“ЎТКАН КУНЛАР” – ҚИРҒИЗ ТИЛИДА
Бирон ўзбек хонадони йўқки, у ерда “Ўткан кунлар” романи, асар қаҳрамонлари Отабек ва Кумушнинг аянчли қисмати ҳақида гапирилмаган, ушбу роман асосида яратилган фильмни такрор-такрор кўришмаган бўлса. Роппа-роса бир аср муқаддам нашр этилган ушбу биринчи роман рус, инглиз, француз, немис, турк, форс, араб ва бошқа тилларга ўгирилган. Мана энди асарнинг Юсуфбек ҳожи, Отабек, Кумуш каби миллионлар қалбидан ўрин олган қаҳрамонлари қирғиз тилида ҳам “гапира” бошладилар.
Адабиёт – ўзаро тушуниш воситаси
14 апрель куни Бишкекда, Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмасида “Ўткан кунлар”нинг қирғиз тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Бу учрашув нафақат адабий байрам, балки миллатлараро дўстликнинг ёрқин намунасига айланди. Таржимани арслонбоблик ўзбек адиби Учқун Абдулазизов амалга оширган, матнни андижонлик қирғиз йигити шоир Режевали Камолзода таҳрир қилган. Китобга ёзувчи ва шоир Самидин Стамбеков масъул муҳаррирлик қилган. Фарғоналик ишбилармон Дурбек Абдусаломов ва Ўш шаҳридаги “Ошкрастекс” қирғиз-ўзбек қўшма корхонаси раҳбарияти нашрга ҳомийлик қилишди.
Тақдимотда Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси раиси, ёзувчи ва давлат арбоби Қанибек Иманалиев, Қирғизистон халқ шоири Марқабай Ааматов, Хизмат кўрсатган маданият ходимлари Бегижон Аҳмедов, Керимбек Қадирақунов, Абибилла Пазиловлар, таниқли ёзувчи ва жамоат арбобларидан Жумадин Қадиров, Жилдиз Ақаева, тожикзабон адиб Қодиршо Муриватов, Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий-маданий раиси Бахтиёр Қодиров ва бошқалар иштирок этиб, ушбу китобнинг қирғиз тилида нашр этилишини Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарларининг икки давлат ва икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва баҳамжиҳатликни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижаси деб эътироф этишди.
Қанибек Иманалиев тадбир иштирокчиларини ушбу тадбир билан қутлаб, икки давлат ижодкорлари орасидаги алоқалар тобора кенгайиб бораётганини, жумладан яқинда ижодкорлар делегациясининг Тошкентга ижодий сафари ҳақида маълум қилди. Сафар давомида қирғиз адабиёти асарларининг ўзбекча таржималари тақдимотини ўтказиш, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари бўйлаб сафарлар уюштириш кўзда тутилган. Тошкентдаги Абдулла Қодирий ижодий мактабида “Ўткан кунлар”нинг қирғиз тилидаги нашри тақдимоти ҳам ўтказилади.
Бир пайт ўзбек адиби Пиримқул Қодиров ёзган эдики, “Қозоқнинг улуғ прозаиги Мухтор Авезов Абдулла Қодирий асарларидан руҳланган, Мухтор Авезовдан эса Чинггиз Айтматов маҳорат сирларини ўрганган. Биз – бугунги ўзбек ёзувчилари эса Чингиз Айтматовга ҳавас қилиб асар ёзамиз…”
Таниқли адиб Жумадин Қадиров 500 бетли асарни тўрт кунда ўқиб чиққанини, ундан жуда таъсирланганини эътироф этди. Асарнинг ўзига ва таржимасига юқори баҳо берар экан, Қадиров адибнинг бошқа асарларини ҳам сўзсиз ўқиб чиқишга бел боғлаганини айтди. Чунки адабиёт халқларни ўзаро тушуниб, бири бири билан боғлайдиган кучли воситадир, шу сабабли бу каби таржималарни фаоллаштириш керак.
“Агар мана шу каби эзгу ишлар – адабий таржималар ва қирғиз-ўзбек адиблари ўртасидаги ҳамкорлик сусаймаганда, халқларимиз бир-бирларини янада яхшироқ тушунган, маданий-тарихий қадриятларимизни чуқурроқ англаган бўларди. Шунда балки 1990 ва 2010 йилги фожиалар юз бермаган бўлармиди…”, деди адиб.
Ўзбек халқининг “паспорти”
Адабиётшунос олим, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомиддиновнинг китоб қирғизча нашрига ёзган сўзбошисида айтилишича, “Ўткан кунлар” чоп этилган пайтни эслаб, Мухтор Авезов: “Қодирий романлари, гўё текис саҳро узра қад кўтарган баланд тоғ каби кўринарди, – деб ёзган эди. – Биз ёш чоғимизда Абдулла Қодирий романларини бош кўтармай ўқирдик. Унинг инсон характерларини тарашлаб шакллантириш, инсоний эҳтирослар бўронини қалбларимизга кўчириш, ўз қаҳрамонларини меҳр билан олий даражаларга кўтара олиш маҳоратига қойил қолар эдик…”
Зухриддин Исомиддинов “Ўтган кунлар” романини “ўзбек халқининг маънавий паспорти” дейиш мумкинлигини эътироф этиб, “…қайсидир бир ажнабий ёзувчи, “мен ўзбек адабиётидан бирон асарни ўз она тилимга таржима қилмоқчиман, нима маслаҳат берасиз, деб сўрайдиган бўлса, ҳаммамиз аввало “Ўткан кунлар”ни ўгиринг, деб тавсия қиламиз, ўша халқ китобхони шуни ўқисаю, бизнинг кимлигимизни, қандай эл эканимизни билиб олса экан, деймиз”. Мана бугун ана шу холис ният ижобат бўлиши билан барча китобсеварларни, адабиёт жонкуярларини ва алоҳида Қодирийнинг садоқатли мухлисларини самимий табриклаймиз.
Бир муҳаббат тарихи ортига яширилган ғоя
“Ўткан кунлар”ни мактабда ўқиб юрган чоғларимизда ўқиганман. Асар қаҳрамонларини кўпроқ фильм орқали таниганмиз. Ўлмас Алихўжаев, Гулчеҳра Жамилова, Раззоқ Ҳамроев, Гулчеҳра Саъдуллаева ва бошқалар яратган образлар орқали асар ҳақидаги тасаввурларимиз шаклланди. Шу сабабдан кўпчилик ушбу асарни Отабек ва Кумуш ўртасидаги муҳаббат достони сифатида қабул қилган. Ҳатто адабий муҳитда ҳам асар ғояси ҳақида гап кетганда Кумуш ва Отабек ҳамда Зайнаб ҳикояси диққат марказида бўлиб келган. Бу учлик атрофида жуда кўп тортишувларга гувоҳ бўлганман. Талабалик пайтларимизда ана шундай баҳсларда иштирок ҳам этганмиз.
Бу муҳаббат тарихи ҳали кўп йиллар турли баҳсларга сабаб бўлиши тайин. Бироқ мавзу қанчалик мунозарали бўлмасин, асарнинг асл моҳияти шубҳасиз фожиали бўлган ушбу муҳаббат ҳикояси эмас.
Бу ҳақда Халқаро Чингиз Айтматов академиясининг фахрий академиги Зуҳриддин Исомиддинов шундай деб ёзади: “Ҳолбуки, Абдулла Қодирий учун Кумуш, Отабек, умуман бу эски сюжетнинг ўзи ҳам фақат бир қолип бўлиб, адиб уни Отабекнинг отаси Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган мана бу ғояни китобхон сезмайгина “ютиб юбориши” учун тўқиган, асарнинг асл жавҳари эса қуйидаги сўзлардан иборат:
“Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи — биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар яратғучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар ятимхоналарини вайрон қилғучи золимлар – қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!”
Улкан салоҳият яширинган ҳавас
Россиялик адабиётшунос олим, академик Евгений Бертельс ушбу асарнинг ёзилиши билан дунёда яна бир романчилик мактаби пайдо бўлганини эътироф этган: “Қодирий романлари бутун таркиби билан ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романларидир. Дунёда бешта, яъни: француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилик мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди”. Шуни қўшимча қилиш мумкинки, “Ўткан кунлар”га қадар нафақат ўзбек, балки умуман туркий халқлар адабиётида ҳам бирор адиб роман жанрида асар чоп этмаган эди. Яъни, Абдулла Қодирий нафақат ўзбек, балки умуман туркий адабиётда романчилик даврини бошлаб берган адибдир.
Абдулла Қодирий 44 ёшида – ижоди айни гуллаган пайтда маҳв этилмаганда, эҳтимол бугун дунёнинг энг сара адиблари сафида турган бўлармиди. Адибнинг набираси Шерфон Қодирий бобосидан қолган сандиқда Абдулла Қодирий ёзишни режалаштирган «Амир Умархоннинг канизи» номли тарихий асар учун тўплаётган материаллар бўлганини айтади. Адибнинг ўзи ҳам бу ҳақда «Ўйлаб юрган рўмонимни ёзиб битирсам, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»ни ҳеч ким ўқимай қўяди», деб айтган экан.
Афсуски, машъум давр бунга йўл бермади…
Абдумўмин Мамараимов, журналист.
Бишкек шаҳри.