ШУКРУЛЛО АҲМЕДОВ

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.
Абдураҳмон Жомий.

Маориф равнақига салмоқли ҳисса қўшган, таълим соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, жонкуяр устоз Шукрулло Аҳмедов Ўшдаги энг таниқли муаллимлардан бири эдиана шундай устозлардан бири эди.
Моҳир педагог, жонкуяр раҳбар, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Қирғизистон Халқ таълими аълочиси Шукрулло Аҳмедов 1927 йили Ўшда туғилган.
1944 йили Ўшдаги Педагогика билим юртини тамомлаган. 1946-1948 йиллари Ўшдаги икки йиллик ўқитувчилар институтининг физика-математика факультетида ўқиб, уни муваффақиятли тамомлаган. Сўнгра Фарғона пединститутининг 3-курсига ўқишга кириб, 1950 йили уни битирди. Йўлланма билан Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги №5 мактабга ишга тайинланди, 7-10 синфларга сабоқ берди.

Slide
Slide
Slide
Slide
Slide
Slide
Slide
Slide
shukullo (2)
previous arrow
next arrow

Аслида, ўқитувчилик фаолияти Ўшдаги ўқитувчилар институтида ўқиб юрганда, 1947 йили Ўш шаҳридаги «Октябрнинг 25 йиллиги» мактабида бошланғич синфга дарс беришдан бошланган. 1951 йилдан домла Ўшга қайтиб ишлай бошлади. Унинг раҳбарлик лаёқатини ҳисобга олиниб, 1952 йили шу мактабга директор қилиб тайинланди. 1961 йилдан эса Наримонов номли ўрта мактабида директор ўринбосари бўлиб ишлади.
1962 йилдан бошлаб яна директорлик лавозимига кўтарилиб, Т.Шевченко номли ўрта мактабида ишлади. 1968 йилдан Ўшдаги М.Фрунзе номли ўрта мактабида директор ва илмий бўлим мудири бўлиб ишлади. 1973 йили саломатлиги ночорлашгач, ўз аризасига биноан ишдан бўшаб, Ўшдаги ВЛКСМ номли ипак комбинатида, “Ўшбалиқсавдо” ва бошқа ташкилотларда ишлаб, ниҳоят 1987 йили нафақага чиқди.
Устоз мактабда ўқитувчи ва директор бўлиб ишлаб юрган даврларида фақат ўқув-тарбиявий ишларигагина эмас ҳатто хўжалик ишларига ҳам катта эътибор берар эди. Бунга Шевченко номидаги мактабда қурилган устахоналар яққол мисол бўла олади. У ҳашар қилиб қурилган эди. М.Фрунзе номли мактабда директор бўлиб ишлаган даврида эса мактабни ажойиб боғ билан гуллатган эди.
Домланинг хизматлари тақдирланиб, “Қирғизистон халқ таълим аълочиси” деган унвон берилди. Шунингдек яна бошқа бирқанча медаль ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган. Ўз касби бўйича мураббий устоз эди. Унинг жуда кўп шогирдлари фан номзоди, фан доктори даражасига етишган.

«Яхшидан боғ қолади», дейди халқимиз. Шукрулло Аҳмедовдан гулзор ва боғлар қолди, улардан ҳам аввал, ўгитидан баҳраманд бўлган кўплаб муносиб шогирдлар қолди, – деб эслайди Қирғизистон Олий Совети депутати бўлган Неъматжон ака Баҳромов. – Бугунги кунда ўша шогирдлар шаҳар ва вилоятимизнинг турли мактабларида ёш авлодга давр талаблари руҳида таълим бераётир. Ҳозир Шукрулло акани ўйласам, у билан бирга ишлаган йилларим, янги мактабни кенгайтириш, унга устахона ва бошқа қўшимча бинолар қурдириш йўлидаги устознинг ғайрати кўз олдимдан ўтаверади. Шундай инсон ёнида илмий бўлим мудири сифатида ишлаб, кўп нарса ўрганганимдан фахрланаман.
Домланинг ёшларга, айниқса ўқувчи болаларга ғамхўрлиги, меҳрибонлиги ҳамон биз шогирдларни тўлқинлантиради. Ҳар йили 5 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни яқинлашганида кўпгина бошқа ўқитувчилар ҳам Шукрулло аканинг номини қайта-қайта тилга олишади. Ҳа, устознинг қилган ишлари, ўгитлари узоқ йиллар шогирдларига намуна бўлиши, ҳотираси қалбларда сақланиши шубҳасиз…”
Ҳасанбой ака Рўзиев ҳам устоз Шукрулло Аҳмедов билан кўп йиллар бирга ишлаган. Домла бу ҳақда шундай дейди:
– Халқимиз ўқитувчи номини ҳамиша қадрлайди, ҳурматлайди. Сабаби, ёш авлоднинг камол топиши ва ҳаётга қадам қўйишида ўқитувчининг меҳнати зўр. Шунинг учун ҳам муаллим эл орасида катта ҳурматга эга. Бизнинг Ўш шаҳрида ҳам ёш авлодни тарбиялашда ўз куч қувватини аямаган ва ҳурматга сазовор бўлган ўқитувчиларимиз оз эмас. Шундай азиз устозлардан бири Шукрулло домла эди.
У киши бир умрга ёш авлодни тарбиялашда ўз билими ва куч- қувватини аямаган. Т.Шевченко номидаги ўрта мактабда узоқ йиллар директор вазифасида ишлади. Бу мактабни шаҳардаги илғор мактаблар қаторига кўтарди. Мактабда тарбия ишларини, ўқитиш сифатини яхшилашда ўқувчиларнинг билим доирасини домланинг ҳиссаси жуда катта бўлди. Шукрулло ака нафақат ўкувчиларга, балки ёш ўкитувчиларга ҳам тажрибалари билан яқиндан ёрдам берар эди. Шунинг учун ҳам шу мактабни битирган собиқ ўқувчилар орасидан фан докторлари, фан номзодлари, турли ташкилотларда раҳбарлик вазифасини бажараётган кишилар етишиб чиқди. Мактабга қўшимча бинолар қурилишида ҳам фаол қатнашиб, ошхона ва бошқа бир қанча иморатлар қурилди.
Шукрулло ака тўғрисўзлиги, ишбилармонлиги, ҳалоллиги ва одиллик фазилатлари билан бошқалардан ажралиб турар эди. Шу хислатлари туфайли «Маориф аълочиси» унвони, бир қанча медаллар билан тақдирланган. Икки маротаба шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланган. Мен у киши билан узоқ йиллар бир соҳада ишладим. Унинг инсонийлик фазилатлари менинг бир умр ёдимда қолди, ҳамиша ҳурмат билан эсга оламан”.
“Мен Шукрулло Аҳмедовнинг дўсти ва касбдоши сифатида шуни айтмоқчиманки, – дейди маориф аълочиси Қўчқорбой Собиров, – у таълим соҳаси раҳбари сифатида катта мавқега эга эди. «Октябрнинг 25 йиллиги», Шевченко, Фрунзе номли мактабларда директор вақтида ўқув-тарбия ишлари билан шуғулланишдан ташқари, мактаб ҳудудига мевали дарахтлар ўтқазиб, боғ қилишга алоҳида эътибор бериб жон куйдирар эди. Бу ишларини мактаб жамоатчилиги ва отахоналар яхши билади. Айниқса Шевченко мактабида Шукрулло ака Аҳмедов етти йил директор лавозимида ишлаган бўлса, шу даврда жуда кўп ишларни бажарди.
Домла инсонпарварлик фазилати билан ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналар орасида ҳурмат қозонди, шунинг учун у кишини ҳали-ҳануз эҳтиром билан ёдга олишади…”
Маориф ишига катта ҳисса қўшган Шукрулло Аҳмедов 1994 йил вафот этган. Ўшдаги «Андижонкўча» қабристонига дафн этилган.

 

Одилжон Дадажонов

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг