ИЖТИМОИЙ БИР ТАКЛИФ /ёки қайдасиз,  Эргаш  ака?

Бу воқеага эллик йилча бўлиб қолди. Аравонда бир чол ўғил уйлантирибди. Кампири ўлиб кетган, ота-бола икков яшашаркан. Тўйдан икки-уч кун ўтгач, келин уйдан чиқиб қараса, катта ер ўртасида ориқ бир сигир ёғоч қозиққа боғлиқ турибди, устидан офтоб ўтса ҳам, ёмғир ёғса ҳам ётар-турар жойи шу экан. Хуши келса, кимдир хашак ташлаб қўяр, мўраб жонга текканида бирон челак сув бериб ўтаркан. Куёвболадан сўрабди:

– Нега анов сигир ернинг ўртасида бойланган?

– Туради-да, жойи ўша, – дебди эри.

Оиланинг аҳволи ночор, чолнинг эгнидаги тўн неча жойидан ямалган, калишининг тумшуғи мертилган экан. Ёз ўтиб, куз келибди.

Бир куни чол аллақайси қариндошининг уйига кетиб, эртаси қайтиб келса, сигир ўртадан олиниб, бир четга янги ясалган охур ёнига боғланибди, устида – эски шиферлардан ямаб-ясқаб бўлса ҳам, бошпана. Эртасига қараса, келин-куёв иккиси туни билан шунча катта ерни белкурак билан ағдариб чопиб чиқишибди, неча йиллардан бери тўдаланиб ётган мол гўнги тупроққа аралашиб ўғит бўлиб кетибди. Чол ҳайрон бўпти, аммо индамай қўяқолибди.

Қишнинг ўртароғида келин қайнотасидан илтимос қилибди:

– Дада, мана уч сўм пул – морожний сотадиган опага берсангиз, уч юзта қоғозстакан беради, ҳар биттаси бир тийиндан, шуни опелиб беринг.

– Нима қиласиз, мунча қоғозстаканни, қизим?

– Дада, кейин айтаман, бир иш бор, – дебди келинпошша кулимсираб.

Чол бир-бирига кийдирилган шунча қоғозстаканни белбоғига тугиб, опкелибди. Келин эса эри ишдан қайтгач, яхши ўғитланган майин тупроқни шу қоғозстаканларга солишга ундабди, ўзи икки ойлар аввал етилиб пишган помидор уруғларини ювиб қуритиб қўйган экан, ҳар бир уяга биттадан уруғ ташлаб, сув қуйибди, илиққина уйга опкириб, токчага териб чиқишибди.

Энди буёғини сўранг. Илк баҳор уй ичида помидор кўкариб чиқибди, одамлар бозордан помидор ниҳоли сотиб ола бошлаган маҳал эса буларники қоғозстаканда турганича гулга кириб қолибди. Келин-куёв бояги шудгор ерни яна чопиб, эгат олиб, ҳаво илиганда ниҳолларни экишибди – қоғози намда чириб, ўзига ўғит бўлиб кетаркан. Бошқаларнинг экини гуллаганида буларники шиғил ғўралабди. Ўша йили ҳаммадан аввал бозорга помидор чиқаришибди, гўнг билан семириб ётган ер эмасми, кунора яшиқ-яшиқ помидор териб олишаверибди – чол бечора помидор сота-сота чарчаблар кетибди, қўли пул кўриб, чопони янгиланибди, ярақлаган маҳси-калишлар десангиз. Аввал чойхонага кириб бир чойнак чой чақиришга ҳоли йўқ одам, энди тенг-тушларини меҳмон қилаётиб, нолиркан: “Э, келин тушмагур чатоқ экан, памилдори сотавериб, чарчаблар кетдим…”

Яқинларимиз келин туширса, “қадами қутлуғ келсин”, деб дуо қиламиз. Пойқадам барака келтириши учун одам ҳафсалали, иш кўзини биладиган бўлиши керак, албатта. Бояги келин ана шунақа олтин ёмбиси бўлиб чиққан экан-да. Яхши келинлар кўп, меҳнаткаш куёвлар ҳам оз эмас, аммолекин ишнинг кўзини билиш бир бошқа. Кетмон чопган ҳамма ҳам деҳқон эмас, қишлоқда яшаганки киши миришкор бўлавермайди

*     *     *

Энг яқин ёр-дўстларимиз каби, севимли китобларимиз ҳам вақт ўтган сари бирма-бир кўздан уча борар экан. Шу кунларда Асқад Мухторнинг илк дафъа чиққан “Чинор” романини уйдан топа олмай, хит бўлиб турибман. Негаки, бу асарни яхши кўрар эдим. Бошқаларнинг фикри қандай экан, невлай, аммо гарчи вақтида муносиб эътибор топмаган бўлса-да, мен “Чинор”ни – ХХ аср ўзбек адабиёти пештоқини баланд кўтариб тутиб турган бақувват устунлардан бири, деб биламан (чинордан бўлган-да). Бу романда юртимизнинг олтмиш-етмиш йиллар аввалги ҳаёти кенг бир панорама каби намоён бўлади. Орол денгизининг қуриши, олис тоғ қишлоқлари аҳолисини мажбуран чўлга кўчириш каби ножоиз ишлар, “ҳамма нарсани коллектив ҳал қилади, шахснинг роли аҳамиятсиз”, деган советча нуқтаи назарга, партия ҳамиша тўғри фикрлайди, уни муҳокама қилиш мумкин эмас, деган бемаъни ақидаларга илк бор шубҳа билдирилган эди бу асарда.

Аммо ҳозир гап бошқа ёқда.

Ёдингизда бўлса, ”Чинор” романида Эргаш деган дўлвор бир йигит бор. У тоғлиқ одам, боғли Сумбултомчи қишлоғида ўсиб-улғайган. Райком котиби Ориф ака уни шаҳарда, кўчама-кўча айланиб юрганини кўриб қолади. Қараса, қўлида токқайчи, “Бинаграт чеканка!” (“Узумингизни хомток қилиб бераман!”) деб бақириб юрибди. “Нима гап, Эргаш? – деб сўрайди Ориф ака. – Токларга кул (шўр) тушяпти, ака, – деб жавоб беради боғбон йигит. – Хомток қилмасак, ҳаммаёқни босиб кетади”. Эргаш ўзига ғалати бир иш топиб олибди: ким хизмат ҳаққини берса – олиб, бермаса – савоб дея, одамларнинг ҳовлисидаги токни хомток қилиб, касалликларнинг олдини олиб юраркан. Эргаш шунақа миришкорки, у бутаган ток шиғил ҳосилга киради, вайишларда каҳрабодай узум бошлари осилиб туради…

*     *     *

Мен бир ўтли-шудли деҳқон қиз, бир қўли гул боғбон йигит ҳақида сизга ҳикоя қилдим. Бундайлар ҳар бир қишлоқда топилади.

Лекин, э биродари азиз, Сиз ўзингиз узум хомток қила оласизми? Ўрик ё олмангизни каллаклашга чоғланар экансиз, қайси шохни кесиш, қайси новдани қолдиришни биласизми? Ҳовлингиздаги икки сотихгина ерга ҳар йили помидор қадайсиз, кўкаришга кўкаради, аммо тўрттагина етилиб пишган помидорни бозордан олиб келасиз, тўғрими?

Бизда аҳолининг тенг ярми қишлоқда яшайди. Қишлоқдами, демак, озми-кўпми, томорқаси бор. Аксар шаҳарликлар ҳам ҳовлида туради. Демак, халқнинг асосий истиқоматгоҳи – ҳовли.

Майли, энг озини олайлик – ҳар бир ҳовли уч-тўрт сотих экин ерига эга бўла қолсин. Ер бўлганида ҳам, хўп парваришланган, бодомдай тоши ҳам қолдирмай терилган, яхши ўғитланган, чуқур ағдарилган.

Кўпчилик ҳовлисига икки туп ток қадайди, ўрик, анжиру анор, нок, шотут, олма экади. Хонтахтадай жойни ҳам бўш қолдирмай, помидор, болгар қалампир ундириш пайидан бўлади. Ахир, ўз ерингда, ўз қўлинг билан етиштирган ноз-неъматнинг таъми бошқача-да! Шапалоқдай ер қолса, кашничу райҳон, жамбил ва ўсма сепамиз. Экинсиз майдонни кўрсак, “ер увол бўпти”, деб ачиниб қўямиз.

Бироқ ундан оладиган, тўғрироғи, олаётган ҳосилимиз дурустми? Барча ҳам еридан яхши фойдалана оладими?

Йўқ. Чунки миришкорлик – суяк суриб, отадан болага мерос қоладиган нарса эмас. Ҳар ким бошқалардан ўрганиб бу ҳунарнинг ҳадисини олади.

Бунинг устига, ҳаммамиз ҳам ишли одаммиз. Биримиз сартарош, яна биров тракторчи. Биров бухгалтер, биров савдогар. Ўз ҳунаримизни миридан сиригача билиб олган бўлсак-да, анов масалада нўноқмиз – ҳатто хомток қилишни ҳам эплаёлмаймиз. Бор барака, дея кесиб-бутаб ташлай берсак, ҳар йилги озгина ҳосил ҳам йўққа чиқиши тайин. Нима қилсак бўлади? Ноилож, қўшнига юзланамиз, ака, шунга бир қараб беринг, илтимос… Ахир қўшни – агроном. Бироқ у киши пахтага агроном, узум ёки олмага эмас. Қўшни бечора ҳам, бошини қашиб, билганича иш қилади, натижаси яна ўша-ўша.

Оқибат, ҳар ўн хонадоннинг тўққизи яхши унум олмайди, ер бети кўкариб туради, битта-иккита дарахтни айтмаса, қолганларидан фойда бўлмайди. Ҳолбуки, агар ҳосил яхши бўлса, ана шу уч-тўрт сотихли ер битта хонадонни йил бўйи боқади, қолмишига бир-икки қўй, беш-ўн товуққа ҳам ризқ унади. Мутахасислар ёзишича, бир қарич ер (20 х 20 см.)дан 2 кг пиёз, ё 2 кг картошка, ёки 2 кг сабзи олиш мумкин. 6 кг помидор, ёки 8 кг бодринг ундирса бўлади. Аммо кўпчилик шунинг ўндан бирини ҳам ололмайди-ку!

Албатта, ҳовлисидаги экин ерни чамандай қилиб қўйган, дарахтларида чойнакдай-чойнакдай беҳи ва олма осилиб турган миришкор юртдошларимиз бор. Оғилида туядай-туядай новвослар боқаётган уддабуронлар ҳам топилади. Ҳамма ҳавас қилади, улардан сал-пал ўрганиб, ўз ҳовлисида уннаб ётганлар ҳам бисёр. Аммо нима қилайликки, кўпчилик ўз еридан яхши фойдалана олмайди. Чунки ҳамма ҳам уқувли эмас, вақти ҳам йўқ.

Нима қилиш керак, курс очиб, одамларга агрономликни, ветеринарлик, энтомологликни ўргатамизми? Фойдаси биз кутганчалик бўлармикин?

Масалан, мен бунга умид қилмайман. Чунки ишдан чарчаб келган одам ундан кўра телевизорни афзал кўради. Матбуот саҳифаларида, телевидениеда бериладиган “миришкор ҳузурида” каби нарсаларнинг ҳам нафи оз. Кўрасиз, аммо эртасига ёдингиздан чиқиб кетади.

Юртимиз жаннатмонанд деймиз. Шундай. Ҳар бир хонадон ўз еридан унумли фойдаланса, эҳтиёжини қондирибгина қолмай, яна шунча неъматни бозорга чиқаришни ҳам бемалол уддаласа бўлади. Хитойликлар қиляпти-ку. Бунинг учун олма ёки бодрингга шира тушмаслиги, ер захкаш ё ориқ бўлмаслиги… керак.

Ҳолбуки, яна айтаман, кўпчилик анор пишганда ёрилиб кетишининг олдини олиш тугул, пиёзга қачон сув қўйиш кераклигини ҳам билмайди.

Чораси… дейсизми?

Ҳозир бозор иқтисодиёти замони. Ҳеч ким ҳовлингизга келиб, мол-қўйларингизни текин даволамайди, қуруқ раҳматга товуқларингизга укол қилмайди, олмангизни бутаб, анжирингизни кўмиб бермайди. Ҳатто жиянингиз бўлса ҳам. Чунки ўзининг бошқа ишлари бор.

Сиз пулини беришга розисиз, бироқ миришкор одамни топиш мушкул. Бунақа ишга мен устаман, деган одамга эса ишониб бўлмайди.

Ахир, оддийгина қўй жунини олишга ҳам асбоб-ускуна лозим. Ҳар хил аппаратларни сотиб ола берасиз, аммо уқув-чи?…

Таклифимиз – ҳар бир районда, шаҳар жойларда усталар бригадаси тузиш керак. Техникаси билан келиб, ерингизни чопиб, эгат олиб берадиган, керакли ўғитларни опкелиб, зарур миқдорда соладиган, дарахтларга шакл беришу қайси ерга қандай дарахт ниҳолини ўтқазиш, узумга сўриток қуришу уни хомток қилиш, зараркунанда хашаротларга қарши дори пуркаш, мол-қўйларнинг ўсиб кетган туёғини зиён етказмай кесиш, канасини тушириб, касалликларини даволаш, наслини яхшилаш учун зотдор буқа ё қўчқордан қочириб бериш бўйича лоақал профессионал маслаҳат берадиган омилкорлар бригадалари… чунки ҳар бир хонадонда бундай иш-юмушлар сон-саноқсиз.

Тўрт сотихгина еримиз ориқми ё семизми – билмаймиз, унинг ишқори камми, ё кислотаси кўпми – аниқлай олмаймиз, нима солсак, тобига келади, унга нима эккан маъқулу – нима эксак, унмаслигидан ғофилмиз ахир.

Биз уйимизни таъмирлашга уста чақирамиз, қудуқ қаздирамиз, олифта кўкатларни эктирамиз, аммо мол-ҳолга қарашга, дарахту экинларимизни парвариш қилишга келганда одам топиш қийин. Чунки зоотехник ё боғбонлар “Чинор” романидаги Эргаш акага ўхшаб “Виноград чеканка!” деб кўчада чақириб юрмайди. Башарти ҳар бир шаҳар, ҳар бир посёлка ва ҳар бир туманда эҳтиёжга қараб ана шундай омилкор, экину дов-дарахтлар парваришини қойиллатадиган, бажарган иши, таклиф этган уруғлиги, берган маслаҳати учун жавобгарликни бўйнига оладиган зоотехниклар, агрономлар, қўли гул боғбону деҳқонларнинг бошини қовуштириб, номини “бригада” деймизми, ё бошқами, ишқилиб элга нафи тегадиган, ҳам даромад топиб, ҳам эл дуосини олишдан роҳатланадиган кишиларни саралаб, уларнинг савиясини аниқлаб, тоифалаб, иш ҳажмини белгилаб, иккинчи ёқдан – бундай хизматларни реклама қилиб, иш учун буюртмачини ҳам, бажарувчини ҳам оғринтирмайдиган ҳақ белгилаб қўйилса, ҳар бир хонадондаги мол-ҳол, экин-тикин парваришининг энг қалтис паллаларида шундай одамларнинг ёрдами ва маслаҳатларидан фойдаланиш йўлга қўйилса, ишонаманки, товуқларимиз касал бўлмай, тухумни кўпроқ беради, олма-беҳиларимиз қурт тушиши ва бужмайишдан омонда бўлади, сигиримиз серсут бўлади, новвослар бир тоннага яқин вазн олади, ҳовли четига қўйилган тўрт қути ари камида қирқ кило асал беради, табиий, тоза, қўлбола емиш кўпайиб, ҳозирги бутун Республикада олинаётган мева-чава, кўкат-резавор, сут-қатиқ, гўшт ва тухум ва бошқа ҳосиллар икки баравар кўпаяди.

Бундай бригадалар кўп ҳақ талаб қилса-чи, деган хавотир эса, ўринсиз. Бозор иқтисодиёти замони, ортиқча ҳақ сўраган косиб ўзига зиён қилади – ишсиз-даромадсиз қолади. Кейин, яна бир нарсани эслайлик: ҳар биримиз рўзор учун қўларра, электрарра, уч-тўрт хил токқайчию гулқайчи, сон-саноқсиз кетмону белкурак, Хитойнинг дарров ишдан чиқадиган дорипуркагичларини сотиб олганмиз – йиғсак, бир уй қақир-қуқурга тўлади. Аммо ҳосилнинг қути йўқ. Ана ўшаларга сарф қиладиган пулингизни устасига берасиз – ўз асбоб-анжоми, техникаси билан келиб, ҳамма ишингизни агротехника муддатларида чиройли бажариб кетади. Ва ана ўшанда йил-ўн икки ой уйингиздан ризқ-рўз аримайди, болаларингиз кодланган олмаю апельсин эмас, она заминимизда етишган, шираси тил ёрар ноз-неъматларни еб, илиги тўқ, соғлом, бақувват бўлиб ўсиб, вояга етади.

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг