Иброҳим домла Ҳамробоев

Шундай одамлар бўладики, уни “фалончининг қудаси”, ёки “фалон орден соҳиби” деб айтмасангиз, ҳеч ким танимайди. Ва яна шундай кишилар ҳам борки, номининг ўзиёқ барча унвону мукофотлари, эгаллаган лавозимларидан баланд туради. Бугун Сиз азизлар билан ана шундай шахслардан бири ҳақида суҳбатлашамиз.

Иброҳим Ҳамробоев Ўзган яқинидаги Шералиқишлоқда 1920 йил 5 май куни таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлагач, 18 ёшида Тошкентга бориб, САГУ талабаси бўлади. 27 ёшида фан номзоди, 37 ёшида фан доктори, 46 ёшида ЎзФА мухбир аъзоси, 54 ёшида академик даражасига етади. Умрининг 60 йилини Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг геологиясини, ер ости конларини ўрганишга бағишлайди. У магматик жинсларнинг петрологияси ва геохимияси ечимлари, метасоматик маҳсулий ўзгаришлар, маъданларнинг пайдо бўлиши ма металлогенияси муаммолари, ер пўсти чуқурлиги билан боғлиқ бўлган магматизм ва металлогения масалаларининг ўзаро алоқадорлиги каби долзарб муаммоларини ҳал қилади.

Америка энцикопедияси бошқа мамлакатларнинг шундай қомусларига қараганда ҳажман ҳажман ихчам, шу боис унда ҳар бир мақола жуда қисқа берилган, шоир-ёзувчилар, давлат арбоблари ҳам “чертиб-чертиб” киритилган. Чет эллик олимлар ҳақидаги мақолалар эса инчунин. Бу қомусда ўзбеклардан фақат бир киши бор. Бу – геолог олим Иброҳим Ҳамробоев.

Иброҳим Ҳамробоев номини ҳамма эшитган, геолог олим эканини кўпчилик билади, аммо қандай хизмати эвазига бундай шуҳрат қозониб, шўро давлатининг энг олиймақом Ленин мукофотини олишга ҳам сазовор бўлгани бирмунча мубҳам.

Журналистлар Ричард Никсонга “Сиз 1969-1974 йилларда АҚШ Президенти бўлдингиз. Шу даврда дунёда юз берган энг улуғ воқеалар нималардан иборат бўлди, деб ҳисоблайсиз?” деб савол беришганда у “биринчиси – Марказий Қизилқумда Мурунтов олтин конининг очилиши…”, деб жавоб берган экан. Иброҳим Ҳамробоев ана ўша Мурунтов конининг очилишига бош-қош бўлган эди. Аммо Шўро давлати унинг номини элдан бирмунча сир тутгани ҳам ҳақиқат. Ҳатто кекса ёшида ҳам унга махсус идоранинг бир ходими “муҳофаза қилиш” учун бириктириб қўйилган.

Иброҳим Ҳамробоевнинг қаламига оид 500дан ортиқ илмий асар – монографиялар, мақолалар, дарсликлар, геологик ҳисобот ва ҳоказолар  чоп этилганини айтиб ўтсак кифоя. Бу атоқли маъданшунос олим геологиянинг ҳам назариясига, ҳам амалиётига улкан ҳисса қўшган кишидир.

Иброҳим Ҳамробоев фанда қанчалик улкан олим бўлса, ҳаётда камтарликни шу даражада касб қилган одам эди. Унинг бу хислати нафақат тенгдошлари ва шогирдларини, балки устозларини ҳам лол қолдирган. 1959 йилда академик Ҳабиб Абдуллаев билан бирга Иброҳим Ҳамробоев ҳам амалга оширган ишлари юзасидан Шўро давлатининг энг нуфузли сийлови – Ленин мукофотига номзод сифатида тақдим этилади. Шунда Иброҳим ака бу илмий ишда устози Ҳабиб Абдуллаевнинг ҳиссаси кўп эканини айтиб, тақдимномадан ўз номзодини қайтариб олганди. Бундай олижаноблик, кенгбағирлик изсиз кетмас экан – орадан етти йил ўтиб, Иброҳим Ҳамробоев ҳам Мурунтов олтин конининг очилишидаги салмоқли ҳиссаси учун ўша машҳур мукофотни қўлга киритди.

Ёки Қори Ниёзий таҳсин ўқиган яна бир воқеа. 1968 йилда Фанлар академиясида сайлов бўлиб, геология соҳасида бир ўринга икки киши – В.И.Попов ва Иброҳим Ҳамробоевлар номзоди қўйилган экан. Сайловдан бир кун аввал Иброҳим ака Академия президиумига келиб: “Менинг ҳужжатларимни қайтариб берсангизлар, – деб илтимос қилибди. – Нега бундай қиляпсиз, ахир ёшроқ олим сифатида сизга овоз бермоқчи эдик-ку? – дейишса, – Владимир Иванович менинг устозим бўлади, талабалик чоғимда у кишидан тўрт йил сабоқ олганман, кейинроқ сайланармиз”, деган экан. Ҳақиқатан, беш йилдан сўнг И.Ҳамробоев ҳам академикликка сайланди.

Иброҳим Ҳамробоев ҳар соҳада билимдон одам эди. Бадиий адабиётни жон-дилидан севар, Навоий, Фузулий, Эркин Воҳидов ғазалларини қўлдан қўймасди. Бошқа фан соҳаларига ҳам чуқур кириб борган эди. Чунончи, ботаникани геология билан  яқинлаштириш, яъни ўсимликлар ёрдамида ҳар хил конларни очиш, айрим ўсимликлардан муайян турдаги конларга даракчи сифатида фойдаланиш ташаббусини ўртага ташлаб, Ўшик ботаник олим, профессор Ўринбой Ҳасанов билан ҳамкорликда бир қанча ўсимликлар, айниқса қизил шувоқ – олтини кўп ерларда ўсишини кашф этди.

1964-66 йилларда Иброҳим Ҳамробоевнинг икки жилдлик “Ўзбекистон пертографияси”, икки жилдлик “Эндоген маъданли формация” асарлари яратилди. Сўнг босилиб чиққан “Ўзбекистоннинг маъданли формациялари ва олтин металлогениясининг асосий белгилари” монографияси эса илмда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Улардан кейин нашр этилган “Магматизм ва магматизмдаги жараён (Ғарбий Ўзбекистон мисолида), “Магматик комплекслар маъданлилигининг петрологик-геохимик асослари”, “Ўзбекистон ер қобиғи”, “Ўрта Осиё марказий қисмининг минтақавий металлогенияси”, “Ўзбекистон магматик формациялари” каби асарларида Иброҳим Ҳамробоев кўп йиллик кузатиш ва тажрибаларини умумлаштирди, натижада Ўзбекистон ҳудудида бешта магматик тоғ жинси мажмуаси борлиги ва уларнинг ҳар бири ўзига хос маъданлашганлиги исбот қилинди. Домланинг “Петрография асослари” китоби ҳозирга қадар геология соҳасида олий ўқув юртлари учун асосий дарсликлардан бўлиб келмоқда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, геолог олим Иброҳим Ҳамробоевнинг Унинг илмий ишлари, асосан, Ўрта Осиё магматизми, айрим мажмуали формацияларнинг геокимёвий ва металлогеник хоссаларига бағишланган. 1950-йилларда Ўрта Осиёда олтин билан маргимушнинг узвий парагенезисини аниқлади. Шу асосда Чормитан, Мурунтов, Томдитов ва бошқа янги олтин конлари топилган эди.

Ҳамробоев олтинли руда конлари ҳосил бўлишида ер ички тузилишининг аҳамияти ҳақидаги ғояни ривожлантирди. Ўзбекистонда олтин ва бошқа муҳим рудаларни қазиб чиқариш саноатини ривожлантириш билан шуғулланган, Ғарбий Ўзбекистоннинг металлогеник харитасини тузган олим сифатида ҳам ном қозонган.

Ўз соҳасининг билимдони бўлган И.Ҳамробоев ўзбек геология ва минералогия мактаби ривожига улкан ҳисса қўшди. Фаннинг ушбу йўналишига оид кўплаб монография, китоб ва илмий асарлар яратди.

Россия, Украина, Қирғизистон олимлари ҳам И.Ҳамробоевнинг инсоний, ҳам олим сифатидаги фаолиятини юксак эътироф этиб, унинг тадқиқотлари АҚШ, Россия, Хитой ва бошқа давлатлардаги кашфиётлар билан узвий боғлиқ эканини таъкидлайди. Ҳамробоев номига янги топилган минерал – ҳамробоевит қўйилгани олим меҳнатнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофидир.

Ўтган асрнинг 50 йилларида Ўзбекистон Геология хизмати ходимлари академик Ҳабиб Абдуллаев раҳбарлигида кенг қамровли тадқиқотлар бошладилар ва асосий эътиборни Ўзбекистоннинг ғарбий қисмига қаратдилар. Кейинги геологик изланишларда Қизилқум саҳроси ва Нурота тоғларида олтин конлари истиқболлари тасдиқланди. Академик Ҳабиб Абдуллаев илмий мактабининг ёрқин намояндаларидан бири – машҳур геолог олим Иброҳим Ҳамробоевнинг 1958 йилда чоп этилган “Ғарбий Ўзбекистонда магматизм ва постмагматизм жараёнлари” асари Ғарбий Ўзбекистонда олтин ва бир қатор қимматбаҳо металлар бўлган конларни аниқлашга асос бўлди. Геологларнинг маълумотлари асосида Қизилқум саҳросини геологик ўрганиш учун катта маблағ ажратилиб, дала ишларига юқори малакали мутахассислар жалб этилди. Улар томонидан Томдитов тоғларининг жануби-шарқида геофизик ва геокимёвий усулларни кенг татбиқ этган ҳолда қидирув ишлари олиб борилди. Натижада, маъдан таркибида олтин миқдори юқори бўлган йирик “Мурунтов” кони аниқланди. Иброҳим Ҳамробоев раҳбарлигидаги геологларнинг номи “Мурунтов” конини топган олим сифатида тарих зарварақларига муҳрланди. Шунингдек, “Томдибулоқ” ва “Чормитан” олтин конларининг очилиши ҳам академик Иброҳим Ҳамробоев номи билан боғлиқ. “Чормитан” конини очганлиги учун унга “Коннинг илк кашфиётчиси” дипломи берилган.

Иброҳим Ҳамробоевнинг геология фани равнақига қўшган катта ҳиссаси учун янги топилган камёб минералга – “Khamrabaevit” номи берилди. Бутун умрини Марказий Осиё ва Ўзбекистон геологияси, ер ости конларини ўрганишга бағишлаган олим магматик жинсларнинг петрологияси ва геокимёси ечимлари, маъданларнинг пайдо бўлиши ва металлогенияси, ер пўсти чуқурлиги билан боғлиқ магматизм ва металлогения масалаларининг ўзаро алоқадорлиги каби ниҳоятда долзарб муаммолар юзасидан серқирра изланишлар олиб бориб, улкан кашфиётларни амалга оширди.

“Мурунтов” – дунёдаги энг йирик олтин кони. Бугунги кунда ушбу улкан кон Ўзбекистон  иқтисодиёти ривожида алоҳида ўринга эга. Олтин захираларининг кўплиги, руда қазиб олиш технологик шароитларининг қулайлиги учун бу кон “аср мўъжизаси” деб тан олинди. Хусусан, чуқур ва ўта чуқур бўлиши кутилган конда олтиннинг умумий ҳажми, имкониятлари ва келажакда излаб топилиши бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 1967 йилнинг 5 мартида “Мурунтов” конида биринчи портлатиш ишлари амалга оширилди. 1969 йил 21 июлда эса тарихий воқеа – биринчи марта “Мурунтов” конидан 11 килограмм 820 граммлик соф олтин ёмбиси олинди. Қизилқум ҳудуди Ўзбекистоннинг йирик олтин ишлаб чиқариш ҳудудига айланди. 2-гидрометаллургия заводида 999.9 пробали соф олтин олиниши билан маълум ва машҳурдир. “Мурунтов” олтин таркибли рудаларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик кон ҳисобланади.

И.Ҳамробоев меҳрибон, оқкўнгил, юмшоқтабиат инсон бўлиши билан бирга, ўз қатъий позициясига эга, илмий қарашларини ҳимоялашда собит олим, табиат манзараларини катта маҳорат билан тасвирлай олган мусаввир ҳам эди.

У киши устози Ҳабиб Абдуллаев анъаналарига содиқ қолган ҳолда қарийб 40 йил давомида Ўзбекистон геологларига сардорлик қилди. Домланинг илмий кашфиётлари асарлари орқали яхши маълум. У киши эришган илмий даражаю унвонлар, олган мукофотлар, орден ва медаллар, аъзо бўлган илмий ва жамоат ташкилотларини санаб тугатиб бўлмайди. Булар – унинг беқиёс заковати, халқимиз фаровонлиги учун қилган бетиним меҳнатлари самараси, албатта. Бу ҳалол, камтарин, беғубор, соддадил ва самимий инсон ким билан  суҳбатлашмасин, баайни давранинг очилиб турган бир гулига айланар, бир гапириб ўн кулиб барчани яйратар, кўзи меҳрга тўла, кўнгли пок зот эди.

Иброҳим домланинг инсоний фазилатлари илмий заковатидан ҳам юқорироқ эди. Бунга асли геолог, ҳозирда Халқаро Бобур фондининг раиси Зокиржон Машрабов айтиб берган ушбу лавҳа далолат қилади. У 1958 йили «Фарғона водийсидаги литологик нефть ҳавзаларининг истиқболлари» деган мавзу устида илмий иш бошлади. Тадқиқотнинг боришидан Зокиржон Машрабовнинг ўзи ҳам, илмий раҳбари Олег Александрович Рижков ҳам мамнун эдилар. – Ҳаракатинг яхши, шу кетишда икки йилга қолмай ёқлайсан, – дерди у тиришқоқ, серғайрат шогирдининг елкасига қоқиб. У пайтларда геология жабҳасида илмий иш билан шуғулланишга иштиёқманд ўзбек йигитлари пойтахтда ҳам бармоқ билан санарли, вилоятларда эса деярли йўқ эди. Устознинг далдаси ва мақтови Зокиржон Машрабовга куч-қувват, илҳом бағишлар, тунни кунга улаб изланар, ёзарди. Лекин унинг бошига мусибат тушди – бир йилдан кейин дадасидан айрилиб қолди.

У падари бузрукворининг маросимларини ўтказиб келишга рухсат сўраш учун институт директори, таниқли олим, академик Иброҳим Ҳамробоевнинг хонасига кирди. Директор Зокиржонга ҳамдардлик билдирди, «бандачилик, бу мусибат ҳамманинг бошида бор, ишқилиб, ота-онадан аввал фарзанд кетмасин… Отангизнинг жойи жаннатда бўлсин, Сизга сабр-тоқат ато этсин», деб тасалли берди. Кейин хона бурчагидаги темир қутини очиб, бир сиқим пул узатди.

– Манавини олинг, марҳумнинг маърака-маросимлари кўп бўлади… Зокиржон рад этиш учун оғиз жуфтлаган эди, раҳбар гапиришга қўймади:

– Катта бир нарса деганда хўп денг…

Ўша пайтда икки минг сўм катта пул эди. Зокиржон бошлиқ хонасидан юраги баттар тўлиқиб чиқди. Кўзларига яна ёш инди, лекин бу энди фақат азиз кишиси, ҳаётининг устуни, пушти паноҳидан жудолик йиғисигина эмас эди.

Зокиржон кейин Шўрчида ишлаб юриб, икки минг сўм пул орттирди ва Тошкентга бориб, Иброҳим Ҳамробоевнинг – худди отаси каби яхшилик қилган ва наздида, хаёлида дунёдаги энг олижаноб зотлардан бири бўлиб қолган кишининг ҳузурига кирди. Узоқ ҳол-аҳвол сўрашди, ишларидан ҳисобот берди. Пулни нима деб узатсамикин, деб иккиланарди.

– Ишларим яхши, даромад ҳам ёмон эмас, домла, – деб гапни иш томонга бурди Зокиржон. – Зарур пайтда менга мадад бўлган манави пулни олиб мени бир масъулиятдан енгиллаштирсангиз.

– Бу – катталардан кичикларга ўтиб, айланиб турадиган дунё, – деди пулни олмаган Иброҳим Ҳамробоев самимий кулимсираб. – Ҳали сизнинг ҳаётингизда ҳам ёрдам беришга тўғри келадиган ёшлар учрайди. Сиз ҳам ўшаларни қўллаб юборарсиз…”

Устоз Иброҳим Ҳамробоев ана шундай раҳбар эди. У кишининг номи “Дунёнинг энг атоқли раҳбарлари” китобига (VIII жилд; 1999 йил) киритилиши бежиз эмас. Бироқ у киши ўзи кексайган чоғида ҳаётнома тарзида битган “Ҳаёт саҳифалари” китобида бу каби ўзини улуғлайдиган воқеаларни эмас, болалик ҳаётидаги энг оғир кунларни, ёш геолог сифатида Бадахшон тоғларини кезиб юрганидаги саргузаштларни, бир умрлик дўст-ёрларини тилга олиб, уларга энг ибратомуз таърифлар бериб, биз учун яна бир бора одамийлик дарсини ўтди.

Устоз олим жуда кичиккўнгил одам эди. 1996 йилда «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти очилишида иштирок этиб, унинг фаолиятини йўлга қўйишда нимаики ёрдам керак бўлса, бунга тайёрлигини билдирганди.

Вақт-соати шундай битилган экан, домла 2002 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди. Мозори шаҳар марказидаги “Минор” қабристонида.

Замонлар ўтади… Замин ва замон фарзанди, тоғлар билан тиллашган Иброҳим Ҳамробоевнинг тоғдай алп сиймоси йиллар оша янада улуғворлик касб этиб, миллатимизнинг энг улуғ сиймолари қаторида авлодлар учун ўрнак, ибрат намунаси бўлиб қолаверади.

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг