АБУЛФАЙЗХОН АФАНДИНИНГ БОЛАЛАРИ

Ўш тарихида санъат соҳасида ўз ўрнига эга бўлган Тўхтаматовлар, Шокировлар, Салоҳовлар, Дадажоновлар ҳақида жуда яхши биламиз. Ана шундай сулолалар ичида, гарчи санъатга алоқадор бўлмаса ҳам, шаҳримизда маориф соҳасида пешқадам Абулфайзиевлар сулоласи алоҳида ўрин тутади.

Ўшлик Мирюсуфхон ота (XIX аср охирлари) етук табиб ҳамда зиёли шахс бўлган. Биз бугун ўша кишининг ўғли, маърифатпарвар Абулфайзхон Мирюсуфхон ўғли ва у кишининг номи билан аталадиган сулола вакилларидан айримларининг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.

Мирюсуфхон Ўрта Осиёнинг Авғон худудидаги хон саройида амалдор бўлиб, ёш бўлса ҳам обрў, эътибор қозонган аъламлардан бўлган. Отамерос табиблик билан ҳам шуғулланган. Хоннинг Мирюсуфхонга ихлоси баланд эди, чунки бу ёш табибни Европада ўқитиб келиб, катта шифокор қилиш нияти бор эди, лекин Мирюсуфхон халқ табобат илмини мукаммалроқ ўрганиш учун Қашқарга ўтиб кетади. Шифо сирларини ўрганиб юриб, у ерда бир зодагоннинг қизига уйланади ва Андижонга кўчиб келади. Бу орада қиз кўради ва исмини Султонхон қўяди, сўнгра ўғил кўриб, исмини Абулфайзхон қўяди. Лекин хотини болаларини воясини кўролмай вафот этади.

Абулфайзхон фаолиятида маориф ва маърифатни кенг оммага етказиш ҳамда авом халқнинг болаларига илм бериш биринчи ўринда турган. У мактаб очиш билан чекланмай, ўқувчиларга китоб ва дафтар ҳам тарқатар, уларни билимга қизиқиш билан тарбияларди. Шу йўл билан у ўз мактабида ёш авлодни маънавий ва маданий жиҳатдан ҳам юксалтиришга интиларди.

Талабалари Абулфайзхонни катта ҳурмат билан «Абулфайзи афандим» (зиёли одамга ҳурмат белгиси) деб аташарди. Бу ном нафақат самимий эътироф, балки зиёли ва устоз сифатидаги шарафнинг рамзи ҳам эди.

Абулфайзи афандининг дўстлари кўп эди. Улар бир-бири билан доимо самимий маънавий суҳбатлар қилишар, фикр алмашишар эди. Абулфайзихоннинг ҳаёти илм, адабиёт ва маънавият билан уйғунлашган эди.

Лекин бу осойишта умрга қатағон йиллари соя солади.

1939 йили Абулфайзихонни «халқ душмани» деб олиб чиқиб кетишади. Кўп ўзбек зиёлиларининг бошига тушган кулфатлардан у ҳам бенасиб қолмади. Фарзандларига эса «халқ душмани болалари» деган тавқи лаънат илинади. Уларнинг ўқиш ва ишларида муаммолар юзага келади. Аммо онаси сабр-бардош билан уларни олий маълумот олишига ҳаракат қилади.

Абулфайзхоннинг тўрт ўғли ва икки қизи ҳар бири ўз йўналиши ва қобилияти билан ўша даврда аҳолининг маърифий юксалишига муносиб ҳисса қўшган зотлардир. Қуйида улар ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз.

Хожиқўзихон – маърифатни кенг оммага тарғиб қилиш билан танилган. У маҳаллаларда китобхонлик муҳитини шакллантириш, кичик маърифий оқимлар ташкил этиш ва ёшлар орасида китобга муҳаббат уйғотиш билан шуғулланган. Хожиқўзихоннинг ташаббуслари орқали бир неча оммавий ўқиш тўгараклари ва маҳаллий кутубхоналар пайдо бўлган — бу ҳаракатлар шаҳардаги таълим соҳасига қўшилган бир нишона бўлиб қолди.

Мирмуҳаммад – илғор педагогик ғояларни ҳаётга татбиқ қилган самимий ўқитувчилардан бири эди. Дастлаб у мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган, кейинчалик савдо соҳасига ўтган. Аммо ҳар доим ёшларга савод ва билим беришни устувор вазифа деб билган – ўқувчилар учун кичик курслар ва маслахатхоналар ташкил этарди. Унинг педагогик тажрибаси кўплаб ёшларнинг ҳаёт йўлларини белгилашда муҳим бўлди.

Назирахон – Ўш вилоятининг кўп шаҳар ва қишлоқ мактабларида ишлаган. Назирахон мактабларда қизларнинг ижтимоий имкониятларини кенгайтириб, уларни касб-хунарга йўналтиришга устозлик қилган.

Мирҳошимжон – Ўтган асрнинг 40 йилларида Қорасув туманидаги Ленин номли (ҳозирги Чўлпон) мактаб директори сифатида таълим-тарбия жараёнини идора қилиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва ўқитувчилар малакасини оширишда фаол бўлган. У раҳбар сифатида мактабнинг маънавий ва маърифий ҳаётини бойитган, ўқувчи ёшларнинг машғулотдан ташқари фаолиятига катта аҳамият берган. Унинг олиб борган ислоҳотлари мактабни маҳаллий жамоа марказларидан бирига айлантирган.

Мирсайдулло – Ўш давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини сиртдан тамомлаган бўлса-да, болажонлиги сабабли бошланғич синфларда фаолият юритган. Унинг дарслари қобилиятли ўқувчиларни ўқишга қизиқтириш, мантиқий фикрлашга рағбатлантириш билан эсланади. У кичик ёшдаги болаларнинг асосли билим олиши учун мустаҳкам замин яратган.

Муҳаббатхон – Ўшдаги “25-Октябрь” номли мактабда, сўнг бошқа мактабларда директор сифатида хизмат қилган. Кейинчалик у Ўш шаҳар маориф бўлими мудираси вазифасини бажариб, шаҳарда таълим-тарбия ишларини мувофиқлаштириш ва ривожлантиришга раҳбарлик қилган. Унгa тегишли бошқарув тажрибаси ва маъмурий маҳорати мустаҳкам таълим сиёсатини амалга оширишда муҳим бўлган – шаҳарда ўқув-методик жараёнлар яхши йўлга қўйилган.

Абулфайзхон фарзандларининг умумий мақсади: халқ маърифатига хизмат қилиш. Улар мактабларда таълим бериш, таълимни ривожлантириш соҳасида меҳнат қилишган. Бу эса Ўш мактабларида китобхонлик, одоб-ахлоқ, фан ва касбга қизиқишни шакллантиришга хизмат қилган.

Уларнинг ҳар бири ўқитувчилик ва раҳбарликда ўз ўрнини топиб, бир авлоддан иккинчисига билим ва маънавий қадриятларни ўтказиб берилган анъанани давом эттирган. Бундай оилавий таъсир маҳаллий таълим тизимида барқарор ўзгаришлар ва ижобий натижалар келтирган.

Мирюсуфхон ўғли Абулфайзхон ва унинг авлодлари — Ўшда маърифат ва таълим соҳасидаги қадр-қимматли сулолалардан биридир. Уларнинг меҳнати, сармоя қилинган вақти ва содиқлиги жамиятнинг маънавий-илмий ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Бугунги кунда ушбу сулола авлодлари номи Ўш эли орасида маърифат ва таълимга хизмат қилган самимий инсонлар сифатида ҳурмат билан ёдга олинади.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг