Мана сенга! Исроилни ваҳимага солиб келаётган Яҳя Синвар ҲАМАС раҳбари бўлди
Исроил расмийлари уни биринчи рақамли душман дея, неча йиллардан бери йўқ қилишга уриниб келади.
Фаластин қаршилик ҳаракатида алоҳида ўрин тутган Ислом қаршилик ҳаракати (ҲАМАС) гуруҳи ўзининг сиёсий раҳбари Исмоил Ҳаниянинг хиёнаткорона ўлдирилишидан сўнг ўзининг янги сиёсий лидерини танлади. Бу лавозимни ташкилотда Ҳаниядан кейин иккинчи олам саналиб келган, 2023-йил 7-октябридаги Исроилга қилинган мислсиз ҳужум ташкилотчиси деб айбланаётган Яҳя Синвар эгаллагани маълум бўлди.
ҲАМАС Исроил, АҚШ ва Европа иттифоқида террорчилик ташкилоти деб тан олинган, лекин дунёнинг бошқа давлатлари ва БМТда ҳам оддий сиёсий ташкилот қатори қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта аввал, 31 июл куни ҲАМАСнинг сиёсий раҳбари, Фаластинда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларнинг асосий иштирокчиси бўлган Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилди. Исроил бу ҳиёнаткорона сиёсий қотилликни бўйнига олмасада, бу уларнинг иши эканига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Қолаверса, яҳуд давлати расмийлари бу айбловни рад этганлари ҳам йўқ.
Теҳронга Исмоил Ҳания Эроннинг янги сайланган президенти Масуд Пезешкианнинг инаугурациясига борган эди. Шу сабабли бу қотиллик Эрон раҳбарияти учун жуда уятли иш бўлдики, бу ушбу қудратли давлатнинг ўз ҳудуди, ҳатто пойтахтидаги меҳмонини ҳам ҳимоя қила олмаслигини кўрсатиб қўйди. Демак, давлат раҳбарларини ҳам шу йўсинда исталган пайтда йўқ қилиш мумкин.
Эрон бу жинояти учун Исроилдан қаттиқ ўч олишини баён қилди. Ҳозир Исроил ва бутун дунё Эроннинг ҳужуми қачон бошланиши ҳақида тахминлар ва хавотир билан яшамоқда.
Ўз навбатида ҲАМАС ҳам ўз раҳбари ўлими учун қаттиқ қасос олишини айтиб, унинг ўлими Фаластин озодлик ҳаракатини сусайтира олмаслигини, аксинча янада фаоллаштиришини маълум қилди. Яҳя Синварнинг раҳбар этиб тайинланишини бу баёнот, ваъданинг рамзи сифатида қабул қилиш мумкин. Чунки Синвар Исроил учун биринчи душман ҳисобланади. Кўп йиллардан бери унинг изини пойлаб юрган Исроил махсус хизмати 2023 йилнинг 7 октябридаги ҳужумдан сўнг Синварни “мурда” деб атаган. Бироқ мана 11 ойдирки, ана шу “мурда” раҳбарлигидаги фаластин жангчилари дунёда энг кучли армиялардан бири ҳисобланган Исроил армиясидан нафақат енгилмади, балки уларга вақти-вақти билан қақшатқич зарбалар бериб туришибди.
Ўлдирилган Исмоил Ҳания оғир босиқ, узоқни кўра билган, музокараларда ўз мақсадидан чекламаган ҳолда ён босишларни билган сиёсатчи эди. Филология фанлари доктори бўлган Ҳания Фаластинда тинчлик ўрнатишга эришиши мумкин бўлган шахс сифатида бошқа давлатлар орасида ҳам катта обрўга эга эди. Яҳя Синвар эса мутлақо бошқача одам. Энди музокараларнинг тақдири нима бўлиши ҳақида ҳеч ким аниқ бир нарса дея олмайди. Исроил эса бу тайинлов эълон қилиниши билан Синвар йўқ қилиниши керак дея баёнот берди. Аммо бошқа давлатлар, жумладан Исроилнинг асосий раҳнамоси АҚШ ҳам бу тайинловга қарши бирор баёнот берганлари йўқ.
Ҳозирда умрининг 20 йилдан ортиғини Исроил турмаларида ўтказган Яҳя Синварнинг қаерда экани номаълум. Рейтер агентлиги тарқатган маълумотга кўра, у ҳамон Ғазо секторида яшириниб юрибди. Исроил изқуварлари ва айғоқчилари қанчалик ҳаракат қилишмасин, унинг изига туша олишмаяпти. Исроил махсус хизматлари ҳам унинг Ғазодаги ерости йўлларидан бирида яшириниб юрган бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Хўш, Яҳя Синвар ким?
Абу Иброҳим исми билан танилган 61 ёшли Яҳя Синвар Ғазо ҳудудида, қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси Исроилнинг 1948 йилдан кейинги босқинидан кейин ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Ўшанда Исроил аскарлари куч билан фаластинликларни туғилиб ўсган ерларидан қувиб, у ерларга яҳудийларни жойлаштира бошлаган эди. Бу ҳолат Фаластин тарихига Нақба, яъни ҳалокат деган ном билан кирган. Ўша ва кейинги йилларда ўз уйларидан қувилган фаластинликларнинг бир неча авлоди қочқинлар лагерларида туғилиб, вояга етмоқда. Шу сабабдан Синварнинг Исроил ва умуман яҳуд сионистларига қарши нафрати нақадар кучли эканини тасаввур қилиш қийин эмас. У Ғазодаги Ислом университетини битирган, араб тили бакалаври. Араб тили ўқитувчиси бўлиш ўрнига у қўлига қурол олишга мажбур бўлган ва бутун умрини Фаластин озодлиги учун курашга бағишлаган.
Биринчи бор Синвар 19 ёшида, иккинчи бор эса уч йил ўтиб, 1985 йили исроилликлар томонидан қамоққа олинган. Бу пайтга келиб у ҲАМАС ташкилоти асосчиси Аҳмад Ясиннинг ишончини қозониб улгурган эди. Шу сабабли у ташкилотда обрў топа бошлади. 25 ёшида Синвар ҲАМАСнинг ички хавфсизлик ташкилотини тузади. Исроилда бу ташкилот ҳақида юракни туширувчи турли воқеалар айтилиб юради.
Вашингтондаги Яқин шарқ сиёсати институтининг Яҳя Синвар билан Исроил қамоқхоналарида 4 марта суҳбатлашган ходими Эхуд Яарининг таъкидлашича, Синвар жуда қаттиққўл, шафқатсиз одам. У тузган ташкилот Исроил билан ҳамкорлик қилишда айбланган ёки шариатга хилоф оғир жиноятлар қилган одамларни қаттиқ жазолаган. Исроил расмийлари Синварнинг Исроилга ишлаган сотқинлардан бирини ўз акасига тириклай кўмдирганини айтишган. Тупроқни эса ўша одам укасининг устига фақат қошиқ билан ташлаган эмиш.
Кейинроқ, 1988 йилда Синвар яна қамоққа олинади. У икки Исроил солдатини ўғирлаш ва ўлдиришда айбланади. Кейинроқ суд уни 12 фаластинликни ўлдиришда айблаб, 4 марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади. То 2011 йилгача у ёлғиз камерада ўтиради ва курашга бўлган иштиёқи ва душманга нафрати янада ортади. Қамоқхонада у иврит (яҳудийлар) тилини мукаммал ўрганиб, турмада қаттиқ тартиб ўрнатишга эришади.
Исроил расмийлари Яҳя Синварни “шафқатсиз, обрўли, таъсирли, фавқулодда чидамли, маккор, озига қаноат қила оладиган, сир ақлашга қодир ва оммани ўзига эргаштириб кета оладиган” шахс сифатида таърифлаган.
Исроил расмийлари Синвардан қанчалик хавфсирашмасин, 2011 йили уни озод қилишга мажбур бўлишади. Ўшанда гаровга олинган биттагина Исроил солдати эвазига Исроил расмийлари қамоққа олинган 1027 фаластинликни, улар орасида Яҳя Синварни ҳам озод қилишга рози бўлишади. Бу билан Исроил ҳукумати битта яҳуд солдатининг ҳаёти минг фаластинлик ҳаётига тенг дея кибр қилишган бўлиши эҳтимол. Лекин кейинроқ Синварнинг озод қилиниши улар учун энг катта хатолардан бири бўлганини тан олишга мажбур бўлишади.
Шундан бери Синвар Исроил учун биринчи рақамли душман бўлиб қолди. Айниқса, 7 октябрдаги ҳужумдан кейин. Синвар ушбу ҳужумнинг асосий режачиси ва раҳбари ҳисобланади. Энди бу одам ҲАМАС раҳбари сифатида Исроилга яна қандай ташвишлар келтиради, буни вақт кўрсатади.
Яҳя Синвар Фаластинни озод қилиб, Исроил давлатини тўла йўқ қилишни ўзининг асосий мақсади деб билади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди