ПОЧЧАОТА
Ахси туманининг шимолий ғарбидан Поччаота дарёси оқиб ўтади. Ана шу тип-тиниқ, зилол сувли дарёнинг юқори қисмидаги тор даранинг чап соҳилида қалин арчазор ва қарағайлар қўйнида Поччаота мозори жойлашган. Ҳавоси мусаффо, суви тиниқ, атрофи ям-яшил ўрмонлар бўлган табиатнинг мафтункор гўшаси Поччаота деб аталади. Жалолобод вилоятидаги тарихий жойларни зиёратгоҳга айлантириш жонкуяри, вилоят молия бошқармасининг собиқ бошлиғи Эркин Бегимқулов:
– Бу ердаги қабр ислом оламида кўзга кўринган уламоларнинг бирига тегишли – деб жавоб қайтарди.

Маълумки, етинчи асрда ислом динини кенг ёйиш учун арабларнинг 20 минг аскари Мадина шаҳрининг амири Муҳаммад Жарир раҳбарлигида Марказий Осиёга келади. Улар ғайридинларга ислом динини қабул қилдириш ҳаракатида бўлишади. Ҳозирги Сафед Булон қишлоғида ислом динини қабул қилмаймиз, деганлар жума намозини ўқиётган ислом лашкарларидан 2772 нафарининг бошларини танасидан жудо қиладилар. Ўша қонли жанг пайтида омон қолган лашкарбошилардан бири Чотқол тоғ тизмалари давоми бўлган Чарчатма дарасига қочиб кетган, дейдилар. Кўпчилик авлиё ва азиз инсонлар ўша пайтларда ислом душманларидан яшириниш учун одам оёғи етмаган тоғу тошларни макон қилишган. Бундай деганимнинг боиси Саричелак кўли ёнида Тўсқовулота, Чотқолда Идрис пайғамбар, Арслонбобда Арслонбобо, Бозорқўрғонда Довудпирим ва бошқа муқаддас жойлар тоғлар бағридан жой олган.
Поччаота мақбараси 1998 йили қайта таъмирлаб, тикланди. У чинакам зиёратгоҳ масканга айланди.
![]()
Биз журналистлар Сафед Булон қишлоғидаги “Шоҳ Фазл – Сафед Булон” тарихий меъморчилик мажмуасида бўлиб ўтган матбуот конференциясидан сўнг Поччаота мақбарасини зиёрат қилишга бордик. У Сафед Булон қишлоғидан қарийб ўттиз чақирим шимолда жойлашган. Бу ер таърифланганидан ҳам зиёда, жуда баҳаво, атрофи тоғлар билан ўралган, арча ва қарағайлар яшнаб турган сўлим гўша экан. Тоғ бағридан 50 метр чамаси йўлак қилиниб, дарё томонига темир тўсиқлар қилинибди. Пастда дарё шовуллайди. Мақбара йўлакнинг энг тўрисида. Чиройли ишланган мақбара ўртасида Поччаота қабри бор.

– Бу ер илгари кўримсиз ҳолда эди, – деган эди шу ерлик шайх Суярқул Мамадалиев. – Эркин Бегимқуловга минг раҳмат. Ўтган авлодлар руҳини шод этиб, бу ерни чинакам зиёратгоҳга айлантирди. Ўзи бош бўлиб, давлатдан маблағ олмаган ҳолда мана шу мақбарани қайта тиклади, атрофини ободонлаштирди, келганлар бемалол яйраб дам оладиган жойга айлантирди. Кунига бу ерга юздан зиёд зиёратчи келади. Уларнинг жонлиқ сўйиб эхсон қилишлари, дам олишлари учун етарли шарт-шароит яратиб берилган. Ёз ойларида 30-40 одам ётиб қолишлари учун меҳмонхона ҳам бор.
Поччаота Сафед Булон қишлоғидаги ўша қирғиндан қочиб келиб, мана шу Чарчатма тоғининг дарё оқиб ўтган тор жойида ҳамроҳлари билан умри охиригача яшаб ўтган. “Агар вафот этсам ўша Қирғинмасжид ёнидаги мозорга элтиб дафн қилинглар. Аммо тобутимни кўтаргач ерга қўймай борасизлар. Мабодо ерга қўйсангизлар, уни қайта кўтара олмайсизлар”, деб васият қилган экан. Икки тоғ орасидаги дарани маскан қилиб яшаган бу улуғ зот тобутини кўтарган одамлар кўп юрмай чарчашади ва тобутни ерга қўйиб дам олишади. Ҳарчанд уринишмасин, уни қайта кўтара олишмайди. Тупроғи шу ердан олинган экан, дейишиб уни тоғ ёнбағрига дафн этишган экан. Мана ўн уч асрки, бу ер муқаддас ҳисобланиб, минглаб зиёратчилар тавоф қилиб келишган.
Ахси тумани маркази – Каравон қишлоғидан 30 чақиримча йўл боссангиз, баҳордан то кузгача кўм-кўк яшнаб турадиган Поччаота мозорига борасиз.
![]()
Бу ерга бутун Фарғона водийси, ҳатто ундан ташқаридан ҳам юзлаб, минглаб зиёратчилар ташриф буюриб, руҳан покланмоқдалар, дам олмоқдалар, маъданли булоқ сувларидан ичиб даволанмоқдалар. Улар ўтганлар руҳини шод этишни Яратгандан сўраб, эл-юртга омонлик тилаб, бу жойни обод масканга айлантирган Эркин Бегимқулов каби ҳимматли кишилар ҳаққига дуода бўлаётирлар.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон шаҳри.
