Маманазар қори

Ҳеч бир дин ёки таълимот инсонларни ислом диничалик илмга қизиқтирган эмас. Илм хосил қилишда аввало ниятнинг холислиги, машаққатларга сабр ва матонат талаб қилинади. Осон келган нарса, осон кетади, – деган гап бор. Имом Бухорий илм китобини илмнинг фазилатларидан бошлагани бежизга эмас. Чунки илм олиш машаққат чекишни талаб қилади.

Бинобарин, унга бериладиган савоб ва даражалар жуда ҳам юксак.
Қуръони каримни тўла ҳифз қилиб, мураттаб қори даражасига етишган мўътабар устозлардан Муҳаммад Назар Мирбобо ўғли 1898 йилда Ўшнинг Марғилондарвоза даҳаси Яланг маҳалласида (ҳозирги Алишер Навоий кўчаси) диний оилада туғилган.
Ўшда кўп аҳли илмларига Қуръони Каримдан таълим берган бу зотнинг шогирдлари орасидан аёвсиз атеистик замонда ҳам фидоий ислом олимлари етишиб чиқди ва улар хавф-хатарни писанд этмай, Қуръон тафсири ва таълими борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширдилар.

Муҳаммад Назар қори халқ ичида «Маманазар қори» номи билан танилган зот эди. Отаси Мирбобо Қуръони карим ҳофизи ва ҳадис илмининг билимдонларидан бўлиб, халқ ичида «Мирбобо бой» домла номи билан машҳур бўлган.
Қатағон сиёсати уларнинг ҳам оиласини четлаб ўтмади. Ўш шаҳридаги Сулаймон тоғи жануб-ғарбий қисми этагида кенг овлоқ жойлар ва ҳозирги «Черёмушки» мавзесидаги Турк лицейи, аёллар мадрасаси ўрни, Қирғиз-Ўзбек университетининг юқори томонлари ўша даврларда давлат сиёсатига қарши деб топилган кишилар отилиб қатл қилинадиган овлоқ жойлар бўлган. Айтишларича, бир пайтлар бу жой қўрқинчли жарликлардан иборат бўлган, кечалари ўқ овозлари эшитилиб турган. Теварак-атрофда истиқомат қиладиган одамлардан баъзи бир довюраклари тунлари панада туриб кузатишса, бу ерда одамлар қатл этилар экан. Лекин бу тўғрида суриштириш, гапириш, овоза тарқатиш қатъиян тақиқланган. Шу тариқа ўз Ватанини мустақил кўриш орзусида ёниб яшаган халқимизнинг энг сара ўғлонлари отиб ташланган, бекафан кўмиб юборилган.
1937 йил Мирбобо оқсоқол “руҳоний” ва “халқ душмани” тамғаси билан ўзига қабр ковлатилиб, Черёмушки мавзесидаги ҳозирги Турк лицейи ва аёллар мадрасаси ўрнида отиб ташланган.
У зотнинг ўғли Муҳаммад Назар дастлаби илк сабоқни Қуръон ҳофизи бўлган отасидан олган. Ўн етти ёшида Қуръони каримни тўла ҳифз қилган. 1910-1915 йиллари маҳалласидаги Муҳаммад Юсуфбой барпо қилган масжидда (Боқий) илм таҳсил қилиб, мураттаб қориларидан бири бўлди, халқ орасида Маманазар қори нисбати билан шуҳрат топди.

«Роботи Абдуллоҳхон» жомеъ масжиди. Ўш 1970- йиллар.

Шўролар замонида Ўшда етук қорилар бармоқ билан санарли бўлиб, улар орасида Муҳаммад Назар қори номи анча танилган эди. Ўткир овоз соҳиби бўлган (Маманазар) қорининг йўғон овозда, залвор билан, аммо хуш оҳангларда қилган қироати Қуръон муҳиблари дилини яйратар, вужуд-вужудларига сингиб кетарди. Муҳаммад Назар қори ўша даврнинг машҳур алломларидан билим олган, хусусан узоқ йиллар Маҳжурий домланинг хизматида бўлиб, то вафот этгунларича у кишидан ўрганган. Шунингдек, Чарос қори, Қоравой қори, Ипак қори домлалардан таҳсил олган.
Муҳаммад Назар қорининг бундан кейинги фаолияти масжидларда хатми Қуръон ўтиш, талабаларга яширинча дарс бериш билан кечди. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил эттилгач, Муҳаммад Назар қори «Роботи Абдуллахон» жоме масжидида рамазон ойларида хатми Қуръон ўта бошлайди.
Унинг қорилик маҳорати кундан-кунга юксалди, хуш овозда қилган қироати қалбларни эритиб, эшитувчиларни ром қилар, қироат завқи-шавқидан Қуръоннинг маъносидан бехабар кишилар ҳам яйраб кетишарди. Ўшлик илм аҳлларидан бири шундай ҳикоя қилади: “Маманазар қори акамиз Жомеда ҳар йили рамазон ойида хатмга ўтиб берардилар. У кишининг ҳатмига ўтишини эшитган ўшликлар ана шу масжидга сел каби оқиб келишарди. Масжид биноси ва ҳовлисига одам сиғмай, унинг атрофидаги кўчалар ҳам Қуръон мухлисларига тўлиб кетарди. Масжид атрофидаги ҳовлиларга эса Қори аканинг қироатларини эшитиш иштиёқида келган хотин-қизлар ҳам тўпланиб, қуръонхонликдан баҳраманд бўлишарди. Хуллас, ўша кунлари аҳли Ўш учун ҳақиқий Қуръон байрами бўларди”
Муҳаммад Назар қори бутун умрини дин ишига, Қуръон тарғиботига бахш этди. Ҳаётда камтар, хоксор, ҳалим ва сўзга чечан инсон сифатида яшаб ўтди. Анча вақт ўзи яшаб турган ҳудуддаги «Правда» колхозида, «Тўлайкан» савхозида меҳнат қилди. Ҳалимликда, тақвода ҳам у кишига етадиган одам кам эди. Бирор кишидан ранжиб шикоят қилганини, бирор кишига қаттиқ гапирганини, турмушдан нолиганини ҳеч ким эшитмаган. Ҳозирги пайтда ниҳоятда тансиқ бу фазилатлар кетган эса-да, қори домлада бисёр эди.
Умр – қисқа, унга берилган вақт ўлчовли. Оллоҳ ярлақаган одамларгина ана шу қисқа фурсатдан улуғ ва савобли ишларни бажаришда фойдалана олади. Бу орқали эзгу номини тарих саҳифаларига, авлодлар қалбига кўчира олади. Ўшда атоқли аҳли илм устозлардан бўлган Муҳаммад Назар қоридан муносиб шогирдлар ва солиҳ фарзандлар қолди.
Қори домла, ҳар бири ӯз замонасининг алломаси бӯлган жуда кӯп шогирдларни тарбиялаб вояга етказди. Нурмуҳаммад қори (Пичоқчи қори), Билол қори, Холтўрахон қори ва Аҳмадилло қори каби етук қорилар шулар жумласидан.
Бутун умрини Қуръон қироатини ўргатишга, қорилар тайёрлашга бахшида қилган Муҳаммад Назар қори 1980 йили Ўшда вафот этган.
Жаноза намозини Ўшда таниқли уламо Раҳматулло домла Қосимов ўқиган. Сулаймон тоғи этагидаги «Ғойибмозор» қабристонига дафн этилган.

Одилжон Дадажонов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг