Охиратлари обод бўлсин: Қирғизистон икки улуғ жарроҳи билан видолашди
Бу икки шахснинг ҳаёти интиҳоси билан мамлакат тиббиётининг энг ёрқин бир даври ҳам ниҳоясига етди.
Бугун, 27 ноябрда Қирғизистон пойтахти Бишкекда таниқли жарроҳ, Қирғизистон Қаҳрамони, қирғизистонлик ўзбек зиёлиларининг энг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Эрнст Хашимович Акрамов билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Тиббиёт фанлари доктори, мижозлари “худо берган доктор” деб улуғлаган жамоат арбоби 89 ёшини яшаб келаётган эди.
Ундан миннатдор бўлган юртдошларининг видолашиб олишлари учун улуғ жарроҳнинг жасади Бишкекдаги Опера ва балет театри биносига қўйилди. Бу ҳам бежиз эмас. Ҳаётлигида Эрнст Хашимов ҳар йили ўз ҳисобидан ушбу театр биносида “Акрамов оқшомлари” деб номланган классик куйлар концертларини ташкил қилиб келарди.
Эрнст Хашимович Акрамов 1936 йилнинг 24 июнида Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида туғилган. 1960 йили Қирғизистон давлат тиббиёт институтини битириб, Бишкекдаги 2-чи касалхонада иш бошлаган. 1967 йили мана шу олийгоҳнинг тезкор жарроҳлик кафедрасида аспирантурани битирган. Иш фаолияти давомида Республика клиник касалхонасининг умумий жарроҳлик бўлими бошлиғи даражасигача кўтарилди ва бу лавозимда 10 йилдан ортиқ (1981-1982 йиллар) ишлади.
Катта лавозимларга интилмаган бу истеъдодли жаррроҳ 1992 йилдан қарийб то умрининг охиригача Чуй вилояти бирлашган касалхонасининг умумий жарроҳлик бўлимини бошқарди. Шу вақтнинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Реконструктив-тиклаш жарроҳлиги илмий марказига асос солиб, унга раҳбарлик қилиб келди. 2003 йилдан бери Қирғиз-Россия славян университетининг госпиталь жарроҳлик кафедраси профессори ҳам эди.
Эрнст Хашимов 1992 тиббиёт фанлари доктори бўлди, шундан кейин 17 нафар фан доктори ва номзодларини тарбиялаб етиштирди. У 80 ёшдан ўтганда ҳам жарроҳлик амалиётларини ўтказишдан тўхтамади. Айниқса, қон томирлари, ошқозон-ичак жарроҳлиги, жарроҳлик гастроэнторология, кўкрак қафаси жароҳатлари, йиринглаш борасидаги жарроҳлик, сийдик йўллари ва ошқозон ости бези бўйича жарроҳлик амалиётлари борасида бунгача унга тенг келадиган мутахассис бўлмаган.
Кўпчилик оғир аҳволда қолган беморлар ҳаётларини фақат унга ишониб топширишларини айтиб, бошқа мутахассисларга бормас эди. Акрамов шахсан ўтказган айрим жарроҳлик амалиётлари ҳали дунё тажрибасида синаб кўрилмаган. У кўплаган халқаро илмий анжуманларнинг фаол ва обрўли иштирокчиси ва ташкилотчиси ҳам эди.
Ўз ҳаёти давомида 350дан ортиқ илмий ишлар ёзди, 16 монография чоп этдики, улар мамлакат тиббиёт олийгоҳларида дарслик ва ўқув қўлланмалари сифатида кенг фойдаланилади. Тиббиёт соҳасида йигирмадан ортиқ кашфиёт яратиб, тегишли муаллифлик патентини олган. Эрнст Акрамовнинг номи дунё мамлакатларидаги олимларга ҳам яхши таниш.
Эрнст Акрамов моҳир спортчи ҳам бўлиб, спорт гимнастикаси бўйича бир неча бор республика чемпиони бўлган, спорт устаси, спорт гимнастикаси бўйича республика терма жамоаси аъзоси бўлган. 1989-1992 СССР халқ депутати бўлган. 1989 йили ҳамфикрлари билан “Менинг мамлакатим” номли сиёсий партияга асос солган. Икки йилдан кейин ўтган парламент сайловларида ушбу партия рўйхатининг бошида турган. Лекин депутат бўлиб сайлангач, ўз ўрнини ёшларга бўшатиб, депутатлик мандатидан воз кечган.
Кейинроқ, 2007 йилда “Ақ Жол” партияси сафида яна Қирғизистон парламентига депутат бўлиб сайланган.
Эрнст Акрамов ўзининг мислсиз, мўъжизакор жарроҳлик амалиётлари билан минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Улуғ жарроҳнинг мижозлари, дўстлари ва уни билганки одамлар қалбида Эрнст Хашимович Акрамовга нисбатан чуқур ҳурмат, миннатдорчилик ва меҳр туйғулари узоқ йиллар давомида сўнмаслигига шубҳа йўқ.
Бундан икки кун аввал нафақат Қирғизистонда, балки минтақада ҳам танилган машҳур жарроҳ, Қирғизистон Қаҳрамони Мамбет Мамакеев оламдан ўтган эди. У 1927 йилнинг 1 октябрида Иссиқкўл вилоятининг Кереге-Таш қишлоғида туғилган. Қирғизистон давлат тиббиёт институтини тамомлагач (1952), тезкор жарроҳлик клиникасида иш бошлаган. 1955-1972 йилларда Қирғизистон тиббиёт институтида илмий ишлар билан машғул бўлди. 1970 йили докторлик диссертациясини ёқлади. 1995 йилдан Қирғизистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Олти марта мамлакат парламентига депутат бўлиб сайланган.
Бутун ҳаётини мамлакатда жарроҳлик мактабини яратиш ва мустаҳкамлашга бағишлади. Бу меҳнатларнинг натижаси ўлароқ, Қирғизистон жарроҳлик маркази яратилиб, Мамакеев унга узоқ йиллар раҳбарлик қилиб келди. Ўз фаолияти давомида 11 фан доктори ва 23 фан номзодининг чиқишига раҳбарлик қилди. Унинг шогирдлари дунёнинг турли мамлакатларида – АҚШ, Исроил, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамда Европа давлатларида фаолият юритмоқдалар.
Мамбет Мамакеев 2020 йили дунё бўйича ўз соҳасида энг кўп ишлаган одам қатори Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Ўшанда унинг жарроҳ сифатида ишлаб келаётганига 67 йилу 181 кун бўлган эди.
“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти, “Оқбура” ва “Алишер Навоий Институти” сайтлари бу икки улуғ жарроҳ, минглаб мижозлари, бутун мамлакат халқи меҳрини қозонган Эрнст Хашимович Акрамов ва Мамбет Мамакеевич Мамакевларнинг хотираси олдида таъзим қилади ва уларнинг яқинларига, юзлаб шогирдларига чуқур ҳамдардлик, таъзия изҳор қилади.
Оқбура, Бишкек.
Расмлар интенетдан олинди