ИЖОДИ БУЛОҚ ЭДИ…
Унутилмас сиймолар
Бозорқўрғонлик шоир ва ёзувчи Ботиржон Ғозибоев ҳақида ёзай деб қўлга қалам оларканман, кўзларим жиққа ёшга тўлди. Автоҳалокат туфайли ёруғ дунёдан кўз юмганига икки йил бўлса-да, бу шогирдимнинг орамизда йўқлигини ҳеч тасаввур этолмайман. Бундан эллик йиллар аввалги воқеаларни эслайман. Саводи яхши бу йигитни мактабни битиргач муаллимликка қабул қилишди. Шеърий машқлари вилоят “Ленин йўли” газетасида кўрина бошлади. Туман ижодкорлари кутубхонада учрашиб, ёзганларимизни муҳокама қилардик. Ёш қаламкашларни шу ерда танидим.
Мен 1974 йили вилоят газетасида мухбир бўлиб ишлай бошладим. Кейинги йил муҳарриримиз Одилжон ака Обидов менга, “Бозорқўрғонда тилни яхши биладиган, шеър ва мақолалар ёзишга иқтидори бор йигит-қизлар бўлса хабар беринг, корректорликка қабул қиламиз”, деди. Ботиржон бу ҳақидаги хотираларида 2014 йилги отираларида шундай деб ёзади: “Мактабда икки йил ишлаб, армия хизматини ўтаб келганимдан кейин бир ойча уйда бўлдим. Қаерга ишга киришни билмай турсам, уйимизга Мўйдинжон ака кириб келди. Ҳарбий хизматда эканлигимда ҳам биз алоқани узмадик, у менга газетада босилаётган шеърларимни почта орқали жўнатиб турган.
– Сизни ишга таклиф этиб келдим, – деди у, – Хоҳласангиз, Ўшга бориб, корректор бўлиб ишлайсиз, муҳарриримиз Одилжон ака Обидов ишга таклиф қилмоқда.
Мўйдинжон ака бунинг қандай иш эканлигини тушунтирди: “Корректор босишга рухсат берилишидан олдин газетадаги хатоларни топиб, қўрғошиндан қилинган ҳарфларни бигиз билан санчиб ўнглаб чиқар экан”. Бу гапларни эшитиб турган дадам ҳайрон бўлиб: “Шу ердан Ўшдек узоқ ерга бигиз санчиш учун борадими?” – деди.
Мени ҳеч нарса тутиб туролмасди. Дадамнинг дуосини олиб эртасигаёқ қанот чиқариб Ўшга жўнадим. Совуқ тушгунча редакциянинг диванларида ётиб ишладим, тонгги соат бешда хоналарни ювиш учун келган фаррош аёлларнинг тарақ-туруқидан уйғониб кетганимда Оқбура томонга тушиб, боғдаги бўш ўриндиқларда бироз чўзилиб олардим. Уч ой қийналиб ишлаганимдан сўнг дурустгина ёза олишимни кўриб қишлоқ хўжалик бўлимига ўтказишди ва бир йилчадан сўнг муҳаррир Одилжон ака Обидов чақириб, ўзим яшаб турган томонларга мухбир қилиб жўнатди.
Агар ўшанда Мўйдинжон ака мени ишга чақириб келмаганида, тақдирим қандай кечган бўларди – буни айтолмайман. Шу ажойиб инсон сабаб бўлиб кўпчилик орзу қилиб юрган редакцияга ишга жойлашдим. Ўн олти йил Ўшда, йигирма уч йил “ Жалолобод тонги” газетасида ишлаб қўйибман. Журналистлик касбим туфайли ноним бутун бўлиб келяпти. Бунинг учун устозларимдан бири бўлган Мўйдинжон ака Абдумажидовдан беҳад миннатдорман”.
Ботиржон редакциянинг ёш ходими бўлишига қарамай, корректор бўлиб ишлагандаёқ ўқишли лавҳалари, долзарб мақолалари, шеърлари билан газетхонлар эътиборига тушади. Журналистлик касбини мукаммал эгаллаш ниятида ўз устида тинмай ишлади,тиришқоқлик кўрсатди, изланди. Тобора қалами чархланиб борди. Асосий ишидан ажралмаган ҳолда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини сиртан ўқиб тамомлади. Ўшда ўн олти йил ишлади, шу йиллар мобайнида чинакам журналистлик маҳоратини кўрсатди, вилоят ижтимоий-иқтисодий, маданий турмушида юз бераётган янгиликлар, илғор тажрибаларни мунтазам газета саҳифаларида ёритиб борди. Кўп ва хўп ёзишга ҳаракат қилди
1991 йил Жалолобод вилоят мақомини олиб, қайта тузилгач, вилоятда ўзбек тилида газета чиқариш ҳаракатига тушдик. Сафимизда энг ёш Ботиржонга муҳаррирлик вазифаси юкланди. Янги газета ташкил топишида Ботиржон елиб-югуриб ҳаракат қилди ва 1991 йилнинг 10 сентябрь куни “Жалолобод тонги” газетанинг биринчи сони ёруғ кўрди. Ботиржон бош муҳаррир бўлиб ишлаган 1991-2017 йиллар давомида газетанинг тиражи ошиб, ҳар ҳафта бетўхтов чиқиб турди. Мустақиллик йиллари моддий қийинчилик тортган не-не янги нашрлар оз фаолият кўрсатиб-кўрсатмай ёпилиб кетди. Ботиржоннинг саъй-ҳаракати билан ўз иморати йўқ, бир неча йил турли корхона ва ташкилотларнинг иморатларида кун кўриб юрган редакция ўзига бино сотиб олди.
Ботиржон ташаббускор раҳбар сифатида муштарийлар билан янада яқинроқ бўлиш учун меҳнат жамоалари ва муштарийларга газеталарни мухбирлар орқали етказиб бериш таклифини ўртага солган эди. Ташаббус маъқулланди. Газета чиққан куниёқ мухбирлар уни жой-жойларга етказиб турди. Бу тиражнинг ошишига ва газетанинг вақтида чиқишига ижобий таъсир кўрсатди. У бош муҳаррир бўлибгина қолмай, вилоят қалам аҳлига маслаҳат ва йўл-йўриқлар берар, чоп этилаётган қитобларга муҳаррирлик қилади. Масалан, менинг беш китобимга Ботиржон муҳаррир бўлди.
Меҳнатсеварлик, камтарлик, соддалик Ботиржонга ҳос хислат эди. Кибрланиш, манманлик ёт эди, ходимлар билан дўст сифатида муомала қиларди. Яхши фазилатлари умрининг мазмунини безади, таниш-билишлар ўртасида обрўсини оширди. Пенсияга чиққач, ижодий иш билан астойдил шуғуллана бошлади. Турли йўналишда: биттаси шеърлар, биттаси қўшиқлар, бештаси йўл очерклари, иккитаси тарихий очерклар тўплами, биттаси эса бундан юз йил олдин Бозорқўрғон қишлоғи бошига тушган оғир кунлар ҳақида қисса – жами 13 та китоби босилди. У “Қўшқулоқбойнинг масжиди”, “Қилкўприк”, “Жар ёқасидаги уй”номли китоблар устида иш олиб бораётган эди. Бири роман, иккитаси қисса бўладиган эди. Нашрга тайёр “Туркистондаги фуқаролар урушидан лавҳалар” китоби маблағ йўқлигидан чоп этилмай турибди.
Ботиржон адабий-бадиий нашрлар, дарсликларга муҳаррирлик қилди, қирғиз ва рус мумтоз шоирлари шеърларининг моҳир таржимони, турли долзарб мавзудаги публицистик мақолалари газетанинг ҳар сонида босиларди. Унинг республика журналистикасига қўшган ҳиссаси ҳар қанча эътироф ва мақтовга арзийди ҳамда муносиб баҳосини топди. Унинг 16 йил Ўш вилоят газетасида мухбир бўлиб ишлагани, салкам 26 йил Жалолобод вилоят газетасида муҳаррир бўлиб ишлагани ва мазмунли ижодий ишлари эътироф этилиб, Қирғизистон Олий Совети Президиумининг, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенешининг Фахрий Ёрлиқлари, “Манас-1000” юбилей медали билан тақдирланди, республика “Олтин қалам” танловининг ғолиби бўлди. “Маданият аълочиси”унвони берилди.
“Оддий оиланинг фарзандиман, – деб ёзган эди у хотираномасида. – Онам уй бекаси, дадам ишчи эди. Укам иккимиз онамни эслай олмаймиз. Бу дунёдан жуда эрта ўтиб кетганлиги учун мен дадамнинг, укам эса бувимнинг қўлида катта бўлганмиз. Болалигимиз қаҳатчилик ҳали кетмаган йилларга тўғри келиб, еб-ичишимиз, кийинишимиз яхши бўлмаган. Лекин гап бунда эмас. Йиғлаб-сиқтаб катта бўлдик, атрофимизда турмуши бизникидан кўра оғирроқ одамлар борлигини кўриб, қисматимизга шукур қилдик… Ўқишга кирганимда ҳам, раҳбарлик лавозимда ишлаганимда ҳам бировга бир сўм пора бермадим, бировдан бир сўм ҳам олганим йўқ. Ўтган умримга ачинмайман, матбуотда ярим аср фаолият юритдим. Ёққан чироқларим бошқаларнинг йўлини ёритиб туришидан умидворман”.
Ботиржон 1976 йили тиббий ҳамшира Маҳбубахон Аҳмаджонова билан турмуш қурди. Бу оилага ҳамма ҳавас қиларди. Уч фарзанднинг ғамхўр ва меҳрибон ота-онаси, кўплаб набираларнинг суюкли бобо-бувилари бўлишди. Фарзандлар, невара-чевараларнинг орзу-ҳавасини кўриш, кексалик гаштини суриш палласи келган эди. Афсус…
Ботиржон ҳаёт бўлганида бу йил етмиш ёшга тўлган бўларди.
Ўлим – ҳақ. Бу ҳақиқатни тан олмасликнинг иложи йўқ. Шундай бўлса-да, назаримда Ботиржон ўлмагандай, худди орамизда юргандай. Шу улуғ рамазон кунлари Аллоҳ унинг охиратини обод этсин. Шогирдимнинг хотираси асло ўчмайди. Ёрқин сиймоси ҳамкасблари, дўстлари, барча яқинлари қалб тўрида абадулабад яшайди.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ.
Бозорқўрғон.