Ўғирликча савдо: Николай пошшонинг тангалари Қирғизистонга етиб келмади
Тошкентда салкам миллиард сўмлик тарихий олтин тангаларнинг ноқонуний савдогарлари қўлга олинди.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона идораларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда икки ўғринча савдо қилувчилар қўлга олинди. ДХХнинг расмий телеграм каналида айтилишича, икки савдогар – Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 58 ёшли А.Х. 100 дона олтин тангаларни Андижон шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган Э.С.га 67 минг АҚШ долларига сотган вақтда, ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкентлик фуқаро А.Х.га тегишли автомашина текширилганда ундан қўшимча 37 дона олтин тангалар топилган.
Экспертиза хулосасига кўра, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган тангаларнинг умумий соф оғирлиги 776 граммни ташкил қилган. Улар чор Россияси даврида қўлланиб келган 5 ва 10 рубль ўлчамидаги олтин тангалар бўлиб, нумизматик ашёлар сифатида маданий бойликлар сирасига киради. Асллик даражаси (пробаси) 900 ва 916 бўлган мазкур қадимий тангалар 1897-1911 йиллар оралиғида босиб чиқарилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 950 млн. ўзбек сўмини (салкам 75 минг АҚШ доллари) ташкил этади.
Ҳам бадиий, ҳам тарихий аҳамиятга эга ҳисобланган бу тангалар қаердан ва қандай қилиб ушбу шахслар қўлига тушиб қолгани тергов давомида аниқланади.
Ҳозирча аниқланган маълумотга кўра, андижонлик фуқаро Э.С. халқ тилида “Николай тангалари” деб айтиладиган ушбу тарихий ва моддий бойликларни қўшни Қирғизистоннинг Андижонга чегарадош бўлган Ўш вилоятига олиб бориб, сотишни режалаштирган.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди