НАВОИЙХОНЛИК СУҲБАТЛАРИ
“ВАСЛ АРО ПАРВОНА ЎРТАНДИ…”
Не навосоз айлагай булбул гулистондин жудо?
Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.
Ул қуёш ҳажринда, қўрқармен, фалакни ўртагай
Ҳар шарореким, бўлур бу ўтлуғ афғондин жудо.
Дема, ҳижронимда чекмайсен фиғону нола кўп,
Жисм айларму фиғон бўлған нафас жондин жудо?
Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй гардун, мени
Айлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо.
Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил
Ёрни мендин жудо, ёхуд мени ондин жудо.
Васл аро парвона ўртанди, ҳамоно билдиким,
Қилғудекдур субҳ ани шамъи шабистондин жудо.
Бир эясиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз,
Бўлмасун, ё Рабки, ҳаргиз банда султондин жудо.
Бу Навоийнинг “Ғаройибус сиғар” девонидаги 38- ғазал. Муножот ғазаллар гуруҳига мансуб. Кўп хонандалар унинг сўзлари билан айтиладиган ашулани мароқ билан хониш қилганлар. Унда лирик қаҳрамон ёрнинг ўзига хитоб қилади, ундан марҳамат бўлмаса, гардун – оламга, ҳижронга боқиб ёлборади, имдод тилайди. Шеърнинг пафоси нидо, ёлбориш, ҳол айтиш ва ёрнинг марҳаматига умид боғлаш. Асосий далили эса мантиқ. Шоир ёрга қай даражада муҳтож эканини мантиқан далиллаб баён этади.
Мана, илк байт:
Не навосоз айлагай булбул гулистондин жудо,
Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.
Гулистондан жудо бўлган булбул қандай қилиб наво айласин, тўти ҳам, агар шаккаристондан йироқда бўлса, гапира олмайди-ку.
Ҳақиқатан ҳам шундай. Кўзини, дилини яйратган гулистонидан айрилган булбул наво туза олмайди, унинг тутқундаги ҳаёти – ҳаёт эмас. Одам ҳам, ғам исканжасида бўлса, яйраш, кўнгил шодлиги унга бегонадир.
Хўп, бу талқин тушунарли: бўстондан айро тушган булбул бенаво бўлади, аммо тўти… шакар ейдими? Илмий манбаларда бунинг акси – тўтига асло шакар бериб бўлмаслиги ёзилган. Бироқ Шарқ шеъриятида, ажабки, тўти образи аскар ҳолларда шакаристон билан бирга келади. Чамаси, гарчи ундан озиқланмаса-да, тўтиларнинг шакарқамиш ғуж ўсадиган жойда яшаши шу нақлнинг пайдо бўлишига сабабдир.
Асосий фикр эса на булбул ва на тўти: ёр ҳижронидаги ошиқ – бенаво.
Ул қуёш ҳажринда, қўрқармен, фалакни ўртагай
Ҳар шарореким, бўлур бу ўтлуғ афғондин жудо.
Ул қуёшнинг ҳижронида менинг бу ўтли фиғонларимдан ажраб чиққан ҳар бир шарор (аланга) осмони фалакни ўртаб юбормаса эди, деб қўрқаман.
Ошиқнинг иши фиғон, ёр ҳажрининг азобида оҳ тортиш. Бошқаси унга нораво. Чин дилдан тортилган оҳ – шунчаки бир сўлиш олиш эмас, кишининг ичидан қайноқ ҳаво чиқади, чин фиғон оташли-алангали бўлади. Шоир эса ўзидан эмас, ўзгалардан хавотирда – нафақат атрофдагилар, балки фалак ҳам бу ҳароратга тоб бера олмай ўртаниб кетишидан хавотирда.
Бу байтдаги таносуб санъати – ёруғ оламдаги энг ҳароратли бўлган қуёшни соғинган юракдан чиққан оҳ қуёшдан ҳам ўтлироқ бўлиб, у куйдириб юбора олмаган фалакни ўрташидан ҳавотирда. Қуёш дегани – офтоб юзли ёр.
Дема, ҳижронимда чекмайсен фиғону нола кўп,
Жисм айларму фиғон бўлған нафас жондин жудо?
Сен менга, менинг ҳажримда оз фиғон-нола чекяпсан, деб дашном берма. Ахир, жонидан жудо бўлган ондан бошлаб тана фиғон чека олмайди-ку?
“Нафас” сўзи бу ўринда лаҳза, он деган маънода қўлланган. Дарҳақиқат, банда тирик вақтидагина ибодат қила олади. Ёрнинг ҳижрони азобларидан ҳам у ҳаёт чоғидагина шикоят қилиши мумкин. Аммо лирик қаҳрамон учун ёрнинг ҳажри ўлимга тенг, шунинг учун ҳижрон айёмида тили лол, дили музтариб. Яъни, дили ғуссага тўла, аммо тили уни ифода этишга қодир эмас. Кейинги байтда бу маъно янада кучайтирилади:
Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй гардун, мени
Айлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо.
Ҳижрон ўлимдан ҳам аччиқ, дейдилар. Эй фалак, шундай экан, мени жононимдан жудо қилгунча, жонимдан жудо қил (ўлдириб қўяқол).
Ўлим – жон аччиғи ёмон. Аммо ҳажрнинг азоби ўлимдан ортиқ. Негаки, ёрсиз яшашнинг маъноси йўқ. Ёрдан айрилиш азобини фақат ошиқлар ҳис эта олади. Ёр бўлмаса, ошиқлиқ йўқ, ҳаётининг маъноси йўқ.
“Жон” ва “жонон” сўзлари эса мумтоз шеъриятда азалдан ёндош қўлланади. Ҳар иккиси форсий калима бўлиб, лафздошдир. Ошиқнинг қалби (жони) жононнинг ихтиёрига, илтифотига боғлиқ, деган сўз ўйини кўп учрайди. Бу диний-сўфиёна маънога кўчирилиб, жонларнинг ҳаммаси жононнинг қўлида, деган ифодалар ижод қилинган.
Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил
Ёрни мендин жудо, ёхуд мени ондин жудо.
Эй ҳижрон, агар юз мингта жоним бўлса, ҳаммасини олсанг ҳам розиман,
аммо ёрни мендан айирма ва мени ҳам ундан жудо қилма.
Қаранг, ошиқ аввал ёрнинг ўзига хитоб қилди, ундан марҳамат кўрмагач, гардун (дунё)га, ундан ҳам жавоб бўлмагач, ҳажр (жон олғувчи)нинг ўзига мурожаат этяпти. У талвасада: кимга бўлса ҳам ёлборади, ўтинади, илтижо қилади. Ишқилиб, ёрни йўқотиб қўймаса бўлгани.
Васл аро парвона ўртанди, ҳамоно билдиким,
Қилғудекдур субҳ ани шамъи шабистондин жудо.
Висолга етишган онда парвона ёниб-куйиб кетди, чунки у тонг отса қоронғу ҳаётининг шамъидан жудо бўлишини билиб қолганди.
Ёр ойга, қуёшга, сарвга қиёсланади. Шу каби, ёруғ шамга, ўзини эса унга интилиб, оловда куйган парвонага менгзаш ҳам кўп учрайди. Шамга етишган парвона ўша онда жизғанак бўлиб куйиб кетади. Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони эса муболаға қилади ёрга етиша олмаслик, ундан жудо бўлиш ўлим каби аччиқ азоб бўлса, етишишнинг ўзи ҳам яна бир бало: ўша ондан бошлаб ошиқ ҳалок бўлишга юз тутади.
Бу ифодадан турли хулосалар келиб чиқиши мумкин: ёр висолига етиш – ошиқлик ҳаётининг тугаши, яъни маънавий ўлим. Барча достон, эртаклардаги каби, ошиқ бахтини топгач, “мурод-мақсадига етибди”, деган тугалланмадан сўнг, эртаси кунги ҳаёт кечагисидай азоббахш ва лаззатли бўлмайди, такомилнинг охирги нуқтасига чиқилгач, яна қуйи тушиш бошланади – комиллик заволнинг бошланишидир.
Эзотерик нуқтаи назардан, бу онда ошиқ маъшуққа сингади, ўзлигини йўқотади ва бу энг мақбул ечим бўлади. Чунки сўфиёна ишқда ҳам ошиқ – инсондир. Инсон ҳаётининг маъноси эса интиҳо – якуни бор бўлишида.
Бир эясиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз,
Бўлмасун, ё Рабки, ҳаргиз банда султондин жудо.
Ёрдан айрилгач, Навоий бир эгасиз ит каби бўлиб қолган эди,
Ёраб, банда ҳеч қачон султонидан жудо бўлмасин экан.
Бу ғазални Навоий умрининг қайси палласида, қачон ёзгани каминага маълум эмас. Бироқ унда реал турмушнинг қай бир лавҳаси элас-элас кўзга ташлангандай: ким билади, шоир уни “Астробод сафари”дан қайтиб келгач ёзган бўлса? Ҳар ҳолда, “султон” сўзини шоир “шабистон”, “афғон” ва “жонон”га қофия бўлгани учуноқ келтирмагани аниқ.
Афсуски, бундай байтларни бошқа тилларга, хусусан поэтик анъаналари йироқ бўлган эллар тилига таржима қилиш жуда мушкул. Зеро шоир ўзини итга қиёслаши ўзгаларга ажабтовур туйилиши аниқ. Аслида эса, шарқ исломий адабиётида “ит” – буюк образ. У ёр кўйини қўриқлайдиган, сохта ошиқларни унинг даргоҳига йўлатмайдиган махлуқ. Сўфиёна шеъриятда бирубор ёр кўйида юрган пайғамбарлар, улуғ валийларга ишоратдир. Шундай экан, бу сўз-ифода ила Навоий ўзининг ўша улуғ ошиқлар қаторига қўшилишидан умидвор бўлаётир, деб тушунайлик.
Зуҳриддин Исомиддинов