Қирғизистонда электр тақчиллиги бартараф қилинмоқда. Иккита кичик ГЭС ишга тушди

Бу Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси томонидан берилган сармоялар туфайли мумкин бўлди.

Сўнгги йилларда мамлакатда электр танқислиги юзага келиб, куз-қиш мавсумида аҳолига ёруғлик етказиб беришда бир қанча муаммолар келиб чиқаётган эди. Қиш келиши билан электр тармоғида кучланишнинг озайиши, иситиш тизимларининг кучсизланиши, электр қувватининг вақти-вақти билан ўчирилиши халқнинг норозиликларига сабаб бўлаётган эди. Бунга эса республикани электр энергияси билан таъминлаб берадиган энг катта ГЭС бўлган Тўқтўғул электр станциясидаги сув танқислиги ҳамда тармоқдаги ускуналарнинг эскиргани, бундан ташқари аҳоли сонининг йилдан-йилга кўпайиб бориши сабаб бўлмоқда.

Муаммони ҳал қилиш мақсадида кичик ГЭСлар қурилмоқда. 22-июл куни давлат раҳбари Садир Жапаров Жалолобод вилоятига амалий ташрифи доирасида “Кўк-Арт” ҳамда “Қайнама” кичик гидроэлектр станцияларини очилишида иштирок этди.

Давлат раҳбари йиғилганларни “Кўк-Арт” кичик гидроэлектр станциясининг фойдаланишга топширилиши билан табриклар экан, мазкур иншоотнинг ҳудуд ривожига хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, ушбу ГЭСнинг қисқа муддатда қуриб битказилишига Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси катта ҳисса қўшганини айтди.

ГЭС қурилишига жалб қилинган жами сармоя 7,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу маблағнинг ярми Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг, қолган ярми эса маҳаллий ишбилармоннинг ҳиссаси бўлди.

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида жойлашган “Кўк-Арт” кичик гидроэлектр станцияси қурилиши 2023-йил август ойида бошланган эди. ГЭСнинг қуввати 6,8 МВт. Йилига қарийб 25 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Президент Садир Жапаров ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг Сузоқ туманидаги 10 мингдан ортиқ аҳоли эҳтиёжини қондиришга етишини эътироф этди.

Бундан ташқари президент Тўқтўғул туманида ҳам яна бир кичик гидроэлектр станциясини ишга туширди. “Қайнама” кичик ГЭСи қурилиши 2023-йилнинг ноябр ойида бошланган. 2024-йилда ўрнатилган қуввати 9,6 мегаватт бўлган иккита гидроагрегатга эга ГЭС қурилиши ҳам якунланди.

Давлат раҳбари йиғилганларни ГЭСнинг очилиши билан табриклар экан, ушбу тадбир мамлакатимиз энергетика соҳасидаги ютуқ сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

“Узоқ вақтдан бери халқ хўжалигининг асосий муаммоларидан бири бўлиб келган энергетика масаласи эндиликда янги энергетика иншоотларининг ишга туширилиши туфайли ўз ечимини топмоқда”, – деди Садир Жапаров.

Садир Жапаров мамлакатда энергетика масалаларини ҳал этишнинг устувор йўналиши катта ва кичик гидроэлектр станцияларини қуриш эканини таъкидлади. Президент ишбилармонлар ва инвесторларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга, бу борадаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди.

Давлат раҳбари ГЭСлар каскадини қуриш учун 9 миллион 307 минг доллар миқдорида инвестиция маблағлари ажратилиши ҳақида гапирди. Бу суммага Raiffeisen-Landesbank Steiermark ва Қирғизистон-Россия тараққиёт жамғармаси депозитлари киради. “Қайнама” кичик гидроэлектр станцияси Тўқтўғул туманидаги энг йирик солиқ тўловчилардан бирига айланиб, вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.

Президент ГЭС йилига 39,2 миллион киловатт-соат энергия ишлаб чиқаришини таъкидлади. Бу энергия Уч-Терак қишлоқ ҳукумати ва Қоракўл шаҳри аҳолисининг бир қисми эҳтиёжларини қондиришга сарфланади. У мамлакатда “Қайнама” каби кўплаб гидроэлектр станцияларни қуриш имконияти мавжудлигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Орто-Тўқўй ва Попон сув омборларида ҳам шундай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланган.

Давлат раҳбари бугун кунда кичик бу иншоотларнинг очилиши янги ГЭСлар қурилишининг бошланиши, деб ишонтирди. Қарийб тўрт йилдан буён коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш олиб борилаётгани, бу мамлакатда тартиб ўрнатиш ва лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш имконини беришини таъкидлади.

Президент жамият кўмагида умумий саъй-ҳаракатлар туфайли давлат бошқаруви тизими тикланаётгани давлат даромадини сезиларли даражада ошириш, иқтисодий ўсишга эришиш имконини берганини таъкидлади.

Садир Жапаров “Бала-Саруу” ГЭСи, “Иссиқ-Ота” кичик гидроэлектр станцияси каби ГЭСлар ишга туширилганини ҳам айтди. Шунингдек, яқин орада йирик “Тўқтўғул” ГЭСининг иккинчи агрегати ва “Уч-Қўрғўн” ГЭСининг тўртинчи агрегати ишга туширилиши режалаштирилган. “Исфайрам-1”, “Белес”, “Авлетим”, “Лайлак”, “Курак-Тектир”, “Адин-Ункур”, “Буйга”, “Кожо-Каир”, “Қора-Жигач”, “Ленинпол” ва “Аманат” ГЭСлари ҳам ишга тушиш арафасида. Ушбу ГЭСларнинг умумий қуввати тахминан 140 мегаваттни ташкил қилади.

Президент Садир Жапаров “Қамбар-Ота-1” ГЭСи қурилиши ҳақида ҳам тўхталиб, бунинг учун инвесторлар топилгани, сув ресурсларини тўғри ва тежамкорлик билан экспорт қилиш яқин келажакда мамлакатда ишлаб чиқарилган электр энергиясини йўлга қўйилишини таъкидлади.

Давлат раҳбари дарёлар бошида туриб, мамлакатда электр энергияси тақчиллиги муаммоси тизимли равишда юзага келаётганини алоҳида таъкидлади. Сўнгги икки йилда эса гидроэнергетика лойиҳаларини амалга ошириш туфайли вазият яхшиланиб, бу соҳада муҳим қадамлар қўйилди.

Президент ўз нутқи сўнггида мазкур лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси учун барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди ва ҳукумат бундай ГЭСларни қуриш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади. Садир Жапаров гидроэлектр станциясини кўздан кечиргач, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Маҳаллий аҳоли юртбошининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдириб, кўзлаган мақсадларига эришишда муваффақиятлар тилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг