ЖАЛОЛОБОД ШАҲРИ ҲАҚИДА

Бир неча кун аввал, 3 сентябрда Жалолобод шаҳри мэри Эрнисбек Ормоков шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бу шаҳар номини “Манас” деб ўзгартиш ташаббуси билан чиқди. Ёдингизда бўлса, 2022 йилда Исфана шаҳри ҳам Раззоқов деб қайта номланган эди. Албатта, бундай вақтда одамлар орасида номи ўзгараётган шаҳар, унинг тарихи, бугунги ҳаёти, диққатга сазовор жиҳатларига қизиқиш ортади. Шуни ҳисобга олиб, бугун сизларга Жалолобод шаҳри ҳақида қисқача умумий маълумот бериб ўтишни лозим деб топдик.

Жалолобод вилояти Қирғизистоннинг жануби-шарқида, Кўгарт водийсида жойлашган. Маркази Жалолобод шаҳри Қирғизистондаги учинчи катта шаҳардир (Бишек ва Ўшдан кейин).

Жалолобод дастлаб Аюбтоғдаги шифобахш булоқлар этагида қишлоқ сифатида қад ростлаган. XIX аср бошида Қўқон хонлиги томонидан бу ерда қалъа тикланган. Аҳоли даволаниш учун келганларга хизмат қилиб, экин-тикин экиб, аста-секин кўпайиб борган. 1870 йилдан бошлаб бу ерларга руслар кўчиб кела бошлаган, гарнизон барпо этилган, унинг қошида ҳарбий госпитал ҳам қад ростлаган.

Жалолобод вокзал 1918 йил

Расмий манбаларда Жалолобод шаҳрига 1870 йилда асос солинган ва орадан етти йил ўтиб расман шаҳар мақомини олган, деган маълумотлар келтирилган. Аммо баъзи маҳаллий тарихчилар бу санага эътироз билдириб, Жалолобод 1847 йилдаёқ шаҳар мақомини олган эди, дейдилар.

Жалолобод шаҳрининг ҳудуди қарийб 26 квадрат километр. Денгиз юзасидан 763 м. баландликда жойлашган.

1915 йилга келиб Андижон-Қорасув-Жалолобод темир йўлининг биринчи линияси қуриб битказилди ва 1916 йилнинг май ойида Жалолободга биринчи поезд кириб келди. Маҳаллий халқ оммаси орасида бу воқеа жуда катта шов-шув, ваҳимага сабаб бўлди. Жалолободга поезд келганидан кейин айрим жоҳил уйдирмачилар, “охирзамон яқин қолгани”ни, агар Ўшга ҳам темир йўл ўтказилса, “қиёмат бўлиши”ни башорат қилганлар (Қорасув-Ўш темир йўл линияси кейинроқ, 1932 йилда ишга туширилган).

Ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Сузоқнома” китобида дарж этилишича, дастлаб Жалолобод шаҳри Қирғизистон пойтахти қилиш учун мўлжалланган, бироқ кейинчалик Пишпак шаҳри устида тўхталинган. 1916 йилда ҳозирги Қирғизистонда биринчи бўлиб Жалолободга поезд келган (Андижон ва Қорасув орқали).

Жалолобод шаҳрида 1918 йил охирида 10 минга яқин ўзбек ва руслар истиқомат қилган. Ҳозир бу шаҳар аҳолиси 184 минг кишини ташкил этади.

Расмий маълумотларга кўра, Жалолобод аҳолисининг 54,7%ини қирғизлар, 38,0%ини ўзбеклар, шунингдек, руслар – 3,4 % татарлар – 1,2 % уйғурлар – 0,6 % ташкил этади.

Шаҳар номининг келиб чиқиши ҳақида талқинлар кўп. Улардан бирида, Афғонистондаги Жалолобод шаҳри номидан улги олинган дейилади. Афғонистон Жалолободи Бобурнинг невараси Жалолиддин Акбаршоҳ томонидан бино қилинган ва унинг шарафига Жалолобод деб номланган. Аммо Қирғизистон Жалолободининг унга алоқаси йўқ. Жалолобод шаҳар бўлган ХХ аср бошларида Бобурнинг Жалолиддин Акбаршоҳ деган невараси борлигини ва Афғонистондаги Одинапур шаҳри номи унинг шарафига Жалолобод деб ўзгартирилганлигини бу ерларда биров билган эмас. Шунинг учун ҳам профессор Рустам Шамсиддиновнинг Қирғизистондаги Жалолобод шаҳри номи бобурийзодага тақалиши борасидаги тахмини, бизнинг назаримизда, асоссиз. Нисбатан ишончли бўлган фикр шундан иборатки, Қўқон хони Худоёрхоннинг Жалол полвон деган карвонбошиси кўп йиллик хизматлари эвазига шу ҳудудни хондан инъом олиб, обод қилган, ўшандан сўнг бу маскан Жалолобод деб аталиб кетган.

Жалолобод шаҳрининг энг диққатга сазовор жойларидан бири шаҳарнинг шарқ томонидаги Аюбтоғ тепасидан чиқадиган машҳур шифобахш булоқлардир. Мазкур булоқ сувлари ўз таркиби туфайли одамларнинг сиҳҳат топишига кўмаклашади.

Унинг “Қизбулоқ” ва “Айюббулоқ” номли икки чашмаси бор. “Қизбулоқ” деган сўз дафъатан қизларга, аёлларга тааллуқли нимасидир бўлса керак, деган тасаввур ўйғотади. Аслида, “қиз…”, “қуз…” қадимги сўзлар бўлиб, кунга терскай, шимол томондаги, дегани. Шу маънода, Қизбулоқ – шимолий булоқдир.

Иккинчи чашма нима сабабдан Айюб булоғи, бу атрофдаги тепалик нима учун Аюбтоғ деб аталишига ҳам тўхталиб ўтайлик. Ислом ривоятлардан бирига кўра, Айюб пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг олтинчи авлоди, она томондан эса Лут алайҳиссаломнинг неварасидир. У бой-бадавлат, серфарзанд ва саховатли бўлиб, тақводорлик бобида, ҳатто фаришталарнинг ҳам ҳавасини келтиради. Буни эшитган шайтон алайҳилаъна “Айюб камбағал бўлганида эди, бунча тақводор бўлмасди”, дейди. Шундан сўнг бу даъвонинг асоссизлигини кўрсатиш учун Айюбнинг бошига оғир синовлар ёғилади: бир куннинг ўзида Айюб жами мол-дунёси, давлатидан ажралади, аммо “Оллоҳ ўзи берганди, ўзи олди”, деб изоҳлаб, шукрона айтишни давом эттиради. Сўзи исбот бўлмаганидан жиғибийрон бўлган Шайтон, “Ахир, унинг қанча ўғил-қизлари бор-ку!” деб айтади. Айюбнинг сабр-тоқатини синаш учун зилзила юборилади. Бу бало туфайли етти ўғли ва етти қизи – жами фарзанди том босиб қолиб, нобуд бўлади. Ҳасти Айюб шунда ҳам, “Ўзи берди, ўзи олди”, деб ибодатини давом эттиради. Шайтон яна иғво қилади: “Кўрдингизми, ибодат қилаверади, чунки ўзи соғ-саломат-да!” Шундан сўнг булар ортидан Аллоҳ таоло шундай бир дард юбордики, бу касалликдан у киши юролмай ҳам қолди. Касаллик у зотнинг муборак таналарида шу қадар тез ривожландики, териларидан қип-қизил гўштлари ажраб тушиб кетадиган ҳолга келиб қолди.

Айюб мол-дунёсидан айрилганда рози бўлди, фарзандларидан айрилганда ҳам рози бўлди, соғлигини ҳам олиб қўйганда-да норози бўлмади. Кетма-кет келган бу мусибат ҳақида у зот бирор кимсага шикоят қилиб бир оғиз ҳам гапирмади. Аъзои баданини қуртлар илма-тешик қилар эди (ривоятларга кўра, баданидан ерга тушиб кетаётган бир қуртни нобуд бўлмасин дея олиб, шу яқиндаги бир тут дарахти барги устига қўяди ва пайғамбарнинг муборак баданида кўпайган бу қурт кейинчалик ипак қуртига айланади). Аҳвол шу даражага бориб етдики, Айюбнинг барча дўст-биродарлари ундан юз ўгиради. Фақат жуфти ҳалоли уни ташламай, ўн саккиз йил елкасида кўтариб юриб, парвариш қилди, едириб-ичирди, эрини боқиш учун одамларнинг хизматига ёлланиб ишлади. Ўн саккиз йил кўтариб юргандан кейин охири аёли бир куни ёрилди: «Ахир, сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз-ку, бирор марта дуо қилсангиз бўлмайдими, қийналиб кетдим…». Айюб: “Биз неча йил яхши ҳаёт кечирдик?” деб сўрайди. “Етмиш ёки саксон йил” деб жавоб беради аёли. Айюб “Саксон йил яхши ҳаёт кечириб, худди шунча йил балода яшамай туриб, Аллоҳдан шифо сўрашга ҳаё қиламан”, дейди Айюб. У бирор марта ҳам менга шифо бер, деб дуо қилмайди. “Сенга ҳожатимни айтишимнинг зарурати йўқ, чунки менинг ҳолимдан хабардорсан, менга нима кераклигини сен ўзимдан ҳам яхшироқ биласан”, деб айтади.

Шундай дегани заҳоти Аллоҳ таоло унга ўнг оёғи билан тошни уришни буюрди – қайноқ сув отилиб чиқди, чап оёғини ерга уришни буюрди – совуқ сув чиқди. Пайғамбар алайҳиссалом илиқ сувда ювинди ва совуқ сувдан ичди, шу заҳоти даҳшатли мохов касалидан фориғ бўлди, аъзои бадани сиҳҳат топди, тетиклашди ва қарийб йигирма йил аввалги ҳолига келади. Аёли қайтиб келиб эрини тополмади, унинг ўрнида бир ёш, келишган, соғлом ва хушбичим йигитни кўрди. “Бу ерда Аллоҳнинг бир бемор набийси бор эди, уни кўрмадингизми?” дейди ожиза. “Мени танимадингми?” дебди Айюб. “Йўқ”, дебди аёли. “Мен Айюбман-ку”, дебди пайғамбар.

Оллоҳ унинг бойлигини ҳам қайтариб берди. Ривоятга кўра, Айюб кийимини ечиб сувда ювинаётган пайтда осмондан чигирткалар ёғилиб келади, ҳар битта чигиртка эса тилладан бўлган экан…

Жалолобод узра турган Аюбтоғ ва ундаги шифоли Аюббулоқ шундай пайдо бўлган, деб нақл этилади.

Аслида, бундай жойлар дунёда кўп. Бухоронинг Вобкент туманидаги Хайробод қишлоғида (1252-1253), Бухоронинг ўзида (XII-XVI асрлар) ва Қарши шаҳрида (XII-XV асрлар) ҳам “Чашмаи Айюб” (Айюб булоғи) деб аталувчи жойлар ва меъморий мажмуалар бор, уларнинг ҳар бири Айюб пайғамбар шу ерга кўмилганига даъво қилади. Худди шу сингари, Жалолобод шаҳрида, Айюбтоғ этагида ҳам Мозорбува деган жой, унда бир мақбара борки, “Айюб пайғамбар шу жойган кўмилган”, деб нақл қилишади. Аслида, ҳазрат Айюбнинг мақбараси Уммон давлатининг Салала шаҳрида, деб кўрсатилади манбаларда. Гап шундаки, тери ва бошқа касалликларга даво бўладиган аксар сув манбалари ҳазрат Айюб номи билан боғлаб талқин этилади, бу эса ушбу масканни янада илоҳийлаштириб, донғини оширди.

Жалолобод Аюббулоғининг асосий шифоли хоссаси – кучсиз ва кучли минераллашган сульфат-гидрокарбонатли натрий-кальцийли сув бўлиб, беморлар уни ичадилар ва чўмиладилар. 1920 йилда Туркфронт қўмондони М.В.Фрунзе Ҳазрати Айюб булоғининг шифобахш хоссалари билан танишгач, бу ерда урушда яраланган қизил аскарларни даволаш учун ҳоспитал госпитал қуришга буйруқ беради, ҳозирги сиҳатгоҳ ана ўша шифохона негизида қад кўтарган. Аммо тарихнинг ажабтовурлигини қаранг: курортнинг 2- корпуси қурилиши учун пойдевор қазилаётганида етти метр ер остида қадимги гумбаз борлиги аниқланади, ундан пишиқ ғиштлар чиққан ва уларни одамлар табаррук билиб бир нечтадан уйларига ташиб олиб кетишган. Олимларнинг аниқлашларича, бу ғиштлар 1800 йиллар аввал пиширилган ва иморатга ишлатилган экан. Демак, Ҳазрати Айюб булоғи бундан икки минг йиллар аввал ҳам одамларга шифо улашган экан-да…

1911 йилда халқ оқсоқоли Мирзақул бўлис ўз бойлиги ҳисобидан Жалолобод марказидан Аюббулоққа тош йўл солдирди, икки чети асрий пистазорлардан иборат бу йўл ҳозирда асфальтланган, Жалолобод шаҳридан мазкур сиҳатгоҳга ҳозир ҳам Мирзақул бўлис йўлидан чиқиб борилади. Жалолобод-Кўкёнғоқ темир йўли қурилиши ҳам у кишининг саъй-ҳаракати туфайли барпо этилган.

Шўро даврида Жалолободда Иттифоқ миқёсидаги курорт бор эди. Унда ҳозир ёзда 450 кишига ва қишда 150 кишига мўлжаланган санаторий ишлаб турибди.

Аюбтоғ этагида, курортга чиқаверишда шаҳар тарих музейи бор. Уни 1972 йилда шаҳарнинг фахрий фуқароси Василий Филиппович Трунов таъсис этган. Музей 200 кв. м. бинода жойлашган, 9 та зали бор. Ҳар йили музейни қарийб 10 минг киши зиёрат қилади.

Қирқ йилча муқадам Жалолобод муҳим темир йўл шохобчаси ҳисобланар, бу ердан “Жалолобод-Москва” тезюрар поезди, “Жалолобод-Куйбишев” поезди, Тошкент орқали ўтадиган “Жалолобод-Фрунзе” поезди қатнар эди. Аммо 1993 йилга келиб энг охирги “Жалолобод-Тошкент– Бишкек” пассажир поезди ҳам бекор қилинди. Тахминан ўша йилларда Жалолободдан яқин-атрофга қатнайдиган поездлар ҳаракати ҳам тўхтатилди. Илгари гуриллаб давом этган ҳаёт тарзи бирмунча сусайди, темир йўлларнинг айрим четроқ шохобчалари устини ўт-алаф босиб кетди.

Ҳозир шаҳарда кўплаб ўрта таълим мактаби, Жалолобод давлат университети, Иқтисодиёт ва тадбиркорлик университети, Ҳуқуқ ва бизнес академияси, турк коллежи, тиббиёт билим юрти каби таълим муассасалари бор. Шаҳарда вилоят кутубхонаси, шаҳар тарих музейи, Жениш (собиқ ВЛКСМ, ундан аввалги номи – Алишер Навоий) маданият ва истироҳат боғи (14,5 га), Тўқтағул номидаги маданият ва истироҳат боғи (7,5 га), Наврўз маданият ва истироҳат боғи (10 га) бор.

2007 йилда Жалолобод шаҳрининг 130 йиллиги нишонланган.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг