САЛОҲИДДИН СОҚИБ МЕРОСИГА БАҒИШЛАНГАН АНЖУМАН
25 май куни Салоҳиддин Соқиб номидаги ислом институти (Ўш шаҳри)да Ҳувайдо эшоннинг чевараси – сўфий олим ва шоир, Салоҳиддин Соқибнинг илмий меросига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган маърузалар эшитилди, фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, таниқли уламо Раҳматулло қори Қосимжон ўғли, Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуров, “Сармозор” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳимжон Нишонов, таниқли журналист Сарвар Усмон ҳамда диний, илмий ва ижтимоий доираларнинг бир қатор вакиллари иштирок этдилар.
Салоҳиддин Соқибга бағишланган анжуманни “Сармозор” масжиди имом-хатиби Абдураҳимжон Нишонов олиб бориб, анжуман давомида самимий ва таъсирли чиқишлари билан тадбирга муносиб руҳ бағишлади.
Абдураҳимжон Нишонов йиғилганларни Салоҳиддин Соқиб Ўший каби буюк зотларнинг меросини қадрлаш, номини ардоқлаш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг маънавий бурчи эканини таъкидлади.
Анжуманда сўзга чиққанлар Салоҳиддин Соқибнинг диний-маънавий мероси, тасаввуфий қарашлари, илмий тадқиқотлари ва адабий ижоди ҳақида атрофлича фикр билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Салоҳиддин Соқибнинг илмий ва маънавий мероси ҳақида қуйидаги фикрларни баён этди: “Салоҳиддин Соқиб ўз замонасининг етук уламоси, суфий ва маънавият зотларидан бири бўлган. У зотнинг асарлари ва умуман тасаввуфий мероси нафақат Ўш ва Фарғона водийси, балки бутун Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган ва бугунги кунда ҳам илм-маърифат йўлидаги хизматлари ислом оламининг турли минтақаларидаги уламолар ва тасаввуф мактаблари учун муҳим. Бугун биз у зотнинг қолдирган меросини ўрганибгина қолмасдан, илмий асосда тадқиқ қилишимиз, асарларини қайта нашр этиб, келажак авлодга етказишимиз лозим. Бу бизнинг илмий, маънавий ва тарихий бурчимиз. Зеро, ўз уламо ва авлиёларининг меросини ўрганмаган, уларни ардоқламаган миллат ўз келажагини қуришда қийналади. Шу боис, бугунги анжуман ана шу буюк мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.”
Шайх ҳазратлари, Салоҳиддин Соқиб номидаги ислом институти фаолиятини янада такомиллаштириш, у зотнинг номига муносиб илмий марказ сифатида ривожлантириш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Тадбир давомида Салоҳиддин Соқибнинг сақланиб қолган қўлёзмалари, илмий ишлари ва тасаввуфий меросини қайта тиклаш, уларни илмий асосда нашр қилиш, таржима қилиш ва ёш авлодга етказиш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбирда сўз олган Раҳматулло қори Салоҳиддин Соқибнинг тасаввуфий мероси ва қалб тарбиясига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб, “Салоҳиддин Соқиб – нафақат илм пешвоси, балки қалб тарбиясига йўл кўрсатган зот. У буюк зотлар силсиласида камол топган, қалб ва руҳ поклигини улуғлаган мутафаккир суфийлардан эди, – деб таъкидлади. – Унинг асарларида инсон қалбини поклаш, нафсни тарбиялаш, муҳаббат ва ирфон йўлида саъй қилиш ҳақида чуқур маънавий ғоялар мужассам. У зотнинг таълимотларида илм билан бирга руҳий тарбия, зикр, шукр, сабр ва таваккул каби тасаввуфий қадриятлар алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳозирги замонда, руҳий қашшоқлик, маънавий инқироз юз бераётган бир пайтда Салоҳиддин Соқиб каби зотларнинг меросига қайтиш, уни халққа ва ёш авлодга етказиш катта аҳамиятга эга. Шу маънода, бу анжуман нафақат илмий, балки маънавий уйғониш сари ташланган муҳим қадам. Биз бундай зотларни ардоқласак, уларнинг мероси билан яшасак, жамиятимиздаги маънавий муҳит янада мустаҳкамланади.” Домла, шунингдек, Салоҳиддин Соқибнинг асарларини турли тилларга таржима қилиш ва уларни ислом дунёсига танитиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтди.
Салоҳиддин Соқиб меросига бағишланган анжуманда Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуров Ҳувайдо эшон авлодлари жумладан, Салоҳиддин Соқибнинг адабий мероси ва ижтимоий-руҳий таъсири ҳақида тўхталиб, шундай фикрларни билдирди:
“Ҳувайдо авлодлари – нафақат диний ва маънавий, балки адабий йўналишда ҳам улкан мерос қолдирган. Уларнинг шеъриятида ирфон, қалб софлиги ва ахлоқий тарбия мавзулари марказда туради. Салоҳиддин Соқибнинг ўзи эса нафақат сўфий уламолар қаторида, балки қалам аҳли орасида ҳам муносиб ўринга эга. Бу зотларнинг асарларида фақат диний билим эмас, балки адабий завқ, тил санъати, халқона иборалар, ички руҳий ҳолатларни теран акс эттирган ғоялар бор. Бундай асарлар ҳар бир ўқувчи қалбига нур олиб киради, маънавий юксалишга сабаб бўлади.”
А.Абдуғафуров шунингдек, Ҳувайдо авлодларининг ижоди ўзбек адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутиши ва уларнинг меросини адабий тадқиқотлар асосида қайта кўриб чиқиш, китоблар нашр қилиш орқали келажак авлодларга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Иштирокчилар бу анжуман Салоҳиддин Соқиб номидаги ислом институти фаолиятига янги руҳ бағишлаши, у зотнинг илмий ва маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилишини таъкидлашди.
Тадбир якунида Салоҳиддин Соқиб меросини асраб-авайлаш, унинг асарларини илмий жамоатчиликка тақдим этиш, халқ ва ёшлар онгида ушбу буюк зотга нисбатан эҳтиромни мустаҳкамлаш юзасидан ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида:
Ўш шаҳрининг Сойгузарида 2022 йилда Салоҳиддин Соқиб номидаги ислом институти рўйхатдан ўтган. Жорий йилнинг бошларида ислом институти сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Ушбу диний муассаса Қирғизистон-Туркия ҳамкорлиги негизида ҳомийлар томонидан қуриб битказилган.
Одилжон Дадажонов
Ўш