ҚАДРИЯТ 

 1 ОКТЯБРЬ – МУАЛЛИМ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ

ЁШЛИКНИ ЭСЛАБ…

Ёшлик йилларимни кўп эслайман, умримнинг навқирон фаслида бошдан кечган кунлар кино лентасидай кўз олдимдан ўтади, уни қоғозга туширсам, каттагина китоб бўлади. Сиз азизлар билан эса, китобга айланадиган у дамларнинг айрим саҳифалари ҳақида сўз юритмоқчиман.

Ўтган асрнинг 60-йиллари Қирғизистоннинг чекка қишлоғидаги кенг адирликларда, ўша йиллари Қорасув дарёсидан оқиб келувчи Сталинариқ, кейинчалик “Хонариқ” канали бўйида, Ўзбекистон билан чегарадош Қирғизистоннинг Чек қишлоғида ўтди. Олтимиш бир йил муқаддам биринчи синфга қабул қилинганман. Ўша йиллари биз қўшни Пахтаобод туманига қарашли Усмонали Каримов номли мактабга ҳамқишлоқ дугоналарим билан қатнаб ўқий бошладим. Қишнинг изғирин кунлари ҳам синфдошлар билан беш-олти чақирим йўлни пиёда босиб ўқиб келардик. Юзлари нурли, сўзлари мулойим, ота-онамиздек меҳрибон ўқитувчиларимиз хузурига тезроқ боришга, улар билан кўпроқ бирга бўлишга интилардик. Оллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин. Устоз сўзи нақадар улуғки, орадан шунча йиллар ўтса ҳам уларни соғиниб эслаймиз.

Меҳр нури ёғар доим юзингиздан устозлар,

Юрсам дейман шу табаррук изингиздан устозлар.

Шоирнинг ушбу шеъри ва Санобар Раҳмонова ижросидаги қўшиқ мени ҳам устозлар изидан боришга даъват этди ва 1976 йили Андижон педагогика институтига етаклаб борди. Устозларимдай муаллим бўлишга аҳд қилиб, астойдил ўқий бошладим. Институтдаги устозларимиздан жалолободлик Рўзиматов деган домлани кўп эслайман. Очиқ юзли, самимий ва камтар бу инсон мени кўрганда табассум билан қараб “Қандай, ҳамқишлоқ?” дея саломлашарди. Раҳимова деган муаллима опа ўз фанидан чуқур таълим бериб, топшириқларини текшириб турарди. Институтда ўзбекистонлик талабалар билан бир қаторда Қирғизистоннинг Бозорқўрғон, Сузоқ туманларидан, Жалолобод шаҳридан келган юртдошларимиз ҳам ўқишган. Курсдош дўст ва дугоналарим ҳамон ёдимда. Ёшлик йилларимиз орттирган дўстларимиз қалбимиз тубида, дунёдан ўтганларининг охирати обод бўлсин.

Икки давлат раҳбарларига раҳмат, жуда миннатдормиз. Чегараларимиз очилиб, дўстлик ришталар қайта тикланмоқда. Аммо ёш ўтган сари узоқроқда яшаган қариндош ва қадрдон синфдош ҳамда курсдошларни зиёрат қилиш бироз қийин кечмоқда. Шундоқ, Чек қишлоғимизга яқин Хонариқдаги Сайдиқум чегара пости мустақилликнинг дастлабки йиллари очиқ эди. Бирон йигирма йилдан бери ёпиқ, хануз очилгани йўқ. Ўзбекистонда яшаган синфдошларни, курсдошларни, қариндошларни зиёрат қилгани узоқроқ йўллар билан боришга тўғри келмоқда.

Устозлардан олган билимни амалда синаб, ўзим яшаган Чек қишлоғидаги ўрта мактабда қирқ йил муаллим бўлиб ишладим. Ўқувчиларим турли касб ва ҳунар эгалари бўлиб, ҳаётдан муносиб ўринларини топишди. Шогирдларим кўрганда таъзим қилиб салом беришади, тўйларига, турли тадбирларга таклиф этишади. Муаллим бўлганимдан, ёш авлод таълим- тарбиясига муносиб ҳисса қўшганимдан фахрланаман шукроналар айтаман.

Мустақил республикамизда таълим-тарбия соҳасида катта ўзгаришлар юз бермоқда, ислоҳотлар амалга ошмоқда. Ёш авлоднинг чуқур ва мустаҳкам билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Давр талабига жавоб берадиган, илғор техника воситалари билан жиҳозланган мактаблар, илм-фан кошоналари қурилмоқда. Биз ишлаган иттифоқ даврида мактабимизда ошхона бўлмаган, синфларга кичкина печка қурилиб, кўмир ёқилган, кўргазма қуроллар етишмасди. Ҳозир мактабларимиз буғ билан иситилади, ёзги ва қишки спорт майдони ва заллари бор, Компьютер синфларда шуғулланиб, янгиликлардан бохабар бўлиш мумкин. Мактаблардаги бугунги шарт-шароитларни, ўқитувчиларга яратилган қулайликларни кўриб яна ёшлигимга қайтсам, яна муаллим бўлиб ишласам эди, деб ўйлаб қоламан. Давлатимиз раҳбари муаллимлар маошини оширмоқда, ўқувчиларга мустаҳкам таълим-тарбия беринг, деб муаллимларга шароит яратмоқда.

Иттифоқ даврида 30 нафар 5 синф ўқувчиларини юртимиз табиати, ёдорликлари, саноат ва деҳқончиликдаги ютуқлари билан таништириш ниятида экскурсия ташкил этганимиз хотирамдан чиқмайди. Дастлаб Хонобод шаҳридаги Кампиробод тўғонига бориб, тўғон маъмурияти рухсати билан шу ердаги ГЭСнинг ишлаш ҳолати билан болалар кенг танишди, Сўнгра Ўш шаҳрига бориб Сулаймон тоғига чиқдик, энг баланд жойидаги Оқ уйни кўрдик. Айни биз саёҳат қилаётганда Тошкентдан кинорежиссёрлар келиб Бобур ҳақида кино олаётган экан. Улар билан ҳам танишиб, кенг маълумот олдик. Иттифоқ даврида ишлаб турган Ўшдаги ип-газлама комбинатида тўқувчиларнинг иш жараёнини қизиқиб кўрдик. Андижон шаҳрида болалар боғида ўқувчиларимиз дам олишди ва сўнгра Оламушук қишлоғида нефтни ер остидан қазиб олиш жараёнини қизиқиб кўрдик. Ўқувчиларимиз адирликда жойлашган кенг майдонда футбол ўйнашди, қизиқарли ўйинлар билан машғул бўлишди. Бу каби экскурсияларни ҳар йили ёзги таътил кунлари ташкил этиб, ўқувчиларимизнинг ўз юрти ҳақидаги таассуротларини бойитиб бордик.

Мен муаллим бўлганимдан, ёш авлод тарбиясига муносиб ҳиссамни қўшганимдан асло афсусланмайман, ҳаётимдан мамнунман. Ўқитган ўқувчиларимнинг ҳурматидан бошим осмонда. Устоз сифатида бугунги ўсиб келаётган ёшларга шуни айтмоқчиманки, кунимизнинг ҳар они гавҳар, уни бехуда сарфламайлик. Ҳар бир иш ўз вақтида бўлгани яхши. Умрнинг ҳар онидан тўғри фойдаланинг. Умр – оқар дарё, тез ўтиб кетади. Ўқинг, билим олинг, келажагингизга замин яратинг. Касбларнинг энг яхшиси муаллимлик. Келаётган муррабийлар ва муаллимлар куни билан барча ҳамкасбларни табриклайман ва эзгу ишларига улкан ютуқларни тилаб қоламан.

 

Тожихон МАМАЖОНОВА,

Бозорқўрғон тумани, Сайдиқум қишлоқ аймоғи, Чек қишлоғи.

боғлиқ хабарлар