ГАНЖ ПИНҲОН АЙЛАГАЧ…
Ҳусни ортар юзда зулфин анбарафшон айлагач,
Шамъ равшанроқ бўлур торин паришон айлагач.
Юзни гуллардин безабму бизни қурбон айладинг,
Ё юзунгга тегди қонлар бизни қурбон айлагач?
Тийғ ила пайконларинг етти кўнгул бўлғоч хароб,
Сув қўюб тухм эктинг, ул кишварни вайрон айлагач.
Қон эмаским, ёпти гулгун ҳулла жаннат хозини,
Ишқ мақтулин шаҳид айларда урён айлагач.
Ошкор айлаб юзин кўзумни ҳайрон айлади,
Ёшурун олди кўнгул кўзумни ҳайрон айлагач.
Жонға қўйғач нақди ишқинг қилди кўнглумни ҳалок,
Ўлтурур маҳрамни султон ганж пинҳон айлагач.
Эй Навоий, ишқ агар кўнглунгни мажруҳ этмади,
Бас недурким, қон келур оғзингдин афғон айлагач?!
Бу Алишер Навоий “Хазойинул маоний”ининг илк девони – “Ғаройибус сиғар”дан ўрин олган 98-ғазал. Унга машҳур бастакор Тўхтасин Жалиловнинг тўнғич ўғли, моҳир ғижжакчи, дирижёр, бастакор Холхўжа Тўхтасинов мусиқа басталаган, илк бор Саодат Қобулова ашула қилиб айтган. Навосининг дарднок ва шиддитли эканиданми, бу анча машҳур ашулалардан ҳисобланади.
Бу ошиқона ғазалнинг лирик қаҳрамони ўз ғамлари билан мушавваш ҳолда гоҳ ёрга (2-3, 6- байтлар), гоҳ бизга (1, 4-5- байтлар), ғазал якунида (7- байт) эса ўзига мурожаат қилади. Ҳар қайси ҳолда ҳам ана шу мурожаат, шикоят оҳанги етакчи. Байтма байт табдил этиб, шарҳлаб кўрайлик.
Ҳусни ортар юзда зулфин анбарафшон айлагач,
Шамъ равшанроқ бўлур торин паришон айлагач.
(Ёр) анбар ҳидли сочларини юзи узра ёйганида ҳусни янада ортади,
гўё шамнинг пилигидаги иплар ёйилган чоғда равшанроқ ёнгани каби.
Нимагаки, ёрнинг юзи оппоқ ва ойдай ёруғ. Бу юзлари узра қоп-қора сочлари тўзғиркан, чеҳраси янаям нурланган каби бўлади. Қадимда шамларнинг чирмаштирилган бир неча ипи ораси очилса, ёруғроқ ёнган. Шоир шунга ташбеҳ қиляпти. Унинг қоронғу ва ҳасратли кўнгил уйига ёр бир шам бўлиб кирган ва уни ёритган.
Юзни гуллардин безабму бизни қурбон айладинг,
Ё юзунгга тегди қонлар бизни қурбон айлагач?
(Ёрим), юзингни гуллар ила безаб, бу гўзаллик олдида бизни қурбон айладинг, ёки бу бизни қурбон қилганингда юзингга сачраган қонлар бўлсамикин)
Қадимда чаккага гул тақиш, қулоққа райҳон қистириш, бошга гулчамбар кийиш каби юзни турли нарсалар билан безаш одатий ҳол бўлган. Аммо лирик қаҳрамоннинг шубҳаси бошқа ёқдан: ёрнинг юзига қизиллик қандай юққан бўлса экан: балки уни қуррбон қилганида ошиқнинг қони сачраб юзига текканмикин?
Бу ўринда ошиқ қурбон бўлган бўлса, қандай гапиради, деган савол ўринсиз. Ошиқ ҳатто жон бераётиб ҳам ўзини эмас, ёрни ўйлайди.
Тийғ ила пайконларинг етти кўнгул бўлғоч хароб,
Сув қўюб тухм эктинг, ул кишварни вайрон айлагач.
Кўнглим тамомила хароб бўлганида қилич ва камон ўқларинг етиб келди,
бу мамлакат (кўнгил)ни вайрон қилиб бўлгач, сув қўйиб, экин экдинг.
Ўтмиш замонларда ёв қўшини бирон мамлакатни қайтиб тиклана олмаслигини истаса, шаҳарлари вайрон этилиб, иморатлар ўрни ҳайдалиб, экинзорга айлантирилган. Ошиқ ёр қилич каби қоши ва найза сингари киприклари билан ёрнинг юзини кўрганидаёқ маҳв бўлган кўнглини бу аслаҳалар (қошу киприклар) ила нишонга олиниши баайни вайрон бўлган бу кўнгил юртини батамом хароб қилганига ўхшатаётир.
Қон эмаским, ёпти гулгун ҳулла жаннат хозини,
Ишқ мақтулин шаҳид айларда урён айлагач.
Жаннат посбони ишқи учун қатл этилган бу ошиқ шаҳид этилаётган дамда тилка-пора бўлган тани узра қизил мато ёпиб қўйди, қон дема уни.
Ислом учун жангда қатл этилган одам шаҳиддир. У ювилмайди ва кафанга ўралмайди. Ё ўзи кийган кийими билан ё устига бирон мато ташлаб кўмилади. Ёрнинг қотил кўзи ҳаётидан айирган ошиқнинг урён танидаги қон ҳечам қон эмас, у жаннатдаги фаришталар баданим узра ёпган нафис матодир, деб лутф қилмоқда шоир.
Ошкор айлаб юзин кўзумни ҳайрон айлади,
Ёшурун олди кўнгул кўзумни ҳайрон айлагач.
Юзини очиб кўрсатиб, кўзимни ҳайрон қилди,
Кўзимни ҳайрон қилиб аланглатиб қўйиб, кўнглимни ҳам (ўғирлаб) олди.
Сеҳргарларнинг, кўзбойлоғичларнинг иши шу – кишига бирон нарсани кўрсатиб, ўшанга андармон қилиб туриб, бошқа муҳим нарсани олади-қўяди. Бу ўринда лирик қаҳрамон ёрнинг юзини бир бор кўрганидаёқ эс-ҳушидан айрилгани, нафақат эс-ҳуши, балки кўнглини ҳам бериб қўйганини айтаётир. Чин ошиқ ёрнинг зоҳирий гўзаллигидан унинг ботиний беқиёслигини ҳам англайди ва жону дили билан унга берилади. Ошиқ бу ҳолда не қилсин?
Жонда қўйғач нақди ишқин, қилди кўнглумни ҳалок,
Ўлтурур маҳрамни султон ганж пинҳон айлагач.
Жонимга ишқининг хазинасини жойлаб қўйгач, у (ёр) кўнглимни ҳалок қилди,
Баайни султон ганжинани бирон жойга кўмдиргач, сирдошини ўлдирганидай.
Мазмун тушунарли ва бир қарашда, оддий: ганжни яширган султон сирдош яқинини ўлдирганидай, ёр ҳам, ишқини жонимга солгач, кўнглимни ҳалок қилди, дейилаётир. Аммо бу жойда бирмунча теранроқ сўфиёна маъно бор: жонига ишқ тушса, чин ошиқнинг “кўнгил”и ҳалок бўлади – менлиги йўқолади. Мана шу ишқ, ошиқлик.
Эй Навоий, ишқ агар кўнглунгни мажруҳ этмади,
Бас недурким, қон келур оғзингдин афғон айлагач?!
Эй Навоий, сен ишқ кўнглимни жароҳатламади, деб даъво қилаётирсан, унда афғон қилиб нола чекаётганингда не сабабдан оғзингдан қон келади?
Ҳақиқий ошиқ – ишқидан дам урган, бу йўлда чеккан азобларини маҳобат билан баён қилган кас эмас, балки севгиси ва ошиқлигини “улус”дан яширишга уринган кишидир. Навоийнинг лирик қаҳрамони ҳам шундай – ишқини махфий сақлашга ҳаракат қилади, бироқ чеккан захмлари, тортган заҳматлари шунчаликки, фарёд қилишга келади. Оғзи дод учун очиларкан, дилидаги ёр жойлаган ганжина – ишқнинг қирралари унинг маҳв ўлиб, ҳалок бўлиб кетган кўнглига ботгани боис сирқиган қонлар отилиб чиқади ҳам.
Кўрамизки, бу ғазалда анъанавий ёр ва ошиқ мотиви, ишқ шиддатининг баёни бор, аммо кўнгил ва қон (ошиқнинг дил қони) сўзлари алоҳида таъкидланиб келади: бу кўнгил – шоир тасвирича, ўзлигини йўқотган, кўнгиллиги ҳам қолмаган, бироқ аслида ишқ ганжинаси билан лим тўлган дунёдаги энг ажиб ва нажиб кўнгилдир, бу қон – ошиқни шаҳид даражасига еткизган, ёр юзига текканда у чеҳрада гул бўлиб яшнайдиган пок ва қутлуғ қондир.
Навоий бунга бизни ишонтира олган, ишонтира оладиган даражадаги улуғ сўз санъаткоридир.
Зуҳриддин Исомиддинов