ДЎППИ ҲАҚИДА
(дўппидеккина гап)
2016 йилнинг бошидан кузига қадар Ўзбекистон телевидениесининг “Маданият ва маърифат” каналида “Тафаккур жилолари” деган кўрсатувни олиб борган эдим. Ҳар гал адабиёт, санъат, илм-фан намояндаларидан бир киши билан суҳбатлашамиз. Ҳафтада “эфир”. Бир куни, нимаям бўлиб, суҳбатга дўппи кийиб борибман. Камералар шайлангач, хизматдаги йигитлар “Домла, дўппингизни ечиб қўйинг”, деб илтимос қилишди.
- Нега?
- Энди, биласиз-ку, мумкин эмас…
- Нега мумкин эмас? Бу Ўзбекистон телевидениеси, кўрсатув ҳам ўзбек тилида, мустақил давлат бўлсак?
- Ўзингиз биласиз-ку… Рухсат беришмайди барибир.
- Ундай бўладиган бўлса, мен суҳбатда қатнашмайман.
- Домла, шошманг, биз телефонда раҳбарлардан сўраб кўрайлик.
- Нимани сўрайсиз? Дўпписи бор экан, майлими, дебми?
- Ҳа, рухсат олволайлик, хўп дейишса, бемалол.
Мен бироз асабийлашдим. “Агар шуни сўраб телефон қилсангиз ҳам қатнашмайман”.
Бечора йигитлар танг аҳволда қолишди. Мен ахир, бошловчиман. Бир машина техника опкелишган, алюмин рельсларгача. Шунча оворагарчилик!
- Нима қилсак экан?
- Келинг, суратга олаверинг, – дедим. – Ўтса-ўтди, рухсат беришмаса, шу кўрсатувни тўхтатамиз, ана қаранг, суҳбатдошлар ҳам кутиб қолишди.
Таваккал, деб иш бошлашди. Эртасигаям, индинигаям ҳеч гап йўқ, тинчлик. Кўрсатув эфирга чиқди ҳамки, бирон ножўя гап эшитилмади. Қаранг, бўлар экан!
Бу гапга ҳали бир мучал ҳам тўлгани йўқ.
Ҳатто атеистик совет замонида ҳам ўзбеклар Москвада, СССР Олий Совети сессияларида дўппи кийиб ўтирар эди. Фақат дўппига рухсат бор эди. Дўппи ҳамма жойда эъзоз ва эътироф топган эди.
Кейин – йигирма йилча, соқолингиз сал ўсиқ кўринса, ёки бошга дўппи кийган бўлсангиз, тиззангиз қалтирайдиган бўпқолди.

Дўппи ўзбек, тожик, уйғур, туркман, қорақалпоқ ва яна бошқа элларнинг асосий бош кийими. Биз дўппи деганда буклаб тахланадиган ва яна қатлари ёзиладиган, “айвони” бўлмаган бош кийимни кўзда тутамиз. У уйғурларда доппа (топпа), тожикларда тоқи (туппи), туркманларда тахя деб юритилади. Яқин ўтмишда бу халқларнинг аёллари ҳам (айниқса ёшроқ пайтида) дўппи кийган.
Ўзбекистонда эса бунинг акси. Маданият вазири Озодбек Назарбеков бир-икки марта дўппи кийиб кўриниш берган эди, ижтимоий тармоқларда уни таламаган, ёзғирмаган одам қолмади. Ўзбекларнинг ўзи дўппига қарши бўлиб қолганми, дейсан. Ахир баъзи ҳожи ва умрачи биродарларимиз мақомини билдириб туриш учун бўлса керак, узун хотинкўйлак кийса, бошига кеффия рўмол ўраб, уни иқол деган ободок билан боғлаб қўйса ҳам, биров “ҳой, сен ўзбекмисан?” дея олмайди.
Бизда дўппи кийиш камайиб боряпти. Аммо қизиқ: дўппи кийиш камайгани сари, дўппи ҳақида тадқиқотлар кўпайяпти. Илгари биз дўппи қандай қилиб шаклланган, унинг гуллари нимани англатади, деб бош қотириб ўтирмасдик, кияр эдик, вассалом. Ҳолбуки, унинг тагида бутун бир тарих бор, фалсафа бор, дунёни англаш белгилари бор, дейишяпти олимлар.
Марказий Осиё тарихи ва этник жараёнлар бўйича мутахассис, шарқшунос, тарих фанлари доктори, профессор Ш.Камолиддин Фейсбукдаги “Ўзбекистон тарихи” сайтида 2020 йил 13 августда эълон қилинган “Ўзбек дўпписи тарихдан” деган мақоласида, жумладан, шундай деб ёзади:
“Дўппи эркакларнинг ички бош кийими сифатида Шарқ халқлари, хусусан араблар, форслар, турклар ва бошқаларда кенг тарқалган… Ҳозирги вақтда тўрт бурчакли дўппи фақат Шарқий Туркистонда, Фарғона водийсида ва Тошкент воҳасида тарқалган.
…Ҳозирги кунда Тошкентда кийиладиган дўппи ҳам турли рангларда бўлиши мумкин, лекин унинг ҳеч қандай нақшлари йўқ. Фарғона водийси ва Шарқий Туркистонда кийиладиган дўппиларда эса қора матога оқ иплар билан тикилган нақш шаклидаги рамзлар мавжуд: дўппининг 4 га бўлинган тепа қисми 4 та бир хил йирик япроқсимон нақшлар билан безатилган; дўппининг 4 та ён қисмида бир қаторга тизилган ярим доира ёки тоқ шаклидаги 4 тадан (жами 16 та) нақш тасвирланган. Мазкур ҳудудларда тарқалган қизларнинг бош кийимлари ҳам тўртбурчак шаклида бўлиб, лекин уларда рамзлар ўрнига турли ранглардаги гулли нақшлар тикилган.
Эркаклар дўпписидаги нақшлар ёки рамзларнинг маъноси хусусида… турлича фикрлар айтилган. Хусусан, бу нақшларни гоҳ қирғовулнинг қаноти ёки лоланинг япроғи, гоҳ бодом ёки қалампирга ўхшатишган. Баъзиларнинг фикрига кўра, дўппининг қора матоси юлдузли осмонни ёки ўзида чексиз маълумотларни мужассам этган бутун Коинотни ўз ичига сиғдирувчи «қора туйнук» ни англатган. Дўппининг тепа қисмларидаги 4 та асосий нақш она қорнидаги 3 ойлик боланинг ҳомиласини, ён қисмларидаги айланасига бир чизиқ бўлиб тизилган 16 та тоқлар эса янги туғилган боланинг бешигини англатган. Тоқларнинг ичидаги нуқталар ўлганларнинг сўниб бораётган нурини билдирган. Коинот доимий равишда кенгайиб ва қисилиб боради, туғилади ва ўлади. Охир-оқибатда Коинот яна қандайдир бошланғич бир нуқтага қайтади. Шундан кейин янги давр бошланиб, навбатдаги «катта портлаш» юз беради. Яна янги галактикалар, юлдузлар туркумлари, ҳаёт вужудга келади…
Бу рамзлар ва тўртбурчак шаклдаги бош кийимнинг қаердан келиб чиқишини айтиш қийин. Ҳозирги кунда Фарғона водийсида эркакларнинг тўртбурчак шаклдаги дўпписининг 2 тури мавжуд бўлиб, улар рамзларни ифода этиш усулига кўра, «чуст» ва «марғилон» дўппилари деб аталади. Айни вақтда Шарқий Туркистонда тўртбурчак шаклдаги дўппиларнинг 30 га яқин тури мавжуд. Деярли ҳар бир шаҳар ва қишлоқнинг дўппиларида айни рамзларни тикиб ифода этишда ўзига хос услублар қўлланилади. Ўзбекистонда «чуст дўпписи» номи билан машҳур бўлган Фарғона дўпписи у ерда «кошғар дўпписи» деб аталади. Бунга кўра, тўртбурчак шаклдаги бош кийим ва ундаги рамзларнинг келиб чиқиши Шарқий Туркистон билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай хулоса илк ўрта асрларда Шарқий Туркистон буддизм ва монийлик диний таълимотининг энг йирик марказларидан бири бўлганлиги билан ҳам мувофиқ келади. Бизнингча, тўртбурчак дўппи бошга кийилганда, тепадан қаралса, тўртбурчак (дўппи) ичига жойлаштирилган доира (бош) шаклига эга бўлади, бу эса космограммани ифода этади, дўппидаги нақшлар билан бирга эса буддавийлик ва монийликдаги мандаланинг бир кўринишини билдиради. Бир-бирининг ичига кийдирилган квадрат, ромб ва доира шакллари кичраювчи ва кенгаювчи Коинотнинг космограммасини, яъни моделини ёки рамзини билдирган. Геометрик шакллар (кўп қиррали шакллар, юлдузлар, доира, квадрат ва уларнинг бир бирига уйғунлашгани, мандала, хоч, свастика ва ҳ.к.) космоснинг вертикал ва горизонтал кўринишдаги, фазовий ва вақт жиҳатдан тузилишини, шунингдек, борлиқнинг борган сари «жипслашувчи» моҳиятини билдирган: ер, мамлакат, шаҳар, маҳалла, сарой, ибодатхона, мақбара…”
Мундай қараганда, ўта илмий – биз билган оддийгина дўппи асрлар давомида шаклланиб шу ҳолига келгани ва унда юз йилликлар давомида аждодларнинг дунёқарашлари акс этганлиги айтиляпти.
Аммо олимлар орасида, ҳақиқат этигини кийиб йўлга тушгунча ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқади, деган аччиқ бир киноя бор. Бу гапларга ишонсак, кийиб юрган дўппимиз шунчаки бош кийими эмас, бутун дунёнинг энг улуғ ҳодисалари тасвир этилган космограммадан иборат экан, деб қоламиз. Унинг қора матоси юлдузли осмонни ёки ўзида чексиз маълумотларни мужассам этган бутун Коинотни ўз ичига сиғдирувчи «қора туйнук»ни англатган эмиш. Дўппининг тепа қисмларидаги 4 та асосий нақш она қорнидаги 3 ойлик боланинг ҳомиласи эмиш ва пастки айланасидаги 16 та тоқлар эса “янги туғилган боланинг бешиги” эмиш. Тоқларнинг ичидаги нуқталар ўлганларнинг сўниб бораётган нури бўлиб, коинот доимий равишда кенгайиб ва қисилиб, туғилиб ва ўлиб бориб, охир-оқибатда қандайдир бошланғич бир нуқтага қайтаркан. Шундан кейин янги давр бошланиб, яна бир «катта портлаш» юз бераркан. Яна янги галактикалар, юлдузлар туркумлари, ҳаёт вужудга келар экан… Шулар бари дўппи устига рамз қилиб чизилган экан. Буёғини англамай, кийиб юра берар эканмиз-да.
Ижтимоий тармоқларда кўриб қолдим, бир опахон бояги гапларни бир альбом қилиб, одамларга кўрсатиб, тарғиб қилиб юрибди. (youtube.com) Унда она қорнидаги ҳомила сурати ҳам бор. Кишилар анграйиб томоша қиляпти.
Аввало, бу гаплар шу аёлнинг ихтироси эмас, Ш. Камолиддиннинг бояги гаплари кўчирмасидан иборат. Опа буни бизнесга айлантириб олибди. Тўғри фикр бўлса, кошки эди-я!
Турли касалликлар кўп бўлган, эпидемиялар тез-тез қайталанган ўтмиш замонларда, одамлар нажот қидириб, минг хил нарсаларни ўйлаб, ўзларича топгандай ҳам бўлиб, суқ, кинна, кўз тегишидан кўриб, инс-жинсларни “қайтарадиган” нарсаларни ўйлаб топишган. Янги туғилган фарзандларини уларнинг “кучи етмайдиган” қаттиқ нарсалар – пўлат, темир, чўян, болта, теша, ўроқ, тош деб аташган: Тошпўлат, Кетмоной, Темирбек, Чўянбой, Болта, Теша, Тошомон, Ўроққул каби юзлаб исмлар пайдо бўлган. Бола сал катта бўлгач, унинг бўйнига ёки қўлтиғига тумор осиб қўйилган. Тумор ичига туз, қалампир ё мурч каби инс-жинсларни “қочирадиган” аччиқ, тахир нарсалар, кўз тегишини “ўзига олувчи” кўзмунчоқлар солиб қўйилган.
Тумор асосан учбурчак ёки тўртбурчак шаклли бўлган.
Илгари ҳар бир киши учун “кўз тегиши” асосий хавф, зўр офат саналар эди. Тиббиёт ривожланмагани сабабли ким қандай касалга учраса, аввало кўз текканига йўйган. Кўздан, суқдан, киннадан, “иссиқ-совуқ”дан сақланиш учун ҳамма бошига мунчоқ, қўлтиғига тумор тақиб юрар эди. Ҳатто ҳозир ҳам одамлар ўзигагина эмас, минган отига, қурган уйига, машинасига ҳам кўзмунчоқ тақиб, исириқ бойлаб ёмон кўздан муҳофаза қилган бўлади. Бунинг учун эса аччиқ, тахир ва ўткир санчиладиган нарсалар танланади. Бу удум Марказий Осиё халқларигагина хос эмас. Европа халқлари (масалан, немислар) ҳам “кўз тегмасин” деб уйига пиёз шодаси ё қалампир осиб қўяди.
Қадимда ўзбек дўпписи ҳам тумор сингари учбурчак (уч бўлак матоли) қилиб тайёрланган, тўртбурчак дўппи эса нисбатан кейин пайдо бўлган. Бу жиҳатдан, дўппи – туморнинг катта бир шаклига ўхшайди. Унинг ичига эмас, усти-тепасига учта (тўртта) қалампир биттадан чатиб қўйилган. Шунинг учун ҳам, XX аср бошларигача ўзбек дўпписи ҳозиргидай қора тагликка оқ ипак билан эмас, балки қизил, яшил, кўк, сариқ, пистоқи ва бошқа рангларда тикилган. Ҳозир ҳам уйғур дўппилари турли рангда тайёрланади. Қалампир қизил бўлгани учун, ўтмишда унинг тасвири асосан қизил ипакдан тикилган. Дўппи ҳақида гап кетганда “қалампирнусха” деб таърифланиши шундан.
Аммо… ҳеч ким уч ойлик ҳомила – эмбрион расмини нақш қилиб тикиб, дўпписини у билан “безаб” юрмайди. Ўзбекнинг тийнатида бу хил ғайритабиий қадриятлар йўқ. Кимнингдир ҳомиласи тушган бўлса, унинг шаклидан андоза олиб ўтирмай, кўмиб қўйилган, овоза ҳам қилинмаган. Ҳомила она қурсоғида қандай шаклда (эгилиб) ётишини “кўриш” ва дўппи тепасида унинг тасвирини чизиш учун ҳозирги УЗИ ускуналари йўқ эди. Ўзбекларнинг (айниқса эр кишиларнинг) дўппи устида ҳомила расмини чиздириб юриши эса тасаввурга ҳам сиғмайди. Нима учун ўзбек бош кийимида бундай тасвир бўлиши керак, унда нега бошқа халқлар бундай қилмайди – буни ҳам тушуниб бўлмайди.
Дўппи кизаги устидаги ярим доираларнинг бешик эканини, нуқталар эса ўлганларнинг сўниб бораётган нури эканини пайқаш – ғайритабиий фикрлаш намунаси бўлса керак. Бошига дўппи кийган одам бундай деб ўйламайди. Бизнингча, кизак атрофидаги ярим доиралар – мунчоқ шодасининг “муляж”и. Қадимда мунчоқ шодасининг ўзи тақилган. Тўрт томонда тўрттадан ўн олтита, ёки бештадан бўлса – йигирмата мунчоқ донаси у. Маълумки, мунчоқ ҳам кўз тегмасин учун қўлланади, ундан безак сифатида фойдаланиш – кейинги функция. Ўтмишда дўппи тепасига қалампир, теварагига мунчоқ қадалган. Кейинроқ, қалампир қуриб, синиб, тушиб кетиши, уваланиб тўкилиши туфайли “муляж”дан фойдаланиш, яъни дўппи устига унинг расмини тикиш урф бўлди.
Яқин юз йилгача ўзбек дўпписи ҳам (уйғур дўпписи каби) рангли бўлган, қалампир расми қизил рангда бўлган. То ўтган асрнинг олтмишинчи йилларигача бизда ҳам болалар дўпписи ранг-баранг эди, таглиги асосан кўк ё яшил, устидаги нақшлари қизил, пистоқи, оқ ва бошқа тусда бўларди.
Аёллар дўпписи атрофида эса яқинларгача мунчоқ қадалган. Кейинчалик у маржон (нозик) билан алмаштирилди, яъни “халоскор”лик жиҳати ортга ўтиб, шаклан унга ўхшаш безак ашёси қўллана бошлади.
Ана энди “дўппининг қора матоси юлдузли осмонни ёки ўзида чексиз маълумотларни мужассам этган бутун Коинотни ўз ичига сиғдирувчи «қора туйнук»ни англатгани” ҳақида. Гарчи тадқиқотчи бу гапларни “баъзиларнинг фикрига кўра”, дея келтирса-да, давомида ўзи ҳам бунга қўшилиб, дўппида бутун оламнинг модели акс этганини айтади, “коинот доимий равишда кенгайиб ва қисилиб боради, туғилади ва ўлади. Охир-оқибатда Коинот яна қандайдир бошланғич бир нуқтага қайтади. Шундан кейин янги давр бошланиб, навбатдаги «катта портлаш» юз беради”, – деб ёзади.
Невлай. Мен шу нарсага ажабланяпманки, “қора туйнук” деган атама 1967 йилда Ж.А.Вилер томонидан қўлланган, “катта портлаш” назариясини Жорж Леметр 1931 йилда олға сурган, дер эдик. Бизнинг дўппидўз опахонлар улардан неча юз йиллар илгари бу астрономик ҳодисаларни кашф этиб, каштага муҳрлаб қўйган бўлишадими унда?
“Ҳавойи гапларни гапириб ўтирмайлик”, – деб ёзган эди Абдулла Қаҳҳор бир мақоласида. Шунинг учун ҳам “дўппи назарияси”ни бунёд этгандан кўра, уни кийиб, бошимизни баланд кўтариб юрганимиз афзал.
Қайга борсам, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб
дея фахру ғурур туйган Эркин Воҳидов таваллудига яқинда тўқсон йил тўлади. Шундай улуғ шоиримиз ҳурмати учун ҳам дўппини бошдан туширмасак арзийди.
Гап шунчаки бир бош кийимида эмас. Билсангиз, оқ қалпоқ – қирғизнинг ифтихори. Ҳар йили 5 март Қирғизистонда “Оқ қалпоқ куни” ўтади. Бу сана катта байрам қилинади, мактаб боласидан тортиб, давлат раҳбарларигача барча қалпоқ кияди, миллатдан, ватанидан фахрланади.

Дўппи эса ўзбекнинг ўзбек эканлигини кўрсатувчи алоҳида белги. Бизда ҳам 365 куннинг бир куни “дўппи куни” деб белгиланса, айни муддао бўлар эди. Ана ўшанда дўппидўзликка эътибор кучаяди, бу ҳунар санъатга айланади, йўқолиб бораётган не-не дўппи турлари қайта тикланади, миллий бош кийимимиз яна бошимиз узра ярақлайди.
Зуҳриддин Исомиддинов
