Адабиётшунослар анжумани: «…Олтин қозиқни деворга қоққанмиз, қалбимизга эмас»

Қирғизистон-Ўзбекистон ижодкорлари комил инсон тарбиясида мумтоз адабиётнинг ўрни ҳақида баҳслашишди.

Ривоят қиладиларки, бир киши дунё ҳақида ва унинг зарари тўғрисида кўп гапирди. Мол-дунёга ҳирс қўймаслик мўминнинг сифати эканлигини айтди. Бир тингловчи унга жавобан молу-дунёга ҳавасманд бўлмаслик лозимлигини айтгани баробарида нотиқнинг амали бунинг акси эканлигини, яъни унинг оғилхонасидаги деворга қоқилган қозиқнинг олтиндан ясалганини иддао қилди. Шунда у киши: “Биз олтин қозиқни деворга, яъниким лойга қоқдик, илло қалбимизга эмас”, – деб жавоб берди.

Шу каби каби ривоятлар ва ғазал шарҳлари билан Ўшда бўлиб ўтган халқаро анжуманда мумтоз адабиёт мутахассисларидан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов сўзлади.

Ўш шаҳридаги Қирғиз-Ўзбек университетининг мажлислар залида «Комил инсон тарбиясида мумтоз адабиётимизнинг ўрни» мавзусида халқаро илмий-маърифий конференция бўлиб ўтди. Республика миллий-маданий марказининг жанубий ҳудуди ташаббуси билан икки давлат адабиётсеварлари учрашишди. Ташкилотчилардан Қирғиз-ўзбек университети ва Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти раҳбарияти қўллаб-қувватлаган мазкур конференцияга Ўзбекистон элчихонаси вакили, Ўш шаҳридаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари, «Илҳом» ижодий клуби ижодкорлари ва талаба ёшлар қатнашдилар.

Тадбирда сўзга чиққан меҳмонлар мавзуга алоқадор мумтоз адабиётнинг мавқеи ва унинг ёш авлод тарбиясига таъсири ҳақида айтиб ўтдилар. Ўзбекистондан келган тўрт меҳмон ўзлари асли бухоролик бўлиб, бу уларнинг Ўшга илк ташрифи эканлигини таъкидладилар. Ўшнинг Бобур мирзо таърифлаганидек “сўлим ҳавоси, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган Буратоғи” ва шоир Шавкат Раҳмон армонига айланган “Бегим Ўшим, Султон Ўшим”, деган жумлаларининг маъносини шу ерда тушунганларини айтдилар. Бир мўъжаз шаҳарнинг файзи ўзгача, одамлари самимий ва меҳмондўст эканлигидан мамнунлигини билдиришди.

Ўшлик адабиётшунос, педагогика фанлари номзоди, доцент Равшанбек Турсунов анжуман қатнашчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, бундай тадбирлар икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтди.

Шаҳар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг услубий бирлашмаси раисаси, тадбир ташкилотчиларидан бири Илтифотхон Отахонова тасаввуф адабиётидан баҳра олган ҳар бир ўқувчи қалбида албатта яхшилик уруғининг униб чиқишини таъкидлади.

Ўш шаҳар 46-мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Муҳайёхон Ҳолмурзаева Навоийни англаш ва уни ёш авлодга уқдириш бугунги адабиёт ўқитувчилари олдидаги улкан масъулият эканлигини англадим, деди.

Ғазалнавис шоир, “Илҳом” адабий клубининг 40 йилдан бери аъзоси Қосимжон Раҳмиев ҳам тадбирдан кўнгли тўлганлигини, бу ерда у кутган, соғинган сўзлар, фикрлар янграганини эътироф этди.

Тадбир ташкилотчиларидан бири, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида ўтган йили диссертация ёқлаб келган филология фанлари бўйича фалсафа доктори Барно Исоқованинг айтишича, бугунги тадбир бир дебоча, холос. Келгусида қатор шу каби учрашувлар режалаштирилган.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар университетнинг “Манас” ва “Ўзбек маданий маркази” хоналарини томоша қилдилар. Сўнг академик Муҳаммаджон Мамасаидов бошчилигидаги Дарсликлар тайёрлаш марказига ташриф буюрдилар. У ерда филология фанлари номзоди, доцент Саидакбар Махсумхонов меҳмонларга бу ерда тайёрланаётган ўзбек тилидаги дарсликлар ҳақида маълумот берди.

Икки давлат адабиёт муҳибларининг учрашуви жуда кўнгилли кўнгилли ўтди.

Тошкентдан тадбирда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида фаолият юритаётган, Мақсуд Асадов раҳбарлигидаги олимлар гуруҳи: филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зулайҳо Раҳмонова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Элнура Қурбонова, ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Раҳмоновалар иштирок этишди.

Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг