Қасос онлари яқин: Эрон Исроилдан қаттиқ ўч олишини билдирди, ғарб кутмоқда

ҲАМАС сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания хиёнаткорона ўлдирилгандан кейин Яқин Шарқда вазият янада танглашди.

Эрон пойтахти Теҳронда 31 июль куни ҲАМАС ташкилотининг сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилгандан кейин Исроилнинг Фаластин ерларидаги босқинига қарши кураш янги босқичга ўтди. Ташкилотнинг ғоявий раҳбари, энг зукко, ўз мақсадидан четламаган ҳолда муросага боришни биладиган ва Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги музокараларда асосий ўрин тутган Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши нафақат бутун ислом оламида, балки Россия, Хитой каби бошқа давлатларда, юзаки кўринсада АҚШда ҳам катта норозиликка сабаб бўлди.

Ким биринчи бошлайди?

Бу сиёсий қотиллик айниқса Эрон учун жуда шармандали воқеа бўлди. Чунки ҲАМАСнинг 62 ёшли лидери Исмоил Хания Эронга янги сайланган президент Масуд Пезешкианнинг таклифи билан тахтга ўтириш (инаугурация) маросимига борган эди. Бу ҳол бир томондан Исроилнинг “қўли нақадар узунлигини” кўрсатса, иккинчи томондан Эроннинг ўз пойтахтида ҳам муҳим шахсларнинг, ҳатто ўз меҳмонларининг ҳаётини сақлаб қолишдан ожиз эканини кўрсатди.

Қотилликдан сўнг Эрондаги Жамкарон масжиди узра тезкор қасос рамзи бўлган қизил байроқ кўтарилган. Оятуллоҳ Али Хоманаий эса Эроннинг шаҳид кетган ҲАМАС лидери учун “қасос олишни ўз бурчи деб ҳисоблаши”ни билдирган.

Ҳаниянинг ўлимидан сўнг ҲАМАС раҳбарияти ташкилотнинг иши давом этишини, ҳатто ўз мақсадларига аввалгидан ҳам кўра кучлироқ шижоат билан интилишини маълум қилди. Албатта, ўз раҳбарининг ўлими учун қасос олишини ҳам баён қилди.

Эрон эса ҲАМАС ташкилоти билан алоқалари янада мустаҳкамланиши ҳамда Ҳания учун қасос жуда қаттиқ бўлиши ҳақида баёнот берди. Шундан сўнг Исроил, АҚШ ва қатор ғарб давлатлари таҳликага тушиб, ушбу ҳужумни қайтариш чораларини кўра бошладилар. Ҳаниянинг ўлимига жавоб тарзида Ливанда жойлашган ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Ҳизбуллоҳ ташкилоти Исроилни бир неча бор ўққа тутди. Ғарбда эса ҳатто Эроннинг Исроилга ҳужуми 5 авгутда бошланиши ҳақида тахминлар айтилди.

АҚШ ва бир қатор ғарб давлатлари ўз фуқароларини Ливандан чиқиб кетишга чақирмоқдалар. Чунки Исроил аввалроқ Ҳизбуллоҳга қарши уруш очиб, Ливанга ҳужум қилишини эълон қилган эди.

Хуллас, Яқин Шарқда вазият мисли кўрилмаган даражада мураккаблашиб, жуда таҳликали ҳолат юзага келди. Бунга қадар Туркия ўз қўшинларини Исроилга киритиши мумкинлигини айтганини ҳисобга олсак, минтақада бир қатор давлатлар иштирокида катта уруш бошланиб кетиши хавфи тобора кучайиб бормоқда. Гўёки гап уни ким бошлашида қолгандай…

Аслида 70 йилдан бери бери тинмаётган бу урушни Исроил ўзининг Фаластин ерларидаги босқинчилик урушлари билан бошлаб берган. Яъни, 1948 йилда Исроил давлати ташкил топгандан бери бу минтақада уруш тингани йўқ.

Қутлуғ қон

Исмоил Ҳания бунгача ўзи яшаб келган Қатарда катта ҳурмат билан дафн этилди. Бунгача унинг уч ўғли ва бир неча набиралари, умумий ҳисобда 60 нафарга атрофида яқин қариндошлари Ғазодаги уруш натижасида ҳалок бўлишган. Уларнинг ўлими ҳақида гапирар экан, Исмоил Ҳания, “Менинг ўғилларим ва қариндошларимнинг қони, Ғазода ҳалок бўлган бошқа мусулмонларнинг қонидан қимматлироқ эмас”, деган эди.

Ҳания “Ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида яқинларининг ўлими ҲАМАС раҳбариятини ўз режаларидан чекинишга, жумладан Исроил билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги музокараларга нисбатан ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қила олмаслигини билдирганди.

Юксак матонат намунасини кўрсатган сиёсатчи, бундай оғир йўқотишларга қарамай, Фаластинни озод қилиш борасидаги мақсадлари учун курашдан қайтмаслигини айтган. Исмоил Ҳания 2017 йилда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб тайинланганди.

Дафн маросимида ислом давлатларининг йирик раҳбарлари, жумладан Эроннинг янги сайланган президенти Пезешкиан ҳам қатнашди. Ҳаниянинг ўлими муносабати билан қатор ислом давлатлари мотамга юз тутди. Туркия ва Ливанда, бошқа давлатларда норозилик намойишлари ўтказилиб, марҳум ҳаққига дуолар қилинди.

Фаластин-Исроил урушида яҳудийлар давлатини ҳар томонлама қўллаб келаётган АҚШ минтақада катта уруш бошланиб кетишини олдини олиш учун Эронни ўч олиш ниятидан қайтишга чақирди. Лекин шу вақтнинг ўзида Исроилни тўла ҳимоя қилишини билдирди. Бунинг исботи сифатида Эрон чегаралари қаршисига ўзининг энг йирик кемасини олиб келиб қўйди. Бу улкан “сузувчи шаҳарда” ўнлаб ҳарбий самолёт ва бошқа ҳарбий техника, 7500 нафар ҳарбийлар бор. АҚШ раҳбарияти ўз фуқароларини нима қилиб бўлса ҳам Ливандан чиқиб кетишга чақирди. Демак, Исроилнинг асосий ҳомийси урушга ҳар томонлама тайёр турибди. Бугунги кунда Ливан ва Исроилга ҳаво қатновлари жуда чекланган, борларига эса чипталар сотилиб бўлган.

Қирғизистон ҳам ўз фуқароларини Исроил ҳамда Ливанга бормай туришга чақирди.

Иштони йиртиқнинг…

АҚШнинг New York Times нашри гўёки эронлик жиддий манбалардан олинган маълумот деб атаган хабарига қараганда, Исмоил Ҳаниянинг ўлимидан сўнг Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий Исроилга тўғридан-тўғри зарба беришга буйруқ берган. Нашр бу буйруқнинг Ҳания ўлими ҳақида маълумот пайдо бўлгандан кейиноқ, 31 июль куни давлат Миллий хавфсизлик олий кенгашининг фавқулодда мажлиси чоғида берилганини айтади.

Ҳозирча бу жавоб ҳужумининг қандай кўринишда ва қанчалик кўламда бўлиши ҳақида маълумот йўқ. Ғарбда ва Исроилнинг ўзида бунинг турли вариантлари тарозига солиниб кўрилмоқда. Улардан бирига кўра, Эрон, Яман, Сурия ва Ироқ каби иттифоқчи давлатлар биргаликда, мувофиқлаштирилган ҳужум қилиши эҳтимоли ҳам бор.

Шунингдек, Хоманаий ўз ҳарбийларига Исроил ва АҚШ томонидан Эронга жавоб зарбаси берилган тақдирда мамлакатни мудофаа қилиш ва қарши ҳужум қилиш режаларини ҳам ишлаб чиқишни топширган.

Бу гапларнинг нақадар чин экани ноъмалум. Нима бўлганда ҳам ғарб давлатларининг юриш-туриши “иштони йиртиқнинг ҳадиги чўпдан”, деган гапларга мос. Яъни, қилғиликни қилиб қўйиб, энди саросимага тушиб ўтиришибди. Агар улар, биринчи галда АҚШ Исроилни бу қадар қўллаб-қувватлашмаганида яҳудийлар давлати сал ўзини босиброқ ҳаракат қилган бўларди.

Шу вақтнинг ўзида тўққиз ойдан бери Исроилнинг дунёда энг қудратли деб тан олинган армиясига қарши мардонавор туриб келаётган ҲАМАСнинг ўзида ҳам қасос олиш режалари тузилгани шубҳасиз.

“Биродаримиз Ҳаниянинг исроиллик босқинчилар томонидан ўлдирилиши ҲАМАС иродасини синдиришга қаратилган жиддий ҳаракат бўлиб ҳисобланади”, деди қотилликдан сўнг ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Абу Зуҳрий. У ўзининг Reuters агентлигига берган интервьюсида ҲАМАС ўз йўлидан қайтмаслигини таъкидлаб, “Биз ғалаба қилишимизга аминмиз”, деган.

Исмоил Ҳаниянинг ўлимидан бир кун аввал Исроил Ливан пойтахти Байрут шаҳрига ҳам зарба берган. Бу ҳужум натижасида Ҳизбуллоҳ ташкилотининг юқори мартабали зобитларидан бири Фуад Шукр (Ҳожи Муҳсин) ўлдирилган. Ҳизбуллоҳ ва бу қотиллик учун Исроилга муносиб жавоб берилажагини билдирган.

Хуллас, минтақа катта уруш жари ёқасига келиб қолди. Бу уруш катта вайроналиклар ва минглаб, ҳатто миллионлаб одамларнинг ўлимига олиб келиши мумкин. Афтидан шундай бўлишини истаётган давлатлар ана шу уруш алангасини ёқиш учун барча ишни қилмоқдалар. Бу урушдан манфаатдор томонлар сифатида Россия АҚШ ва Исроилни айтиб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг