Ўзбекистон-Қозоғистон: Ҳар томонлама ўзаро алоқаларда тараққиёт даври бошланди

Марказий Осиёнинг бу икки йирик давлати анча йиллар носоғлом рақобат асири бўлиб келишаётган эди.

Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат-кенгашув учрашуви бўлиб ўтмоқда. Шу билан биргаликда бу ерда «Марказий Осиё + Япония» форматида мулоқот ўтказиш ҳам режалаштирилган эди, бироқ кеча Япония бош вазири Фумио Кисиданинг япон ороллари ҳудудида кучли зилзила хавфи сабабли Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафарини бекор қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга сафари икки давлат, ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги ва бирдамлигини акс эттирувчи рамзий тадбир билан бошланди. Юқори мартабали меҳмон Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев билан Астана шаҳрида Шарқнинг буюк шоири ва мутафаккири, турк (замонавий ўзбек) адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳайкалини расман, тантанали равишда очишда иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Тўқаевга мамлакат пойтахтида Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси учун самимий миннатдорлик билдирди. Қозоғистон пойтахти марказида бундай муҳташам ёдгорликнинг бунёд этилиши қардош қозоқ халқининг Ўзбекистонга, ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурматининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.

«Буюк файласуф ва инсонпарвар шоир Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат ўзбек халқига, балки бутун дунёга тегишли ноёб бойликдир», – деди Ўзбекистон президенти тадбирда сўзлаган нутқида.

Қозоғистонда ўзбек халқи маданиятига бўлган ҳурмат рамзи сифатида шуни қўшимча қилиш мумкини, 2020 йили марҳум қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоийнинг энг йирик асари бўлган «Хамса»ни қозоқ тилига таржима қилди. Ушбу нашрга сўзбошини шахсан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ёзгани диққатга сазовордир.

Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга 7 август куни бошланган давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида ўндан ортиқ битим, келишув ва дастурлар қабул қилингани маълум.

Ташриф давомида Қоғозистон раҳбари ҳамкасби Шавкат Мирзиёевга “Олтин қирон” (“Олтин бургут”) орденини топширди. Ушбу юксак давлат мукофоти Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшилган улкан ҳиссани эътироф этиб, кўзга кўринган йирик давлат арбобларига берилади.

Астанада Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё + Япония» форматидаги мулоқотда иштирок этиш ҳам режалаштирилган эди. Лекин Япония бош вазири Фумио Кисида япон ороллари ҳудудида кучли зилзила хавфи пайдо бўлгани туфайли бу тадбир кейинга қолдирилди. Япония ҳукумати раҳбари минтақага сафари давомида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга ташриф буюришни режалаштирган эди.

Илм, фан ва техника қанчалик ривожланган бўлмасин, ҳалигача дунёнинг ҳеч бир мамлакатида зилзилани олдиндан айтиб бериш усулини ўйлаб топилгани йўқ. Шунга қарамай олимлар вайроналиклар ва қурбонларнинг олдини олиш учун ана шундай офат юз бериши мумкин бўлган ҳудудлар ҳақида тахминларини айтиб келишади.

Сўнгги йилларда Япониянинг асосий ороли бўлган Хонсю оролининг жануби-шарқида жойлашган Нанкай ёриғида зилзила содир бўлиши мумкинлиги япониялик сейсмологларда катта хавотир уйғотиб келади. У ерда ҳар 100-200 йилда бир қарийб 8 балл даражасида кучли ер силкинишлари содир бўлиб туриши маълум.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг