ҚАДРИЯТ ТАРИХ 

“УЧИНЧИ ОДАМ” ДЕГАНЛАРИ – БИРИНЧИ ОДАМ…

  • 1947 йилда “Қизил Ўзбекистон” газетасида масъул котиб бўлиб ишлардим, – деб ҳикоя қилган эди асли Ўшлик атоқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий. – Газетамизга Самарқанддан Шароф Рашидов муҳаррир бўлиб келди. Ўттиз ёшларда, тик қоматли, басавлат, кўркам йигит экан. Муомала-муносабати яхши. Ўрганишиб кетдик. Иккимиз ҳам фронтовик бўлсак, ахир.

Ўша пайтда “Қизил Ўзбекистон”дан бўлак газета деярли йўқ, таҳририятда республиканинг манаман деган қалам аҳллари йиғилган. Улар нафақат журналист, айни пайтда таниқли жамоат арбоби ҳам эдилар. “Қизил Ўзбекистон” мақолаларини ҳамма ўқир, унда ёритилган масалалар мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бир воқеа бўларди, чунки чирсиллаб турган, ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ўртага қўйилар эди.

Ҳар душанба эрталаб ҳафталик маслаҳатлашув – “летучка”га йиғилардик, ўтган ҳафта якунини кўриб чиқиб, келгуси кунларда газетада қандай материаллар беришни белгилаб олардик. Жамоа иноқ, чунки таҳририят ходимларининг ҳар бири обрў-эътиборли одамлар, десангиз…

Аммо шунга кўз тегди. Кейинги бир-икки ой ичида одамларнинг кайфияти бошқача бўлиб қолди. Таҳририят йўлакларида висир-висир гап кўпайди. Энди йиғилишларда яйраб сўзлаш йўқ, тумшайиб қолишгандай.

Сабабини ўйлаб, охири топдим. Шарофжоннинг ғалати бир одати бор экан. Муҳаррир хонасида летучка ўтади, раҳбар тўрдаги столида ўтиради, олдида – беш-олти телефон аппарати. Бояги мен айтган таниқли адиблардан кимдир, “газетада фалон мавзуда мақола берайлик, шу масалани ёритиш керак, чунки Ўзбекистонда шу соҳа оқсаб қолди”, деб яхши бир таклиф айтиб қолса, ўша оннинг ўзида Ўзбекистон раҳбари хонасига тўғридан-тўғри уланган телефон дастагини кўтаради-да, “Ассалому алайкум, Усмон ота! Мен Шарофман. Шу, кейинги кунларда бир нарсани ўйлаб юрибман. Газетамизда фалон мавзуда чиқиш қилсак, шу соҳани янада юксалтиришга туртки бўлармикин, дейман. Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим?” – дейди. Таклиф айтган одамнинг кўз олдида! Жамоа аъзоларининг фикрини ўзиники қилиб кўрсатиш одати бор экан. Кишиларнинг ранжишларига сабаб шу эди. Ҳайрон бўлиб қолдик, нима қилишни билмай, бош қотди.

Яна бир ҳафта аввалида “летучка” бошланган эди, фалокат босиб, машҳур журналистлардан яна бири жуда зарур бир ташаббусни ўртага солди. Муҳаррир дарров телефонга уланиб, “Ассалому алайкум, Усмон ота!” деган эди ҳамки, ирғиб туриб (мен масъул котиб бўлганим учун муҳаррир ёнида ўтирар эдим), телефон кнопкасини босиб, алоқани уздим. Шароф Рашидович менга ҳайрон бўлиб қаради: “Нима қиляпсиз, мен Усмон Юсупович билан гаплашаётувдим-ку?!” Ранги оппоқ оқариб кетибди.

“Гўшакни қўйинг жойига, – дедим мен унинг кўзига тик боқиб. – Сиз бу одамларни ким деб ўйлаяпсиз? Нега булар ўйлаб-изланиб топган таклиф, ташаббусларни ўзингиздан чиққан қилиб кўрсатасиз? Нима, булар сиз учун ўйлайдиган, сиз учун ишлайдиган хизматкорларми? Кимсиз ўзи, ука?”

Бирни у айтди, бирни мен. Хийла жиқиллашдик. Ўша куннинг ўзида, бор-е, деб ариза ёздим-да, ишдан кетдим.

Кейин Шарофжон катта лавозимларни эгаллади. Аммо ҳартугул, инсофи бор экан, менга зиён етказмади. Ҳозир орамизда гина-кудурат йўқ…”

*     *     *

Бу гапларни ёзувчининг оғзидан 1978 йилда эшитган эдим. Сабаби, Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида ХХ аср ўзбек таржимачилиги тарихини ўрганиш, ўнлаб йирик таржимонларнинг ижодий портретини яратиш белгиланган, энг атоқли мутаржимлардан бўлган Мирзакалон Исмоилий таржималарини, ижодини тадқиқ этиб илмий очерк ёзиш менга топширилган эди. У кишининг “Марказ-I” мавзедаги хонадонида кўп учрашдик, узоқ-узоқ суҳбатлашдик, охирида жуда қадрдон бўлиб қолдик.

Юқоридаги гапни домла ана шу суҳбатлардан бирида тилга олган эди.

Республика раҳбари кейинчалик Мирзакалон Исмоилийга тазйиқ ўтказмаган. Бу чин. Аммо бу можаро ўша даврда, айниқса Рашидов марказқўмнинг биринчи котиби этиб тайинланганида жуда маддалаган.

Бир пайтлар устози Чўлпон “Кўлагада қолганлар” деган мақоласида Мирзакалон Исмоилийни ҳам яхши таржимон эканини, аммо нима сабабдандир эътиборсиз қолаётганини айтган эди. Ўшанда шу гапга фаришта омин деган эканми, домла деярли бир умр сояда қолди, елкасига офтоб тегмади, шундай умр ўтказди. Биринчи раҳбарнинг шотирлари ими-жимида иш кўриб, ўттиз беш йил давомида адибнинг адабини беришга чирандилар. Шунча вақт Исмоилий бирон мукофот ё нишонга лойиқ кўрилмади, урушда олган биргина “Қизил Байроқ” ордени бор эди, холос. Ниҳоят, 1983 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” деган унвон билан сийланди. Эл таниган ва иззатлаган ёзувчи, икки юзга яқин асарни ўзбекчалаштирган улуғ таржимоннинг қадр-қимати шугинага лойиқ кўрилди.

Бу ҳам майли. Ундан беш йил аввал, 1978 йил Лев Толстой таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан Тошкентда, Навоий театрида ўтган тантанали анжуманга домлани биров чақирмаган. Эшитиб, ўзи борган, залнинг энг орқа, қоронғу қаторида жой топиб, ўтирган. Театр саҳнасидаги уч қатор бежирим курсилардан иборат президиумни эса Толстойнинг “Т”сини ҳам тушунмайдиган, унинг асарларини ўқимаган, аммо савлатли, сертавозе ўша шотирлар эгаллаган, Исмоилий эса, Чўлпон айтганидай, яна “кўлагада” қолдирилган эди. Танимаган одам, томошага ишқивоз бир чол кириб ўтирибди, деб ўйлаган бўлса ҳам бордир. Ҳолбуки, Мирзакалон Исмоилий Толстойни ўзбек халқига энг кўп танитган одам эди…

Абдулла Орипов “атмосфера”ни белгилайдиган бундай шотирларни “учинчи одам” деб атаб, уларга бағишланган шеърини шундай якунлаган эди:

Қўлларим кўксимда, бетинч, бетоқат,

Таъзимлар қилурман сенга ушбу дам.

У – менми, у – сенми, ким бўлма, фақат

Сенга инсоф берсин, учинчи одам!

Бироқ “учинчи одам”ларга инсоф тилашдан фойда йўқ, чунки улар икки нар фил олишганда мағлуб бўлган фил гўштини бурдалашга тайёр шоқоллар каби, ундан бошқача эмас. Вақти келиб, ўша ғолиб филнинг жанозасини ўқиш ҳам уларга буюради, мана шундай кун кўради улар.

*     *     *

1979 йил баҳорида Ўзбекистон Фанлар академиясида мухбир аъзолар сайланиши ҳақида гап чиқди. Кўпдан бери сайлов ўтмаган, мухбир аъзо бўлиш ҳам жуда катта мартаба ҳисобланар, ҳатто Иззат Султондай назариётчи олим, донгдор аллома ҳам, мухбир аъзо эди-да.

Ҳозирги кунда бу ғалати туйилади, аммо ўша ойларда бутун Ўзбекистон Фанлар академияси, ундаги қирқдан ортиқ илмий ташкилот, неча ўн минглаб илмий ходимлар шу ҳодисани кутар, деярли ҳар кун “фалончи домланинг номи ҳам рўйхатда бор экан”, деган гапларни эшитар эдик. Институтимиз директори Матёқуб Қўшжонов домла Лазиз Қаюмов ва Ҳафиз Абдусаматов билан бир гуруҳда, шу учовдан бири ўтиши аниқ эди.

Фанлар академияси Қўлёзмалар институти раҳбари Ҳамид  Сулаймоннинг ҳужжатлари эса “матншунослик” йўналишига топширилган экан. Бу одамнинг Навоий ижодиёти бўйича ишлари жуда кўламли, сайловда у кишининг қўли баланд келиб, “мухбир аъзо” бўлиши аниқ эди.

Бироқ негадир, сайлов кечиктирила бошлади. Бошқа муддатга белгиланди. У вақт етиб келгач, яна ортга сурдилар. Ҳафталар ўтяпти. Бу орада “Ҳамид Сулаймон жиддий эмиш, шифохонада ётибди”, деб эшитдик. Иссиқ жон, ҳамма ҳам оғрийди. Аммо Ҳамид Сулаймондай фидойи олимнинг аҳволи кўпларда хавотир уйғотди. “Халқ душманининг ўғли” деб елкасига офтоб тегмаган, эллигинчи йиллар бошида ўзи ҳам “миллатчи” дея ҳибсга олиниб, қаҳратон ўлкаларнинг одам боласи чидаши мумкин бўлмаган шароитларида неча йиллаб яшаган, умри меҳнат билан ўтган бу алломанинг касали енгилгина эмас эди.

Сайлов кечиккандан кечикар, тўғрироғи, пайсалга солинар эди. Бунинг сабабини билолмай, ҳамма ҳайрон. Кейин эшитсак, шу ўринга ариза берган иккинчи номзод ўз “ричаг”ларини ишга солиб, бутун академия бўйича сайловни орқага сурдириб турган экан. Сўнг “домла оғирлашиб қолибди”, деган гап чиқди. Ниҳоят, Ҳамид Сулаймоннинг ишонган шогирди, ўша институтда ишлайдиган бир ходим бир кун саҳарлаб қўнғироқ қилди: “Домлажон, табриклайман, сизнинг ўтишингиз энди нақд бўлди, Ҳамид Сулаймон омонатини топширди”…

Орадан бир-икки кун ўтдими-ўтмадими, бояги сайлов бўлиб ўтди қилинди. Ўтишга лойиқ бўлганлар ўтди, шу аснода, ўтиши “керак” бўлган одамлар ҳам мақсадига эришди.

Қаранг, ора кунда устознинг соғлиғидан хабар олгани борадиган бояги илмий ходим аслида ташвиш чекиб эмас, “қачон оёқ узатар экан” деб, баайни хаста арслоннинг тепасида айланиб учиб юрган қузундай бир кимса экан, бояги дасти узун номзод уни хуфия қилиб қўйган экан. Бунинг эвазига у бошқа илмий даргоҳга ўтказилди, маоши эса аввалги ишхонасидагидан, ҳарҳолда, бирмунча ортиқроқ эди.

…Ўшандан бери қирқ етти йил – салкам ярим аср вақт ўтди.

Тилагига етолмай Ҳамид Сулаймон ҳам, бир амаллаб унинг ўрнини эгаллаган олим ҳам, бировнинг ўлганини айтиб хожасини табриклаган учинчи одам ҳам – барчалари бирин-кетин дорилбақога йўл олдилар. Улардан яхши ва ёмон хотираларгина қолди.

*     *     *

Учинчи одам бўлиш, агар фаолият эзгу амаларга йўналтирилган бўлса, аслида – шарафли вазифа. Масалан, ўзаро уришиб қолган икки одамни яраштириш учун уларнинг бирини иккинчисига мақтаб кўрсатиб, унинг қасди йўқлигини, аразидан пушаймон эканини айтиб, икки мўминни келиштириш кони савоб иш. Бунинг ўрнига, ўзини яхши кўрсатиш учун бировга қилмаган ёмонлигини айтиб бўҳтон тўқиш, қоралаш гуноҳи азимлардан. Бировга озор етказиш учун тўқиладиган бўҳтон кишини диндан чиқаради. Бир манбада, ҳатто баттол ўғри ҳам, ҳарнечук, пайғамбаримизга уммат бўлиши мумкин, аммо ёлғончи ҳақида сўраганларида наби алайҳиссалом “Ло!” деб жавоб бергани келтирилган.

Бир йил рамазон ойининг қадр кечасида шайх Шомуҳаммад қори Ўшдаги Сулаймонтоғ масжидида маъруза қилиб, айрим одамлар ўз қўшнисига, баъзилар ёқтирмаган кишиларига, яна бир хил шахслар эса мутлақо танимаган-билмаган одамларига туҳмат қилиб, ёлғон гувоҳлик бериши оқибатида бегуноҳ кишилар жабр тортиб қолган ҳоллар ҳам бўлганини айтиб, мусулмонларни бундан огоҳлантирган, инсофни, диёнатни қўлдан бермасликка чақирган эди.

Ҳар биримиз исталган кун, ҳар қайси соатда “учинчи одам” бўлишимиз мумкин: ўзгаларни ўз қаричимиз билан ўлчаб баҳо берамиз. Бу табиий. Аммо чатоғи, сира ҳам “менимча”, “фикри ожизимча” демаймиз, диний мавзуда гап кетса, анча-мунча масалада фатво бериб юборамиз, бирон уламони тилга олсалар, унинг “гуноҳ”ларини санаймиз; қайсидир раҳбар ҳақида гапирсак, у умрида қилмаган гуноҳларни бўйнига ортиб қўямиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) қуёшга ишора қилиб: «Мана шуни кўргандек аниқ билсанг гувоҳлик бер, бўлмаса воз кеч», деган экан. Манбаларда келтирилишича, мусулмон киши гувоҳлик беришдан олдин ўзининг ҳар бир сўзи учун Қиёмат куни Оллоҳ олдида жавоб беришини ҳис қилиши лозим.

Кимгадир ёқиш, марҳаматига илиниш илинжида у ёқтирмаган кишини қоралаш эса ёлғон гувоҳлик беришнинг айнан ўзидир; у қарийб ширк каби гуноҳи азимлардан…

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар