Хавотирли байрам: Бугун Қирғизистонда миллий байрам – матбуот куни нишонланди

Сана муносабати билан журналистлар расмийларга мурожаат қилиб, сўз эркинлигини бўғмасликка чақирдилар.

Қирғизистонда 7 ноябр расман Ахборот ва матбуот куни сифатида байрам қилинади. Айнан шу куни 1924 йили Тошкентда биринчи бор қирғиз тилидаги “Эркин Тўў” газетасининг биринчи сони чоп этилган. Келаси йили эндиликда “Қирғиз Туусу” номи билан чиқаётган бу газета ўзининг 100 йиллигини нишонлайди.

Бу кун муносабати билан Қирғизистон медиа жамоатчилиги республика раҳбариятига мурожаат йўллаб, қирғиз журналистикасида сўз эркинлиги ва эркин фикр билдириш ҳуқуқи бўғилаётганига норозилик билдирди.

Баёнотда, “эркин ОАВ, мустақил журналистлар ва блогерларга ҳокимият ва махсус яратилган троллар фабрикалари мисли кўрилмаган тарзда босим қилмоқда” экани эътироф этилади. Муаллифларнинг айтишича, босимнинг энг ҳунук усулларидан бири – журналистларнинг шахсий ҳаётларига аралашиш бўлмоқда.

“Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда қонунчиликка зид равишда шахсий видеолар, оилавий суҳбатлар, интим суратлар ва қонун билан қўриқланадиган бошқа шахсий маълумотлар тарқатилмоқда, дейилади ҳужжатда.

Бунга мисол сифатида “Kloop” нашри журналисти ва “Temirov Live” канали ходимаси билан яқинда юз берган воқеалар эсга олинади. Бу икки нашрга кўпдан бери босим ўтказиб келинади. “Temirov Live” асосчиси, Қирғизистон ва Россия паспортига эга бўлган журналист Болот Темиров суд билан Россияга бадарға қилинган.

“Конституция ҳар кимнинг шахсий дахлсизлигини кафолатлайди. Ҳукуматга керак бўлганда, арзимаган сабаб билан ОАВ фаолияти тақиқланади, ўзгача фикрга эга бўлган фуқаронинг кимлиги тезда аниқланади, бироқ журналист ва блогерларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг тарқалишига чек қўйиш учун ҳеч нарса қилинмайди”, дейилади мурожаатда.

Қирғизистон журналистлари парламентда кўриб чиқилаётган «ОАВ тўғрисида»ги ва «ННТлар тўғрисида»ги қонун лойиҳалари мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг бутунлай йўқ қилинишига олиб келишидан ҳавотирда эканини айтишмоқда.

Бундан ташқари Ахборот ва матбуот куни муносабати билан мамлакатдаги мустақил ОАВлар “Куч эркинликда” онлайн акциясини бошлашди.

Бир пайтлар “Демократия оролчаси” сифатида донг таратган Қирғизистоннинг сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтинглардаги мавқеи тобора пасайиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда Қирғизистон Freedom House ташкилотининг “Дунёда эркинлик” ҳисоботида мамлакат учинчи марта “эркин бўлмаган” давлатлар қаторидан жой олди. Бунгача мамлакат ушбу рейтингда “қисман эркин” давлатлар қаторида юрар эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг