ўтдик, у кишининг асосий илмий асари «Рус ва ўзбек тилларининг қиёсий грамматикаси» деган китоби саналади. Бироқ бу толмас олим ундан ташқари яна саккизта монография нашр эттирган, ўрта мактаблар учун 48 та, олий ўқув юртлари учун эса 7 та дарслик ёзган, 14 та ўқув қўлланмаси, 13 луғат, кўплаб брошюралар эълон қилган, 300 дан ортиқ илмий-методик мақола ва маърузалар муаллифидир.

 

У кишининг докторлик диссертацияси чоғида кимсан академиклар В.М.Жирмунский ва А.К.Боровковлар у кишига қаршилик қилишган, бироқ ҳаммалари О.Азизовнинг бу тадқиқоти фолология фанида янги ҳодиса, деган тўхтамга келишган, олимга тан беришган.

Профессор Отақўзи Азизов илмий ва педагогика соҳасида Марказий Осиёлик ва Россиялик 60 фан номзоди ва олти нафар фан докторига илмий раҳбар бўлган, уларга илм соҳасида тарбият берган олим эди.

1979 йилда Отақўзи Азизов “Рус тилини бутун дунёда тарғиб этгани учун” Пушкин номидаги халқаро медаль билан тақдирланади. У кишининг халқаро анжуманлардаги чиқишлари Олмаотада, Кишинёвда, Ашхободда, Фрунзеда, Душанбада,  Варна (Болгария)да, Прага (Чехословакия)да, Берлин (ГДР)да, Варшава (Польша)да, Ҳайдаробод (Ҳиндистон)да олқишларга сазовор бўлган. Бу тиним билмас аллома кўплаб журналларда бош муҳаррир ёки таҳрир ҳайъати аъзоси эди. Бу кабир олимдан мерос бўлиб қолган шахсий кутубхонадан бугунги кунда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари фойдаланишаётир.

Отақўзи Азизов домла 2005 йил, 95 ёшида вафот этган.

Домланинг оила аъзоларига келсак, барча фарзандлари ўқимишли, етук мутахассис бўлиб етишган. Айниқса, 1936 йилда туғилган ўғли Энглен Азизов буюк физик олим сифатида танилган, Москвадаги Курчатов номли атом энергетикаси институтида Институт директори муовини бўлди, бироқ бу бирмунча сирли, афкори оммадан махфий тутиладиган соҳа бўлгани сабабли, у кишининг илмий ютуқлари ҳақида фикр билдиришимиз амри маҳол.

Қирғизистоннинг энг четдаги Исфана шаҳридан чиққан, довруғи етти иқлимга ёйилган Отақўзи Азизовдай алломалар эса ҳамиша элимизнинг фахри-ғурури бўлиб қолади.

Зуҳриддин Исомиддинов 

боғлиқ хабарлар