ОЛМОС ХУДОЙБЕРДИЕВ

Ҳар бир юртнинг, ҳар бир халқнинг ўз юртига сидқидилдан хизмат қилишни ният қилган фарзандлари бўлади. Улар ўзларининг эзгу ишлари билан халқ қалбидан ўрин олиб, тарихда қоладилар. Олмос Ҳошимович Худойбердиев республикамиз фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб ўтган олим, Ўш Қирғиз-Ўзбек университетининг Педагогика институти мусиқа-педагогика факультети декани, Қирғизистон маорифи соҳасига салмоқли ҳисса қўшган муаллим, Дарсликлар тайёрлаш марказининг собиқ бош муҳаррири, физика-математика фанлари номзоди, профессор эди.

Олмос Худойбердиев 1941 йил Ўшнинг Мажримтол маҳалласида туғилган. Шаҳардаги Горький номли ўрта мактабида таҳсил олган. Ўқувчилик йилларида шеъриятга қизиқиб, жозибали сатрлари билан мактабдошларини, ўқитувчиларни лол қолдирарди. Умуман, унинг учун ҳамма фанлар қизиқарли эди. Шу боис, қайси фан бўлмасин, ихлос билан ўқир, аълочи эди. Мактабдан сўнг Ўш Педагогика институтининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Диплом олгач, Новқат туманидаги Фрунзе номли ўрта мактабда математика ўқитувчиси бўлиб ишлади. Айнан шу мактабда ишлаб юрган пайтларда фикрини иқтидорли болалар билан алоҳида ишлаш муаммоси чулғаб олган.

Ўз ишига маъсулият билан ёндошиши, талабчанлиги, ҳозиржавоблиги ва педагогик иқтидори маориф раҳбарлари эътиборидан четда қолмади. Шунинг учун у вилоят халқ маорифи бошқармасига инспекторлика ўтказилди. Олмосбек ака шаҳар ва туманларда таълим сифатини яхшилаш юзасидан самарали иш олиб борди.

Илмий изланишга астойдил бел боғлаб, 1973 йилда Фрунзеда аспирантурада билим оширди. Математика фанини ўқитиш соҳаси бўйича диссертация ёза бошлади. Диссертацияни аспирантликнинг иккинчи йилидаёқ ёзиб тугатди. «Ўқувчининг математик қобилиятини ривожлантиришда геометрик материалларнинг роли ва ўрни» деб аталадиган бу иш жуда долзарб, педагогика илмида ҳали биров қалам теккизмаган эди.

1975 йилда номзодлик диссертациясини муваффавиятли ҳимоя қилди ва ўзи билим олган Ўш Давлат педагогика институтида доцент, кейинчалик профессор бўлиб ишлади.

Олмосбек ака математика ўқитиш методикасининг моҳир билимдони эди. Бу йўналишда етук мутахассислар камлигини инобатга оладиган бўлсак, ўшлик олим нечоғли муҳим соҳада илмий иш олиб боргани, бу билан мактабларда математика ўқитишни такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшгани ўз-ўзидан равшан бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фанга содиқ олим илмий ишга бел боғлаган кўп ёшларга устозлик ҳам қилган.

Олмосбек ака кичкинтойларни севарди, уларнинг психологиясини яхши билади. Шунинг учун бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган дарслик тайёрлашга қўл урди ва Бишкекдаги олимлар билан ҳамкорликда 1-4- синфлар учун дарсликлар тайёрлади. Бу дарсликлар мактабларда синовдан муваффақиятли ўтди ва собиқ СССРда энг яхши дарслик деб тан олинди.

Бу тарихда биринчи бўлиб ўз тилида тайёрланган дарслик эди. Бунгача ҳамма республикаларда Россия дарсликлари таржима қилинар эди. Қирғиз тилида тайёрланган ушбу математика дарсликлари ўзбек тилига таржима қилиниб, ҳозирда барча ўзбек мактабларида ҳам ўқитилмоқда.

Сўнгги йилларда олим иқтидорли болалар учун математикадан алоҳида дарсликлар тайёрлашга киришди. Ҳозиргача 1,2,3,4,- синфларнинг китоблари нашрдан чиқиб, Ўш шаҳрида, Аравон ва Қорасув туманларидаги қатор мактабларга етказиб берилди ва уларда шу дарсликлар асосида математика ўқитилаётир. Бу дарсликларни биринчи бўлиб қўллаган Қорасув туманидаги «Шарқ» ўрта мактаби маъмурияти, педагоглари, ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари муаллифга ўз миннатдорчиликларини билдирганлар. Чунки Олмос ака тайёрланган дарслик асосида билим олган болаларнинг бир гуруҳи 2001 йил ёзида Қирғиз-Турк лицейининг 7- синфи учун ўтказилган синовда 65 ғолибнинг биринчи ўнлигидан ўрин олди. Ҳолбуки, бу болалар 4- синф ўқувчилари эди! Олимнинг бу тажрибаси кенг ёйишга муносиб деб топилди.

Республикамиз мустақилликка эришгандан кейин ўзбек мактаблари учун дарсликлар таъминоти мураккаб муаммога айланиб қолди. Қирғизистонда ўзбек мактаблари учун дарсликлар тайёрлашдек муҳим вазифани ҳал қилишга Олмос Худойбердиев қўл урди. Қирғиз-Ўзбек университети қошида «Дарсликлар тайёрлаш маркази» ташкил қилинди ва унга Олмосбек ака Худойбердиев бош муҳаррир этиб тайинланди. Иш осон кечмади, кадр танлаш, мутахассислар жалб қилиш масалаларини ҳал қилишга тўғри келди. Ҳозиргача Марказда 50 дан ортиқ номдаги дарсликлар, ўндан ортиқ дастурлар чиқарилди ва мактабларга етказиб берилди. Аввал бошланғич синфлар, сўнгроқ юқори синфларн, учун дарсликлар тайёрланди.

Олмос Худойбердиевнинг ёш авлодга билим беришни ривожлантиришдаги меҳнатлари муносиб тақдирланди. У «Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» деган шарафли унвонга сазовор бўлди. Эл-юртнинг самимий ҳурмати эса олим учун энг юксак мукофот бўлди.

Қирғиз-Ўзбек университети тасарруфидаги дарсликлар тайёрлаш маркази ўзининг фаолияти билан мутлоқ янги усул билан, янги йўл билан бораётган корхона эди. Шу кунгача бундай тажриба бўлган эмас, яъни тайёрланаётган дарсликларнинг барчаси бир жойдан бошқарилган эмас. Бу соҳада бир талай муваффақиятлар қўлга киритилди. Яқин йиллар ичида барча ўзбек мактаблари тўла дастурлар, дастурлар ва методик қўлланмалар билан таъминишига умид бор.

Олмос Худойбердиевни моҳир муаллим, кўзга кўринган олим сифатидагина эмас, балки вилоятимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ҳам олимлигидан кам эмас. Агар бу икки жабҳа тарози палласига қўйилса, сиёсий фаолияти босиб кетса керак. Фикрининг тиниқлиги, оғир-босиқлиги, ҳиссиётга берилиб кетмаслиги, каттага ҳам, кичикка ҳам бирдек муомаласи билан у кўпчиликка ёққан.

Ўшда вилоят ўзбек миллий-маданий маркази ташкил қилиниши арафасида бу масъул ташкилотга ким бошлиқ бўлади, деган савол қўндаланг турарди. Табиийки, даъвогарлар, бу ишни қойилмақом қилиб қўяман деган кишилар ҳам оз эмасди. Биз катта миллатмиз, миллий марказ қадр-қимматимизни тушириб юборади, бу ғоядан воз кечиш керак, деб айтган инсонлар ҳам кўп бўлган. Бу вазиятда Муҳаммадамин Эшматов Олмосбек Худойбердиевнинг номзодини таклиф қилган. Бу – чигалнинг ечилиши эди. Қурултой уни Миллий-маданий марказ президенти қилиб сайлади. Олмосбек Худойбердиев миллий-маданий марказда таниқли журналист, ёзувчи Мирзоҳид Мирзараҳимов билан бир қўш бўлиб иш бошладилар. Узоқ йиллар марказда сидқидилдан ўзбек миллати учун фаолият кўрсатди.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, ўтган асрнинг ўрталарида, яъни 1959 йилнинг қишида Ўшда ижодкор ёшларнинг «Илҳом» адабий клуби ташкил қилинган. «Ўш» ресторанининг рўпарасида, дарёнинг бу соҳилида Ҳакимжон аканинг мўъжаз чойхонаси бўларди. Ўш адабий муҳитига асос солган Турсунбой Адашбоев, Абдуғани Абдуғафуров, Усмон Темур, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов ва Одилжон Раҳимовлар қатори Олмосбек ака ҳам шу клубни ташкил этишда ташаббускор бўлган ва клубнинг фаол аъзоси эди. Ҳатто клуб машғулотларини ўтказиш учун Ўш Давлат университети биносидан алоҳида аудитория ажратиб олишга муваффақ бўлган.

Етук олим, ажойиб инсон, таълим жонкуяри Олмос Худойбердиев 2005 йилнинг 28 январь куни Ўшда вафот этган.

 

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг