ҚАРДОШЛИК ВА ДЎСТЛИК РАМЗИ — ЎШДА ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИ НИШОНЛАНДИ
16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консуллигида мамлакат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили,шаҳар мэрияси вакиллари, Ўш шаҳар Кенгаши депутатлари,маҳаллий жамоатчилик вакиллари,Республика ўзбек миллий-маданий маркази жанубий минтақа бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қирғизистон Ркспубликаси Давлат Мадҳиялари янгради. Шу он барча иштирокчиларда миллий ғурур ва ифтихор туйғулари янада жонланди.
Байрам тадбирини тантанали равишда очиб берган Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулли Зафарбек Аҳмедов йиғилганларни миллий байрам — Мустақиллик куни билан чин қалбдан табриклади. У ўз нутқида Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларини асрлар давомида бирлаштириб келган умумий тарих, бой маданий мерос, урф-одат ва қардошлик ришталари ҳақида алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади:
— Ўзбек ва қирғиз халқлари азал-азалдан бир дарёнинг икки соҳилидек бир-бирига чамбарчас боғланиб яшаб келмоқда. Бизнинг халқларимизни қондошлик ва қардошлик, меҳр-оқибат, олижаноблик каби умумий фазилатлар бирлаштириб туради. Бу муносабатлар бугунги кунда янги босқичга кўтарилганини барча юртимиз аҳли чуқур ҳис этмоқда.
Давлат раҳбарларининг ўзаро самимий мулоқотлари, дўстона сиёсат ва амалий қадамлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани халқларимизнинг кундалик ҳаётида ўз самарасини кўрсатмоқда.
Бу ҳамкорлик фақат расмий доираларда эмас, балки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамламоқда. Йирик инфратузилма лойиҳаларидан тортиб, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма дастурларгача бўлган ташаббуслар икки томонлама муносабатларнинг янги салоҳиятини очиб бермоқда.
Зафарбек Аҳмедовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг Мустақилликка эришиши тарихий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига уйғун жараён бўлиб, бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги қардошлик алоқалари минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу маънода, ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва қардошлик руҳи келгусида ҳам янги марраларга олиб чиқишига ишонч билдирилди.
Кейинги дақиқаларда тадбир қатнашчилари мустақилликнинг халқ ҳаётидаги беқиёс аҳамияти, Ўзбекистонда сўнгги 34 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар ва қўшни давлатлар билан ривожланиб бораётган ҳамкорлик муносабатлари ҳақида фикр алмашдилар.
Байрам тадбирида сўз олган Қирғизистонг Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили Элчибек Жантаев ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади:
— Мустақиллик ҳар бир миллатнинг энг улуғ неъмати ва энг катта бойлигидир. Чунки мустақиллик — бу халқнинг ўз тақдири ва келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқи, ўз миллий қадриятларини асраб-авайлаб, уларни янги босқичга олиб чиқиш имкониятидир.
Ўзбекистон бу йўлда қисқа вақт ичида улкан ютуқларга эришди. Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакат тобора юксалмоқда, халқаро майдонда ўз нуфузини мустаҳкамлаб бормоқда. Бу ютуқлар нафақат ўзбек халқи, балки қардош қирғиз халқи учун ҳам қувончлидир.Чунки икки халқнинг тақдири азалдан чамбарчас боғланган. Асрлар давомида умумий тарих, ягона маданий мерос, урф-одат ва қардошлик ришталари бизларни бир-биримизга яқинлаштириб келди. Шу боис Ўзбекистоннинг Мустақиллик йўлидаги ҳар бир ютуғи биз учун ҳам умумий шодлик ва ифтихор ҳисобланади.
Бугунги кунда давлат раҳбарларининг дўстона мулоқотлари ва ўзаро ишонч руҳидаги сиёсатлари туфайли икки мамлакат муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бу эса фақат расмий ҳамкорлик билан чекланиб қолмасдан, халқларимизнинг кундалик ҳаётида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.Биз ишонамизки, келгусида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўз қардошлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, умумий тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамнафасликда олға интилади.
Байрамга таклиф қилинган меҳмонлардан бири — Ўш шаҳар кенгаши спикери Болотбек Баетов ҳам самимий нутқ билан чиқиш қилди. У ўз табригида Ўзбекистон Мустақиллик куни нафақат ўзбек халқи, балки қардош халқлар учун ҳам қувончли ва умумий байрам эканини таъкидлади.
Болотбек Баетовнинг таъкидлашича, тарихан қондош ва қардош бўлиб яшаб келган қирғиз ва ўзбек халқлари бугун ҳам дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаб бормоқда. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий соҳада, балки маданий ва ижтимоий ҳаётда ҳам ўз самарасини бермоқда.Шу муносабат билан спикер барча иштирокчиларни байрам билан муборакбод этар экан, Ўзбекистоннинг Мустақиллик йўлида қўлга киритаётган ютуқларига самимий қувонч билдирди ҳамда қардошлик алоқалари келгусида янада ривожланишига ишонч изҳор этди.
Тадбирда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Кейingi йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси сезиларли даражада ўсди, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, туризм соҳасидаги шериклик ҳам янги босқичга кўтарилиб, минглаб туристлар икки мамлакат ўртасида эркин саёҳат қилмоқда.
Байрам кечаси тадбир иштирокчиларига Ўзбекистондан махсус ташриф буюрган санъаткорлар байрамона концерт дастурини тақдим этдилар. Миллий қўшиқлар, рақслар ва саҳнавий кўринишлар йиғилганларга чинакам байрамона кайфият улашди.
Концерт давомида меҳмонлар учун миллий таомлардан иборат дастурхон ёзилди. Ўзбек ошпазлари тайёрлаган турли-туман таомлар, ширинликлар ва миллий ичимликлар барча иштирокчиларга байрам шукуҳи бағишлади. Дастурхон атрофида меҳмонлар самимий суҳбатлар қуриб, дўстона мулоқот ва қардошлик руҳини янада кучайтиришди.
Ўшдаги байрам тадбири нафақат Ўзбекистон мустақиллигини нишонлаш, балки икки халқ ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Йиғилиш якунида барча иштирокчилар Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари келгусида ҳам янги босқичларга кўтарилишига ишонч билдирди.
Одилжон Дадажонов.Ўш