НАВОИЙ ШАҲРИДА НАВОИЙХОНЛИК АНЖУМАНИ
2025 йил 17-18 октябрь кунлари Навоий шаҳрида “Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маданият ва маърифат тараққиётидаги ўрни” мавзуида V халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда хорижий мамлакатлардан 18 нафар нуфузли меҳмон, шунингдек Ўзбекистондан ҳам навоийшунос олимлар, ёзувчилар ва шоирлар иштирок этдилар.
Тадбир Навоий шаҳридаги буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директор ўринбосари Мақсуд Асадов тадбирни очиб, Озарбойжон, Корея, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон каби хориждан ташриф буюрган олимлар қатнашаётгани, ҳар тўрт йилда ўтказилиб келаётган илмий анжуманнинг бу йилгиси ҳам юқори савияда ўтишига ишонч билдирди.
Ўзбекистоннинг таниқли ёзувчи ва шоирлари Муҳаммад Али, Усмон Азим, Мирзо Кенжабек, Фарида Афрўз, Зулфия Мўминовалар ҳам қатнашиб, табрик сўзлари айтдилар.
Умумий мажлислар залида ўтган конференциянинг биринчи қисмида навоийхонлик йўналишида янгиликлар билан келган олимларга дастлабки сўзлар берилди. Эрондан Худоёрхон Иброҳим, Озарбойжондан Алмаз Улви, Афғонистондан Азизиллоҳ Арал каби йирик навоийшуносларнинг маърузалари тингланди.
Қирғизистонлик меҳмон, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Барно Исакованинг Навоийнинг илмий-адабий мероси, инсон маънавияти ва халқлар дўстлиги масалаларига бағишланган маърузаси шоир асарларининг қирғиз тилига таржима жараёнлари ҳақида маълумотларга бой бўлди.
– Навоий қалами инсонни покликка, маърифатга ва дўстликка чорлайди. Унинг асарлари миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлайди, – деди Барно Исакова ўз чиқишида..
Анжуман аҳлига Навоийнинг “Арбаъин” асарининг қирғиз тилига таржима китоби тақдим этилди. Барно Исакова ўгирган мазкур китоб юзасидан конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Батафсил маъруза конференциянинг иккинчи қисмида давом этди. Асарнинг замонавий талқини иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва Навоий ирфоний дунёқарашини яқиндан англаш имконини берди.
Навоий «Арбаъин» асарининг илмий-адабий аҳамияти ҳақида сўзлаган Барно Исакова асарнинг қирғиз тилига таржима жараёни, таржимада учраган қийинчиликлар ҳамда уларни ҳал қилиш йўллари таҳлилига ҳам тўхталди. Асарнинг таржима орқали замонавий адабий жараёндаги ўрни ва Навоийхонлик ривожига қўшган ҳиссаси асослаб берилди. Мазкур шўъба раисаси, филология фанлари доктори, профессор Иқболой Адизованинг фикрига кўра, конференцияда тингланган барча маърузалар салмоқли, қизиқарли бўлди.
– Бугунги конференциямиз Навоий меросини чуқур ўрганиш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллатлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди, – дея фикр билдирди филология фанлари бўйича фалсафа доктори, катта ўқитувчи Зулайҳо Раҳмонова.
Эртаси куни конференция иштирокчилари Нуротада ўтказилган мақом кечасида ҳозир бўлдилар.
Умида Аҳмад