СУҲБАТУЛЛО

Ўшда, унинг теварагида ва умуман Фарғона водийсида Суҳбатулло деган исм кўп қўйилади. Ўзбеклардан ташқари тожикларда, татарлар ва бошқа халқларда ҳам шундай исмли одамлар анча бор. Бироқ Суҳбатулло деган исм ўзбеклар яшайдиган ҳамма жойда оммалашган эмас. “Фароҳиддин” деган от Андижонда кўп учраб, бошқа жойларда йўқ бўлгани каби, бу исмнинг ареали ҳам локализация ҳодисасига мисол бўлиши мумкин.

*     *     *

Ўшликлар бу исмни “Сўбатилло” деб талаффуз қилишади.

Ўзбек исмларининг маъносини талқин этган профессор Эрнст Бегматов уни Оллоҳ билан мулоқотда, суҳбатда бўлувчи; Оллоҳнинг сирдоши” деб шарҳлаган. Бироқ биламизки, Мусо алайҳиссаломгина бундай шарафга ноил бўлган ва шу боис Калимуллоҳ (Оллоҳ билан сўзлашган) деб шарафланган.

Татар олимларининг Интернет Википедиясидаги талқинига кўра эса: “Суҳбатулло номи туркий келиб чиқишли бўлиб, икки қисмдан иборат: «суҳбат» – сўзлашув ва «улло» – Худо. Шундай қилиб, Суҳбатуллони «Оллоҳ билан суҳбат» деб таржима қилиш мумкин”. Бироқ ўша жойда “Суҳбатулло номи араб тилидан келиб чиққан ва «Аллоҳнинг дўсти» деган маънони англатади”, – дея янги шарҳ тақдим этилган.

“Суҳбатулло – исломда Худога имонлиларнинг дўсти ва ҳамроҳи сифатида ишора қилувчи исмдир”, – деб давом этилади бу материалда: “Бу Худо ва имонлилар ўртасидаги яқинлик ва ишонч демак. Қуръонда зикр қилинган Аллоҳнинг кўп исмларидан бири”.

“Суҳбатулло исми форс тилидан келиб чиққан ва «одамлар орасида дўст» деган маънони англатади, – дейилган ушбу мақоланинг давомида. – Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда Суҳбатулло исми жуда кенг тарқалган. Бунинг сабаби шундаки, бу мамлакатлар умумий тарих ва маданиятга эга, шунингдек, форс маданиятининг таъсири кучли”…

Битта исм ҳали туркий, ҳали арабий, ҳали форсий деб айтилишининг ўзиданоқ бу материалнинг савияси аён бўлади, бунинг устига, унда ёзилганидай, Суҳбатулло – “Қуръонда зикр қилинган Аллоҳнинг кўп исмларидан бири” эмас, бу ном Қуръонда бирон марта ҳам тилга олинмаган.

Баъзи олимлар, Суҳбатулло деганда Мусо пайғамбар тушунилади, демак, Мусоқул деган исм каби, бу ҳам аслида Суҳбатуллоқули исмининг қисқарган шакли бўлса бордир, ёки – иккинчи талқин – чин дунёга борганда Оллоҳ сўзини эшитишга муяссар бўлишини тилаб шундай исм қўйилган бўлса ажабмас, деган фикрларни билдиришди. Бу иккала фикр ҳам асосли, мантиқли. Яна, акасига иноқ бўлсин, акаси билан суҳбатлашиб юрсин, деган тилакда Суҳбатулло деб иккинчи болага от қўйилган, деган фикрлар ҳам бор.

Камина уларни инкор этмаган ҳолда, яна бошқа бир талқинни ҳам диққатингизга ҳавола этмоқчиман.

Аввало, Суҳбатулло туркий ёки форсий сўз эмас, тўла арабча. Сўзма-сўз ўгирсангиз, “Оллоҳнинг суҳбати” деган маъно чиқади. Ҳатто “ҳамсуҳбат” маъноси ҳам йўқ (Мусонинг лақаби Каломулло эмас, Калимулло, калим – суҳбатдош). Шунинг учун болага бунақа от қўйилиши ғалати туйилади.

Маълумки, қадимда араблар чорвадор бўлган, кўчманчи ҳаёт кечирган. Бундай турмуш тарзи бошқа халқларга, жумладан форсий ва туркий халқларга ҳам бегона эмас. Чорвадор эл ҳайвоннинг ёшини тишига қараб билган, тўрт ёшлисини форсийча қилиб “чори”, беш яшарини “панжи” деган. Мўғуллар билан қадим оталари бир туркий халқлар эса от ва туяни мўғулча “ғунон” (3-4 ёшли),  “дўнон” (4-5 ёшли) деб аташган.

Чорвадор эл одамлар билан жониворларни муштарак санаган: боласини қўзим, бўталоғим деб эркалаган. Аммо бундан ҳеч ким ранжимаган. Чинггиз Айтматовнинг “Отадан қолган туёқ” деган ҳикояси бор, унда молга нисбатан ишлатиладиган “туёқ” сўзи зурриёд, фарзанд ўрнида қўлланган.

Бизда Чори, Панжи, Ғунон, Дўнан деган исмлар бор. Булар чорва ҳайвонларига оид лексионга мансуб бўлса-да, маъно кенгайиб, форсийси ҳам, арабчаси ҳам “тўртинчи бола”, “бешинчи фарзанд”ни билдириб келади.

Араблар иккинчи қизига “Сония” (иккинчи), тўртинчисига “Робия” (тўртинчи) деб исм қўядилар, бу исмлар ўзбекларда ҳам бор. Биз бу ўринда ўзимизга яхши таниш исмлар ҳақида гапиряпмиз, арабларнинг ўзида Салиса (учинчи), Хамиса (бешинчи) каби бизда учрамайдиган қизлар исми ҳам кўп.

Энди Суҳбатуллога шаклан яқин яна бир исмни кўрайлик. Татар ва бошқирд элларида “Сибғатулла” деган от кўп учрайди. Биз кўриб чиққан манбаларда “Сибғат” нима маънони билдириши, қандай келиб чиққани берилмаган, унинг ўрнига, ҳар бир ҳарфи қандай хислат-фазилатга эга экани, тескари ўқилса “тағбис” деган товушлар йиғмаси ҳосил бўлиши каби эзотерикага яқин ахборот тақдим этилган, бундай исмли кишининг феъли қанақа бўлиши астрологик йўсинда талқин қилинган.

Бунда биз учун муҳим нарса – шундай исмнинг борлиги ва “Сибғат” сўзи таркибида “ғ” товуши мавжудлиги. Маълумки, баъзи туркий тилларда “айн” товуши “ғ”га алмашади (соат – соғат, шаъм – шағам, Саъди – Сағди). Яъни, “Сибғатулло” аслида “Сибъатулло” бўлгани ҳақиқатга яқин.

Сибъатулло – “Худо берган еттинчи бола” дегани (сабъа – етти).

Арабларнинг ўзида шундай исм бўлгани учун ҳам у бизга кириб келган, аммо ёдда тутайликки, биз арабий сўзлардан шунчаки фойдаланиб қолмай, кўпинча ўзгартирамиз ҳам: ўша сўзларни бошқа маънода қўллаймиз, икки-уч араб-форс калимасини жуфтлаб, арабларда ҳам, форсларда ҳам йўқ янги лексемалар ижод қиламиз (тайёрагоҳ).

Ушбу мақола бошида “Ўшликлар бу исмни “Сўбатилло” деб талаффуз қилиши” қайд этилган эди. сўзлашувда “ҳ” товуши кўпинча тушиб қолади (жаҳр à жар), аммо бу ўринда у ҳодиса йўқ, Ўшликлар тилида “суҳбат” – “сўбат” (сўбатлашдик)га айланмайди, “гаплашиб ўтирдик”, дейишади.

Хўш, унда нега Сўбатулло деб исм қўйилади? Сўбатулло нима дегани?

Менимча, биз томонларда кўп қўйиладиган Суҳбатулло деган от ҳам, татарлардаги Сибғатулло исми ҳам аслида Сабъатулло (еттинчи бола) деган сўзнинг силлиқланган, товуш нуқтаи назаридан ўшанга яқинроқ бўлган сўз билан ассоциациялаш натижасида шакли бироз ўзгарган шаклидир.

Суҳбатуллоларнинг ҳаммаси ҳам еттинчи фарзанд эмас-ку, дейсизми?

Ҳа, шундай.

Аммо бизда Сонияларнинг ҳаммаси ҳам оиланинг иккинчи фарзанди бўлавермайди, Робияларнинг барчаси ҳам тўртинчи қиз эмас-ку? Авом халқ боласини бирон исм билан атайди-қўяди. Шу омилни ҳисобга олиш керак. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида ёзилишича: Анварнинг “чилласи чароғ кўрмаган” бўлса ҳеч боки йўқдир, бироқ йигирма кунлаб бешикда исмсиз ётиши қизиқдир, чунки янги “қадрлик меҳмон”га от қўйиш на отасининг эсига ва на онасининг хотириға келган эди. …Исм қўйиш вазифасини йигирма иккинчи кунларда ўн икки ёшлиқ Нодира адо қилди. Нодира ўз яқинларидағи махдумлардан бирининг… ёқимлиқ эшитилган “Анвар” исмига суқланиб, ҳавасланиб юрар эди. Ўйлаб-нетиб турмади-да, янги чақалоқ укасининг отини ҳам “Анвар” деб атади…

Қадимда авом эл кўпинча ҳатто ўз исмининг маъносини ҳам билавермаган. Ишқилиб, чиройлироқ исм бўлса, ёқимли эшитилса, ўша от қўя берилган. Масалан, “Гулнора” исми. Аслида, баданининг бирон ерида қизил доғи билан туғилган қизалоқлар “Гулнора”, “Анорхон” аталган. Аммо кўплар беғубор бўлса ҳам, “чиройли” деб Гулнора исмини танлашаверади.

Бу каби янглишишдан эҳтиётланиб, фарзандига от қўйишниа илгари илмли кишилардан сўрашган. Чунончи, Уста Мўмин, раҳматлик, хат билар эди, китоб кўриб, боланинг отини Ёдгор қўйди. – «Ўз юртингда қочоқ бўлиб юрган кунларингдан ёдгор бўлсин», деди. (А. Қаҳҳор, “Асрор бобо” ҳикояси).

Умуман олганда, бизда Суҳбатулло каби “янглиш” исмлар бир талай. Тўғри қўйилган исмни бошқача талқин этишлар ҳам бор. Масалан, Сотқинбой – хоин дегани эмас, у Сотволди деган исмнинг бир шакли, холос. Кимсан дегани эса қимматбаҳо тошлардан бир тури, “Кимсан?” дегани эмас…

Исм тақдирга таъсир қилади. Саҳиҳ бир ҳадисда айтилишича:

 “Ибн ал-Мусайяб отасидан нақл қиладики, отаси Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурига борганида ул зот: “Исминг недур?” – деб сўрабди. Отаси “Исмим Ҳузн (ғам)” дебдилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Сенинг исминг Саҳл (яъни, Шодмон) бўлсин!” – деб айтибди. Отаси: “Отам қўйган исмни ўзгартира олмасман!” – дебди”.

Ибн ал-Мусайяб: “Шу-шу бўлди-ю, бошимиздан ғам аримай қолди”, – дейди”. (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ҳадис 4. Жомиъус саҳиҳ. Қомуслар бош таҳририяти, Тошкент – 1992, 132- бет).

Демак, болага маъносини билиб, тўғри ва чиройли от қўйиш шарт экан.

*     *   *

Азизлар, Суҳбатулло деган исм баҳонасида сиз билан суҳбатлашдик. Суҳбат – боқий, деган ҳикмат бор. Суҳбатларингизга муштоқмиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг