Вирус шаштидан тушди. Бироқ беғамликнинг баҳоси ҳамон ўлимга баробар
Уч кундирки Қирғизистонда коронавирус дардига чалинганлар сони камая бошлади. Яқиндагина кунига 2000га яқин янги бемор қайд қилинаётган эди.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги башорат қилганидек, июль ойининг охирига келиб, республикада вирусга чалинганлар сони озая бошлади. Жумладан, охирги уч кун ичида янги қайд этилган беморлар сони кунига мингтага етмаяпти. Албатта, кунига 900 нафар касал ҳам олти миллионлик аҳолиси бор Қирғизистон учун жуда кўп. Шу сабабли ҳали беғам бўлишга эртагина эмас, вирус ҳуружининг тўртинчи тўлқинига йўл қўймаслик учун белни янада маҳкамроқ тугиш зарур бўлиб турибди.
Коронавирусга қарши республика штаби аҳолини барча зарур санитар-эпидемиологик қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Яъни жамоатчилик жойларида ниқоб тақиш, одамлар тўпланган жойларга – тўй ва бошқа маъракаларга камроқ бориш, қўлни доимо совунлаб ювиб туриш ҳамда вирусга қарши эмланиб олиш зарурлигини эслатади.
Эмлаш Қирғизистонда бепул. Поликлиника ва бошқа тиббий муассасалардан ташқари оммавий эмлаш ишлари йирик савдо марказлари ва ҳиёбонларда ҳам йўлга қўйилган. Натижада шу кунгача 353 мингга яқин фуқаро эмланган. Улардан 110 минг нафарга яқини иккинчи дозани ҳам олишган.
Вирусга чалинганлар сонининг камайиши, айниқса вафот этганлар сони бўйича маълумотларга ишонмаганлар ҳам йўқ эмас. Уларга жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлганлар сонини камайтириб кўрсатишдан маъно йўқ эканини айтади.
Вазирлик вакили Эсенбек Жумалиевнинг сўзларига қараганда, одамлар доимгидек кунига турли касалликлардан вафот этмоқдалар. Улардан қанчаси коронавирус туфайли вафот этгани қаттиқ назорат остига олинган.
Эмланганга мукофот бор, беғамларга чора йўқми?
Соғиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев вирусга чалинганлар сони бундан буён ҳам камайиб боришини таҳмин қилар экан, бунинг учун турли тадбирлар қўлланаётганини маълум қилди. Олий мақсадлардан бири – сентябрь ойида мактаб ўқувчиларининг мактабларга бориб ўқишларига имкон яратиш.
“Вирусга қарши эмлашни кучайтириш учун турли рағбатлантирувчи тадбирларни амалга оширяпмиз. Масалан, эмланган шахсга 10 гигабайт интернет совға қилинади. Кафе ва ресторанлар билан эмланган мижозларга чегирмалар бериш масаласини ҳал қиляпмиз. Улар бу таклифни қўллашяпти, чунки улар ҳам одатдагидан режимда ишлай бошлашни истайдилар”, – дейди вазир журналистларга.
Янги вирусга чалинганларнинг 70 фоизга яқини Бишкекда қайд қилинмоқда. Қолган ҳолатлар вилоятлар ва уларнинг марказларига тўғри келади. Бунинг асосий сабаби сифатида пойтахтда аҳоли зич яшаши айтилади. Шу билан бирга пойтахт кўчаларида ниқобсиз юрганларни, одамларнинг тўп-тўп бўлиб дам олаётгани ёки бозорларда юришганини кўриш мумкин.
Ўтган йили касалга чалинганлар сони шу даражада бўлиб турганда ҳам қўрқувдан талвасага тушиб қолган одамлар бу йил ўта беғам бўлиб қолгани кишини ҳайратга солади.
Статистика маълумотларига назар солсак, бугунги кунда республика бўйича вирусга чалинганларнинг умумий сони 160 мингга яқинлаб қолди. Ўтган йилнинг мартидан буён 2 минг 175 бемор ҳаёт билан видолашди. Ҳозир ҳам кунига 10-13 киши Ковид-19 қурбонига айланмоқда.
Кунига 1,5 мингга яқин беморнинг соғайгани ҳақида хабар берилади. Пандемия бошлангандан тортиб 137 мингга яқин фуқаро соғайиб кетган. Бугунги кунда 14 мингга яқин бемор уйида даволанаётган бўлса, 4 мингдан ортиқроғи касалхоналарда. 1,5 мингга яқин беморнинг аҳволи оғир.
Тиббиёт ходимларига увол бўляпти
Энг ёмони – хавфли вирусга тиббиёт ходимларининг ўзлари ҳам кўп чалинмоқдалар. Кунига ўрта ҳисобда 15-20 нафар ана шундай тиббиёт ходими аниқланяпти. Умумий ҳисобда 6 минг 400га яқин врач ва ҳамширалар Ковидга чалинган бўлса, улардан 5 минг 700га яқини соғайиб кетган, 100 нафардан ортиғи вафот этган. Қолганлари даволанишда давом этишяпти.
Иш вақтида вирусга чалинган тиббиёт ходимларига 200 минг сўм ($2400 атрофида) миқдорида товон тўлаб берилмоқда.
Врачлар аксари ҳолатларда сукут сақласалар ҳам, бошқалар уларнинг оғир шароитларда ишлаётганини айтмоқдалар. Жумладан, беморлардан бири 1-сон Бишкек шаҳар клиник касалхонасида вирусга чалинганлар ётадиган хоналарда, ҳатто жонлантириш бўлимида ҳам кондиционер йўқ эканини ижтимоий тармоқларда ёзган.
Аталган касалхонада ковидга чалинганлар учун 224 жой бор ва улар доимо банд. Улардан 24таси жонлантириш хоналари.
Бугун одатда салқин ҳисобланган Бишкек шаҳри кўчада ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлиб кетяпти. Хоналарда нима бўлаётганини, умуман ҳаво ўтказмайдиган шахсий ҳимоя кийимларида ишлаш нақадар қийин эканини тасаввур қилиб кўраверинг!
Муассаса бош врачи Ақилбек Мусаев муаммо борлигини инкор қилмайди. Унинг фикрича, «бинодаги уч қаватнинг ҳаммасини кондиционер билан таъминлаш мумкин эмас».
“Улар шу қадар кўп электр қуввати истеъмол қилишадики, бу чиқимни ҳеч қандай бюджет кўтара олмайди. Бундай жиҳозларни сотиб олиш ҳам осон эмас, – деди у 24.kg ахборот агентлиги саволига жавоб берар экан.
Ана сизга фидойилик! Давлат бюджети кўтара олмаган муаммони врачлар кўтараверар эканда? Бундан ташқари Мусаев кондиционерлар инфекция тарқатувчи омил бўлгани сабабли “қизил ҳудудларда” уларни ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини ҳам айтган.
Эссизгина врачлар… Сизларга қувват берсин!
“Бир ярим йилдан бери “қизил ҳудудларда”, доимий зўриқиш шароитида ишлаётган врачлар анча чарчаган. Уларга муаммоларнинг ҳаммаси яқинда тугашини айтиб, яна бироз чидаб туришни илтимос қилишдан бошқа чорамиз йўқ”, – дейди Мусаев.
Афсуски, шафқатсиз дард болалар ва гўдакларни ҳам аяб ўтирмаяпти. Ўтган йилдан буён 2 минг 100 нафарга яқин бола хавфли вирусга чалинган. Улардан 600 дан кўпроғи 4 ёшгача бўлган гўдаклар. Олти нафар болакайни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек
Суратлар муаллифники ва интернетдан олинди.