Кар ва кўр: Дунё мамлакатлари исроилдан Ғазодаги ҳарбий амалиётни тўхтатишни талаб қилди

Жаҳон ҳамжамиятининг қаршилигига қарамай, исроил қўшинлари болаларни ўлдиришда давом этмоқда.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси кеча, 28 октябр куни ўтказилган йиғилишида Исроилдан Ғазодаги уруш ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишни талаб қилиб, тинчлик битимини тузиш ҳақида резолюция қабул қилди. Ҳужжатни БМТга аъзо бўлган 120 давлат қўллаб-қувватлади.

ҲАМАС – террорчи ташкилот эмас

Марказий осиё давлатларининг барчаси бу резолюцмияни қўллаб овоз берди, фақат номаълум сабабларга кўра Тукманистон овоз беришда иштирок этмаган. Шуниси эътиборга лойиқки, даставвал Бош ассамблеяда киритилиши тартибига кўра ҲАМАС (Ислом қаршилик кўрсатиш ҳаракати) ташкилотининг “террорчилик фаолиятини қоралашга” қаратилган ҳужжат овозга қўйилди ва у рад этилди. Бу резолюция лойиҳасини Канада таклиф қилиб, уни АҚШ, Исроил, Европа Иттифоқи давлатлари қўлладилар. Россия, Хитой ва аксарияти мусулмон давлатлари қарши чиқдилар.

Бош ассамблея Урдун (Иордания) таклиф қилган жанжални тугатиш ҳақидаги лойиҳани ҳам қўллаб-қувватлади.

Урушни тўхтатиш ҳақидаги резолюцияга АҚШ ва у раҳнамолик қилаётган давлатлар гуруҳи – Исроил, Австрия, Чехия, Хорватия, Венгрия ва бошқалар қарши чиқишди. Ҳиндистон, Австралия, Канада, Германия, Италия ва ҳаттоки худди фаластинликлар каби босқин ва вайроналикни бошидан кечираётган Украина бетараф қолишни маъқул кўришди.

Бир қатор давлатлар (14) овоз беришда иштирок этишмади. Бундай лоқайдлик йўлини тутганлар орасида юқорида айтилганидек, Туркманистон ҳам бор. Қолганлари худди туркманлар каби жаҳон ҳамжамиятида сезиларли ўринга эга бўлмаган Бенин, Либерия, Буркина Фасо каби давлатлардир.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 7 октябрдан бугунги кунгача бу ҳудудда 8 мингдан ортиқ одам Исроил бомбалари ва бошқа ўқлари қурбони бўлди. БМТ тегишли бўлинмалари қурбон бўлганларнинг 40 фоизи ёш болалар эканини тасдиқлади.

Исроил хавфли деб бомбалаган объектларнинг бири касалхона бўлиб, ракета тушиши оқибатида бирданига 800 нафар одам ҳалок бўлган. Улар орасида уйлари вайрон бўлиб, борадиган жойи йўқ қолган қочқинлар ҳам бўлган.

Жаҳон уйғонмоқда

Исроил ҳукумати Ғазода ҳарбий амалиётлар бошлагач, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан Қирғизистонда ҳам бу қирғинбарот урушни тўхтатиш талаби билан норозилик намойишлари ўтказила бошлади.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида миллиондан ортиқ одам иштирокида ўтган катта митингда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этиб, 40 дақиқа нутқ сўзлади. У ўз нутқида бу урушни қоралаб, ушбу террорчилик ҳаракатларида, тинч аҳолини қирғин қилиш ва тинч аҳоли уйлари ва ижтимоий объектларни вайрон қилишда нафақат исроил, балки унинг ғарбдаги раҳнамоларини ҳам айблади.

Эрдўғон исроилга бу ҳудудга қандай келгани, қандай кириб олганини эслатди.

“Эй, исроил, сен бу ерга қандай келгансан? Бу ҳудудга қандай кириб олдинг? Сен босқинчисан? Сен [давлат эмас] ташкилотсан. Турк халқи буни яхши билади”, – деди у иштирокчиларнинг олқишлари қўлловида.

Шунингдек у агар ғарб яна икки дин вакиллари урушини бошлашни ният қилаётган бўлса, турк халқи бунга тайёр эканига ҳам ишора қилди. Яқин кунларда Туркиянинг исроилни террорчи давлат деб эълон қилишини маълум қилди.

Жаҳон яна икки қудратли мусулмон давлати – агар исроил аскарлари Ғазога кирса, бу ишга аралашишга ваъда берган Эрон ва шу пайтгача сукут сақлаб келаётган, ядро қуролига эга бўлган Покистон ҳамон жим.

Афсуски, БМТ резолюцияси ва жаҳон оммасининг қаршилик намойишларига қарамай, исроил Ғазодаги қирғинни давом этдирмоқда. Ҳаттоки Ғазода халқаро ташкилотларнинг ходимлари учун интернет алоқасини тиклашни ваъда қилган Илон Маскга ҳам таҳдид қилди.

Бугунги кунда 2,5 миллион фаластинлик яшаётган Ғазо ҳудудида на электр қуввати, на сув, на газ ва на бошқа хизматлар бор. Ярадорлар касалхоналарга сиғмаяпти. Иноснийлик ёрдами сифатида келтрилган озиқ-овқат ва дори-дармонни етказиб берувчи йўлларни исроил ва Миср тўсиб қўйишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг