Ҳалал беришмасин: Ўзбекистонда ижроия органлари янги Тошкентга кўчирилади

Давлат идораларини кўчириб, бугунги Тошкент шаҳрини “яшил ҳудуд”га айлантирилиш кўзда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йилнинг 19-апрелида имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилишича, бош вазир Абдулла Арипов етакчилигидаги махсус мувофиқлаштирувчи кенгаш уч ой ичида республика ижроия ҳокимияти органларини Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчириши лозим. Бу органларнинг бугун жойлашган бинолари сотилади бундан тушадиган маблағлар янги ҳудудда маъмурий биноларни барпо этишга йўналтирилиши лозим.

Янги Тошкент шаҳрини қуриш ташаббусини президент Шавкат Мирзиёев уч йил аввал кўтарган бўлиб, унинг режасига кўра, янги шаҳар Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғига қурилади. Янги Тошкентга пойтахтдаги давлат идоралари кўчирилиши, бугунги Тошкент шаҳри эса “яшил ҳудуд”га айлантирилиши кўзда тутилган.

Янги Тошкент лойиҳаси учун салкам 20 минг гектар ер ажратилиб, у ерда 1 миллион аҳоли учун турар-жой бинолари қурилади. Биринчи босқичда 60 минг кишига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 мактаб, 20 болалар боғчаси, касалхона ва 5 та поликлиника қурилиши назарда тутилган.

Ўтган йили Тошкент филоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан Янги Тошкент қурилиши учун қарийб 19 минг 730 гектар ер ажратилиши ҳақида расмий маълумот берилган. Бу ерларнинг салкам 13 минг гектари экин экиладиган жойлар.

Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида бугун қарийб 3 миллион аҳоли яшайди. Шаҳар кўчаларидан трамвай ва троллейбус қатнови бекор қилингач, шаҳарда аҳоли асосан метро ва енгил автомобиллардан фойдаланади. Бундан ташқари кўплаган саноат корхоналари ҳам мавжуд. Бунинг оқибатида Тошкент сўнгги йилларда дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бирига айланган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг