Эдиль Байсалов: Азимжон Асқаров қонли воқеалар қурбони бўлди…

Олий лавозимли амалдор ҳуқуқбоннинг қотилликка алоқадорлиги бўйича бирорта факт йўқлигини айтди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдиль Байсалов бу ҳақдаги фикрларини Франциянинг RFI радиоси билан бўлган суҳбатда баён қилди. Байсаловнинг бу очиқ мулоқоти унинг Францияга ташрифи чоғида, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича ўтказилган тадбирлар вақтида бўлиб ўтди.

Ёшлигида фаол ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида танилган Эдиль Байсалов собиқ ҳуқуқбонлар бўлмаслигини эътироф этаркан, ҳамон инсон ҳуқуқлари ғояларига содиқ қолаётганини таъкидлади. Ташрифи давомида у Франция президенти Эммануэль Макрон, Ташқи ишлар вазири Катрин Колонна, Адлия вазири Эрик Дюпон-Мореттилар билан ҳам учрашиб, инсон ҳуқуқлари борасида фикр алмашди.

Журналистнинг қирғизистонлик марҳум журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Байсалов Азимжон Асқаровнинг иши Қирғизистон учун “шубҳасиз оғриқли масала бўлиб қолаётганини” тан олди. У ҳуқуқ ҳимоячилари, Асқаровнинг оиласи аъзолари билан мулоқотда экани эътироф қилди.

“Мен Асқаров ишининг баёни унга қўйилган қандайдир йўл билан қанақадир қотилликларда иштирок этгани ҳақидаги айбловларга тўғри келмаслиги ҳақида бир неча бор айтганман. Бунга умуман ишониб бўлмайди ва унинг ишида бунга (унинг айбдорлигига. – таҳр.) далолат қилувчи бирорта факт йўқ”, – деди Эдиль Байсалов.

Бош вазир ўринбосари Асқаровнинг ўша қонли воқеалар қурбони бўлганини билдирди.

“Бу катта кулфат, у жуда катта баҳони тўлади ва биз уни қутқариб қола олмадик”, – деди Байсалов. – Ишонаманки, вақти келиб тарихчилар ва терговчилар адолатни ва унга қўйилган айбловлар бўйича ҳақиқий манзарани тиклайдилар”.

Бу борадаги фикрларини амалдор Асқаровнинг иши Қирғизистон давлати обрўсига тушган қора доғ бўлиб қолаверишини истамаслигини маълум қилиш билан тамомлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров 2010 йили Қирғизистон жанубида рўй берган қонли тўқнашувлардан кейин оммавий тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимини ўлдиришда иштирок этишда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ унинг ўзи ва адвокатлари бу айбловларнинг бўҳтондан иборат экани ва қонуний йўл билан исботланмаганини айтиб келишади.

Ўн йиллик қамоқдан сўнг, 2020 йилнинг 25 июлида Азимжон Асқаров Бишкекдаги 47 колонияда вафот этган. Ўлим сабаби сифатида расман ўпканинг икки томонлама яллиғланиши (пневмония) ва нафас олишнинг етишмаслиги кўрсатилган. Лекин унинг яқинлари, ҳамкасблари ва адвокатлари бу ўлимга 69 ёшли маҳбусга вақтида ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабаб бўлганини айтиб келишади.

Ўзининг васиятига кўра Асқаров Ўзбекистонда, фарзандлари истиқомат қилаётган Тошкент вилоятига дафн этилган.

Ўзининг кенг интервьюсида Эдил Байсалов мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши ҳақидаги турли саволларга жавоб берган. Жумладан, у Қирғизистонда кенг тарқалган аёллар ва болаларга қарши зўравонлик муаммосига оид саволга жавоб берар экан, давлат раҳбариятининг бу борада қаттиқ кураш олиб бораётганини айтди.

Шу билан бирга амалдор ушбу муаммо бўйича аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари онгида ҳам тубдан ўзгариш юз бергани, бугунги кунда бу муаммога қарши кайфиятлар кучайганини эътироф этди.

Яна бир катта муаммо – қиз ўғирлаш ва мажбурий равишда никоҳга олганлик учун жазо кучайтирилганини ҳам қўшимча қилди. Аммо тажриба кўрсатиб турганидек, бу жиноят учун, худди аёллар ва болаларга қарши зўравонлик, жумладан жинсий зўрлик учун бўлгани каби жиноий жавобга тортилганлар оз. Одатда бундай ишлар “томонларнинг ярашиб олиши” ёки судларнинг юмшоқ, адолатсиз ҳукмлари билан билан ниҳоя топиб келмоқда.

Байсаловнинг фикрича, зўравонлик муаммоси минтақадаги бошқа давлатларда ҳам бирдай долзарб, фақат Қирғизистонда бу ҳақда очиқ гапирилаётгани учун айнан шу ерда аҳвол ҳаммадан кўра оғирроқдек туюлмоқда.

Эдиль Байсалов коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши Қирғизистонда олиб борилаётган кураш ва бунинг натижасида эришилаётган иқтисодий ютуқлар ҳақида ҳам айтиб, мамлакат тез орада инсон ҳуқуқлари муҳофаза қилинадиган, иқтисодий томондан кучли давлатлар қаторига киришига ишонч билдирган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг