ОЙНИНГ ЁРУҒ ЎН БЕШИ
Қанча кеч ётсам-да, азон айтилган чоғда уйғонаман. Тонг оламни нурафшон этишга ҳали бироз вақт бор. Кўкда юлдузлар чарақлайди. Мусаффо ҳаводан тўйиб симираман, ёқимли, муаттар бўйлар димоққа урилиб, вужудим тетиклашади, руҳим енгил тортади. Дарвозани очаман. Ёқимли насим “Раҳмат, ризқу насибангдан қуруқ қолмадинг” дегандай, юзларимни сийпалаб, ичкарига елади. Шундай онларда дадамнинг “Тонг ёришмай уйғон, дарвозани оч, ризқ-насибали бўласан, ўғлим”, – деган ўгитлари беҳуда айтилмаганига иқрор бўламан
Шу пайт дадаси ва аясидан илгарироқ уйғонган чевараларим Сорахон билан Муҳаммадюсуф хонамга кириб келади. “Ассалому алайкум, опоқдада”, – дея икковлон қучоғимга отилади. “Сизни соғиниб кетдик”, – дея юзларимдан ўпишиб, ёнимга ўтиришади.
– Бет ювдингларми?
– Аям туйиб ювиб қўяди, – дейди кичиги Муҳаммадюсуф.
– Мен-чи, опоқдада, ўзим юваман, – деб бидирлайди Сорахон.
–Сен каттароқсан-да.
Бирга чой ичамиз. Юмуш билан кўчага отланар эканман, бири туфлимни келтирса, иккинчиси кийим чўткани тайёрлаб туради. Чевараларимнинг бу мулозаматини кўриб, ҳозир улғайиб, ўғил-қизли бўлиб кетган Машҳурбек, Моҳирбек, Акбаршоҳ, Сайёдбек, Одинахон каби невараларим ҳам биз билан яшаб турганда саҳар туришиб, ёнимизга киришгани ёдимга тушади. Бу одат бугун чевараларимда ҳам давом этмоқда.
– Опоқдада, менга қу-қу қанд олиб келинг, – деб сўрайди Муҳаммадюсуф.
– Қўғирчоқ олиш эсингиздан чиқмасин-а, – дея тайинлайди Сорахон.
Уларнинг ширин, қўнғироқдек овозларидан завқланаман, икки юзларидан ўпаман, орзулари дилим тўридан шеър бўлиб қуйилиб келади.
Тонг. Аъло кайфият билан борар эканман, болалик, ўсмирлик йилларимда шууримда муҳрланиб қолган воқеалар кўз олдимга келади. Тўғри сўзлаб тўқмоқ еган кунларимни (бу ҳақда аввалги мақоламда ёзган эдим) ҳеч унутолмайман. Наҳотки, рост гапириб гуноҳкор бўлсам? Ўз хизматкорига ҳам шунчалик бешафқат бўладими? Бой қўлида етти йил ишлаб болалигимни, ўсмирлик давримни йўқотдим, кечани кеча, кундузни кундуз демай не бир хизматларни адо этдим, дуруст кийинмадим, бойнинг иши деб еттинчи синфда битириш имтиҳонига қатнаша олмай бир йил синфда қолиб ўқидим. Бу каби азобларнинг охири йўқ. Ўша маъшум куним дадам мени излаб-излаб оқшом пайти пахта экилган уватдан топди.
Ўгай онам уйга келганимни кўриб, бир оғиз сўз айтмай бурилиб ҳовли томон ўтиб кетди. Дадам ҳам гапирмади. Дастурхон устида ҳам сукунат давом этди. Менинг эса қувончимнинг чеки йўқ, чунки ўз уйимиздаман. Дадамнинг дурадгорлик ишларига ёрдамлашиб ҳунар ўргана бошладим. Дада том ёпишдан ташқари сув тегирмони, обжувозларга дўл, паррак, ўғир, соп тайёрлар, ёғжувозхонага ҳам ўғир ва бошқа зарур буюмларни тайёрлар эди. Дурадгор бўлибгина қолмай, эски илмни мукаммал билган мулла одам бўлиб, жуда кўп китоб ўқирди. Уни таниганлар “мулла ака” деб чақиришарди. Бир куни ўгай онам: “Кичик ўғлингиз, қизингиз бола эмас – бало, гапимга қулоқ солмайди, ўйнашгани ўйнашган, уйдаги энг оғир ишларни қизим шўрлик қиляпти, етимларингиз умримнинг эгови бўлиб қолди», – деб укам ва синглимдан зорланди. Дадам бу гапга жим қулоқ солар, кўзларидан дув-дув ёш томчиларди.
– Хотин, – деди дадам бир куни унинг нолишларини эшитавергач, – сенинг икки фарзандинг ўзингга қандай азиз ва суюкли бўлса, бу ярим етимчаларни фарзандларингдан ҳам аъло кўр. Улар меҳрини қозонишинг, онаси ўрнини босишинг осон эмас. Ахир бегона эмассан, шуларга қариндошсан. Сўзингга кирмаса, аччиғланиб урма, мулойимлик билан ўргат, ётиғи билан тушунтир, болам-бўтам дея алдаб иш қилдир. Ҳали булар ёш, онанинг иссиқ бағрини кўмсайди. Улар эркаланишни, эркалатишни хоҳлайди. Ҳеч бўлмаганда бола болалигида эркалатилиши керак. Меҳр кўрсатиш, раҳмдил бўлиш, одамни тушуниш учун ҳам инсоннинг қалби юмшоқ бўлиши керак. Сени, агар тушунсанг, менга эмас, шуларга керак, деб олиб келганман. Меҳр қўйиб, бошини силасанг онаси ўрнини босишингга шубҳам йўқ.
Дадамнинг бу сўзлари ёдимдан ўчмаган эди. Йиллар ўтди. Мактабни тамомладим. Билим даргоҳни яхши битирган бўлсам ҳам, оиладаги етимовчилик туфайли севган касбимга ўқишга бора олмай, колхозда табелчилик қилдим. Жалолобод кооператив билим юртин битирдим, савдо соҳасида тўрт йил ишладим ҳам. Аммо бу касб ёқмай қолди. Ўқитувчи ёки журналист бўлиш орзуси менга тинчлик бермади. Савдони ташлаб, яна колхозда ишладим. Тавсия бериб, ўқишга юборишар деган ниятда. Аммо раислар бойроқ оила фарзандларига колхоздан йўлланма берар экан.
Ўқувчилик йилларимдаёқ газеталарга катта-кичик мақолалар ёзиб юрганим учун туман газетасида танишлар бор эди. Уларнинг йўл-йўриғи, маслаҳати билан Ўш пединститутига кириб ўқидим, муаллимлик касбини эгалладим. Етти йил муаллимлик, илмий мудирлик қилиш билан газета таҳририятлари билан алоқани узмадим. Ниҳоят яна бир орзуим ушалиб Ўш вилояти “Ленин йўли” газетасида мухбирликка қабул қилишди. Энди ҳаётнинг равон йўлига чиқиб завқ-шавқ билан ишлай бошладим.
Янги участкага уй қурдим. Худога шукур, севган қизимга уйландим. Дадам 78 ёшида вафот этганида тўрт фарзандим бор эди. Дадам уйимизга ширинлик кўтариб келар, невараларини кўриб яйраб-яшнаб кетарди. Ўғилларим эса “Ана, опоқдадам келди”, – деб бўйнига осилишар, дадам уларни қучиб, юзларидан ўпиб, ўрикқоқими, печакқанд ё жийдами бериб хурсанд қилар эди. Уйимиздан қанд-қурс, шоколад узилмаса-да, болалар барибир опоқдадан кутишади. Бу бошқача-да! Бунда эътибор бор, меҳр бор.
Онам саккиз ёшимда вафот этган, дадамнинг дунёдан ўтганига эса эллик йилдан ошди. Бугун ўзим бобоман. Ўғилларим уйланиб, қизларим турмушга чиқиб ҳаётдан ўринларини топиб, ўғил-қизли, неварали бўлишди, турмушлари фаровон. Бугун санасам 22 неварамиз, 35 та чеварамиз бор экан. Журналистика соҳасида ишлаб озми-кўпми ижод билан шуғулландим. Шеърлар, ҳикоялар, публицистик мақолалар ёздим. Ўн китобим чиқди. Халқаро ижодий танловларда иштирок этиб, нуфузли ўринларни олдим. Медаллар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирландим. Ҳаж ва умра сафарларига бориб келдим. Оллоҳга беадад шукр.
Қуёш мағрибга оғиб, ётоғига бош қўйишга ошиқмоқда. Тонгги хушкайфият руҳимни тарк этмаса-да, вужудимда бироз ҳорғинлик, оёқларимда андак чарчоқни ҳис этаман. Кўчамизга бурилганимда бизникига келган невара ва чевараларим олисдан кўринади. Улар анчагина: Имона, Солиҳа, Муҳаммадюсуф, Сорахон, Абубакр, Саида… Демак бугун ҳам уй тўла. Яхшиямки, ширинлик ва ўйинчоқларни бугун кўпроқ олганим.
Қанд, ўйинчоқ қўлимда,
Қайтсам, пешвоз йўлимда.
Бир-бир олиб сакрашар,
Чарчоқ қолмас танимда.
Бири ўпар ўнг юзим,
Иккинчиси – чапини.
Ёқтираман “Бобожон,
Раҳмат!”, деган гапини.
Ҳа, ҳаёт йўриғи шундай. Авлодлар алмашаверади, ота ўрнини бола, боламиз ўрнини набира босади. Бугунги ҳаётимиз тинч ва осуда ўтаётгани, дастурхон тўкин замонда яшаётганимиз, меҳр-мурувватли фарзандлар, набиралар даврасида ҳаёт гаштини сураётганимиз – энг улуғ бахтдир.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон шаҳри.